Бу достонга бахтиёрлар пайғамбари васфи билан сарлавҳа қўймоқ ва гуноҳкорлар ҳомийси мадҳи билан зийнат бермоқ PDF Босма E-mail
19.06.2024 18:07

У набилар сарвари ва пайғамбарлар султони бўлиб, унинг туфайли улуғ ва майда нарсалар яратилгандир. У Одам Атодан ҳам илгари майжуд бўлиб, ҳам наби, ҳам сирлар огоҳи эди.
У олти кунда яратилган оламдан бурун ҳам нур ҳолида бор эди. Бу шундай нурки, у юз иззат ва шараф эгасидир. У — маъшуқ, Яратувчи — ишқивоз эди. Аллоҳ Булбашарни яратгунига қадар, бу нур узоқ йиллар Ҳақ назаридан баҳраманд эди. Булбашар вужуди яратилганда, унинг юзи шу юлдуз нуридан камол топди. Бу нур ҳавога ўтганида, унинг манглайи порлоқлигидан Қуёш ҳижолат чекарди.
Шиш пайғамбар вужуди шаклланганида, бу қуёш унинг манглайида балқиди. Сўнг бу нур унинг суюкли маҳбубасига ва ундан фарзандига ўтди. У бу шарафли нурни жуфти ҳалолига етгизгач, шундай гавҳарга у ўз вужудини садаф қилди.
Ана шу қабилда бу нурни бир-бирларига ўтказар эдилар. Ниҳоят бу нур Абдуллоҳга етиб келди. У ҳам шу йўсинда нурни узатганида, хонадони шу нур билан ёриди. Ниҳоят шу уйда қуёш балқиб, у фарзанд чеҳрасида пайғамбарлик нури зоҳир бўлди.
Бу нур эмас, Ҳақ Таоллонинг ўз сояси бўлиб, унинг мартабаси Қуёшдан ҳам юксалди. Дин байроғи офтобдек кўтарилгач, куфр зулмати ундан бартараф бўлди. Бу қуёш Байт ул-ҳарамдан чиқиб, фалакдан ҳам олийроқ мартабага эришди. Бу юлдуз нури Маккада кўрингач, барча бутлар тупроққа бош қўйдилар. Кофирлардан ким бўлса, юз тубан тушди. Дин байроғи фалакдан юқори юксалди, шариат тиғи қиличдан ҳам кескирроқ бўлди.
Унинг таъби пайғамбарликка қатъий майл қўйгач, дини бошқа барча динларни бекор қилди. Раъйи мўжиза шамини кўрсатганда, унинг ёлқинидан коинот равшан бўлди.
Лотнинг ўз нуқсонига яраша ҳоли хароб бўлди. Кофирларга Аллоҳдан бошқа Аллоҳ йўқлиги маълум бўлди. Шундан бошлаб халққа Аллоҳдан бошқа Аллоҳ йўқлигирии фасоҳатли тили билан баён этди. "Аллоҳдан бошқа Аллоҳ йўқ" деган гапни атроф-теваракка юборган Аллоҳ пайғамбарининг ўзидир.
Зоти олам қутичасидаги тоза дурдир, балки у ҳақдан оламга юборилган Аллоҳ раҳматидир. Унинг ўзи пок, хотинлари пок, авлодлари покдир: зоти пок, суҳбатдош-издошлари пок ва яқинлари покдир. Олам аҳлидан то Қиёмат кунигача унга, пок авлоди ва издошларига, сўнгра хизматчилари ва дўстларига ҳам ҳар лаҳза юз мақтов ва минг саломлар боисин!