Ўрдак узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:28

Ўрдак ўз сўзларини шундай бошлади:
—    Эй саодатли зот! Менинг ҳаётим сув билан тирик. Ундан айрилиққа тушсам, худди сувдан йироқ тушган балиқ каби қайғуга ботаман. Зотим сув ичида таскин топиб келди, шунинг учун ҳам ўзимни пок тутиб юришни одат қилиб олганман. Сув туфайли покликни қозондим, шунинг учун ҳам васфига ҳусн эгаси лойиқ бўлди. Агар бир лаҳза тиниқ сув ичида бўлмасам, унинг фурқатида юз можаро қилгим келади. Сув ичида мавждан жойнамоз соламан ва ўша кўзгуда мақсадим юз кўргизади. Менинг асл мақсадимга етмоқлик сувдадир, бас, шундай экан, бошқа ёққа учиб кетмоқлик мен учун хатодир.

Ҳудҳуднинг Ўрдакка жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
—    Айтган сўзларингнинг ҳаммаси хатодан иборат. Сенинг ақлингни сув мутлақо ювиб кетибди. Сувда жойнамоз солдим дединг, Бойўғли ҳолидан балки ғофил эдингми?! Мен сувда
доимо покман деб лоф урма! Сувда ўзингни гуноҳлардан ҳоли деб ҳам ҳисоблама! Агар чиндан ҳам пок бўлсанг, унда нега кеча-кундуз сувга шўнғийсан?! Кимки ўз нафси учун фисқ тухмини сепса, улардан қутулмоқ учун сувга шўнғийди. Ахир бу қандай гап, қандай ҳолки, сен тун-кун сувга шўнғигину пок бўлмасанг. Агар ҳақиқий эр бўлсанг, олдингда фано (йўқлик) денгизи турибди, унга шўнғигину ўзингни ёрга ошно қил!

Ҳикоят

Ҳинд денгизида бир савдогар бор эди. У савдо-сотиқ ишларида жуда моҳир эди. Унинг димоғига савдо мояси ўрнашиб олиб, сувга ғарқ бўлиш хаёлига ҳам келмасди. Бир мамлакатда ўн кун турмас, савдоси тугагач, яна сув сари йўл тутар эди. У денгизни ҳар хил офатлардан ҳоли деб ўйлаб, йиллар шу янглиғ сафар қилди. У Макка атрофини сувда неча бор айланиб ўтган бўлса-да, унинг яқинига етгач, ўз фарзииви адо этмай қайтарди. Кишилар унга ҳажни ҳам бажариш керак, деб айтар эдилар. Аммо пул ҳирси савдогарни у томон боришга йўл қўймас эди. ,
Бир кун денгизда бўрон кўтарилди. У тушган кема гоҳ осмонга сапчир, гоҳ пастга тушиб кетар эди. Савдогар савдо ишларига ғарқ бўлганидек унинг кемаси ҳам денгизда ғарқ бўлди. Денгизда сузиш хаёли ҳаж сари йўл бермади. Охир-оқибатда у катта бир балиққа ем бўлди.