Бургут узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:25

Бургут, яъни Уқоб ўртага кириб, шундай деди:
-    Эй қушлар хўжаси! Менинг ҳолатим ўзга қушлардек эмас; кишилар қумри ёки булбул каби мени мақтаб, васф этмайдилар. Менинг савлатим баҳайбат, қаҳрим эса ёмон, тоғ мамлакати ичра қаҳрамонман! Ҳар кун бир неча каклик менга овқат бўлади, агар бу бўлмаса, тунлари кўзимга уйқу келмайди. Егулик излаб ҳавога кўтарилсам, мендан қулон ёки кийик қочиб қутулолмайди. Бўғзи шу қадар катта бўлган қуш озуқсиз йўлни қандай ниҳоясига етказа олади?! Мен бу йўлда кўпроқ хўп қанот қоқдим ҳам дейлик, қорним очгач, йиқилиб қолди деявер!

Ҳудҳуднинг Бургутга жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
-    Эй қудратли ҳукмдор! Олам аҳли сендек кишини шу вақтгача кўрмаган! Сенинг зотингга йигитлик мақтови лойиқ, отингга эса паҳлавонлик ярашади. Аммо сенинг бу тумшуғ ва чангалингга, шавкатли ва саодатли қанотларингга хайфл Эй, баднафс пасткаш! Сен асл мақсадни иста! Ҳалитдан бунчалик ожизлик кўрсатма, йўлга тушмай туриб қанотингни четга тортасан. Чангалинг, тумшуғинг ва қанотларингга бу уят эмасми?! Сен шулар билан ўзингни тавсиф этдинг-ку! Зўрлигинг ва шавкатинг билан ўзингни таърифладинг-ку! Шуни яхши билки, ўз ширин жонидан кечиб, бу йўлга кирган кишинигина ҳақиқий паҳлавон ва қаҳрамон деса бўлади.

Ҳикоят
Бир зўр паҳлавон бўлиб, у ҳунарсизликда ягона эди. Чошгоҳда ўн ботмон, кечқурун ҳам худди шунча овқат ер эди. Бу икки пайт мобайнида яна шунча овқатланиб оларди. У шунчалик кучли эдики, ҳатто маст филга ҳам шикаст етказа оларди. Иттифоқо, ҳаёт ҳодисалари туфайли мамлакатда харобалик юз берди. Шу сабабли у ернинг аҳолиси ўз жойини тарк этиб, ўзга томон кетишга мажбур бўлди. Йўл қийинчиликларидан бехабар паҳлавон ҳам уларга ҳамроҳ бўлди. Йўл узоқ бўлиб унда баднафс кишилар нафсини тўқ тутадиган обод жойлар йўқ эди.
Таом емаган паҳлавон биринчи кунданоқ ўз ҳолига аза тутишга киришди. Иккинчи кун эса унинг жисмида мадори қолмади. Аммо учинчи кун у бояқиш биёбонда жонини топширишга мажбур бўлди.
Яна икки-уч кун машаққат тортгач, ёш болалар ҳам, ҳатто икки букилган қариялар ҳам сабр-тоқат билан йўлни охирига етказишди ва обод бир манзилга етиб келиб, мақсадларига эришди. Паҳлавон эса бу азобга бардош бера олмай, ажал йўлида нобуд бўлди.