Қумри узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:18

Қумри айтдики:
-    Эй доно! Ғафлатда қолган, йўлдан адашганлар раҳнамоси! Мен шундай бир қушдирманки, умрим бўйича ҳеч қачон чамандан чиқмаганман, дашту водийлар бўйлаб сайр қилишдан зерикмаганман. Ўз заифлигим ва ожизлигим билан машҳурман. Мен ўз уямни дарахт шохлари ва барглари орасига қураман. Жаҳонда на совуқ кўрганман, на иссиқ. Бошимга на машаққат тушган ва на қаттиқлик тотганман. Доимо у боғдан бу боққа, у шохдан бу шохга ўтиб кўнглимни чоғ қилганман. Шундай бир ҳолатда бундай қийин йўлга чиқишга ҳавас қилиб, бу йўл азобларини кўтаришга ярай оламанми?! Агар жонимни бу машаққатга қўйсам, мажбуран ўз қонимни ўзим тўккан бўлиб чиқмайманми?!

Ҳудҳуднинг Қумрига жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
-    Эй ожизлиги билан юз тубан келган Қумри, кўнглингни дард ва шавқ билан яралагин! Агар сен минг йил боғ ичида манзил тутсанг ҳам, бу тарзда шох ва барглар орасида учиб юришингдан не ҳосил?! Барибир йўлингни бирон-бир мушук пойлаб, ғиппа бўғади, қорнингни ёриб, қонингни ичади. Ёки биров камон ўқи билан сени отиб туширади ёки палахмон тоши билан жонингни олади. Сен айтаётган айшу ком бундан ўзга нарса эмас. Сенга гулшан ичра шундай "еҳтиром" кўрсатишади. Ғафлатга ботиб, бу хил ҳаром ўлиб кетгандан кўра, ўзингни айрилиқ шуиаси билан ўртаб, ҳақиқий эрлар каби асл мақсадни истасанг-чи! Ёр васлини излаб йўлга туш! Агар сен бу йўлда зор жисму ғамга пайванд жонингни фидо қилиб дарду машаққат ила олиб кетсанг, бундан ҳеч бир афсус чекма, чунки сенинг шу вақтгача ор қилишга сазовор офатли аҳволингдан бу оиим юз қатла яхшироқдир!

Ҳикоят

Бир уқувсиз боғбон бор эди. У боғбонлик санъатидан бехабар эди. У на дарахтга пайванд қилиб, ундан ҳузур-ҳаловат берувчи мева олишни, на дарахтларни парвариш қилиб ўстиришни ва на ўз вақтида гули ҳосилга кира оладиган дон сепишни биларди. Боғ аро хас-хашак териш билан хурсанд эди. Аслида уни боғбон эмас, хашакчи дейиш керак эди. У шу тарзда заҳмат чекиб, ўз умрини ўтказар эди. Яқин ўртоқлари унга бу хил самарасиз ишни ташлаб, ўзингни фойдали иш билан овут, деган тарзда панд-насиҳатлар қилар, у эса буларга сира қулоқ солмас эди. Жоҳил боғбон бу машаққатли иш билан шуғулланишни тарк этмади. Кунлардан бир кун у жўяклар оралаб ток кесиб юрганида, уни илон чақиб ўлдирди.