Facebook
Аъён нима PDF Босма E-mail

Бу мисолдаги “айн”, “аён”, “дийдор” сўзларига алоҳида эътибор бериш керак, чунки булар тасаввуфнинг махсус истилоҳларидир. Бошқа бир ерда Аттор дейди:

Ту бешак бартар аз кавну макони,
Гузори айн, дар аъён аёни.

(Сен шубҳасиз кавну макондан юқорисан, айндан воз кечсанг, аъёнда аёнсан).
Тасаввуф таълимотига биноан, Илоҳнинг ўзи ғайб, киши кўзига кўринмайди, зотнинг асл жавҳарини билишга ҳеч ким муяссар бўлган эмас (“Унинг зотининг моҳиятидан биров хабардор бўлмаган”), аммо унинг “дийдори” — юзи, кўриниши, яъни кўздай бўлиб жилоланиши, аёнлашуви орқали Унинг сирларидан воқиф бўлиш мумкин. Шунинг учун бу ерда “айн” деганда илоҳий сирлар манбаи кўздай порлаб кўрина бошлаши, “аён” деганда эса конкретлашув, моддий шакл олишни англаш керак. “Аён” илоҳий ғайб (“адам”)нинг ижодкорлик қудрати сабабидан ташқарига зуҳур этган Моҳият, ҳақиқатнинг сурати ёки тасаввурланиши, хаёлий шаклга киришидир. Аттор айтмоқчики, Мансур, Шайх Аттор ёинки бошқа Комил шахс агар “айн” — суратини, жисмни ташласанг, ўша “аъён” — илоҳий оламда “айн” бўласан, яъни конкретлик касб этасан, илоҳий вужудга айланасан.

Шавад восил ҳижобаш дур гардад,
Ба маъни сурати Мансур гардад.

(Васлга етгандан кейин, парда узокдашади, маънида у Мансур суратига айланади).
Шу зайлда Аттор тавҳид асрорини кашф этиб бораверган. “Жавҳаруз зот” (“Жавҳаруз зот” — илоҳий зот мо-ҳияти, яъни моҳиятнинг моҳияти демак)дан ташқари, “Мантиқут тайр”, “Булбулнома”, “Уштурнома”, “Илоҳийнома” каби асарларида ҳам шоир тавҳид хусусида фикр билдириб кетган. Масалан, “Мантиқут тайр”нинг бутун мазмуни Симурғ — Мутлақ руҳ васлига етиш ва у билан қўшилиш ҳақидаги ҳикояларидан иборат. Асардаги етти водийнинг бири “Тавҳид водийси”деб номланган. Аммо қолган водийлар ҳам аслида солик руҳнинг Илоҳий манбаъ сари юксалиши ва бундан турли ҳолатларга тушиш, турли даражадаги идрок босқичлари тасвирланади. Руҳнинг Билим, Маърифатга ошноликдан сармастлиги, ўзини унутиб, ўз тангриси бағрига буткул сингиб кетиши, яъни жузънинг Кулл бўлиши — фано саодати Аттор асарларининг асосий мавзуидир. Шунга кўра Атторни илоҳий рамзлар, сирлар шоири дейиш мумкин. Лекин, гарчи шоир ғайб сирларидан сўз очиб, оламни билишнинг ақлий усулини рад этган ҳолда барча тасаввуф аҳли каби, ботиний туйғуни, ишқни билишнинг асосий воситаси ҳисобласада, унинг бутун асрорлари дунёни ва унинг Моҳиятини англашга беҳад чанқоқликнинг исботидир. Умуман, назаримда, сўфиёна важд-жазава, кашфу каромат, ҳол мартабасидаги бехудлик илҳоми билан қўлган киритилган “сирлар” аслида оламнинг хусусиятлари, инсон заковати ва тафаккурининг меваларидир. Илоҳий билимларнинг чексизлиги эса инсон истеъдоди, тахайюли ва шуурининг, ички ботиний қобилиятининг чексизлигидан нишона, шунинг тасдиғидир. Илоҳ — тафаккур ва билишнинг чексизлиги, туганмаслиги тимсоли. Фаридиддин Аттор шу тимсолни ҳақдеб тинмай унга интилади, уни кашф этиш иштиёқида ёнади.

Нажмиддин Комиловнинг
"Тасаввуф" китобидан