Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Йўлим йўқ (Огаҳий)
Facebook
Йўлим йўқ (Огаҳий) PDF Босма E-mail

Йўлим йўқ, ё Илоҳо, дилда доғман,
Бошимдан то оёқ, тегру гуноҳман.

«Егум» деб хонингузра неъматингдан,
Қуруқ қолмоқдадурман тоатингдан.

Мани гумроҳ этибдур нафси шайтон,
Оёқ қўйган еримдур фисқу исён.

Мани банд айламиш ул нафси маккор,
Гирифторман, гирифторман, гирифтор.

Йўқотдим умрими вайрон аро мен,
Шу боисдан юзи бехад қаромен.

Мудом қилған ишим нафс пешасидур,
Бу кажрафтор жахон андешасидур.

Бузуқ бу фикри дунё бирла мастман,
Магар бир кофири дунёпарастман.

Мани банд айласа шайтони нопок,
Бўлур шум ишларимдин у ҳазарнок.

Қўлимдин тутмасанг оҳ не бўлурман,
Бўлиб расвою гумроҳ мен, ўлурман.

Худовандо! Бахаққи Арши Аъло,
Халос этсин ўзидин банди дунё.

Насиб ҳам менга бўлсин базми таҳқик,
Тўла тутғил лабимга жоми тавфик.

Худовандо! Баҳаққи чарх хуршид,
Мани лутфингдин этма, хору новмид.

Худовандо! Бахаққи қурбу Жибрийл,
Неки эзгулик ўлса айлайин майл.

Худовандо! Ўзингким ҳаққи Мурсал,
Чигал не бўлса еч, қил мушкилим ҳал.

Худовандо! Бахаққи саййиди пок,
Кўзимни айла ишқ дардида намнок.

Худовандо, Баҳаққи Шоҳимардон,
Бўлай мен мардларингдек шонли инсон.

Худовандо! Баҳаққи қутбул ақтоб,
Шароби шавқингдин қил дилни сероб.

Худовандо! Бахаққи ашку оҳим,
Афу қилғил бари журму гуноҳим.

Худовандо! Бахақки ахли ирфон,
Ёритсин маҳшаримни дурри иймон.

Худовандо! Баҳаққи ҳавзи Кавсар,
Менга қаҳр этмагил, Сан ҳавли махшар.

Худовандо! Баҳаққи боғи жаннат,
Насибам айла жаннат ичра ишрат.

Худовандо! Баҳаққи ҳуру ғилмон,
Манга қил хуру ғилмонларни ёрон.

Ки ёрон ҳаққи, то қилгум ризосин,
Қабул қил, Огаҳийнинг ҳам дуосин.

У махзуну у мискин икки олам
Аро бўлсин, илоҳо, шоду ҳуррам.

Шарҳ: Йўлим йўқ
Ё Аллоҳим ўзинг карам қилгин! Умр йўлимга назар ташлайману дилим куяди. Бошдан оёғимгача гуноҳ гарди билан булғанганман. Дунё неъматларига муҳаббат қўйиб, тоат-ибодатдек буюк неъматингдан бебаҳра қолмоқдаман. Шайтони лайъин мени доғда қолдирмоқда. Ҳар қадамимдан фисқу исён чанги кўтарилади. Маккор нафс тўрлари оёқ-қўлим нари турсин, қалбим ва ақлимни ҳам чулғаган. Нафс бандасиман, ҳар не қилмайин нафс қуллигига гирифторман. Умримни шу вайрона, пашшанинг қаноти қадар қадри йўқ дунё йўлида сарфлаёздим. Ё Парвардигоро! Мен қандайин юзи қаро бандангман. Нафс тузоғига тобора махкамроқ банд бўлмишман. Дунё фикри мени шу куйга соляпти. Сар-хушлик мени расвойи жаҳон этмоқда. Ё Илоҳо! Кимман ўзи?! Мўъмин бир бандангманми ёки кофир бир дунёпарастманми? Ўзинг нажот бер, яратган Эгам! Шунчалар тубан кетганманки, ҳатто шайтон менга яқинлашмоқдан ҳазар қилади. Эй яратган Парвардигор! Ўзинг нажот бер! Нажот бермасанг, ўлимтик жасаддан фарқим қолмас. Ё Худовандо! Зоти покинг ҳаққи ҳурмати, бу гумроҳлигим келтирадиган ҳалокатдан Ўзинг муҳофаза эт. Арши аълойинг ҳурмати, ё Тангрим, кўнглимни дунё бандидан халос айла! Менга ҳам тафаккур ва тадқиқ салоҳияти насиб этсин, ташна лабларим тавфиқ — иймон-эътиқод жомига етишсин. Аллоҳим шу айланиб турган чархи замон, порлоқ нур сочиб турган азим қуёшинг хақки мен гуноҳкор бандангни раҳмат нурингдан ноумид этма! Осмондаги тўлин ой ва юлдузларинг ҳақки ҳурмати мен бечора қулинг ҳолига раҳм қил! Сенга яқин бўлган улуғ фариштанг Жаброил алайҳиссалом ҳаққи ҳурмати кўнглимни иймон кучаядиган, қалб хотиржам топадиган амалларга мойил эт! Расул мурсалийн, Муҳаммад Мустафо (с.а.в) ҳурматларини ўртага қўйиб сўрайман, ё Худовандо, мени ўраб олган нафс тўрларини даф қил, қалбим чигалларини ечгин, мушкулим осон қил! Парвардигоро! Ул саййидларнинг поки ҳақки кўзларимни Ўзингга бўлган ишқ ашклари билан намнок айла! Севган қулинг-Алиюл Муртазо розиёллоҳу анҳу каби менга ҳам мардлик ато қил! Дунёни маҳв этмиш қутбул — ақтоблар сингари Ўзингга муҳаббат шавқи билан қалбимни сероб айлагин! Ё Аллоҳи Карим! Тўккан кўз ёшларим, чеккан оҳ — нолаларим ҳаққи исёнда ўтган онларимни, гуноҳи кабираларимни кечиргин! Маърифат аҳли ҳаққи ҳурмати маҳшар тонгида иймоним билан тирилтир! Худовандо! Ҳавзи кавсаринг ҳурмати ҳаққи ўтинаман, маҳшаргоҳда менга қахр этмагин! Жаннатингҳақки, ё Қодир Эгам! Жаннат фароғатини менга ҳам насиб айла! Жаннат боғларида яшнаб-яйраб юрган бетимсол ҳурларинг ҳаққи мени ҳам уларнинг висолидан бенасиб қўйма! Барча ўтган мўъмин бандаларинг ҳурмати бечора Огаҳийнинг дуоларини ҳам қабул айла! Ғамлар залвори остида эзилган бу фақир қулинг ҳам икки дунё саодатига нойил бўлсин!

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан