Китоб эгаси юсуф улуғ ҳожиб ўзига насиҳат қилади PDF Босма E-mail

Билим ол, заковат ҳам ақл сўра,

Билимли мустаҳкам қўрғондан кўра.

Билимсиз юрак, тил нега ҳам ярар?

Билим билан сувдай барчага яра.

Қанча кўп билсанг ҳам яна ҳам ўрган,

Билимли интилиб олиму тўра.

Биларман десанг сен билимдан йироқ,

Билимсиз омисан билимли ора.

Билим чексиз уммон соҳил, туби йўқ,

Қанча сув кўтаргай синчалак сўра.

Билим билан бўйу бастинг юксалар,

Билимсизликка ҳеч бўлма асир-а.


Билим бил, одам бўл, буюк қил ўзинг,

Ё ҳайвон номин ол одамдан кўра.

Билимли бағри хун, ғамгин ўй билан,

Билимсиз бепарво қаҳ-қаҳа ура.

Билимли дард билан нетиб яйрасин,

Билимсиз, ирғишлар телбадай юра.

Билимли қоядай сабру бардошли,

Билимсиз чопар нафс ортидан тура.

Эй доно, банддасан, билимсиз бебош,

Боғланса, кишанин узар бир сира.

Минг бир заҳмат чекдим билим йўлида,

Сўзим сўзга тиздим кетма-кет тера.

Мисли ҳуркак кийик туркий сўз-калом,

Оҳиста сайладим сарадан-сара.

Силадим, сийпадим, кўнгил берди тез,

Бош бермай гоҳ қилар кўнглим ҳам хира.

Сира ҳам қолмадим калом ортидан,

Ифор сочиб чиқди пешвоз мастура.

Ҳалол-рост сўзладим - дағал ҳам аччиқ,

Ҳалол сўзга лойиқ ҳар эран-тўра.

Ўқувчига ортиқ оғир тушмагай,

Узр ҳам сўрадим мен била-кўра.

Равон сўздан ўзга сўзни сўз дема,

Равон-эгри фарқи гўё оқ-қора.

Йил олтмиш иккида ҳам тўрт юз билан,

Сўз айтдим ўртаниб хомам боз сура.

Тугал ўн саккиз ой достоним битдим,

Саралаб, сайқаллаб минг калом тера.

Ёйилган минг чечак атру ифори,

Ривоят сўзладим, тугатдим тура.

Тугатар сўзин гар ҳар ким минг сўзлаб,

Оқар тинмай, ортар булоқлар ора.

Эй Юсуф, сўзлагин керак сўзни рост,

Беҳуда сўз қилар оқ юзинг қора.

Зиёда сўзладинг, қадри кетмагай,

Зиёд сўзга сабру тоқат йўқ сира.

Бевафо даҳри дун қилмиши жафо,

Заковатли уни йироқ тур, дер-а.

Дунёга сен кўнгил қўйдинг зиёда,

Ғайрат қил, кўнгил уз, юзингни бур-а.


Дунёга ишонма ғафлатга ботиб,

Худога сиғингил қаттиқ ёлвор-а.

Не зотлар бошига етган даҳри дун,

Равон йўлдан озди не зотлар, кўр-а.

Минг бир найранг билан урмагай йўлдан,

Севма сал бўлса ҳам сира қайғура.

Неча дунё талаб очун беклари,

Ўлим тутди, кетди кўзи телмура.

Армон ёшлик даври, эсиз йигитлик,

Тугар бу ҳаёт ҳам, ўкин қайғур-а.

Неча минг йил яша, завол муқаррар,

Неча молу мулкинг ҳам қолар, қара.

Умидим ўзингдан ёлғиз, эй Худо,

Ғафлатдан уйғотиб, дегайсан: Тур-а!

Гуноҳкор қулингман, ёзиғим талай,

Марҳамат қилгайсан, рўшнолик бер-а.

Гуноҳ қилди сендан қочиб ўзлигим,

Ўзингга юзландим бу кун ёлвора.

Нега ҳам инондинг, эй хаста жоним,

Неларга таяндинг, айт, кўзинг кўра.


Йўлинг тўғри тузгил, йўриғингни ҳам,

Жойинг бўлсин икки оламда тўр-а.

Севинчдан мосуво бу дунё бутун,

Мени қўймагай бу оламда, зўр-а.

Тилинг тий, нафсинг йиғ, ҳеч кўп ухлама,

Кўз-қулоғинг беркит, бир оз тинч тур-а.

Ё Раб, ёрлақагил барча мўминни,

Раҳматинг билан қил ўзинг маъмур-а.

Расули Акрамга туман минг салом,

Чаҳорёрларга ҳам етказ орттира.