Товус узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:16

Сўнгра Товус ўз узрини бошлаб, шундай деди: — Эй барчамизнинг бошлиғимиз! Мен қаср ва гулшанларга зийнат берувчи қушман. Менинг нақш ва рангларимдан олам аҳли ҳайратга тушади. Агар суратим гулшанга оройиш берса, юришим кўрган кишига осойиш бағишлайди. Боғлар мен туфайли хазон пайтларида бўстонга, ўрмонлар мен туфайли қиш фасли гулистонга айланади. Агар жилва айлаб, ранг-баранг қанотларимни ёзсам, гўё бошдан-оёқ лскандар ойинаси намоён бўлгандек бўлади. Улус ҳуснимни томоша қилиб, яратганнинг қудратига офарин айтсин учун Аллоҳ менга беқиёс ҳусну зеболик, ҳаддан ортиқ зебу раънолик бахш этган. Чунки ҳақ ҳар бир кишини бир иш учун яратган: биров асал тотиш учун яратилган бўлса, биров ниш ейди. Ана шу тарзда донолик билан иш кўрилиб, ҳар кирн бошига тушганини, "ё насиб", деб кўраверади. Аллоҳ амри билан пари дилга ёқимли бўлса, шайтон бадбахтликка маҳкумдир. Ҳар бир киши ўзига буюрилган ишдан четга чиқа олмайди, ундан ўзга таклифга эса тоқат қилиб бўлмайди!

Ҳудҳуднинг Товусга жувоби

Ҳудҳуд унга жавоб бериш учун нафасини ростлаб, шундай деди:
—    Эй жаҳолат аҳли каби ҳар нарсани ҳавас қилувчи! Сен шундай ҳолатларни баён этдингки, бу иш фақат девоналар ва ёш болалар қолидангина кела олади, холос! Одам деган ташқи гўзаллик ҳақида сўз айтмайди. Кимки, ундан фахр этар экан, уни одам қаторига қўшиб бўлмайди! Ноз ва ҳусн фақат дилбар қизларгагина ярашади. Эр киши эса дард ва машаққат чекиши билан яхшидир. Барча шакл аҳли учун энг шарафли иш ана шудирки, у шаклдан маъно томон олиб боради. Сен ўз шаклингга бино қўйдинг, бунинг учун кишилар томонидан масхара этилишга лойиқсан. Чунки инсон ўз ташқи гўзаллиги билан фахрланмайди, агар фахрланса, у масхаралашга сазовордир!

Ҳикоят

Бир ҳинду ўзини турли мақомга солиб, кўп қизиқ ишлар ошкор этди. Бу масхарабоз ўз бошига кунгурали тож қўйди. Тож ва кийимларига тиллага ўхшаш сариқ ярқироқ модда — кимсон билан зарҳал берди. Унинг ёнида ноғора чалувчи ва қўшиқ айтиб ўйин тушувчи бир тўда ҳиндлар бор эди. Улар қўли ва бошларини ҳиндларга хос бир йўсинда тебратиб, рақс тушар эдилар. Кўринишлари гўё бўстонга оройиш бергудек гўзал, жилвалари эса худди Ҳиндистон товусидек эди.
Ана шу тарзда бу масхарабоз майдонда зўр ҳангома кўрсатди. Унинг атрофи бир гала бебошлар тўдасининг ғала-ғовури билан тоиди. Шу маҳал тартиб-интизомни назорат этувчи муҳтасиблар етиб келиб, бу даврадагилар ҳар ёққа қараб қочиб кетди. Ўша давранинг фирибгар ва мақтанчоғи бўлган ҳиндуни тутиб олишди. Унинг ноғораси билан тожини уриб синдиришди ва баданини яланғочлаб, дарра билан роса савалашди. Шу тарзда унинг "санъати кишиларга ибрат болиб, ана шу хил қисмат унинг тожи учун "зийнат" бўлди.