Ромео ва Жульетта PDF Босма E-mail

Уильям Шекспирнинг "Ромео ва Жульетта" (1595) трагедияси икки ёш қалбнинг буюк ва фожиали муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу асар абадий бир-бирларини соф муҳаббат билан севган, аммо оилаларининг кўп асрлик адовати билан ажраган ёш жонларнинг тимсолига айланган. Монтекки ва Капулетти қабилалари ўртасидаги бу адоват юзасидан уларнинг исмлари биринчи марта Данте Алъегерининг "Илоҳий комедия" асарида зикр этилган, кейин эса Италиянинг Уйғониш даври адабиётида машҳур мавзуга айланган. Ромео ва Жульетта образлари илк бор Луиджи да Портонинг "Икки шарафли ошиқлар тарихи" (1524 йилларда) асарида учрайди ва бу асарда воқеалар Верона шаҳрида содир бўлади. Кейинроқ бу сюжет бошқа ёзувчиларга, хусусан Маттео Банделло (1554) томонидан қабул қилинган ва унинг новелласи Артур Брукнинг "Ромео ва Жульетта" (1562) поэмасига илҳом берган. Бу поэма Шекспирнинг трагедияси учун асосий манба бўлган.

Аммо Шекспир таниш сюжетга ўзининг ўзига хос қирраларини қўшади. Артур Брук ошиқларни муҳаббатда тасвирлаб, уларнинг ҳаракатларига хайрихоҳлик билдирса-да, у бир оз ёлғончилик ва вазминлик, вазиятга бўйсуниш ғояларини тарғиб қилади. Унга кўра, Ромео ва Жульеттанинг муҳаббати гуноҳ бўлмасада, ортиқча ҳавас ва хатодир, бунга улар лойиқ жазо олишади. Шекспир эса бу ҳикояга буткул бошқа ёндошади. Унинг асарида Ромео ва Жульеттанинг муҳаббати Уйғониш даврининг юқори даражадаги муҳаббат идеалини ифодалайди. Улар ўртасидаги туйғу оилавий ғараз ва адоватдан устун туриб, ҳозирги кунда ҳам ўша даврдаги каби чуқур таъсирга эга бўлиб қолган.

Ромео ва Жульеттанинг муҳаббати шунчаки оилавий тақиқларни бузиш эмас — балки улар томонидан кўп асрлик нафрат анъанасига қарши қўйилган очиқ чақириқдир. Бу нафрат асрлар давомида Монтекки ва Капулетти авлодлари туғилиб, ўлиб кетган анъана бўлиб, Верона давлатининг асосларига ҳам таянган. Шу боисдан, Ромео ва Жульеттани қамраб олган туйғуларнинг чуқурлиги ҳамда уларнинг огоҳликсиз ҳаракатлари барчага қўрқинч туйғусини беради ва уларни ажратишга ҳаракат қилинади. Чунки уларнинг муҳаббати, уларнинг иттифоқи эски асосларни заифлаштириб, бузилиши мумкин бўлмаган чегараларни бузиб юборади. Йошликлари ва беғамликларига қарамай, Ромеонинг ёшлик шижоати ва Жульеттанинг самимийлигига қарамай, улар деярли аввалидаоқ ўзларининг тақдири ёзилганини билишади. "Руҳимни қоронғу ҳиссиётлар чулғаб олган!" — дейди Жульетта, Ватанидан қувилган Ромеога қараб. Уларнинг ишқи ва улар томонидан қабул қилинган қарорнинг қатъийлиги, шу жумладан, ўлимга ҳам тайёрликлари уларни яхши тушунадиган ва хайрихоҳ бўлган одамни ҳам лол қолдиради — бу, албатта, Лоренцо отадир: “Бу каби ишқ-у отишма ҳалокатлидир, // Шодликнинг авжи ўлим бўлур, битир”.

Пьесанинг илк саҳналаштирилиши тахминан Лондоннинг "Куртина" театрида бўлиб ўтган. Англия театрларида машҳур Ромео ижрочилари орасида Дэвид Гаррик (1750), Чарльз Кэмбл (1805), Чарльз Макреди (1810), ва Эдмунд Кин (1817) бўлган. 1882 йили трагедия "Лицеум" театрда Генри Ирвинг бошчилигида саҳналаштирилган, Ирвинг — Ромео ва Эллен Терри — Жульетта ролларини ижро этган. 1884 йили Стелла Патрик Кэмпбелл Жульетта ролини ижро қилган. XX асрда машҳур Ромео ижрочилари орасида А. Моисси (1907 йилда Макс Рейнгардт саҳналаштирган), Джон Гилгуд ва Адель Диксон (1929), шунингдек Дж. Гилгуд ва Лоуренс Оливье бўлган. Улар Пэгги Эшкрофт билан бирга (1935) Ромео ва Меркуцио ролларини алмашиб ижро қилишган. 1940 йили Лоуренс Оливье ва Вивьен Ли Ню-Йоркда спектаклни ижро этишган. 1970-йилларда Жульетта ролини Дороти Тыотин машҳур тарзда ижро этган.

Россия саҳнасининг Ромеолари П.С. Мочалов (Кичик театр, 1824) ва В.А. Каратыгин (Александринский театр, 1841) ўртасида рақобат бўлган. 1881 йили М.Н. Ермолова Жульеттани, А.П. Ленский эса Ромеони ижро этган. 1921 йилда Камера театрида (режиссёр А.Я. Таиров) Жульетта — А.Г. Коонен ва Ромео — Н.М. Церетели, 1935 йилда Революция театрида (режиссёр А.Д. Попов) Жульетта — М.И. Бабанова ва Ромео — М.Ф. Астангов, 1969 йилда Малая Бронная театрида (режиссёр А.В. Эфрос) Жульетта — О.М. Яковлева ва Ромео — А.Д. Грачев ўйнаган.

"Верона ошиқлари" тарихининг давоми В. Беллини (1830) ва Ш. Гуно (1867) операларида, П.И. Чайковскийнинг увертюра-фантазияси ва дуэт саҳналарида (1869), Г. Берлиознинг солист ва оркестр учун драматик симфониясида (1839) учрайди. Шекспир қаҳрамонларининг опера ижрочилари орасида Аделина Патти, А.В. Нежданова (Жульетта) ва Л.В. Собинов, С.Я. Лемешев (Ромео) эътиборга молик. Россия томошабинлари учун Жульетта образи Г.С. Уланова билан боғланган, у бу рольни С.С. Прокофьевнинг балети (1940, хореограф Л.М. Лавровский) орқали машҳур қилган. Шунингдек, Чайковский ва Берлиоз мусиқасига (соңгиси — М. Бежар балети, 1978) асосланган балет вариантлари ҳам мавжуд. Энг машҳур кинотасвир Ф. Дзеффиреллига тегишли (1968). Ромео ва Жульетта қиссасининг XX асрга кўчирилган замонавий талқини — "Вестсайд хикаяси" (1961) мюзикли.

Адабиётлар:

Морозов М.М. Театр Шекспира. М., 1984;
Пинский Л.Е. Шекспир: Основные начала драматургии. М., 1971.

Абу Муслим тайёрлади