Тўтининг узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:14

Ҳаммадан аввал Тўти узр айтишни бошлаб, ўз ожизлиги ҳақида шундай деди:
—    Мен иссиқ ўлкаларда, чунончи, Ҳиндистонда сайр қилиб юрган қушман. Фасоҳатли, чиройли сўз айтиш билан шуҳратим эл орасида ёйилган. Ўз сўзларим билан ғамгин элни овутаман. Бахтиёр, давлатманд кишилар қафасни менга манзилгоҳ қилиб, ҳар қандай қийинчиликлардан авайлаб-асрайдилар. Нозанинлар қўлидан емиш ейман, улар мени қанд ва шакарлар билан парвариш қиладилар. Рўпарамда гоҳ бир кўзгу, гоҳ бир кўзгу чеҳрали ойжамол туради. Умримда шоду хуррамликдан ўзга ҳеч нарса кўрмаганман; нутқим элга юз турли шодлик бахш этади. То ўзимни билгандан буён қаттиқлик нимаю ранж заҳридан аччиқлик нима эканини татиб кўрмаганман. Сен айтган жой шундай бир даргоҳдирки, у даргоҳда бургут пашшага тенгдир. У ерга биздек пашшадан ҳам ожизроқ эл қандай бора оларди? У томон қандай боришни сира била олмайман! Ўзга қушлардек бу йўлни босиб ўтишга ҳеч бир ақлим етмайди! Шундай бир аҳволда сенга ҳамроҳлик қила олишим мумкинми?! Менинг бу ҳолатимни ўзинг бир ўйлаб кўр!

Ҳудҳуднинг Тўтига жавоби

Ҳудҳуд унга шундай жавоб қилди:
—    Сенинг барча сўзларинг ёлғон бўлиб, хато ва норозиликдан иборатдир. Сен ўзингнинг бемаъни алжирашларингни фасоҳат деб биласан, тубан гапларингни эса балоғат деб ҳисоблайсан. Сен ўзингни мақтаб, хилма-хил зид гапларни айтдинг. Барча айтганларинг уйдирма, ёлғон ва лофдан бошқа нарсалар эмас. Сен ўзингни ўйлагувчи худбинсан, бу билан тубанликка мансубсан.
Ўз нутқинг ва қаршингда турган кўзгу билан фахрландинг, аслида сенинг бу гапларинг масхаралаб кулишга муносибдир. Ҳақиқий кўзгу шу нарсаки, у юз бало машаққатига чидаб, замиринг лавҳига жило бера олсин!
Ҳар ҳинду менинг назаримда шоҳ деб айтдинг, бу сўзларинг ҳам ёлғондир. Аслида сенинг шоҳинг... сен йўлидан қайтаётганинг ўша шоҳдир. Сен эса йўлдан адашиб, ҳар хил бемаъни сўзлар айтмоқдасан. Узр айтиш учун келтирган барча далилларинг, хаёлларинг нотўғри. Сенга ғафлат ва гумроҳлик монелик қилиб, кўнглингга огоҳлик етишмаяпти. Бу ҳолатдан уйғониб, кўз очсанг, ўз ҳолингнинг ниҳоятда ёмон эканлигини тушунасан. Аммо у дамдаги пушаймонлигинг сенга ҳеч фойда бермайди. Қилган ишларинг ва айтган сўзларингдан юз ҳижолат ва афсус чекосан. Сенинг нақдина деганинг сийқа тангалардир. Нафс туфайли зотинг шайтонга масхара бўлган.

Далиллаш учун ҳикоят

Бутун вужуди ярамас нафсига қарам бўлган бир ғофил киши бозор томон қадам қўйди. У ҳийла билан эгнига Хизрникига ўхшаш яшил чакмон ташлаб олган болиб, ўз нафсини ана шу яшил ранг билан хурсанд қилиб юрарди.
У бозор ичида кета туриб, дўконларда турли не*матларнинг беҳисоб эканлигини кўрди ва ўзини тутиб тура олмади. Бузуқ нафси эгри йўлга бослилаб, ҳар хил куйга сола бошлади. У моҳирлик билан ўзини гадо сифатида кўрсатиб, халқ ичида ози ҳақида ҳар хил сўзлар айта кетди. У гоҳо ўзининг камолотга эришганини изҳор этар, гоҳо каромат эгаси эканлигидан афсона сўзлар, гоҳида эса шариат ва ақлда мумтозлигини кўрсатар эди. Хуллас, шу хил юз афсун ва макру ҳийла билан одамлардан егулик овқат ёки бирон-бир танга ундириб олар эди. Шу тарзда у ўзини ва ўзгаларни алдаб, шум нафси буюрган нарсалами териб юрар эди. Еган банги ҳар лаҳза уни юз хил бузуқ хаёлларга етаклар, кўнглига ҳар хил бўлмағур фикрларни солар эди.
Шу пайт ногаҳон унинг олдига кўп манзилларни кезиб ўтган жаҳонгашта бир соҳибдил комил киши етиб келди. Ҳийлагар киши уни кўрган заҳотиёқ ўзининг ёмон ҳолатини ўзгар-тирди. У киши деди:
— Пирнинг олдида қўлга киритган нарсаларингни кўрсат. Қани, кўрайлик-чи, нималарга эришибсан?
Бояги очкўз зийрак кишига тўрвасини очиб кўрсатди. Унинг ичи заҳар-заққумлар билан тола эди. У ўзи йиққан нарсаларнинг бари нажосат ва ифлосликлар билан тўла эканлигини кўргач, бундан жисмига ўт тушиб, кўнгли ўртанди. Пир унга ердан бир ҳовуч тупроқ ва тош олиб бериб, "Уларга қараъ,— деди. У қараса, қўлидаги тупроқ эмас, олтин, тошлар эса лаъл ва қимматбаҳо дурларга айланган эди. Алдоқчи киши бу ҳолатни кўрган замоноқ комил пир унинг олдидан ғойиб бўлди. У халқ ўртасида шармандайи шармисорликдан ҳижолатда қолди. Аммо энди бу ҳижолатпазлик ва оҳу войни кўкка етказмоқдан нима фойда?!
Эй Тўти, сен ҳам ўзинг ҳақингда шундай сўзларни айтдингки, бу сўзларинг худди ўша яшил чакмон кийган кишининг аҳволини эслатади.