Тазарв узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:22

Тазарв узри Яна гулюзли Тазарв шундай арз этди:
-    Эй тўғри йўл кўрсатишда ном чиқарган! Мен ҳусн ва чиройга эга бир қушман. Гулшан иcлиида кўринишим ниҳоятда гўзалдир. Аллоҳ азалдан менга беқиёс ҳусну зеболик ва лутфу раънолик насиб этган. Бениҳоя жамол ва гўзаллик мени кишилар наздида севимли қилди. Суюкли кишининг иши нозу истиғно қилиш эмасми?! Зероки, чиройли кишилар учун одамлар ранж чекишни раво кўрмайдилар.

Ҳудҳуднинг Тазарвга жавоби

Ҳудҳуд деди:
—    Эй хаёли, хулқи ва сўзлари ажабтовур қуш! Ҳеч ким ўз ҳусну жамоли ҳақида сенчалик лоф урмаган эди. Бу сўзларни ҳатто жиннилар ҳам, барча гўл ва содда кишилару ҳаттоки ёш гўдаклар ҳам айтмайди. Ҳар хил ранг-баранг кўйлаклар билан ясан-тусан қилиб юрувчи суюқоёқ хотинлар ҳам сенинг бу сўзларингдан номус қиладилар. Ҳеч бир кимса бу хил беҳуда даъвони сўзламаган, эр кишилар у ёқда турсин, ҳатто хунасалар ҳам бу хил даъво қилишмаган! Бу каби ўз камолотини васф этувчи фикри ожиз кишининг ушбу сафарга чиққамдан чиқмагани яхшироқдир. Сен ўзига бино қўйган хотинлар кабисан, бундан эрлик номингга иснод етади. Эр киши ҳиммат билангина эр саналади, зийнат билан фахрланувчи эр — эр эмас. Эрнинг ҳақиқий гўзаллиги унинг яхши феъл-атворидир. Бундай кишилар учун янги зарбоф либос эски шол билан баб-баравар туради.

Ҳикоят

Бир йўл аро икки ўртоқ кетиб борарди. Улардан бири йўлсиз, иккинчиси эса тариқат билимдони эди. Бири нуқсонли, иккинчиси эса комил сифатлар эгаси бўлиб, унисининг оти Мудбир(бахтсиз), бунисининг оти эса Муқбил(иқболли) эди. Улардан ҳар бирининг исми жисмига муносиб бўлганидек, жисми ҳам исмига мос эди. Муқбил илоҳ аҳллари ҳақида, диндаги комил ва огоҳ кишилар тўғрисида сўз айтса, Мудбир эса бутни васф этувчи кофирларга ўхшаб фақат нуқсон аҳли ҳақида сўз юритарди. Униси дарду ўртанишлардан гапирса, буниси ялтироқ ташқи кўринишлар ҳақида валдирар эди. Шу тариқа улар бир-бирларидан ҳеч баҳра топмай, йўлда давом этишарди. Улар қаршисида бир гўзал шаҳар намоён бўлди. Ҳамроҳлар уни ғанимат билиб. тезда бир-бирларидан ажралиб кетдилар. Муқбил фақрлар турадигун кўчага, Мудбир эса кўнгилочар уй - фоҳишахонага йўл олди.
Мамлакат шоҳи Муқбилга юз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, уни кўргани келди. Шоҳ у билан суҳбатлашиб турганида ёмон хулқли Мудбирни бир гуруҳ одамлар судраб келишди ва унинг қилмишидан арз этишди. Айтишларича, бу кеча бир тўда безорилар ичиб, айшу ишрат қуришибди. Улардан бири Мудбирга "Сен бадбашарасан" деган экан, шу сўзи учун бу аблаҳ ўша одамга ханжар уриб, ҳалок қилибди.
Шоҳ буни эшитгач. одиллик кўрсатиб, Мудбирдан қасос олиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Камтар киши (Муқбил) ана шу тарзда шоҳ суҳбатига мушарраф бўлиб, олий мартабага эришди. Худбири(Мудбир) эса шу янглиғ жазосини топди. Дарҳақиқат, учқун юксак осмон сари кўтарилади. ялтироқ чивин бўлса ахлат устида қолади.