Қарчиғай узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:23

Қарчиғай ўз чангали ва тумшуғини кўрсатиб, шундай деди:
—    Мен бошқа қушларга ўхшамайман, балки барча қушлар эгаси ҳисобланаман. Шу пайтгача сенга сўз айтиб, узр билдирган қушларнинг ҳаммаси мениинг овқатимдирлар. Мен шоҳлар қўлида ором оламан, улар ҳар кун менга овқат бериб туришади. Қайси бир қуш қасдида қанот ёзсам, у менга ўлжа бўлади. Ҳатто насри тойир -қирғий бўлса ҳам мендан қутулиши маҳолдир. Шоҳлар олдида шунчалик эътибор топдим; шавкатим амалда шубҳасиз. Симурғникидан кам эмас. Шоҳ қўли - менинг тахтиму бошимда тож бўлгач, Симурғ сари боришимга менда эҳтиёж йўқ!

Ҳудҳуднинг Қарчиғайга жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
—    Эй ғурур қўлида паст бўлиб, жаҳл ва ғафлат аро тубан кетган. Шуни билки, шоҳ тугул оддий бир овчи ҳам сенинг оёғингга тушов солиб, ўз ҳузурида тутади. Очлик ва уйқусизликдан шу даражага етгансанки, ҳатто этинг суягингга бориб ёпишган. Олдингга бир луқма эт ташлагунга қадар тоқатсизлик билан фарёд қилиб, одамлар қулоғини қоматга келтирасан. Зоти паст одамларга муҳтож болиб, хор-зорликда кун кечириб, Аллоҳ ажратган насибангни еб юрасан. Сен қайси бир овни қўлга киритсанг, ўлжангни ушлаган заҳотиёқ овчи ноғора чалиб, сени қувлаб юборади. Сен ўзингдан кучсизроқ бир ўлжага ҳамла қилиб, очофатлик билан уни ов қиласан. Ушлаган овингни эгангга топшириб, унга итоат этасан. Қушчи берганига қаноат қилиб кун кечирасан. Шундай аянчли аҳволда бўла туриб, ёлғон сўзлар билан лоф уришдан уялмайсанми?! Агар сенда заррача виждон ёки уят бўлганда эди, бу шармандали ҳаётдан кўра ўлганим яхшироқ, деб ўйлардинг! Аммо сенда нодонлик ғолиб келиб, нафсинг сени алжирашга мойил қилиб қўйган!

Ҳикоят

Бир тоғлик одам тоғдан айиқ тутиб олди ва уни кўп азият чекиб, қўлга ўргатди. Илгари саёқ юрган айиқ эгасига ром бўлгунга қадар кунда икки марта ўлгунча таёқ ер эди. Очлик азоби ва еган беҳисоб таёғи ичи ва ташини эзиб ташлаган эди. Шу сабабли эгаси унга бир ёғоч кўрсатса, айиқ ювошлик билан унга бўйин эгарди. Шу тарзда айиқ кўча-кўйларда ўйинчилик қилиб юрар, эгасининг уйига ўтин ташиб келтирар эди. Хўжаси унга ҳаддан кўп юк ортар, айиқ юк ташийверганидан эгнида ҳатто тук қолмаган эди. Хуллас, у бу дунёда қанча жабру жафо бўлса, ҳаммасини татиб кўрган эди. Аммо жаҳолати туфайли нафсида такаббурлик ортиб кетди. Гоҳ макру ҳийла ва хусумат тоши билан қоплон бошини янчиб ташлайман, деб хаёл қилар, гоҳ даҳшатли слиер йўлиқса ҳам, таом учун унинг қорнини дадил ёриб юбораман. деб ўйларди. У шу сифат ҳар хил хом хаёлларга берилиб юрди. Охир-оқибатда унинг ўзи бир кун итларга ем бўлди.
Шундай беҳуда алжирашинг билан халқ орасида сен ҳам худди ўша айиқнинг ҳолига тушгансан.