Куф(бойўғли) узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:26

Куф ўз аҳволидан шундай шикоят қилди:
—    Мен заиф ва ожиз бир қушман, йўл эса қўрқинчлидир. Умримни бошимга қулаб тушгудек бир вайронада ўткарибман. Барча вақтим андуҳ ва ғам тортиш, мотамсаро кишилар каби оҳу фиғон чекиш билан кечади. Вайрона остидаги хазинага эришиш умидида неча турли фиғонлар қилиб, ҳатто ўзимдан кетиб қоламан. Умримда шунчалик азоб-уқубат тортдим, ажаб эмас, насибам бир кун хазина бўлса. Мен ганж умидида девонаман, кеча-кундуз вайронани ўзимга макон қилиб олганман. Бу узун йўлга мени ундама! Мен қайдаю Симурғу Қоф тоғи қайда?!

Ҳудҳуднинг Куфга жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
—    Эй иши макр ва ҳийладан иборат! Сен бу қилмишинг билан ўз жонингга қасд қиляпсан! Кўнглингда амалга ошиши мумкин бўлмаган пуч орзу ўрнашиб олган.Унинг қўлга киритилиши асло мумкин эмас.
Фараз қилайлик, сен хазинани топган тақдирингда ҳам, ундан бошингга турли балолар ёғилишини, янги-янги ғамларга мубтало бўлишингни ўйлаб кўр, эй, ўзига ўзи дард орттирувчи нотавон. Сен ўша балолар гирдобида хору зорликда ўлиб кетасан, хазина эса душман қўлига ўтиб кетади.

Ҳикоят

Бир мамлакатда бир девона киши бор эди. Унинг маскани кеча-кундуз вайрона эди. Ҳар дам ўша вайронанинг бир ёнини қазиб, ўз умрини хазинага эришиш умиди билан ўтказар эди. Иттифоқо, шунча машаққат чеккандан сўнг бахти чопиб, у хазинани топиб олди. У қазиётган чуқурда бир эшик кўринди. Ичкари киргач, катта бир саройга дуч келди. У ерда Фаридун, йўқ, балки Қорун хазинасига тенг қирқта хум турар эди. Телба бу бойликни кўриб ҳушидан кетиб қолди. Шу орада бу эрга бир аблаҳ киши етиб келди. У хазина олдида ҳушидан кетиб ётган девонани кўрди ва ҳеч бир иккиланмай пичоқ санчиб, унинг қонини тўкди.
Шундай қилиб, унинг яшашдан мақсади хазинага эришмоқ эди. Аммо у бору йўқ сармоясидан — ҳаётидан ажралиб қолди.