Мўминлар амири Умари Фориқ (Аллоҳ унинг руҳидан рози бўлсин) васфида PDF Босма E-mail
19.06.2024 18:10

Пайғамбар ҳамдамларидан бири буюк Форуқ эди. У ҳақни хатодан фарқ қила олган ва адолати билан ғарбу шарқни равшан этолган кишидир. Бу жаҳонда бундан ўзгаси, бунга тенг келадигани йўқ эди. Шариат ишида у пайғамбарлар шоҳининг издоши бўлиб, у адолат ва дин асосини кучайтирди. Унинг саҳовати дастурхонидан жаҳон аҳли насиба олиб, тўяр, ўзи эса, ўзини тўйдириш учун қорнига ғишт қўйиб боғлар эди.
Ер юзининг инсоният яшайдиган қисми унинг адолати меъморчилиги олдида паст бўлиб, жаҳонни бир ғишт сифатида қиёслаш мумкин эди.
У тоза заҳар ичиб нафсини ўлдирган ва дин назоратида ўғлини ўлдирган одилдир.
Унинг динидан меҳробу минбар ва адолатидан мамлакат ва олка ривожу равнақ топди. Қиличининг дамидан шариат бўстони яшнаб, кофирларнинг мамлакат ва ибодатгоҳлари вайрон бўлди. Унинг қаҳри Кисролар бошидан тожини олди ва ҳайбати Қайсарларга хирож юкини солди. Унинг даврида Ажам мамлакати эгалланиб, унинг шаҳарларида араб байроқлари ҳилпиради.
Унинг ёрдамчилари шоҳлар мамлакатларини олдилар, динпарварлари эса куфр уйини буздилар.

Унинг кишилари Мадойин шаҳрини эгаллаб олиб, мол-мулк ва хазиналарини тортиб олдилар. Бир неча юз йиллар давомида султонлар қийналиб йиққан хазиналарни юклаб йўлга тушдилар. Бу катта хазиналар томошасига ақл ҳам лол эди. Ҳазрати Умар келтирилган бу мол-дунё ва хазиналарга кўз қирини ҳам ташламай, давлат хазинасига топширишни буюрди: булар ғазотга чиқувчилар учун етганича бўлиб берилади.
Бундай қонунни йўлга қўйган Умардан бошқа кимнинг қўлидан бу иш келарди!