Ҳудҳуд қушларга кўниб, уларни бу йўлга тарғиб этгани PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:06

Ҳудҳуд қушларнинг бу сўзларидан шоду хуррам бўлиб, уларга шундай деди:
—    Эй афтодаҳол тўда! Бизга фалак бахтиёрликка эришишда мадад берса, чиндан ҳам бу сафарни ихтиёр қилган бўлсангиз, мен ҳам бу йўлда жоним борича, балки жисм ичра дармоним қолгунча ёрдам берайин. Ҳаммангизга ҳамроҳлик қилиб, сизни барча манзиллардан огоҳ қилайин. Йўлда ҳар қандай ғам етса ҳамдамлик, бирон яширин дард бўлса маҳрамлик қилайин. Олдингизда мушкул иш кўндаланг бўлса, жоним билан уни ҳал қилай. Сизга ҳар қандай яхши-ёмон рўпара бўлса, уни даф этишга доим тайёр бўлай. Учаётган пайтингизда ҳамкорлик, қўнар жойингизда эса посбонлик қилайин.
Ҳудҳуд қавмидан бу муддаони англагач, уларга таҳсин ва дуолар ўқиди. Мастона бир ҳолда уларга ҳар хил сирларни бир бошдан очиб бера бошлади:
—    Эй сиз! Ҳаммангиз билиш сирларига мойилсиз, зотингиз бу пинҳон хазинадан сўзлайди. Сиз яратилиш ибтидосида абадий жаннат боғидаги дарахтлар шохида ёқимли достонлар куйлар эдингиз. Ҳаммангиз шоҳ сирига маҳрамлик қилмоқчисиз. Сизнинг ёқимли сайрашингиз унинг тасбеҳидандир, қўшиқ ва достонларингизда ҳам уни таъриф этасиз. Унинг ёди сизга доимо бахт каби; вақтингиз эса уни эслаб, фикрлаш билан ўтади. Бир тубан одам сизнинг тўдангизни ҳуркитиб юборганда, кўзингиздан ёруғ шам яширинди.
Қушлар тўдасига бундан қўзғолон етишиб, ҳар бири овораю бехонумон бўлди. Асл гулшан сари йўл топа олмайин, балки у хотирдан бутунлай кўтарилди. Бу тупроқни ошён айлаган уларга даҳр боғи сари майл этишликни аён қилди.
—    Бу ғарибистонда турғун бўлганлар кўнглингиздан у нозу неъматлар кетган чоғда, ҳақ кўмак берса, мен тезлик билан жаҳд этиб, яна сизни у билан ёндош этайин.
Бу сафарда қийинчилик ва азоб-уқубатга бардош бериш керак ва кўнглингиз унга чидаш берса, бу манзиллардан ўтиб, ғалабага эришсангиз, жисмингиз руҳ каби соф бўлса, сизда ўша аввалги ҳои яна жилва этади ва висол айёмига эришасиз. Шунда шоҳ сифатларини билиб оласиз ва жонингиз абадий барҳаёт бўлади. Сайр машаққатларининг воқифи, шоҳ билан кимлигингизнинг орифи бўласиз.