Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Умар Хайём. Қадаҳдаги сир (Рубоийлар)
Facebook
Умар Хайём. Қадаҳдаги сир (Рубоийлар) PDF Босма E-mail

Таржимон, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи:

Эргаш ОЧИЛОВ,

филология фанлари номзоди

Умар Хайём ва рубоий эгизак тушунчаларга айланиб кетган: Хайём номи тилга олинганда барчанинг кўз олдида Шарқ мумтоз сўз санъатининг энг машҳур жанри рубоий гавдаланса, рубоий деганда бу жанрнинг беназир устаси Умар Хайём намоён бўлади. Олам ва одам муаммолари ўзининг теран фалсафий талқинини топган бу бадиий юксак рубоийлар Шоислом Шомуҳамедов, Жамол Камол, Нусрат Карим, Эргаш Очилов каби бир неча авлод таржимонлар томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, халқимизнинг кўнглидан чуқур жой олган. Ҳозиргача асосан бармоқ вазнида таржима қилиниб келган бу рубоийларнинг Эргаш Очилов томонидан ўз анъанавий вазнига солиб ўгирилган мазкур намуналари ҳам ўзининг арузий мусиқаси ва жарангдорлиги билан ўқувчилар кўнглига йўл топади, деб ўйлаймиз. Айни пайтда, бу рубоийларнинг кўпи Эронда нашр этилган тўпламлардан олинган бўлиб, улар илк бор ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинмоқда.

 

ҚАТРАДА УММОН АКСИ

Олам ва одам муаммолари теран фалсафий талқин қилинган бадиий юксак рубоийлари билан жаҳон илму адаб аҳлини ҳайратга солиб келаётган Умар Хайём ўзбек халқининг ҳам ўз шоири мутафаккир шоир рубоийлари кирмаган ўзбек хонадони, унинг рубоийларини ёд билмайдиган ўзбек ўқувчиси топилмаса керак. Бу пурмаъно рубоийларнинг бир неча авлод таржимонлар томонидан амалга оширилган янгидан-янги таржималари пайдо бўлиб, улар қайта-қайта нашр этилди. Натижада, Умар Хайём ватан адабиёти намояндасига, рубоийлари эса унинг таркибий қисмига айланди десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Умар Хайём каби жаҳон сўз санъатининг забардаст намояндаларини асарлари миллий адабиётлар ривожига хизмат қилиши шубҳасиз. Жумладан, файласуф шоир рубоийлари таржимаси ҳозирги ўзбек шеъриятида мазмуннинг теранлашиши, фалсафийликнинг чуқурлашиши, унинг таъсирида рубоий ва тўртликлар ёзишнинг кўпайишига, “хайёмона” шеърлар пайдо бўлишига сабаб бўлгани маълум. Бу таъсирнинг ёрқин изларини биз Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода, Абдулла Орипов, Тилак Жўра шеърларида, Рамз Бобожон рубоийлари. Шуҳрат, Толиб Йўлдош, Туроб Тўла, Омон Матжон тўртликларида яққол кўрамиз. Бинобарин, ҳозирги ўзбек адабиётини Умар Хайём ижодини четлаб ўтиб ўрганиб бўлмайди.

НОЁБ ИСТЕЪДОД

Буюк математик, мунажжим, файласуф, ҳаким ва мутафаккир шоир си-фатида донг таратган Ғиёсиддин Абулфатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишо-пурий 1048 йил 18 майда Нишопурда чодир (хайма) тикувчи косиб оиласида туғилади (Унинг тахаллуси ҳам отаси шуғулланган касб номидан олинган: Хайём – чодир ясовчи уста, чодир тикувчи, чодирчи). Ёшлигида Балхга келиб, ўша даврнинг таниқли уламоларидан Муҳаммад Мансур қўлида таҳсил олади. Салжуқий шаҳзодалар ўртасида тож-тахт учун курашлар авжга минган даврда Балхни тарк этиб, аввал Самарқанд қозикалони Абу Тоҳир, кейин Бухоро ҳокими Шамсулмулк Қорахоний даргоҳида яшайди. У ҳақда маълумот берилган деярли барча қадимги қўлёзмаларда фавқулодда истеъдоди, кучли қувваи ҳофизаси ва олдиндан башорат қилиш қобилияти хусусида сўз боради. Чунончи, Фитратнинг маълумот беришича, “Исфаҳонда эканида бир китобни етти дафъа ўқуған. Нишопурга қайтғанда шуни ёддан ёзған. Асл нусхаси билан ёддан ёзилғанини ҳеч фарқи бўлмаған”.

Низомий Арузий Самарқандий қуйидагича ҳикоя қилади:

Балх шаҳридаги бир зиёфатда ҳужжат ул-ҳақ Умар Хайёмнинг шундай деганини эшитдим:

– Менинг қабрим шамол ҳар баҳорда устимга гуллар сочиб турадиган жойда бўлади!

Ўшанда менга унинг сўзлари бир оз ғалати туюлган эди, аммо шундай улуғ одам беҳуда гапирмаслигини ҳам билардим.

1135 йили йўлим Нишопурга тушганида Хайёмнинг менда устодлик ҳа-қи борлиги учун бир жума куни Ҳийра қабристонига – унинг зиёратига бор-дим. Қабристонни ўраб турган боғ деворидан нок ва ўрик дарахтлари бош чи-қариб, қабр устини гулга кўмган эди. Шунда Балх шаҳрида ундан эшитган сўзларим ёдга тушиб, йиғлаб юбордим. Ҳақиқатан ҳам, дунёнинг бирор ери-да унинг учун бундан муносиброқ жой топилмас эди.

ҚОМУСИЙ АЛЛОМА

Умар Хайём 26 ёшида салжуқий ҳукмдор Жалолидддин Маликшоҳ ва унинг маърифатпарвар вазири Низомулмулк даъватига биноан Исфаҳонга ке-либ, расадхона ташкил этади. Расадхонада фаолият кўрсатган олимлар Хайём бошчилигида 1074-1079 йиллар мобайнида янги ва нисбатан мукаммал йил тақвимини ишлаб чиқадилар. Бу тақвим Европада ундан 500 йил кейин жорий қилинган Григориан тақвимидан ҳам аниқроқ бўлган.

Умар Хайём илмда ҳам, ижодда ҳам ўзини шайх ур-раис Абу Али ибн Синонинг ҳассос ва садоқатли шогирди ҳисоблаган. Ибн Сино асарларини тушунмаган кишилар уларни изоҳлаш ва шарҳлашни ундан сўраганлар. У ус-тозининг бир қатор асарлари (жумладан, “Хутба” фалсафий рисоласи) ни арабчадан форсчага таржима қилиб, шарҳлаб беради, унинг ғоя ва қарашларини давом эттиради ҳамда тарғиб қилади. “Рисолат ул-кавн ват-таклиф” (“Коинот ва унинг вазифалари ҳақида рисола”), “Рисола фи-л-вужуд” (“Борлиқ ҳақида рисола”), “Рисола фи куллиёти вужуд” (“Борлиқнинг умумийлиги ҳақида рисола”) каби фалсафий асарларида Ибн Синонинг вориси ва издоши сифатида намоён бўлади. Унинг Ибн Синога эътиқоди шунчалик баланд бўлганки, ҳатто “Аш-шифо” китобини қўлида тутиб жон берган (1123 йил 12 декабрда).

1077 йилда у юнон олими Эвклид китобидаги бир неча геометрик шаклларини шарҳлаб ёзган “Рисола фи шарҳи мо ашкала мин мусодарат китоб ул-Иқлидис” (“Эвклид китоби муқаддималаридаги мушкулотлар шарҳи ҳақида рисола”) асарида бутун сонларнинг илдизини топиш йўлларини кўрсатиб берган. “Рисола фи-л-бароҳийн ала масойил ал-жабр ва-л-муқобала” (“Алгебра ва муқобала (қаршилик назариси) исботлари ҳақида рисола”), “Мушкулот ул-ҳисоб” (“Арифметика мушкулотлари”) асарларида у юнон олимларининг аниқ фанларга оид фикрларини араб тилида кенг шарҳлаш билан бирга, уларнинг қарашларини ривожлантирган, математик, физик тенгламаларнинг муодилларини топган. Байҳақийнинг лутф этишича, у айниқса фалсафий илмлар, математика ва мантиқни жуда ўзиники қилиб олган эди.

XII аср форс-тожик насрининг нодир намунаси ҳисобланган “Наврўзнома” асарида Наврўзнинг келиб чиқиш тарихи, Шарқ халқларининг бу байрам билан боғлиқ анъана ва маросимлари кенг ёритилган, кўплаб ҳикоят ва ривоятлар келтирилган.

Қисмат ўйинини қарангки, олим ўз умрининг асосий қисмини сарфлаган фаннинг турли соҳаларидаги буюк кашфиётлари бир чеккада қолиб, у илмий изланишларидан чарчаган пайтларида турли дафтарларнинг ҳошияларига битган ва иккинчи даражали ҳисоблаган рубоийлари Хайём номини дунёга танитди.

РУБОИЙНИНГ УСТОДИ АЪЗАМИ

Умар Хайём ва рубоий эгизак тушунчаларга айланиб кетган: Хайём номи тилга олинганда барчанинг кўз олдида Шарқ мумтоз сўз санъатининг энг машҳур жанри рубоий гавдаланса, рубоий деганда бу жанрнинг беназир устаси Умар Хайём намоён бўлади. Бу бежиз эмас. Абулқосим Фирдавсий маснавийни, Ҳофиз Шерозий ғазални қанчалик такомилга етказган бўлсалар, Умар Хайём ҳам рубоийни шунчалик юксак мақомга кўтарди. Мана, орадан салкам Х аср ўтса-да, рубоийда ҳали ҳеч ким Хайёмнинг олдига туша олган эмас.

Тафаккур ва туйғуни ажойиб бир тарзда ўзида омухта этган рубоий аср-лар давомида Шарқ мумтоз шеъриятининг етакчи жанри бўлиб келди. Унинг шаклланиши, ривожланиши ва шуҳрат қозониши Абу Абдулло Рудакий, Абу Али ибн Сино, Абусаид Абулхайр, Умар Хайём, Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Амир Хусрав Деҳлавий, Хоқоний Ширвоний, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фузулий, Мирзо Абдулқодир Бедил, Мирзо Ғолиб каби дунёга машҳур шоир ва мутафаккирлар номи билан боғлиқ. Рубо-ийнинг Шарқ адабиётида қанчалик катта ўрин тутганини шундан ҳам билса бўлади.

Олам ва одам муаммоларини фалсафий жиҳатдан акс эттириши туфайли рубоий шеъриятнинг фалсафий жанри сифатида машҳур. Зеро, салмоқли маз-мунни чуқур фалсафийлик қатига ўраш орқалигина уни ихчам шакл бағрига жо этиш мумкин. Шунинг учун ҳам академик шоир Ғафур Ғулом рубоий ҳа-қида : “... олам-олам мазмунларнинг жавҳарини йиғиб, тўрт сатрга сиғдира олиш маҳоратидир. Қатрада – уммон, учқунда – қуёш мазмунини бериш ру-боийга хос хусусиятдир”[1], – деб ёзган эди. Ҳикмат ва фалсафа рубоийнинг мағзи бўлганлиги учун ҳам у жаҳон шеъриятининг довруқдор жанрларидан бирига айланди ҳозирги кунда дунёнинг барча бурчагидан рубоий мухлис-ларини топиш мумкин.

Кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрича, рубоийга биринчи бўлиб Абу Али ибн Сино ўзининг чуқур фалсафий қарашларини сингдирган. Кейин Умар Хайём азал ва абад, олам ва одам муаммолари хусусида теран фалсафий рубоийлар яратиб, бу жанрнинг пири устодига айланди, Шарқ шеъриятида фалсафийликнинг чуқурлашишига катта таъсир кўрсатди. У ўзигача яратилган рубоийлардан таъсирланди, бу борадаги тажрибаларни умумлаштирди ҳамда ўзининг беқиёс истеъдоди ва теран билими туфайли рубоийда сифат ўзгаришларини ясаб, жанрни янги ва юксак тараққиёт босқичига олиб чиқди. Нафақат улкан инсоний дард ва теран ички кечинмаларни, балки ўша давр ақл соҳибларини қийнаган ўткир ижтимоий ва фалсафий масалаларни рубоийга олиб кирганлиги учун ҳам таниқли шарқшунос И.С. Брагинский Хайём шеъриятисиз нафақат Шарқ, балки “жаҳон шеъриятидаги юксакликни ҳам тасаввур қилиб бўлмайди”,– деган эди. Рубоийнинг мазмунан бойиши, янги фалсафий истилоҳларнинг вужудга келиши, рубоий мавқеининг ортиши ва Шарқ шеърияти жанрлари ичида мустаҳкам ўрин эгаллаши Умар Хайём номи билан боғлиқ.

Хайёмона оҳанглар Абусаид Абулхайр, Бобо Кўҳий, Абулҳасан Харақоний, Абдуллоҳ Ансорий, Аҳмад Ғаззолий, Муҳаммад Ғаззолий каби шайх-шоирлар рубоийларида ҳам учрайди, ҳатто айрим рубоийлар ҳам уларга, ҳам Хайёмга нисбат берилади. Чунки Хайём бу шоирлардан ўрганган, таъсирланган, уларга эргашган. Умар Хайём рубоийларини мазкур шоирлар рубоийлари билан қиёсий ўрганиш шундан гувоҳлик беради. Масалан, Абусаид Абулхайр рубоийлари ичида кўплаб хайёмона рубоийларнинг мавжудлиги мавзу ва услуб эътибори билан улар орасида муайян яқинлик борлигини кўрсатади. Форсий адабиётдаги рубоий тарихи ва ривожланиш босқичларини ўрганган арман олимаси А.К.Козмоян ҳам сўфиёна рубо-ийларнинг баъзи бир муҳим хусусиятларини четлаб ўтиб, Умар Хайём рубоийларига ҳар томонлама ҳаққоний баҳо бериб бўлмаслигини таъкид-лаган эди[2]. Н.Комилов эса: “Хайём ижодини батамом тасаввуфдан холи деб ҳам айта олмаймиз. Чунки айрим рубоийларнинг мазмунида бу нарса ўта фалсафийлашган кўринишда ифодаланган”, – деб ёзади. Шоирнинг ўзи ҳам фалсафий рисолаларидан бирида сўфийларга эргашган кишигина Худони англашга энг яқин туришини таъкидлаб ўтган эди. Шунга қарамай, Умар Хайём ижодига асосан икки мутафаккир шоирнинг кучли таъсирини сезиш мумкин: фалсафий-тасаввуфий жиҳатдан – Ибн Сино, ғоявий-бадиий жиҳатдан – Носир Хисрав.

Юнон мутафаккирлари асарларининг араб тилига таржима қилиниши туфайли араб халифалиги қўл остидаги мамлакатларда фалсафий фикрлар жуда ривожланганлиги маълум. Бунинг устига, Умар Хайём даврида аниқ ва табиий фанлар ўз тараққиётининг юксак чўққисига чиққан эди. Бинобарин, “Умар Хайёмнинг фалсафий қарашлари нафақат унинг салафлари бўлмиш Шарқ файласуфлари таълимоти заминида, балки ўша даврда араб ва форс тилларига таржима қилинган юнон мутафаккирларининг ишлари билан танишиши натижасида ҳам шаклланган”[3]. У “кўпчилик рубоийларида ўзининг математика, мантиқ, астрономия, нотиқлик санъати соҳаларидаги кашфиётлари натижасида келган хулосаларини бадиий талқин қилади”[4]. Зеро, “Умар Хайём рационализмнинг, ақлий мўъжизалар даврининг шоири эди”[5].

ТЎРТ МИСРАГА ЖО БЎЛГАН ОЛАМ

Шоирларнинг турли-туман кайфиятлари, руҳий оламидаги эврилиш ва ўзгаришлар, тафаккуридаги зиддиятлар кўпроқ рубоийда ўз аксини топган. Чунки рубоий ҳар қандай фикр, туйғу туғилиши, оҳорли ташбеҳ ёки мавзу топилиши биланоқ уни ифодалаш мумкин бўлган осон ва қулай жанр. Таржимаи ҳол билан боғлиқ реал туйғуларнинг асосан рубоий жанрида ифодаланиши ҳам шундан. Шунинг учун ҳам Р. Ҳодизода рубоийларни “шоирнинг поэтик кундалиги” деб аталган эди.

Фалсафий мушоҳадалардан тортиб табиат ва жамиятнинг мураккаб масалаларигача, шоир шахсий ҳаётидаги энг кичик лавҳаларгача – ҳамма-ҳамма нарса рубоийнинг мавзуи бўлиши мумкин. А.Аминов ёзганидек, “ҳаётий ҳодисалар турли туман бўлгани каби, рубоий мавзу доирасининг ранг-баранглиги ҳам чегара билмайди”. Табиийки, рубоийда бу масалаларнинг барчаси аниқ, лўнда, ихчам, ҳикмат даражасида ва айни пайтда, юксак бадиий шаклда ўқувчи ҳукмига ҳавола этилади. Рубоийда ҳар бир сўз, ибора муайян салмоққа эга бўлади, у ёки бу поэтик мақсадни очишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам И. Брагинский ва Д. Комиссаровлар: “Рубоий – бутун бир ҳаёт, чек-чегарасиз инсоний кечинмалар тўрт мисрага жо бўладиган ўзига хос мўъжаз санъат асари”, – деб ёзган эдилар.

Албатта, барча шеърий жанрлар каби, рубоий ҳам узоқ тараққиёт йўлини босиб ўтиш жараёнида шаклан мукаммаллашиб, мазмунан бойиб борди. Дастлаб ишқий кечинмалар, панд-насиҳат, табиат тасвири, ҳазил-ҳажв мавзуларида яратилган бўлса, бора-бора теран фалсафий фикрлар, тасаввуфий рамзу тимсоллар, ранг-баранг бадиий усул ва санъатлар унда ўз аксини топа бошлади. Рудакий ва замондошларининг нисбатан содда услубдаги рубоийлари Ибн Сино ва Умар Хайём ижодида чуқур фалсафий мазмунга эга бўлди. Кейин сўфий шоирлар жанрга тасаввуфий рамзу тимсолларни сингдириб, унинг услуби ва тилини мураккаблаштирдилар. Сўз санъаткорлари қалами билан эса рубоий бадиий мукаммалликка эришди.

ТАФАККУР ВА ТУЙҒУ УЙҒУНЛИГИ

Умар Хайём рубоийларида фикр қанча теран, мазмун қанча чуқур, мушоҳада қанча кенг, фалсафа қанча салмоқли бўлса, ифодаси шунча содда, тушунилиши шунча осон, ўқилиши шунча енгил, таъсири шунча кучли. Шунинг учун ҳам Абдурауф Фитрат: “Хайёмнинг рубоийларида бўлған ифода очиқлиғи, услуб гўзаллиги, фикр ўткурлиги уни бошқа Шарқ шоирларидан юқориға чиқарадур. Хайёмнинг фикр ифода қилишдағи усталигидан фойдаланиш ҳар бир шоир учун кераклик бир ишдир”, – деб ёзган эди. Ўзбек адабиётида рубоийларнинг фалсафий теранлиги, услуби-нинг гўзал ва ифода тарзининг ёрқинлиги билан Паҳлавон Маҳмуд ва Мирзо Бобур Умар Хайёмга яқин туради.

Аввал тафаккурда туғилиб, кейин қалб қўрига йўғрилган Умар Хайём рубоийлари, бир сўз билан айтганда, олам ва одам ҳақида. Шоир дунё эврилишларига донишмандона босиқлик, таассуф аралаш лоқайдлик билан қарайди: дунёни ўзгартиришки қўлингдан келмас экан, уни деб қайғуриш беҳуда. Унинг учун туғилиш ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, зулм ва адолат... ҳаммаси ўз табиий қонуниятига асосланади:

Биз бўлсагу бўлмасак, жаҳон бўлғусидир,

Биздан на бирор ном, на нишон бўлғусидир.

Биз илгари йўқ эдигу етмовди халал,

Энди яна бўлмасак, ҳамон бўлғусидир.

Бу рубоийлар ҳаётийлиги, реал исоний интилишлар, дарду туйғуларни акс эттиргани учун ҳам кўнгилга яқин. Шоир ҳақиқатнинг кўзига тик қараб гапиради. У дунёнинг моҳияти, ҳаётнинг мазмуни, тирикликнинг маъноси хусусида аниқ-тиниқ фикр юритади. Бу рубоийлар шоирона тасаввур-тахайюл, мавҳум самовий хаёллар, анъанавийлик, романтика маҳсули эмас, балки қайноқ турмуш тафтида пишган ҳаётий кечинмалар ҳосиласи:

Дунё дегани азоб, тириклик эса ғам,

Тақдир дегани бало, замон – зулму ситам.

Хуллас, бу жаҳон ҳолига боқсам кўраман:

Тинч-осуда одам йўқ, агар бўлса-да кам.

Умар Хайём яшашга лойиқ уй-жойи, тирикчиликка етарли нони бўлиб, шунга қаноат қилган, бировга қул ҳам, ҳоким ҳам бўлмаган оддий инсоннинг турмушини ҳақиқий ҳур, озод ҳаёт сифатида улуғлайди, чинакам инсоний бахт ҳам, ҳузур ҳаловат ҳам шунда эканлигини таъкидлайди:

Кимнинг бу жаҳонда бор яримта нони,

Ё ўзига лойиқ бир уйи ошёни,

Ул қул ҳам эмас бировга, ҳоким ҳам эмас,

Айтинг: яшасин шод ўша хуш даврони![6]

УМР ЯЛТ ЭТГАН ЛАҲЗА

Умар Хайём нигоҳи билан дунёга боқсак, бир ўзгача манзаранинг гувоҳи бўламиз: оёғимиз остидаги тупроқ “ота-боболар хоки”, “сулувлар кўзининг қорачиғи”; гулу кўкатлар бир маҳаллар “гўзал бир чеҳра” бўлган; шабнам – “моҳлиқолар юзидаги тер” эса, чанг – “санамлар оразини қоплаган гард”. Ҳеч нарса бегона эмас, ҳаммаси кўнгилга яқин б а р ч а с и ў з и м и з н и к и !

Ҳар сабзаки, сувнинг бўйидан жой олмиш,

Ул талъати ҳур хаттини ёдга солмиш.

То сабза сари ташла оёғингни аяб,

Ул сабза санам чеҳрасидаги холмиш.

Табиатда бўлгани сингари ҳаётда ҳам ҳамма нарса – туғилиш ва ўлим, шодлик ва қайғу, ёшлигу кексалик, орзую армон... ўзаро ўрин алмашиб тура-ди. Шу сабабли, айтайлик, кўклам кайфияти ҳадя этган оний сурурдан илҳомланиш шоир учун нишоннинг бир томони бўлса, иккинчи тарафи – юракни кўтаринки ҳисларга тўлдирган бу қувончнинг, бу шукуҳнинг ўткин-чилиги. У ҳар қандай қувонч қатида қайғу, ҳар қандай ғам ортида шодлик кўради:

Боқ, тонг елидан гул этаги чок бўлади,

Булбул етишиб ғунчага қувноқ бўлади.

Гул соясида ўтир, у қумга сингса,

Бизнинг-да вужуд эртага тупроқ бўлади.

Лаҳза – Хайём ижодида кенг ишланиб, образ даражасига кўтарилган. Унингча, бу дунё қошида, мангулик қаршисида бизнинг умримиз ялт этган бир лаҳза. Ўз навбатида, инсон ҳаёти олдида туғилишу ўлим, қувончу қайғу, орзу-интилиш ҳамма-ҳаммаси лаҳза қатига жо:

Куфр оламидан динга қадар бир нафас,

Шак манзилидан чинга қадар бир нафас.

Хор этма азиз бу бир нафасни, чунки

Умринг ўзи ўлгунга қадар бир нафас.

Лекин инсон лаҳзада абадиятни кечириши, ҳатто уни яратиши мумкин. Унинг буюклиги шунда.

Вақтни мангуликка муҳрласа бўлади. Бунинг учун ўтаётган ҳар бир лаҳзанинг қанотига нимадир илиб улгуриш керак. Чунки елкасида юки бор лаҳзалар абадият, икки қўли бўм-бўш дақиқалар эса йўқлик сари равона бўлади:

Бўстон сари йўл олди ўшал булбули маст,

Май жомию гул чеҳрасини топдибас.

Ул дам унутиб ўзни, қулоғимга деди:

“Қайтмас сира, билгил, ғанимат ушбу нафас!”

Ҳа, вақтдан бўлак ҳамма нарсани топса, қўлга киритса бўлади. Баҳор қайтади, майсалар ниш уради, гуллар ҳар йили очилаверади, булбуллар сайрайверади, лекин инсон “ўргач, қайта кўкармас гиёҳ”, у “олтин эмас, кўмганларидан кейин қайта қазиб олишмайди”. Шу тариқа, Хайём рубоийлари асосида дунёнинг ўткинчилиги, бинобарин, умрнинг қадрига етиш, ҳар дақиқани ғанимат билиш, чунки ўтган лаҳзанинг ортга қайтмаслиги, инсонга ҳаёт бир марта берилганлиги, шундай экан, шод-хуррам яшаш кераклиги каби ғоялар ётади. Бунинг учун у инсоннинг ўлиши, ўлгандан сўнг тупроққа айланиши, бу тупроқдан кулол кўза ясаши, кўзага май қуйилиши сингари тимсол-тушунчалардан кенг фойдаланади. Ҳар қандай мавжудот пайдо бўлиши, ўсиб-униши ва заволга юз тутиши, унинг ўрнини янгиси эгаллаши – ҳаёт абадулабад шу тарзда давом этиши бу рубоийларнинг моҳиятини ташкил этади. Шунинг учун ҳаётдаги бир лаҳзалик қувончни қўлдан чиқармасликка, хуш-хурсанд яшашга, тирик туриб ўзига қабр қазимасликка даъват шоир рубоийларида қизил ип бўлиб ўтади.

Тонг чоғида ул гулки, кулиб тўкилади,

Ел бирла ҳикоятни қилиб тўкилади.

Ўн кун ичида гул ниш урар, ғунча тугар

Ҳам очилар ул, ҳидга тўлиб тўкилади.

Кулол, кўза, тупроқ.... Хайём ўз ижодида қайта-қайта мурожаат қила-диган образлар. Улар воситасида файласуф шоир, кўпчилик тадқиқотчилар таъкидлаганидек, материянинг бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиши, эски-нинг емирилиб, янгининг пайдо бўлишинигина ифодаламайди. Шоир дунёқарашидаги энг дардли нуқталар боғлиқ бу образлар билан. Унинг талқинича, инсон – жисм ва руҳнинг буюк бирлиги. Лекин у ўлади, тупроққа айланади, бу тупроқдан кўза ясаш мумкин, афсуски, кўза ҳеч қачон одамга айланмайди:

Бу кўза менингдек ошиқи зор эмиш,

Ёр зулфи тузоғига гирифтор эмиш.

Бўйнидаги даста бир замон қўл эмиш-у,

Дилдорни қучиб, сархушу хуммор эмиш.

МАЙ АСЛИДА БАДИИЙ ТИМСОЛ

Умар Хайём май куйчиси сифатида машҳур. Лекин май мумтоз шеъриятда кенг ишланган анъанавий тимсол бўлиб, у орқали, бир томондан, илоҳий муҳаббат тараннум этилса, иккинчи томондан, ҳаёт лаззатлари улуғ-ланади. Аслида Хайём рубоийларида ўзининг юксак такомилига етган кўпгина образ ва мотивлар салафлари ижодида у ёки бу даражада ишланган эди. Жумладан, май мавзуси ҳам дастлаб Рудакий ва унинг издошлари ижодида учрайди. Ёки май абадий умр гарови, ёшлик завқининг сармояси, ғамни маҳв этувчи омил эканлиги ҳақидаги фикрлар, соқий, жоми Жам, май соқийси каби тимсол ва истилоҳлар, май ичиш шоҳ, донишманд ва ринд кишиларга раво эканлиги тўғрисидаги тавсиялар Ибн Сино рубоийларидаёқ мавжуд. Азрақий, Муиззий, Адиб Собир Термизий каби салжуқийлар саройи шоирлари ҳам майни таъриф этганлар. Лекин бу шоирлар ижодида май ҳали тимсол даражасига кўтарилмаган эди. Ҳаётдан лаззатланиш, ҳар бир дақиқани нашъу намога тўлдириб, умрни хуш-хуррам ўтказиш ғояларини ҳеч бир шоир Умар Хайёмдай авж пардаларда қойилмақом куйлай олмаган:

Ўлтирса эдим қўлимда буғдой нони,

Ёнимда яна шаробу қўйнинг сони,

Вайронада ёрниким бўлиб қурбони,

Топмас бу сафони ер юзин султони!

Ўлтирсам қўлимда бир буғдой нони,

Ёнимда шаробу қўйнинг бир сони,

Вайронада ёрнинг бўлиб қурбони,

Топмас сафони замин султони!

Хайёмнинг май мавзуидаги рубоийларини уч гуруҳга бўлиш мумкин: тасаввуфий, ҳам тасаввуфий, ҳам дунёвий, маст қиладиган ичимлик маъносида. Чунончи, мана бу рубоийда Ҳақ маърифати кўзда тутилган:

Май ичса, топар кибру такаббур барҳам,

Майдан ечилар тугун агарчи маҳкам,

Шайтон ҳам агарда бода ичса бир дам,

Одам қошида қиларди сажда ул ҳам.

Кибру ҳаво топар май билан барҳам,

Ечилар ҳар қандай тугун ҳам маҳкам.

Агар шароб ичса Шайтон ҳам бир дам,

Сажда қилар одам қошида ул ҳам.

Яъни шайтон илоҳий ҳақиқатдан хабадор бўлганида одамга сажда қилишдан бош тортмаган ва лаънатга қолмаган бўлар эди.

Қуйидаги рубоийни эса ҳам тасаввуфий, ҳам дунёвий талқин қилиш мумкин, яъни Ҳақ ишқини топган бу дунёга бепарво бўлади, ёки май ичган дунё ғамини унутади:

Ошиқ ҳамиша масту шайдо бўладир,

Девона, паришон, яна расво бўладир.

Ҳушёр киши ғам-қайғу тузоғига асир,

Хуммор киши дунёга бепарво бўладир.

Ошиқ ҳамиша маст ҳам шайдо бўлар,

Девона, паришон ҳам равсо бўлар.

Қайғу тузоғида асир ҳар ҳушёр,

Мастона дунёга бепарво бўлар.

Навбатдаги рубоий эса майни ким ичиши, қанча ичиши ва ким билан ичиши ҳақидаги донишманд шоир тавсиясидир:

Май гарчи ҳаромдир, уни аммо ким ичар,

Қанча ичар-у, бўлиб дўст-ошно ким ичар?

Ҳар гоҳки шу уч қоидага қилса амал,

Бас, ичмаса май одами доно, ким ичар?!

Бундай май ичиш меъёри ҳақидаги тавсиялар Абу Али ибн Сино ижодида ҳам учрайди.

Умуман, Хайёмнинг май мавзуидаги рубоийларига эҳтиёт бўлиб ёндашиш ва уларни билиб-билмай нотўғри талқин қилишдан сақланиш керак.

ТАСАВВУФ ВА РУБОИЙ

Рубоийда фалсафийликнинг чуқурлашувини тасаввуф билан боғлайди-лар. Бу – бежиз эмас. Тасаввуф шеъриятида май, ишқ ва бошқа кўплаб тимсол-тушунчалар фалсафий моҳият касб этади. Чунончи, бу таълимотга кўра, олам ҳам, одам ҳам ишқ туфайли яралган, ишқ туфайли барқарор ва бир куни адам сари юз тутса, бунга ҳам ишқ сабаб. Бугун биз биламизки, бу дунё оламнинг ўзаро тортишиш кучлари туфайли пойдор. Сўфийлар эса буни Ҳусн ва Ишқнинг бир-бирига интилиши тарзида тасаввур қилганлар. Уларнинг ақидасича, оламнинг уйғунлиги, коинотнинг мунтазамлиги ишқ туфайли. Улар “тошнинг ерга тушишини ҳам, сайёраларнинг қуёш атрофида айланишини ҳам ишқ билан изоҳлашади”[7]. Шунинг учун ҳам Жалолиддин Румий: “Олам бир вужуд бўлса, ишқ – унинг жони”, – деган эди. Зеро, ишқ бўлмаса, одамнинг ўликдан, оламнинг қабристондан фарқи йўқ. Ишқнинг дунё, ҳаёт ва инсоннинг бутун мазмун-моҳиятини белгилашини назарда тутиб, Умар Хайём ёзган эди:

Ишқ боши жаҳон дафтарининг, маъноси,

Ёшлик ғазалин матлаъси муддаоси.

Эй, англа, хабарсиз юрган ишқ оламидан,

Ишқ бирла яралган бу башар дунёси!

Мумтоз шеъриятда ишқнинг бунчалик авж пардаларда куйланишига сабаб ҳам аслида шу. Лекин ишқ – Умар Хайём рубоийларининг асосий мавзуи эмас. Айтиш мумкинки, соф ишқий рубоийлар унинг ижодида бир нечтагина, холос.

Маълумки, тасаввуф адабиётида кўнгил улуғланиб, ҳатто Каъбадан-да юксак қўйилади. Бунинг сабаби: дунё ва нафс ғуборларидан покланган кўнгилда Худо акс этади. Шунга мувофиқ, синган кўнгилни кўтариш Каъ-бани обод қилишга тенглаштирилади. Синиқ кўнгил – рамз: у дунё ва нафс алойиқларидан қутулган ва илоҳий ишқдан бохабар, маърифат сирига ошно бўлган дардли кўнгил. Шоир бу анъанавий ташбеҳнинг миқёсларини кенгай-тириб, бир ғариб кўнглини шод айлаш нафақат Каъбани, балки бутун оламни обод этишдан-да афзал, дейди:

Бир ғамгин кўнгилни қила олсанг шод,

Афзал бу жаҳонни айламоқдан обод.

Бир дилни асир қилсанг агар меҳрингдан,

Яхши минг асирни айламоқдан озод.

Ғамгин бир кўнгилни агар қилсанг шод,

Афзал бор жаҳонни обод қилгандан.

Меҳринг билан қилсанг бир дилни асир,

Аъло минг асирни озод қилгандан.

ОЛАМ ВА ОДАМ МУАММОСИ

Тасаввуфий мазмундаги айрим рубоийларини ҳисобга олмаганда, Умар Хайём дунёвий фалсафа намояндаси сифатида дунёни ақл элагида элайди – олам ва одам муаммоларини умумфалсафа мезони билан ўлчайди. Шу маънода, мутаффакир шоир ижодида биз одамдан ҳам, оламдан ҳам устун турадиган – дунёни қамраб оладиган шафқатсиз фалсафага дуч келамиз. Француз файласуфи Ларошфуко: “Фалсафа ўтмиш ва келажак кулфатлари устидан тантана қилади, лекин бугуннинг қайғуси фалсафа устидан тантана қилади”, – дегани каби, Умар Хайём рубоийлари ҳам буюк мутафаккирнинг фалсафий мезонларига бўйсунмаган, уларни ёриб чиққан залворли фикрлар пўртанаси, беором қалбига сиғмаган оташин туйғулар силсиласидир. Агар шундай бўлмаганда, Хайёмнинг исёнкор шеърияти ҳам дунёга келмас эди.

Дунёнинг номукаммаллиги, инсоний ҳаётнинг мураккаб ва машаққатлилиги, замона адолатсизликлари Умар Хайём рубоийларининг етакчи мотивлари ҳисобланади. Шоир бунинг учун гоҳ Яратганга шикоят айласа, гоҳ чарху фалакдан ҳасрат қилади, гоҳ замондан нолиса, гоҳ нокасларни мазаммат этади. Албатта, буларнинг барчаси дунёни тўкис, ҳаётни фаровон, инсонни баркамол, жамиятни етук кўриш орзусидан. У номукаммаллиги, қусурлари учун ҳеч кимни, ҳеч нарсани аяб ўтирмайди: дунёни ҳам, замонни ҳам, одамларни ҳам, ҳатто ўзини ҳам!

Эй дил, бу замондан сира эҳсон тилама!

Тартибни фалак чархидан, эй жон, тилама!

Дармон сўрабон ортади дардинг баттар,

Кўн дардига ҳар лаҳза-ю, дармон тилама!

(Айни рубоий бармоқ шаклида – бармоққа солган Абдуҳамид Парда)

Эй дил, бу жаҳондан эҳсон тилама,

Бу чархдан тартибни, эй жон, тилама!

Дардинг баттар ортар дармон сўрасанг,

Дардига чидаю дармон тилама!

Унинг нуқтаи назарига кўра умр шунчалик қисқаки, шошилмаса инсон на яшашга улгуради-ю, на камолот касб этишга! Ҳолбуки, умр яшаш учун берилган: қисқа умрни айш-ишратга ҳам, аксинча, таркидунёчиликка ҳам сарф этмаслик керак.

Кўнглим бир юзи гулга пайванд доим,

Май тўла қадаҳ қўлга пайванд доим.

Ҳар бир жуздан олай насибамни мен,

То ҳар бир жуз кул(л)га пайванд доим.

МАЖОЗ ВА ҲАҚИҚАТ

Умар Хайёмнинг ўз фикрларини ҳар турфа пардага ўрамай очиқ баён қилиши, кўнглидан кечган ранг-баранг туйғу-кечинмалари, баъзида зиддиятли ва исёнкор ўй-мулоҳазаларини ҳам тўғридан-тўғри айтавергани уни даҳрий ва шаккокликда айбланишига олиб келди. Аслида эса шоир динга эмас, балки диний мутаассиблик, ақидапарастлик, турли бидъатларга қарши чиқади; динни ниқоб қилиб олган олчоқ, тамагир, манфаатпараст шайху уламоларга танқид тиғини қаратади; бу дунё неъмату лаззатларидан воз кечишга даъват этган сўфий ва зоҳидларни аччиқ заҳарханда остига олади. Унинг ислом аҳкомларига зид бўлиб туюлган рубоийлари ҳам аслида Қуръонни нотўғри талқин этган, шариатни ўз манфаатларига хизмат қилдирмоқчи бўлган баъзи дин пешволарига киноядир. Риёкор шайху зоҳидлар, сохта диндорлару чаласавод уламоларни танқид қилиш деярли барча мумтоз шоиру адиблар ижодида учрайди. Алишер Навоийнинг машҳур “шайх” радифли ғазалини эсланг. Абдулла Орипов таъбири билан айтганда: “Ўзини мулла деб билган жоҳил бир инсонни сўкиш бу динга нисбатан ҳурматсизлик эмас-ку!”[8] “Инсон учун кураш, исёнкорлик, диний фанатизмни фош этиш Умар Хайём ижодининг ғоявий-фалсафий концепциясидир”[9]. Айтайлик, дунёвий ҳаёт ҳам – илоҳий неъмат. Чунки ҳар қанча ҳақиқат бўлмасин, Қуръонда ваъда қилинган жаннат ҳузур-ҳуловатига ноил бўлиш-бўлмаслигини бандаси билмайди. Шундай экан, Хайёмнинг у дунёдаги ҳали насиб этиш-этмаслиги насия роҳат-фароғатни деб бу дунёдаги нақд лаззатлардан юз ўгирган таркидунёчи ва мутаассиб кимсаларга тегизиб ёзган мана бундай рубоийларини ўз маъносида талқин қилиш керак:

Дерлар менга: жаннат, ҳуру кавсар бордир,

Мўл-кўл маю суту шаҳду шаккар бордир.

Майга тўлату қадаҳни, тут қўлимга,

Қўй насяни то нақди муяссар бордир!

Дўзах ҳам, жаннат ҳам аслида инсоннинг кўнглида: беҳуда оҳ-воҳларимиз дўзах бўлса, хотиржам дамларимиз айни жаннатдир мазмунидаги қуйидаги рубоийси шоир рубоийларининг кўпчилиги рамзу мажоз асосига қурилганлигидан далолат беради:

Дунё тўзиган бу жисмимиз узра камар,

Дарё эса ёш тўла кўзимиздан асар.

Дўзах беҳуда оҳимиздандир учқун,

Жаннат бир дам осуда вақт магар.

Шарқ адабиёти ва тасаввуф фалсафасининг билимдони Нажмиддин Комилов ҳам “рамзийлик, кўп маъноларга ишора қилиш, аллақандай парда орқасидаги ҳақиқатларга умид Хайём учун бегона эмас”, деб ёзади. Тожик рубоийшуноси Азим Аминовнинг фикрича: “Умар Хайём рубоийларида қомусий олим дунёқарашларининг асослари ўз аксини топган. Мураккаб мажоз ва тимсоллар орқали фикр юзаки кўриниб турган мазмундан кўра теран ифодаланади”. Афсуски, буюк файласуф рубоийларининг асл моҳиятини тушунмаган, улардаги рамзий-мажозий тимсолу ташбеҳларни юзаки талқин қилган мутаассиб оқимлар “Хайём номининг унутилиши учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилди. Унинг илмий рисолалари ягона нусхаларда сақланиб қолган... Унинг алгебра ривожига, параллел муносабатлар назариясига, сонлар билан боғлиқ таълимотга, ноевклид геометрияси элементлари нуқсонларини тузатишга улкан ҳисса бўлиб қўшилган математикага оид рисолалари ҳам унутила бошлади ва XII асрдаёқ у кашф этган кўплаб янгиликлар анча кейин Декарт ва бошқа олимлар томонидан қайта кашф этилди Хайём илмий тадқиқотларининг баъзи натижалари Европага улар бу босқични босиб ўтганларидан кейин маълум бўлди, унинг математикага оид рисолалари эса Европада фақат 1742 йилга келиб тилга олинади”[10].

Хайём номини, асарларини асрлар давомида унутишга маҳкум этган бўлсалар-да, файласуф шоир рубоийларидаги ғоя ва тимсоллар Ҳофиз Шерозий ғазалларида ўзининг янгича талқинини топиб, яшаш ва таъсир кўрсатишда давом этди. “Ҳофиз девонини синчиклаб ўрганар эканмиз, у ғоявий-бадиий жиҳатдан, айниқса, Хайёмга яқин турганлигини, Хайёмнинг лирик ва фалсафий рубоийда ифода этган қимматли фикрларини ғазалда давом эттирганлигини ва асрлар давомида кишилар қалбига йўл очиб, таъсир этиб келаётганлигини... кўрамиз”[11].

Умар Хайём ниҳоятда мураккаб, ўта зиддиятли шахс эди. Эҳтимол, у комил инсон бўлмагандир, айни пайтда, даҳрий ҳам бўлмаган. Рубоийларидан бирида у ўзининг бу ҳолатини шундай ифодалайди:

Бир қўлда тутиб Қуръону бир қўлда-чи жом,

Гоҳида ҳалолдирмизу гоҳида ҳаром.

Шу феруза осмон тагида бизмиз ўшал

На кофири мутлақ, на мусулмони тамом!

..

Бир қўлда Қуръону бошқасида жом,

Гоҳида ҳалолу гоҳида ҳаром.

Ложувард осмоннинг остида бизлар

На мутлақ кофир, на мусулмон тамом,

У диний аҳкомларга ҳамиша ҳам риоя қилмаган. Қуръон ман этган майни ичган, яна бошқа кўпдан-кўп катта-кичик айбу гуноҳларни содир этган бўлиши мумкин, лекин ҳеч қачон Худони инкор этмаган, унга ширк келтирмаган. Ҳадиси шарифда ҳам: “Гуноҳ қилгувчи киши кофир бўлмай-дир, илло, ширк келтирган кишигина кофир бўладир”[12], – дейилади. Ширкдан бошқа гуноҳларни эса Оллоҳ таоло ўзининг хоҳлаган бандалари учун кечириши мумкин. Шундай экан, Умар Хайём ҳам гарчи тоат-ибодатни ўринлатмаган, ўзимни гуноҳлардан сақлолмаган бўлсам ҳам, сира бирни ик-ки деган эмасман, бинобарин, мен ҳам унинг лутфидан умид қилсам бўлаверади, дейишга ҳақли эди:

Иймон ипига тизмай ибодат дурини,

Кун-кундан оширсам-да гуноҳнинг турини,

Лутфингдан умидимни сира узмасман,

Икки демадим чунки тажаллий нурини.

Машҳур шайх-шоир, орифлар султони Абусаид Абулхайр ҳам рубоийларидан бирида бизнинг даргоҳимиз – умидсизлар даргоҳи эмас, башарти, юз бор тавбангни синдирган бўлсанг-да, яна тавба қилиб келавер, деб ёзган эди:

Келгил яна, хоҳ баланду пастсан, келгил,

Кофирми, мажусий, бутпарастсан, келгил.

Ҳеч бўлма умидсиз бу улуғ даргоҳдан,

Юз марта магар тавба ушатсанг, келгил.

Тавба эшиги ҳамиша, ҳаммага очиқ. Бинорбарин, барча ўзини гуноҳкор ҳис этгани ҳолда, Оллоҳ таоло марҳаматидан умидвор бўлиб яшаши лозим.

Кучли ақл охир-оқибат ўзини инкор этишига тарихда мисоллар кўп. “Динда ҳаддан ташқари ғулув кетманглар. Чунки сизлардан илгари ўтган қавмлар динда ҳаддан ташқари ғулувлари сабабли ҳалок бўлганлар”[13], – деб огоҳлантирилади Ҳадиси шарифда ҳам. Ўзининг фавқулодда истеъдоди ва қомусий билимига ишонган, ақлни ҳамма нарсадан устун қўйган Умар Хайём ҳам Худонинг зоти ва моҳиятини англаб етаман деб ўйлаган ва бу йўлда тинимсиз изланган. Лекин шогирди, машҳур муаррих Абулҳасан Байҳақийнинг гувоҳлик беришича, умрининг охирида у бу фикр ва интилишларининг беҳудалигини тушунган – ўлимидан олдин хуфтонни ўқигач, сажда қилиб: “Эй Худо, сени имконим борича танидим... кечир!” – деганича жон таслим қилган[14]. Унинг шу мазмундаги қатор рубоийлари ҳам бор. Чунончи:

Ақлим ожиз қилгали исботингни,

Кўнглим туну кун қилар муножотингни.

Зотингни бу банда қандайин билгайман,

Билгайми Ўзингдан ўзга зот зотингни?!

Машҳур мутасаввиф шоир Фаридиддин Аттор “Илоҳийнома” достонида келтирилган ҳикоятда арвоҳлар сирини билувчи ориф бир инсон тилидан Умар Хайём фаолиятига тасаввуф нуқтаи назаридан баҳо бериб ўтади. Унга кўра, биров бу зотни буюк файласуф мозори бошига бошлаб боради ва унинг ҳолидан огоҳ қилишини сўрайди. У эса, ўз навбатида, қомусий олимнинг билимдонлик даъво қилгани учун уятдан терга ботиб, қабр ичида қийналиб ётгани ҳақида хабар беради[15].

Ўн ёшидаёқ Қуръони каримни ёд билган, мусулмон мамлакатларида таҳсил олган, фаолият кўрсатган, Низомулмулк, Муҳаммад Ғаззолий каби адибу уламолар орасида яшаган Умар Хайёмнинг тақвою тоатдан йироқ ҳаёт кечиришига ишониш қийин. Бинобарин, унинг “даҳриёна” рубоийларига эҳтиёт бўлиб ёндашиш ва адабиётдаги шартлилик қонунига кўра уларни мажозий маънода тушуниш, айни пайтда, улар орасида донишманд шоирга муайян мақсадда нисбат берилган сохта рубоийлар ҳам мавжудлигини унутмаслик керак.

ҲИКМАТ ЧОДИРИ

Маънавий-ахлоқий мавзу Шарқ адабиётида ҳамиша етакчи бўлиб келган. Маълумки, панд-насиҳат қанча ихчам ва ёрқин ифодаланса, шунча таъсирчан ва жозибадор бўлади. Айни жиҳатдан рубоий ҳикматли сўзлар, фалсафий мазмунни ифодалашга жуда қўл келади: бу ихчам ва лўнда шакл шоирларга катта маърифий ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган турли-туман панд-насиҳатларни унга сингдиришга имконият яратди. Қомусий билим, катта ҳаётий тажриба, беқиёс истеъдод соҳиби бўлган Умар Хайёмнинг кўпчилик рубоийлари ҳам ҳикмат каби жаранглайди. Зеро, улар дунё, ҳаёт, инсон устидан ўқилган ўзига хос фалсафий ҳукмлардир. Шоирнинг ўзи ҳам буни эътироф этиб, рубоийларидан бирида ижоди мисолида ҳикмат чодирини тиклаганини айтган эди.

Бегона яқин менга вафо қилса агар,

Ёт ҳатто қариндош-да жафо қилса агар.

Бол ёқмаса йўқ унинг заҳардан фарқи?

Бол ўрнидадир заҳар даво қилса агар.

Ҳеч кимсани ранжитма илож топсанг агар,

Оғритма бирор дилни, сира сочма заҳар.

Гар мангу фароғатдан умидинг бўлса,

Чек ёлғиз ўзинг учраса ҳар қанча кадар.

Хайём ҳикматлари теранлиги, серқирралиги, кенг қамровлиги билан ажралиб туради. Файласуф шоир сифатида у кўпроқ тириклик моҳиятию инсон умрининг мазмуни, одамнинг оламдаги мавқеи, борлиқ ва йўқлик муносабати каби азалий ва абадий муаммолар устида бош қотиради ва муттасил мушоҳадалари маҳсули сифатида келган хулосаларини ўқувчилар эьтиборига ҳавола килади:

Тингла мени, эй кўпни кўрган доно,

Қилма беқарор чарху фалакка парво.

Ўзингга макон тутиб қаноат бурчин,

Кўр қандай ўйинлар ўйнашини дунё.

Умар Хайём кўплаб рубоийларида инсонни ўзини англашга, яшашдан мақсадини белгилаб олишга, бир бор берилган ҳаётда ҳар лаҳзанинг қадрига етишга чақиради:

Ўзингга қара кимсану қайдан келдинг?

Англа не қиларсану қаён кетгайсан?

* * *

Қадрига етайлик ҳар дамнинг, балки

Бир куни етолмаймиз шу дамга ҳам.

* * *

Сармоя умрдир бу жаҳон бозорида,

Қандай ўтказсанг, шу хил ўтар у ҳам.

Табиийки, бу каби фикрлар инсонни дунё, ҳаёт, умр ҳақида ўйлашга, ҳар бир сўзию иши хусусида ўзига ҳисоб беришга, ўз олдига юксак мақсад қўйиб яшашга, ўз-ўзини тарбиялаш, хулқини гўзаллаштириш, кўнглини поклаш, камолот касб этишга ундайди. Уларнинг умрбоқийлиги сири ҳам шунда.

ОХИРИ КЎРИНМАС БАҲСЛАР

Умар Хайём аслида рубоий ёзганми-йўқми деган масала ҳалигача кун тартибидан тушган эмас. Бу рубоийларнинг Хайёмга тегишли-тегишли эмаслигидан қатъи назар улар бор ва ундан кейин ўтган Шарқнинг энг забардаст сўз санъаткорлари – Саъдий ҳам, Аттор ҳам, Румий ҳам, Ҳофиз ҳам, Жомий ҳам, Навоий ҳам, Бобур ҳам, Бедил ҳам тафаккур ва туйғу ўзининг олий даражадаги уйғунлигини топган бундай фалсафий теран ва бадиий юксак рубоийлар ярата олмаганликлари фактининг ўзиёқ бу каби дурдоналарни фақат энг баланд мақомдаги олимлик ва шоирлик салоҳиятини ўзида омухта қилган қомусий билим ва оламшумул истеъдод соҳиби бўлган том маънодаги буюк қалб соҳибигина ярата олишини кўрсатади.

“Хайём қанчалик улуғ олим, мутафаккир, файласуф бўлса, шунчалик улкан шоир ҳамдир. Бутун қалби билан шоир бўлган Хайём поэтик асарларида ҳам ўзини кечаю кундуз қийнаган, бир лаҳза ҳам тинч қўймаган сўроқларига жавоб излаган”[16].

Шубҳасиз, Умар Хайём рубоий ёзган. Лекин бу рубоийларнинг қанчаси унга тегишлию қанчаси бегона – бу бошқа масала. Буюк аллома илмий изланишлар олиб бориб толиққан дамларда турли дафтарларнинг ҳошияларига нафақат ўз рубоийлари, балки салафлари ва замондошларининг ўзига ёққан рубоийларини ҳам битиб қўйган, файласуф шоир ижодида сайёр рубоийларнинг кўплиги шундан, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Бундан ташқари, унга нисбат берилган намуналар орасида мазмунан саёз, бадиий жиҳатдан бўш рубоийлар ҳам кўпки, улар ўз-ўзидан Хайём қаламига мансубликни даъво қилолмайди. Бу рубоийлар ичида Хайём дунёқараши, фалсафий таълимотига зид келадиганлари ҳам кам эмас. Рубоий кўпинча бадиҳа тарзида айтилгани, кўнгилнинг энг тубидаги яширин фикрларни ҳам бу жанрда очиқ ва ёрқин акс эттириш мумкинлиги, сиёсий, ижтимоий, фалсафий қарашларни ифодалаш учун ниҳоятда имконияти кенглиги ва, энг муҳими, унда тахаллус қўлланмаслиги учун ҳам, кўпчилик тадқиқот-чиларнинг таъкидлашларича, ўтмиш шоирлари ошкор изҳор қилиш хавфли бўлган фикр-қарашларини айнан рубоийларида ифодалаб, уларни халқ ичига яширин тарқатганлари ҳолда, адабий мерослари таркибига қўшмаганлар. Бу исёнкор, “хавфли” рубоийлар қўлдан-қўлга, оғиздан-оғизга ўтиб, халқ оғзаки ижоди хазинасини бойитган.

ҲАЁТБАХШ ТАЪСИР

Умар Хайём ўзидан кейинги Шарқ адабиётига кучли таъсир ўтказган. Фақат рубоий ёзган ёки ижодида рубоий етакчи ўрин тутган кўплаб рубоийнавис шоирлар етишиб чиққан. Чунончи, Фаридиддин Атторнинг “Мухторнома”си 5000 та рубоийни ўз ичига олади. Мирзо Бедил 3861 та рубоий ёзган. Абдуллоҳ Ансорийга 2000 дан зиёд рубоийни нисбат беради-лар. Жалолиддин Румий девонида 1994 та рубоий мавжуд. Амир Хусрав Деҳлавий рубоийлари 700 тадан 1000 тагача деб кўрсатилади. Соммирзо Сафавийнинг Шайх Рубоий номли шоир (ХVI) ҳақида ёзишича, у “шеър навларидан рубоийга ниҳоятда майл кўрсатган ва шунинг учун уни Шайх Рубоий дейдилар”. Мутрибий Важеҳий Ахсикатий мероси ҳақида тўхталар экан, “ёзганлари асосан рубоий эди” деб маълумот беради ва Ҳаким Рукноий Кошоний ижоди ҳақида ҳам “кўпроқ рубоий жанрида қалам тебратарди” деб қайд этади. Бундай маълумотни Мутрибий Азизий Самарқандий хусусида ҳам келтиради. Ҳиндистонда Файзи Фаёзий “Хуршиднома” номли рубоийлар девони тузган бўлса, Саҳобий Астрободий “иккинчи Хайём” деб улуғланган.

ХАЙЁМ ШУҲРАТИ

Умар Хайём рубоийлари дунёнинг деярли барча асосий тилларига таржима қилинган. Илк бор 1859 йили Эдуард Фитцжеральд томонидан инглиз тилига ўгирилган шоирнинг 75 рубоийси ХIХ асрнинг ўзида катта ададларда 25 марта, 1925 йилгача 139 марта нашр этилган. Бутун Британияда Хайём рубоийлари кириб бормаган хонадон қолмаган, Хайём клублари очилган. Кейинчалик унинг сафини А.Арберри, Ф.Розен, Уинфильд, П.Эйври, Ж.Хезетабз каби мутаржимлар тўлдирган ва рубоийлар миқдори 100 тадан 1000 тагача етган бўлса-да, Фитцжеральд таржимасининг шуҳрати асло камаймади, билъакс у ноёб нашрга айланиб, ХХ асрнинг бошида унинг бир нусхаси 8 минг долларга баҳоланган. 1912 йили ҳалокатга учраган “Титаник” кемаси бортидаги Хайём рубоийлари тўплами ҳам мазкур нашрнинг бир нусхаси бўлиши эҳтимол. Айнан Умар Хайём туфайли рубоий жаҳон сўз санъатининг машҳур жанрларидан бирига айланди. Машҳур шарқшунос М.И.Занднинг лутф этишича, ўзининг оламшумул шуҳрати учун бу жанр ер юзидаги барча минтақаларнинг илму адаб аҳли ҳамма форсий шоирлардан кўра кўпроқ биладиган Умар Хайёмдан миннатдор бўлиши керак.

Америкада Умар Хайём рубоийлари асосида театрлаштирилган саҳна асари, Лондонда махсус хайёмхоналар саройи мавжуд. Уларда шоир рубоийлари ҳам аслида, ҳам таржимада бадиий сўз усталари, моҳир нотиқлар томонидан ўқилади. Шарқда бундай саҳна асари – “Ўз-ўзим билан суҳбат” Тожикистон Халқ артисти Маҳмуджон Воҳидов томонидан яратилган. Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров, Гулбаҳор Сулаймонова каби ўзбек санъаткорлари ҳам Умар Хайём рубоийлари асосида қўшиқлар яратганлар.

ХАЙЁМ РУБОИЙЛАРИ ЎЗБЕК ТИЛИДА

Умар Хайём рубоийларини ХХ аср бошларидан ўзбек тилига таржима қилишга киришилган. Олимжон Идрис 1914 йили “Шўро” журналининг 4-сонида шоирнинг бир неча рубоийсини мисрама-мисра таржима қилиб, нашр эттиради. Журналнинг 1917 йилдаги 2-, 4-, 13-, 14-сонларида “М.С.И.Ч.” имзоси билан унинг яна бир қатор рубоийлари таржимаси эълон қилинган[17]. Абдурауф Фитрат “Форс шоири Умар Хайём” номли рисоласида (1929) унинг 35 та рубоийсини насрий таржимада келтиради[18]. Кейинчалик Фаттоҳ Абдуллаев унинг 14 та рубоийсини шеърий таржима қилади. Умар Хайём рубоийлари таржимаси асосан форс-тожик адабиётининг билимдон тадқиқотчиси ва моҳир таржимони Шоислом Шомуҳамедов номи билан боғлиқ: файласуф шоир рубоийлари унинг таржимасида бир неча марта босилиб чиқди ва халқимиз орасига кенг кириб борди. Шоир ва таржимон Нусрат Карим ҳам унинг бир неча рубоийларини таржима қилган. Сўнгги йилларда Умар Хайём рубоийлари таниқли шоир ва мутаржим Жамол Камол ва ушбу сатрлар муаллифи томонидан арузда – ўзининг анъанавий вазнида таржима қилина бошлади.

Маълумки, вазн – рубоий учун жанрни белгилаш даражасидаги муҳим омил. У аруз шеърий тизими ҳазаж баҳрининг ахрам ва ахраб вазнларида – уларнинг 24 тармоғидагина ёзилади. Бошқа ҳар қандай ўлчовга солинса, у рубоий эмас, балки қитъа ёки тўртлик деб аталади. Лекин рубоийнинг бундай нозикликлари билан бирга, ўз имкониятлари, қулайликлари ҳам бор. Чунончи, бир неча вазн бир рубоийда ўрин алмашиб келиши мумкин, ҳатто ҳам ахрам, ҳам ахрабда битилган рубоийлар мавжуд. Бу мазмунга таъсир қилмайдиган эмас, балки бир мусиқий оҳанг, бир шеърий руҳ доирасида айлангани учун ритмни ҳам айтарли ўзгартирмайди. Афсуски, форс-тожик мумтоз шоирлари ва форсийзабон ватандошларимиз рубоийларини ўзбек тилига таржима қилишда жанрнинг ана шу хусусияти эътибордан четда қолиб, аруз асрлар давомида форсий сўз санъати каби туркий шеъриятнинг ҳам асосий ўлчов бирлиги бўлиб келгани, рубоий жанри ўзбек адабиётида ҳам етарли даражада ишлангани, Навоий ва Бобур бу борада ҳам устод мақомига кўтарилганликларига қарамай, бизда рубоий таржимачилиги учун бармоқ вазни (асосан 11 ҳижоли бармоқ вазни) асос қилиб олинди.

Ҳолбуки, жанр эътибори билан “ҳис ва фикрларнинг қаймоғи”ни (Н. Комилов) ўзида жамлаган рубоий таржимасида фалсафий мазмунни акс эттириш ҳам, уни мувофиқ шаклда ифодалаш ҳам бирдай муҳим. Шунинг учун ҳам, айтайлик, Огаҳий Саъдий “Гулистон”ининг ички шеърлари таржимасида фард, қитъа, маснавий каби жанрларнинг “вазн турини ҳам, қофияланиш тартибини ҳам ўзгартириб”[19] ўгиргани ҳолда, рубоийларни ўз вазни билан ўзбекчалаштирар экан, жанр учун вазннинг асосий омил ҳисобланишини ҳам назарда тутган, албатта. Хуршид, Муинзода, Васфий ва Чустий каби мутаржимлар ҳам дастлаб анъанавий йўлдан чекинмаган эдилар. Чунончи, Хуршид Ҳофизнинг 23 та рубоийсини, Муинзода Рудакийнинг қатор рубоийларини ўз арузий вазни билан ўгирган эдилар. Бу тажрибалар муваффақиятли чиққанига қарамай, негадир давом этмади, аксинча, бармоқ вазни афзал кўрилди. Қайтанга, Муинзода, Васфий каби шоирларнинг ўзлари рубоийни бармоқ вазнида ўзбекчалаштириш анъанасини бошлаб бердилар ва бу йўлни форс-тожик адабиётининг билимдони ва забардаст мутаржим Шоислом Шомуҳамедов қатъият билан давом эттирди. Албатта, рубоийларни бармоқ вазнида таржима қилиш адабиётимизда бутун бир бир даврни ташкил этадики, унинг аҳамиятидан кўз юмиб бўлмайди.

Рубоий таржимаси ҳақида гап кетганда барчанинг кўз олдига Умар Хайёмнинг ўзбекча тўртликлари келади. Бу – бежиз эмас. Чунки Хайём рубоийлари таржимаси нафақат Ш.Шомуҳамедов таржимонлик фаолиятининг чўққиси, балки ўзбек таржима адабиётининг ҳам муваффақияти ҳисобланади.

Хайём рубоийларининг мазмуни қанчалик чуқур, фалсафаси теран бўлса, услуби шунчалик енгил, тили содда, ифодаси халқона. Бу – Хайём рубоийларининг ўзбек адабиётидаги муваффақиятини таъминлаган асосий омил.

Мустақиллик йилларида ўзини ўзи англашнинг кучайиши, қадимий қадриятларга, кўҳна меросга муносабатнинг ижобий томонга ўзгариши билан яна қадимий сарчашмаларга қайтиш, рубоийларни ўз вазни билан таржима қилишга уринишлар бошланди. Таниқли шоир ва моҳир мутаржим Жамол Камол Абу Али ибн Сино, Умар Хайём, Абдуллоҳ Ансорий, Ҳаким Саноий, Адиб Собир Термизий, Шайх Нажмиддин Кубро, Мавлоно Жалолиддин Румий, Амир Хусрав Деҳлавий, Мирзо Абдулқодир Бедил рубоийларини анъанавий вазни билан ўгириб, шеърият мухлисларига 1991 йили “333 рубоий” номи билан тақдим этган бўлса, истеъдодли шоир ва заҳматкаш таржимон Матназар Абдулҳаким ҳамюрти Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини арузда ўзбекчалаштирди (1992). Биз салафлар йўлини изчил давом эттириб, 200 га яқин форсийзабон шоирнинг 10000 га яқин рубоийсини анъанавий вазнида таржима қилдик – улар “Ишқ дафтари” (2000), “Муҳаббат тароналари” (2005), “Минг бир рубоий” (2009), “Донишмандлар туҳфаси” (2009), “Рубоий гулшани” (2010), “Умар Хайём. Тириклик тилсими” (2012), “Жалолиддин Румий. Муҳаббат маъвоси” (2013) номлари билан алоҳида тўпламлар тарзида босилиб чиқди.

Ҳозиргача форсий адабиётдан 20 дан зиёд шоирнинг 3000 га яқин атрофидаги рубоийси бармоқ вазнида ўзбекчалаштирилган бўлса, 200 дан ортиқ шоирнинг 10000 га яқин рубоийлари арузда таржима қилинди. Шу далилнинг ўзиёқ бу борада замонавий йўлдан анъанавий усулнинг устунлигини намоён этиб турибди.

Бинобарин, янги давр рубоий таржимачилиги рубоийларни классик усулда таржима қилишдан иборат бўлади, деб бемалол айтиш мумкин. Бунинг исботи сифатида биз Умар Хайём рубоийларини анъанавий вазнида таржима қилиб, халқимизга тақдим этдик. Албатта, бунда биз шу пайтгача Ш.Шомуҳамедов томонидан бармоқ вазнида таржима қилиб келинган рубоийларни қайтадан арузда таржима қилиш билан кифояланмай, Умар Хайём рубоийларининг Эронда босилиб чиққан турли нашрларидан янги намуналарни ҳам топиб таржима қилдик. Натижада мутафаккир шоирнинг ўзбек тилидаги рубоийлари адади ҳам ошди 619 тага етди.

Биз мумтоз адабиёт намуналарини халқ тушунадиган даражада соддалаштиришимиз эмас, балки кенг ўқувчилар оммаси дидини бу бадиият дурдоналарини тушуниш қадар юксалтиришимиз керак. Рубоийларни арузда таржима қилишимиздан мақсад ҳам аслида шу. Токи ўқувчилар буюк сўз усталарининг фақат ғоя ва фикрларидангина эмас, балки шоирлик маҳоратию рубоийларининг бадииятидан ҳам бир қадар баҳраманд бўлсинлар.

Эргаш ОЧИЛОВ,

филология фанлари номзоди

рубоийлар

1

Эй дил, бу замондан сира эҳсон тилама!

Тартибни фалак чархидан, эй жон, тилама!

Дармон сўрабон ортади дардинг баттар,

Кўн дардига ҳар лаҳза-ю, дармон тилама!

...

Замондан сира ҳам эҳсон тилама!

Фалакдан тартибни, эй жон, тилама!

Дармон сўраб дардинг қилма зиёда,

Барча дардга чида, дармон тилама!

2

Ёшлик деган ул нома ўқилмиш битмиш,

Умримнинг баҳори қиш томон юз тутмиш.

Билмайман, ўшал бахт қуши ёшлик отлиғ,

Бошимга қачон қўниб, қачон тарк этмиш?..

Ёшликнинг номаси ўқилди-битди,

Умримнинг баҳори қишга юз тутди.

Ёшлик деб аталган бахт қуши билмам,

Қачон бошга қўниб, қачон тарк этди.

3

Тонг чоғида ул гулки, кулиб тўкилади,

Ел бирла ҳикоятни қилиб тўкилади.

Ўн кун ичида гул ниш урар, ғунча тугар

Ҳам очилар ул, ҳидга тўлиб тўкилади[20].

Тонг чоғида ул гул кулиб тўкилар,

Елбирла ҳикоят қилиб тўкилар.

Ўн кунда ниш урар ҳам ғунча тугар

Очилар ва ҳидга тўлиб тўкилар.

4

Дўстлик уйини ҳамиша бунёд этинг.

Тез-тез кўришиб, бир-бирингиз шод этинг.

Қуйганда қадаҳга майни соқий, мани

Бечорани ҳам дуо билан ёд этинг.

Дўстлик уйин мудом бунёд этинглар,

Бир-бирингиз мудом ҳам шод этинглар.

Соқий қуйганида қадаҳга шароб

Дуо билан мени ҳам ёд этинглар.

5

Бизнинг ўша майхона[21] саҳар берди садо:

Эй, тингла мени, ринди[22] хароботу[23] гадо,

Паймонани[24] ол қўлга етайлик тагига,

Бўлгунгача паймонаси умрингни адо[25].

6

Бегона яқин менга вафо қилса агар,

Ёт ҳатто қариндош-да жафо қилса агар.

Бол ёқмаса йўқ унинг заҳардан фарқи,

Бол ўрнидадир заҳар даво қилса агар[26].

Бегона яқиндир вафо қилса гар,

Қариндош бегона жафо қилса гар.

Заҳардан фарқи йўқ гар бол ёқмаса,

Бол ўрнида заҳар даво қилса гар..

7

Боқ, тонг елидан гул этаги чок бўлади,

Булбул етишиб ғунчага қувноқ бўлади.

Гул соясида ўтир, у қумга сингса,

Бизнинг-да вужуд эртага тупроқ бўлади...

8

Ишқ боши жаҳон дафтарининг, маъноси,

Ёшлик ғазалин матлаъси[27] муддаоси.

Эй, англа, хабарсиз юрган ишқ оламидан,

Ишқ бирла яралган бу башар дунёси!

Жаҳон дафтарининг ишқ бош маъноси,

Ёшлик ғазалин ҳам бош муддаоси.

Ишқ оламидан, эй, хабарсиз банда,

Ишқ бирла яралган башар дунёси.

9

Масжидга магар ниёз[28] учун келганман,

Қилмангки хаёл: намоз учун келганман.

Бир жойнамоз ўғирлаб эдим эскибди,

Энди яна жойнамоз учун келганман.

10

Дунё сири гарчи менга беш қўлдек аён,

Сиртимга чиқарсам уни ўзимга зиён.

Теграмда мени тушунгудай инсон йўқ,

Ҳар сўзни қилиб бўлмас бу элга баён.

11

Оҳ, кошки қазо лавҳига[29] қўл етса эди,

Ўз хоҳишини унга дилим битса эди,

Ғам оти бутун ер юзидан йитса эди,

Шодликни жаҳон бошига тож этса эди!

12

Мен осий[30] бандангман ризойинг қайда?

Кўнглим уйи зулмат зиёйинг қайда?

Жаннат менга бахш этсанг агар тоат учун,

Бу ўз ҳаққим лутфу атойинг қайда?!

13

Ҳар зарраки, тупроқ қатида боқса тузук,

Шоҳ тожи эрур балки ўшал ёки узук.

Гардини сулувлар юзининг аста сидир,

Бўлган эди бир вақт у ғубор кўзи сузук...

14

Биздан-да бурун шому саҳар бор бўлган,

Чарх айланиши шу хилда такрор бўлган.

Тупроққа авайлаб қадаминг қўй, чунки

Бу тупроқ бир замон сулув ёр бўлган[31].

15

Май[32] ичмас эсанг, мастни маломат қилма,

Ғийбат тўрини тўқишни одат қилма.

Билсанг, сени(нг) қилмишларинг бундан баттар,

Бас, ичмаганингни бизга ибрат қилма!

16

Жисмимни ювинг бода[33] билан ўлсам агар,

Ёд айласангиз соз яна май бирла саҳар.

Майхонани(нг) тупроғига ташлайди назар,

Менданки, қиёматда тилар кимса хабар...

17

Ошиқ[34] ҳамиша масту шайдо бўладир,

Девона, паришон, яна расво бўладир.

Ҳушёр киши ғам-қайғу тузоғига асир,

Хуммор[35] киши дунёга бепарво бўладир!

18

Гар мақсади пул бўлмаса-да донони,

Пулсиз эса зиндон кўради дунёни.

Қўл қисқалиги сабаб бинафша мунглиғ,

Хандон лаби гулнинг зўридан тиллони!

19

Тақдирни билиш ўйида банд этди у дам

Лавҳу қаламу[36] биҳишту[37] дўзах мени ҳам.

Бир кун деди устод менга: ўзингда-ку жам,

Билсанг агар, биҳишту дўзах, лавҳу қалам.

20

“Бас, борми ариқким, суви ортга қайтар?”

Шундай дея ўрдакка балиқ нақл айтар.

Ўрдак деди: “Сену мен кабоб бўлсак гар,

Йўқ фарқи, жаҳон сувми, сароб ё баттар...”

21

Эрмас эмиш ичмоқ сира шаъбонда[38] раво,

Қўш сўнгра ражаб[39] ойини ул хоси Худо.

Оллоҳу Расулга қўй бу икки ойни,

Сен ич рамазонда[40] май бу ой бизники то!

22

Биз май ичамиз майкадага[41] нур киритиб,

Бул ишни қилолмас киши минг тавба тутиб.

Гар менда гуноҳ бўлмаса, раҳмат на қилар,

Бас, кўрсатади раҳматини Тангри нетиб?!

23

Манзилгоҳ экан бизга шу фоний дунё,

Ҳуснингга кўп изладим қиёс, эй жоно:

Юзинг каби ой равшан эмасдир билдим,

Қаддинг каби тик эмас у сарви[42] раъно.

24

Умр дафтаридан қайси куни очдиму фол,

Куйган дилини этди баён соҳиби ҳол:[43]

Бахтли киши улким, туни йилдек чўзилиб,

Қўйнида тўлишса ёри монанди ҳилол[44].

25

Тут майни, санам, очишга баҳри дилимиз,

Ҳуснинг[45] била ҳал эт яна ҳар мушкилимиз,

Бир кўза шаробни, кел, ичайлик бирга,

Айлангунича кўзага бизнинг гилимиз[46]...

26

Ҳусн аҳлига улким, лаби хандон бермиш,

Дард аҳлига ўз юрагидан қон бермиш.

Гар қисматимиз бўлмаса шодлик ғам йўқ,

Шодмиз, барибир, қайғуни чандон[47] бермиш...

27

Ишқида сулув ёрни дилим зор бўлмиш,

Ул ғамга бўлак ерда гирифтор бўлмиш.

Мен дардима дори истабон этса саъй,

Ҳайҳот, табибимнинг ўзи бемор бўлмиш!

28

Лола юзини ҳар тонг шабнам тутади,

Бинафша чаманда бўйнини хам тутади.

Яйрайди кўнгил ғунчага боқиб, рости,

Ёймас этагини у сира жам тутади.

29

Истар эсанг, умр асоси маҳкам бўлсин,

Бир дам бу дилинг жаҳонда хуррам бўлсин.

Тарк айлама бир лаҳза шароб ичмоқни,

То лаззати умрингнинг дамодам[48] бўлсин!

30

Қай дамки, бинафша юзига ранг югурар,

Йиртиш бўлади гул этагин елга ҳунар.

Оқил киши гулшанда сулув ёрни қучиб,

Май ичгаю май кўзасини тошга урар!

31

Ҳеч кимсани ранжитма илож топсанг агар,

Оғритма бирор дилни сира сочма заҳар.

Гар мангу фароғатдан умидинг бўлса,

Чек ёлғиз ўзинг учраса ҳар қанча кадар[49].

32

Шундай ичайин майни бу қул ўлса эди,

Ҳаттоки гўрим май ҳидига тўлса эди,

Қабрим қошидан ўтар экан ҳар кимса,

Ул май ҳидидан масту хароб бўлса эди!

33

Мисру Руму Чин[50] агарда мулкинг бўлгай,

Осмону замин қўлингда тутқун бўлгай,

Бир газ[51] еру икки газ кафан, билсанг агар,

Бизларнинг улуш жаҳонда ул кун бўлгай[52].

34

Асрор[53] эса пинҳон дилида донони,

Сир баҳсида лол қолдиради Анқони[54].

Ул қатра дўнар[55] дурга садаф[56] ичра яшаб,

Пинҳон сири бўлганлигидан дарёни.

35

Соқий[57], гулу кўкликка назар сол қувноқ,

Завқ этки, ўтиб ҳафта у бўлгай тупроқ.

Май ичгилу гул тер яна бир боққунча

Гул қумга-ю, хасга айланар ҳар япроқ.

36

Кўкламда қилиб нозли санам ҳимматни,

Ўтлоқ бўйида тутса майи ишратни,

Уйғотса-да эл ичра сўзим нафратни,

Мендан кўра ит яхши десам жаннатни!

37

Кўнглим тўла ғам тут менга бир коса шароб,

Бу бебақо умрим туюлар мисли симоб[58],

Ўт ёшлигинг ўрнида қолар кул беҳисоб,

Чин бахт ўзи йўқ нарса у уйқую сароб...

38

Бахтим сира кулмайди, ишим ўнгланмас,

Борган сари ғам кўпу қувонч оздир, бас.

Оллоҳга шукур, қанча бало бор, мендан

Бошқа кишига уни муносиб кўрмас.

39

Бутхонаю[59] Каъба хонаси қулликнинг!

Зангўла чалиш таронаси қулликнинг!

Меҳробу[60] калисою[61] тасбеҳу салиб[62],

Ҳақ улки, бари нишонаси қулликнинг!

Бутхонаю Каъба – қуллик хонаси,

Зангўла чалиш ҳам хос таронаси.

Меҳробу калисо, тасбеҳу салиб

Барчаси қулликнинг бир нишонаси.

40

Қорган куни лойимни ўшал кунда Худо,

Феълимда не ҳам бўлса Ўзи қилди ато.

Гар ҳукми биландир ҳамма айбим бехато,

Кўргай нега дўзах ичра куймоқни раво?!

41

Жон оламида ақл ила иш тутмоқ хуш,

Дунё ишида яхшиси турмоқ хомуш.

То ўрнида эркан кўзу тил ҳамда қулоқ,

Топгайсан уларни унутиб осойиш.

42

Дунёга ишонма муттаҳамдир пухта,

Дайрон оқизар ёшингни лахта-лахта.

Оғзингга магар олса замона ҳалво,

Ютма сира ҳам унга заҳар омухта[63].

Даҳри дун ҳар ишин боз пухта қилар,

Ақлбовар ишни ҳам у ухта қилар.

43

Ишқ асли ҳаётнинг безавол офтоби,

Ишқ асли кўнгилнинг покиза меҳроби.

Ғов кўрдими, бас, нолани бошлар булбул,

Ошиққа писанд эмас бало гирдоби!

44

Қилди бу дилим илми ладунийни[64] ҳавас,

Ўргат, деди, ҳар не сенга маълум бу нафас.

Дедимки: “Алиф”[65]. Деди: “Оғиз очма бўлак,

Ҳақ бўлса кўнгилда, бир ҳарф етгуси, бас!”[66]

45

Таҳқиқ[67] дарахти ҳали гул қилган эмас,

Ҳақ моҳиятини ҳеч киши билган эмас.

Лекин узатар ҳамма унинг шохига қўл,

Ҳеч кимнинг умиди, чунки узилган эмас.

46

Менга май ичиб шод юримоқлик одат,

Фориғ яшамоқ куфр ила диндан тоат.

Сўрдим: “Қалининг не?” дея дунё қизидан.

Ул деди: “Қалин шод дилинг ҳар соат”.

47

Гул чеҳрасида насими Наврўз на гўзал!

Кезганда чаман, бўлса дилафрўз[68] на гўзал!

Шод бўлсангу ҳар лаҳза бугун завқи билан,

Ўтган кундан ҳеч очмасанг сўз на гўзал![69]

48

Кўнглинг тилаган ёр ила бўл бир умр!

Ишқ шавқи, ҳаёт завқига тўл бир умр!

Йўқлик сари кетмоқ эмиш охир қисмат,

Билмас бу абад уйқуни гўл бир умр!

49

Ҳарчанд бахтинг мангу туюлгай, эй дўст,

Жисминг эса соғлом ва гўзал бекаму кўст,

Сен қаттиқ ишонма бу тананг чодирига,

Тўрт устуни ҳам унинг омонатдиру суст.

50

Ҳақ ганжи[70] қўлингга кирмаса, айлаб дод,

Умрингни гумонлар ила қилма барбод.

Энг яхшиси май жомини қўлдан қўймай,

На масту на ҳушёр бўлайлик дилшод.

51

Вайронада ёру маю чолғучию ман,

Жону дилу жому тўн шароб дарди билан.

Йўқ раҳмат илинжи-ю, азоб ваҳми сира,

Кечдим ўту сув, хоку шамол ташвишидан!

52

Наврўз куни лола юзини ювди булут,

Шаҳд айлаю тур қўлингга май жомини тут.

Қабрингдан унар эртага ҳеч қилма унут,

Сайр этганинг ушбу кун ҳама сабзаю ўт...

53

Билгилки, умид донаси хирманда қолур,

Боғ, мулку сарой на сану на манда қолур.

Олтину кумушни доналаб йиққунча,

Дўстинг билан еб-ич, йўқса душманда қолур!

54

Тўрту бешга бўлма асир, эй соқий,

Мушкулдир у минг ёинки бир, эй соқий.

Хокмиз баримиз, чангни жаранглат, мутриб,

Бодмиз[71] баримиз, бодани бер, эй соқий!

55

Ҳожат тиласанг агарда ҳар дил ғанимат,

Суҳбат тиласанг, дўсти комил ғанимат.

Юз Каъба ўтаверсин бир дил қошидан,

Юз Каъбасидан бир дилни бил ғанимат[72].

56

Май ичмасман мен айшу ишратни тилаб,

Тарк этишмас мақсадим ё дину адаб.

Бир лаҳза сузиш баҳрида бехудликнинг[73]

Май ичмагу маст юрмагима асли сабаб.

57

Токайгача умринг ўтади ўзни дея,

Ё ташвишини борлигу йўқликни ея.

Ич бодани, қасдида юрар бўлса ажал,

Умр ўтгани соз уйқу ё мастликда-ку-я...

58

Ҳар қанчаки менга ҳусни зебо берди,

Лола каби юз, қомати раъно берди.

Ўткинчи жаҳонда менга наққоши азал[74],

Билмам, не учун бунчалик оро берди?!

59

Бермиш туну кун даҳрга[75] азалдан сайқал,

Чарх айланар эрди сира қилмай маҳтал.

Тупроққа қўй оҳиста қадамингники, ул

Кўз гавҳари эрди бир гўзалнинг аввал...

60

Майхонада кўрдим битта чолни хуммор,

Сўрдим хабарин ўтгану кетганнинг зор.

Деди: “Ичавер май, қанча дўсту ёр

Тарк этди-ю дунёни хабар йўқ зинҳор...”

61

Бир қўлда қизил май, бирида ёр зулфи,

Ўлтирса чаманда очилиб дил зулфи.

Май ичса жаҳоннинг ташвишини чекмай,

Ул зот биладир чин айш қилмоқ урфи!

62

Дунёни ғами заҳар шаробдир дафъи,

Йўқ бода ичувчига заҳарнинг хавфи.

Ич сабзада[76] майни сабзахат[77] ёрни қучиб,

Кўмгунча гўринг сабзага қисмат лавҳи...

63

Бу кеча менга узат қадаҳни тўлатиб,

Ул писта лабинг чунки менга бўлди насиб.

Қўлимга юзингдек қирмизи майни узат,

Тавбам яна зулфинг каби кетмиш чувалиб...

64

Гул фасли-ю сув ёқаси-ю сабзада шод

Ҳам улфати чору бир ҳур ошиққа мурод.

Тутсин қўлига қадаҳ саҳарда ичган

Бутхонаю масжидни сира этмади ёд.

65

Ич бодани топмоқ тиласанг мангу ҳаёт,

Ёшлик қушига ҳам ўша бергувси қанот.

Гул фаслию маю сархуш улфатлар ила

Шод бўл, ўзи дунёда яшашдан шу мурод!

66

Бўстон сари йўл олди ўшал булбули маст,

Май жомию гул чеҳрасини топди-ю бас,

Ул дам унутиб ўзни, қулоғимга деди:

“Қайтмас сира, билгил, ғанимат ушбу нафас!”

67

Минг тавба магар қасд этибон шай бўлса,

Майдан сира қилма тавба гар май бўлса.

Гул ёқаси чок, булбуллар нола қилар,

Қўй тавбани бул дамда у қандай бўлса!

68

Оқил дедиким тушга кириб: “Бахт гули

Очилмади ул кимсани уйқуни қули.

Ич майни, ажалнинг этагинг узра қўли,

Билмайди абад уйқуни одамни гўли...”

69

Ул бода сабаб ғамнинг ҳаёти ўзга,

Бош оғриғини май ўзи солгай изга.

Ўртанма, қазо қўлда эмас, бежизга,

Улгур ўтаётган кечаю кундузга.

70

Май гарчи ҳаромдир, уни аммо ким ичар

Қанча ичар-у, бўлиб дўст-ошно ким ичар?

Ҳар дамда шу уч қоидага қилса амал,

Баса, ичмаса май одами доно, ким ичар?!

71

Тарк айламасингдан бу қадим оламни,

Май ич у қувар дилдан қайғу-ғамни.

Оч зулфини ҳурларнинг мудом бандма-банд,

Банд-бандга ажратмай чарх одамни...

72

Ишқ бандига гар тушмаса кекса бошим,

Бўлгаймиди май билан қадаҳ йўлдошим.

Ул тавбани ақл берди, малак синдирди,

Чок бўлди тўнинг ҳам чидамай, бардошим...

73

Биз ошиқу ошуфтаю[78] мастмиз бу кун,

Ҳурлар кўйида бодапарастмиз бу кун.

Буткул унутиб ўзни Худо васлини деб,

Пайвастаи[79] даргоҳи аластмиз[80] бу кун.

74

Кўнглингни қилар замона ғамгин ҳар чоғ,

Пок руҳинг учар худди дарахтдан япроқ.

Бас, бир неча кун сабзада ўлтир, шод бўл,

Ўстирмайин ўт кўксида бизнинг тупроқ.

75

Эртан бу нифоқ илмини бас қилгайман,

Оқ соч ила май ичгали қасд қилгайман.

Етмишга етибмиш, мана, шодликни демак,

Мен қилмасам энди, қай нафас қилгайман?!

76

Қўй, чекма алам, арзимагай бор ё йўқ,

Ўйланма яшайми деб ҳушёр ё йўқ.

Тўлдир бу қадаҳни майга олган нафасим

Қайтиб чиқарарман яна такрор ё йўқ...

77

Олган эдим бир кун кўзагардан кўза,

Очиб нега сирларни у кирди сўза:

Мен шоҳ эдиму қўлимда заррин коса,

Боқ, энди бўлибман, мана, хуммор кўза”.

78

Ҳар сабзаки, сувнинг бўйидан жой олмиш,

Ул талъати[81] ҳур хаттини ёдга солмиш.

То сабза сари ташла оёғингни аяб,

Ул сабза санам чеҳрасидаги холмиш...[82]

79

Май ич, очу тўқлик ғами дилдан кетади,

Етмиш икки миллат қайғуси тарк этади.

Майдан сира парҳез этма бир малҳамдир ул:

Бир қатрасидан минг дардингга наф етади!

80

Осмон булутдан настаран[83] тўкмоқда,

Гулларни очиб, боғ узра шан тўкмоқда.

Савсан каби қуй қадаҳга қирмиз майни,

Бинафшаранг булут суман[84] тўкмоқда...

81

Ҳар дилки, асир ўлса унинг дардига хуш!

Ҳар бошки, тўлар гар кўйининг гардига хуш!

Ғам тиғини дўст отса ҳечам ранжима бу

Келгай эмиш ошиқ элининг мардига хуш!

82

Бизларни ҳалок этди ғами ҳижронинг,

Жоним эди ҳар лаҳза гиргиттонинг.

Кетдинг-у, ҳалок бўлди ғамингдан минг дил,

Келдинг яна минг жон сенинг қурбонинг!

83

Ким кетди жаҳондан илгари, эй соқий,

Кибр хоки аро йитди бари, эй соқий.

Ҳақ сўзни эшит мендану бор, майни симир,

Соврулди шамолга сўзлари, эй соқий...

84

Кун яхши, ҳаво бўлса на совуқ, на илиқ,

Гулзор юзидан ювди булут чангни тўлиқ.

Булбул-чи, сариқ гул била ўзни унутиб,

Ҳол тилида “Май ич!” дея бермоқда йўриқ.

85

Мен-ку маю мастликка бўлибман иқрор,

Нега маломат этиб, берарлар озор?

Ҳар бир ҳаром ишнинг сабаби май бўлса,

Дунёда топилмас эди битта ҳушёр.

86

Ҳар яхши ёмонликки, башар табъида бор,

Ҳар шодлигу кулфатки, қадар лавҳига ёр,

Осмонга ҳавола этма, идрок йўлида

Сендан бу фалак ожизу бечораю хор...[85]

87

Наврўзда қўлингга тут қадаҳ лола мисол,

Топсанг яна лолаюз билан айла висол

Ҳам ҳўпла шароб хурраму шод, кўҳна фалак

Бир кун бу алиф қадни эгиб, қилгуси дол[86].

88

Чарх узра биров зафар тўнин кийган эмас,

Одамни ютиб, замин сира тўйган эмас,

Кеккайма мени емади деб, ҳеч кимни

У навбати келганда емай қўйган эмас.

89

Кун бўйи дегум: тунда қилар дил тавба,

Май косасию кўзасидан ул тавба.

Энди эса атрофда баҳор тавба қаён?

Гул мавсумида тавбасидан қил тавба![87]

90

Тарҳимни Ўзинг тузган эсанг, мен на қилай?

Лойимни Ўзинг чўзган эсанг, мен на қилай?

Ҳар яхши-ёмонликки, этарман содир

Манглайга Ўзинг ёзган эсанг, мен на қилай?[88]

91

Бир қўлда тутиб Қуръону бир қўлда-чи жом,

Гоҳида ҳалолдирмизу гоҳида ҳаром.

Шу феруза[89]осмон тагида бизмиз ўшал

На кофири мутлақ, на мусулмони тамом!

92

Иймон ипига тизмай ибодат дурини,

Кун-кундан оширсам-да гуноҳнинг турини,

Лутфингдан умидимни сира узмасман,

Икки демадим чунки тажаллий[90] нурини.

93

Афсуски, ҳаёт асоси қўлдан кетди,

Кўнглимни ўлим васвасаси қон этди.

Келтирмади ҳеч ким хабар у дунёдан:

Кетган кишилар бошига не кун етди?!

94

Эй дил, май ичиб, жаҳонда даврон сурамиз!

Шармандаи шармисор бўлиб, маст юрамиз!

Бир коса шаробга жойнамозни алишиб,

Номус шишасини эса тошга урамиз!

95

Ақлим ожиз қилгали исботингни,

Кўнглим туну кун қилар муножотингни.

Зотингни бу банда қандайин билгайман,

Билгайми Ўзингдан ўзга зот зотингни?![91]

96

Хайём, май ила хуморлигингга шод бўл!

Бир лаҳза санамга ёрлигингга шод бўл!

Ҳар нарсаки, йўқ бўлар экан оламда,

Йўқликни унутмай, борлигингга шод бўл!

97

Дунё ғамини чекма қўлингдан келса!

Бор-йўқни унутиб, қани ҳар дил кулса!

Яхши еб-ичу шод яша, элтолмассан

Бир арпа у дунёга хазинанг бўлса![92]

98

Ул кунки, олиб қўлимга бир коса шароб,

Шодлик туфайли бўлсам масту хароб,

Оташ каби таъбу сув каби сўзлардан,

Тонг йўқ[93], мўъжиза содир этсам беҳисоб.

99

Охирги нафас тилимда соқий қолди,

Оалм элининг дилда фироқи қолди.

Боқ, қолди қадаҳлар-да охирлаб, ҳайҳот,

Билмам, ҳаётимдан нима боқий қолди?

100

Ул тоза қизил шароб эрур гавҳаримиз,

Биз бирла куйиб, қилди фиғон соғаримиз.

Май бошида биз, май эса бизнинг бошда,

Май бошида май ичинг май тожи саримиз![94]

101

Эй дил, бу жаҳонда қисматинг қон бўлмоқ,

Минг турланиб-тусланиб паришон бўлмоқ.

Эй жон, бу баданга не сабаб киргансан,

Мақсад неча кун агарда меҳмон бўлмоқ?

102

Гул чеҳрасида насими Наврўз хушдир!

Гулшан аро рухсори дилафрўз хушдир!

Шод бўл бугунингдану унут ўтганни,

Ўтган кундан очмаганинг сўз хушдир![95]

103

Оқил киши чекмас сира эрта ғамини,

Таскин сира тўлдирмади кўнгил камини.

Дунёда ҳақиқий оқил инсон ўшадир,

Ким билса ғанимат ўтаётган дамини.

104

Ҳар нарсаки йўқми йўқ ўшал мисли шамол,

Ҳар нарсаки борми оқибат топди завол.

Бор нарсани оламда гумон эт йўқ деб,

Йўқ нарсани бор дебон бироқ айла хаёл...[96]

105

Кимлар бу жаҳонда ичра яшаб ўтган эмас,

Қўлида бироқ ҳақ дурини тутган эмас.

Савдойи каби беҳуда сўз дер барча,

Аммо ҳақиқатга ҳеч киши етган эмас.

106

Бу кўҳна работга[97] берди олам деб ном,

Тинмай отини алмашади тонгу шом.

Бир базмки, юз Жамшид[98] уни тарк этган,

Бир қасрки, юз Баҳром[99] олибдир ором.

107

Ишқ бўлмаса, умрингда сира мазмун йўқ,

Дил ёнмаса, ўртанмаса, бир ёлқин йўқ.

Ишқ ўтида ёниб ўтмаган ул кундан

Дунёда беҳуда ўтмаган бир кун йўқ!

108

Май мангулик бахш этар эмиш, қуй, соқий!

Кўнглингга ҳузур етар эмиш, қуй, соқий!

Куйдирса-да ўт каби, ғамингни аммо

Сувдек оқизиб кетар эмиш, қуй, соқий![100]

109

Ҳар нарса қазо лавҳида бўлса бордир,

Ҳар яхши-ёмон қалам билан пойдордир.

Тақдири азалда бори ҳеч ўзгармас,

Ғам чекишу интилиш бари бекордир.

110

Кездик бу жаҳонни роса дил тўла ҳавас,

Гоҳ уйда-ю, гоҳ сафарда умр ўтди абас.

Лекин бу ҳаёт йўлида барча билади,

Кетган йўлидан йўловчи ҳеч қайтган эмас.

111

Ақлимни таниган куни бўлдим маҳзун,

Ўзимни кўриб фалак қўлида тутқун.

Афсуски, қиёматда ҳисобга ўтмас,

Маъшуқсизу майсиз зое ўтган ҳар кун.

112

Саъй-интилишим кетгани-кетган бекор,

Ошиқлигу ишқидан бўлибман безор.

Ким тушса дўзахга, ким биҳиштдан қайтса,

Шу иккиси дўзахий аталгай зинҳор.

113

Дарё сувию саҳро елидай худди

Умрим ҳисобидан яна бир кун ўтди.

Қўй ўтгану келмаган кунинг ташвишини,

Оқил на уни-ю, на буни ёд этди.

114

Шодлик қадаҳи ичра қизил май хушдир!

Бўлса яна ёнингда чанггу най хушдир!

Кўза нимаю май нима билмас зоҳид[101],

Бундай кишидан узоқлик қандай хушдир!

115

Бутхонаю масжидда, агар билса башар,

Биҳишт илинжию дўзах ваҳми яшар.

Кўнглига бу хомхаёл уруғин экмас,

Ким зарра Худо сирларидан топса хабар.

116

Бир кун бу омонат танни тарк этгайсан,

Ғайб[102] олами асрорига ҳам етгайсан.

Шод бўл, била олдингми, қаердан келдинг?

Май ич, била олдингми, қаён кетгайсан?

117

Инсон бу ҳаёт сирларини кам билгай,

Ҳақ ишларини қайдан у бир дам билгай?

Ҳеч нарсани билмаса ҳуши бор пайти,

Ҳуши йўғида у нимани ҳам билгай?

118

Дунёни кезиб, ҳар нима кўрдинг ҳечдир,

Ҳар қанча эшитдингу гапирдинг ҳечдир,

Бу бошдан-у бошгача югурдинг ҳечдир,

Уйингдан агар чиқмай ўтирдинг ҳечдир[103].

119

Ҳеч кимга муқим[104] макон эмас бу олам,

Шундан қидирар май ҳар ақлли одам.

Ғам оташини ўчир сепиб май сувини,

Тупроқ қатига киришдан аввал сен ҳам.

120

Дунё ҳузури бемаю соқий ҳечдир

Ҳам янграмаса найи Ироқий ҳечдир.

Дил шодлигидир тириклигинг маъноси,

Боқдим бу жаҳон ҳолига боқий ҳечдир[105].

121

Дунёда нима бўлса, азалда бўлган,

Ҳақ ҳукми билан яхши-ёмон туғилган.

Чекингга ёзилганни берар тақдир ҳам,

Беҳуда экан барча югурган-елган.

122

Соқий, бу ғамим эл ичра оввоза эмиш,

Сархуш юришим беҳадду андоза эмиш.

Бошимда қиров бўлса-да, кўнглимда баҳор,

Кўнглим уйи май туфайли пок, тоза эмиш.

123

Соқий, қани қуй, жаҳон иши бир нафас-ей!

Хуррам яшасанг шу бир нафасни-да, бас-ей!

Шод бўл нимани кўрса раво, чунки фалак

Инсон тилагига кўра юрган эмас-ей!

124

Шодлик тилама, умринг ўзи бир дамдир,

Тупроқ қатида қанча Қубоду[106] Жамдир[107].

Ўткинчи жаҳону бевафо умринг, бас,

Пуч сафсатаю беҳуда қайғу-ғамдир.

125

Дунё дегани азоб, тириклик эса ғам,

Тақдир дегани бало, замон зулму ситам.

Хуллас, бу жаҳон ҳолига боқсам кўраман:

Тинч-осуда одам йўқ, агар бўлса-да кам.

126

Ҳеч тушган эмас тилдан азиз май зикри,

Тарк этган эмас маю маъшуқа фикри.

Зоҳидга агарда ақл устод бўлса,

Шогирд у менга шудир дилимнинг шукри.

127

Бир лаҳза агар ҳирсу ҳаво қилгайман,

Кўнглимга соларсанки, хато қилгайман.

Англат менга: Кимман ўзи? Қайдан келдим?

Қайга кетаман? Қачон қазо қилгайман?

128

Гул ҳусни агарчи нигоҳинг михлайди,

Бағрини табиб гулоб[108] учун тиғлайди.

Булбул гулни овутади шундай деб:

Кулган киши бир кун бир йил йиғлайди.

129

Кўнглим рўза, намозга мойил бўлди,

Дедимки, Худо хоҳиши ҳосил бўлди.

Бир ел билан, афсуски, таҳорат синди,

Бир томчи шаробдан рўза ботил бўлди[109].

130

Умримнинг умид қуши мени тарк этди,

Сархуш кечалар охири бошга етди.

Ҳар лаҳзаси дунёларга тенг умрим,

Афсуски, беҳуда қўлимдан кетди...

132

Май ич, ҳали тупроқ қатида ётгунг узоқ,

Ғамхўр йўғу ҳамдам йўғу йўқ лоладудоқ.

Бир сирни очай сенга, қани, тут-чи қулоқ:

Лола сўлиса, қайта очилмайди бироқ.

133

Тут майни эзилган дил учун малҳам у,

Ишқ ақлини олган кишига ҳамдам у.

Бир томчи май афзал фалакдан менга,

Бўлса-да муаззам косаи олам у.

134

Май гарчи шариатда ҳаромдир хушдир,

Соқий қўлида гарчи ғуломдир[110] хушдир.

Аччиғу ҳаром бўлса-да, ёққай менга,

Билдим эса, ҳар нима ҳаромдир хушдир.

135

Илм устуни бўлган не улуғ инсонлар

Фикр отини чарх устига сурган онлар,

Зотингни билиш бобида монанди фалак

Саргаштаю сарсонлару саргардонлар.

136

Бу тоифа фахри фазлу одоб эдилар,

Тенгсизу камолда, жумла арбоб эдилар.

Зулмат кечада тонг сари йўл топмадилар,

Ҳар не дедилар афсонаю лоф эдилар.

137

Бу тоифа гарчи жойнамозпарвардир,

Ҳалқум ғамида мисоли бир аждардир.

Тақвони ниқоб қилиб улар, энг ёмони,

Исломни сотар, кофирдан ҳам баттардир.

138

Манглайга битилгани сира ўзгармас,

Ғам-ғусса чека қонга жигар тўлгай, бас.

Ичсанг-да жигар қонини умринг бўйи,

Бир нарса бирор зарра зиёда бўлмас.

139

Бу кеча маю маъшуқ ила қолсам эди,

Шодлигу висол чолғусини чолсам эди.

Аввал дину ақлим уч талоқ айлаб, сўнг

Ток қизига аста уйланиб олсам эди.

140

Биз бўлсагу бўлмасак, жаҳон бўлғусидир,

Биздан на бирор ном, на нишон бўлғусидир.

Биз илгари йўқ эдигу етмовди халал,

Энди на бўлмасак, ҳамон бўлғусидир.

141

Эй дил, тилама васлини маълул[111] бўласан,

Ишқ иши билан намунча машғул бўласан?

Дарвешлар[112] остонасини айла тавоф,

Шояд сен ҳам қабули мақбул[113] бўласан.

142

Умринг карвони кўп шитоб ўтгусидир,

Бўш, беҳуда кунлар беҳисоб ўтгусидир.

Ўргач, яна ўсгучи гиёҳмассан, бас,

Ҳар дам ғанимат жому шароб ўтгусидир!

143

Маъшуқаю мену маю гул тўла чаман,

Қилгим келар айшу сафо имкон бор экан.

То бор эдиму борману бор бўлгайман,

Ичганману ичяпману яна ичаман!

144

Жонимни қилай фидо агар арзир у!

Бошимни қилай садқа раво бўлса бу.

Дўзах нимадир, билай десанг, бир лаҳза

Ёмон билан ўлтир чинакам дўзах шу!

145

Тақдир битигини қай кун иншо қилди,

Аввал менга ишқ дарсини имло қилди[114].

Ул дам юрагим парчаси ҳар заррасидан

Ҳикмат эшигин очқичи бино қилди.

146

Тақдир қўлимизда йўқ экан нетгаймиз,

Беҳуда хаёлу жидду жаҳд этгаймиз.

Ғам-ғуссаю ҳасратларимиз бефойда,

Кеч келган эдик, тезда яна кетгаймиз.

147

Бир кун бу вужуддан-да жудо бўлгайсан,

Сир пардасига чўмиб, фано[115] бўлгайсан.

Май ички, аён эмас, қаердан келдинг?

Шод бўл, ноаён қаерда ё бўлгайсан?

148

Кўп экди-ю ўрди бу қазо деҳқони[116],

Ғам чеккани арзимас фалак айвони.

Тут қўлга қадаҳни, бор экан имкони,

То тўйиб ичай ўт олсин бу дунёни!

149

Оқил кишилар ғамга асир бўлмаслар,

Майдан бўлагини кўзга ҳеч илмаслар.

Эй ғофили нодон, сен эмассан олтин,

Тупроққа кўмиб, қайта қазиб олмаслар.

150

Бу даштдан ажаб хавфу хатар келгайдир,

Ҳайрат зўри бўғзимга қадар келгайдир.

Ҳеч маълум эмас: бу дашт аро карвонлар

Қайга кетару қайдан улар келгайдир?..

151

Май лаззатини бодапарастлар билгай,

Қайдан ҳам у сажжодапарастлар[117] билгай.

Ғофил кишилар ғофил экан, маъзурдир,

Бу завқу ҳузур қадрини мастлар билгай!

152

Бир тоифанинг кўнглида минг кибру ғурур,

Бир тоифанинг кўнглида қасру зару ҳур.

Бир кун кўтарилса парда, маълум бўлади,

Ҳар иккиси ҳам Сендан узоқларда эрур.

153

Май ичса агар гадо, амирдек бўлади,

Бир томчисидан тулки-да шердек бўлади.

Кекса уни ичса, қайтадан ёш бўлару

Ёш ичса агарда худди пирдек бўлади[118].

154

Маҳшар[119] куни зўр савол-жавоб бўлгаймиш,

Ҳар бир иш учун ҳисоб-китоб бўлгаймиш.

Яхшилик оқибати ёмонлик бўлмас,

Яхши кишига яхши ҳисоб бўлгаймиш[120].

155

Дерлар менга: жаннат, ҳуру кавсар[121] бордир,

Мўл-кўл маю суту шаҳду[122] шаккар бордир.

Майга тўлату қадаҳни, тут қўлимга,

Қўй насяни то нақди муяссар бордир.

156

Дерлар менга жаннатда малак шай бўлади!

Дарё-дарё суту асал, май бўлади!

Севсак маю маъшуқни гуноҳ бўлмас экан,

Чунки барибир охири шундай бўлади!

157

Кўнглим сира илм таҳсилидан маҳрум эмас,

Дунёда бирор сир мен учун мавҳум эмас.

Энди очиб ақлим кўзини боқсам агар,

Умр ўтди, бироқ ҳеч нима маълум эмас[123].

158

Бир кўза шароб юз дилу динга арзир!

Бир томчиси минг давлати Чинга[124] арзир!

Дунёда ақиқ[125] майдан азиз ҳеч нима йўқ,

Аччиқлиги минг жони ширинга арзир!

159

Гул чеҳрасида булут ниқобдир то ҳануз,

Кўнглим тилаги айшу шаробдир то ҳануз,

Қўй уйқуни, умр оти шитобдир то ҳануз,

Май тут, жоно, май офтобдир то ҳануз[126].

160

Етмиш икки миллат бариси динга тирак,

Ҳар нарсадан ишқингни баланд қўйди юрак.

Ислому куфр нима, надир тоату айб:

Мақсад Сен экан, воситалар кимга керак!

161

Ҳар фазлим учун ўнта гуноҳим афв эт!

Ўзингсан, ахир, пушту паноҳим, афв эт!

Ўч майли билан ёқма адоват ўтини,

Мени Расулинг ҳаққи, Илоҳим, афв эт!

162

Ким жаннату дўзахни кўрибди, эй дил?

Ким у дўзахдан хабар берибди, эй дил?

Қўрқуву умидимиз улардан, аммо,

Ким ному нишонини билибди, эй дил?

163

Эй чарх, ишингдан сира хурсандмасман,

Озод қил, ахир, мен лойиқи бандмасман.

Сен нокасу нодон кишини хуш кўрсанг,

Мен ҳам у қадар аҳли донишмандмасман.

164

Бу чархи фалак ичинда биз ҳайронмиз,

Фонус хаёл[127] билиб уни сарсонмиз.

Офтоб чироқ бўлса, бу олам фонус,

Бизлар эса сурат каби саргардонмиз.

165

То раҳмати бор айбу гуноҳ қўрқитмас,

Йўл ранжи, Ўзи бўлса паноҳ, қўрқитмас.

Лутфи билан айбу гуноҳим оқлар экан,

Бўлсам-да агар номасиёҳ[128] қўрқитмас.

166

Тупроқ қатида ётганни кўп кўрдим,

Ер зулматида қотганни кўп кўрдим.

Бу йўқлик саҳросига боқсам қанча,

Мен келмагану кетганни кўп кўрдим[129].

167

Мен май қидириб кеча чаманга келдим,

Ўт ичра кўриб гулни, бағирни тилдим.

Дедим: “Нима қилдингки, сени ёққайлар?”

Деди: “Чаман ичра бир нафас шод кулдим”[130].

168

Тонг чоғи қизил шаробни олиб қошга,

Андиша шишасини урайлик тошга!

Қўл тортиб узун амал этагидан, бас,

Қўл узатайлик рубобу қаламқошга.

169

Ринд аҳлига жонингни мудом қурбон қил!

Рўзаю намоз асосини вайрон қил!

Эй дўст, ҳақиқатни эшит Хайёмдан:

Тинмай май ичу йўлдан уру эҳсон қил!

170

Ҳар кимга жаҳон кайфияти бўлса аён,

Дунё ғаму шодлиги унга тенг бегумон.

У яхши-ёмонликни баробар кўради,

Хоҳ барчаси дармон уни, хоҳ дарду фиғон.

171

Дерлар мени майпараст бўлсам бордир,

Дерлар фосиқу маст бўлсам бордир.

Зоҳирга боқиб менга сира ҳукм этма,

Ботинда баланду паст бўлсам бордир[131].

172

Кеча ўтди уни сира ёд этма,

Келмай туриб эрта ҳали фарёд этма.

Ҳеч, ўтгану келмаган учун дод этма,

Ҳар он яша шод умрингни барбод этма.

173

Энг яхшиси, дилни май билан шод этсанг,

Ўтганнию келмаганни кам ёд этсанг.

Идрок қафасидаги омонат жонни

Бир лаҳза ақл дастидан озод этсанг.

174

Дунёга Худодек ўтса ҳукмим бир он,

Қилган бўлар эдим уни буткул вайрон.

Янги дунё тузар эдим ўрнига то

Орзусига яхшилар етарди осон.

175

Эй май, мен учун жон озиғисан, биласан,

Ҳар лаҳза мени сархушу шайдо қиласан.

Шундай ичайин, қорамни кўрган сўрасин:

“Эй май хуми, сўйла, қай тарафдан келасан?”

176

Эй чарх, бу кўнглимни мудом доғ қиласан,

Шодлигу сурур кўйлагини чок қиласан.

Мен ёққа шамол эсса агар ўт айлаб,

Тобакай жафони кўпроқ қиласан.

Оғзимга сув олсам, тупроқ қиласан.

177

Беҳуда ғаму қайғуни қўй, шод яша!

Дунёда адолатни қилиб ёд яша!

Дунё ишининг оқибати йўқлик экан,

Йўқликни чиқар дилдану озод яша!

179

Май тутмадилар аҳли имон, эй соқий,

Сийла мени ўзинг бу замон, эй соқий.

Ўткинчи жаҳон деб беҳуда қайғу чекиш

Бизнинг ишимиз эмас, аён, эй соқий.

180

Ҳар лаҳза замон қилар шитоб, эй соқий,

Тут қўлга қадаҳ тўла шароб, эй соқий.

Тонг чоғида тур, бориб эшик қулфини оч,

Май қуй, яна чиқди офтоб, эй соқий.

181

Дил хушбўю тоза май тилар, эй соқий,

Ҳар хил гапу сўздан сиқилар, эй соқий.

Бир кўза лаболаб май узатгил, дунё

То тупроғимиз кўза қилар, эй соқий.

182

Ҳар нарсани тарк айладиму майни эмас,

Дунёни ҳаром сайладиму майни эмас.

Мен аслида май сабаб мусулмондирман,

Бас, рўза, намоз тайладиму майни эмас.

183

Ҳар кимда агар заррача ақлу ҳуш бор,

Ўтказмас умрни(нг) бир дамини бекор.

Ё Ҳақ ризосин топиш учун интилади,

Ё яхши ҳаёт учун тутар майни ёр.

184

То ҳеч ким эмас экан бу дунёда муқим,

Маъшуқасизу майсиз яшамоқ айби азим.

Қўрқуву умид янги-қадим деб негаким,

Йўқ фарқи мен ўтгач, дунё янгими-қадим!

185

Маҳшар куни зўр ҳисоб-китоб бўлгаймиш,

Ул ёрнинг иши қаҳру итоб бўлгаймиш.

Ёрнинг қўлидан сира ёмонлик келмас,

Шод бўл, оқибат яхши ҳисоб бўлгаймиш[132].

186

Ҳал айладилар азалда ҳар қисматни,

Кўнгилдаги ҳар орзую ҳар ниятни.

Биздан сўрамай солишди бир қолипга

Ҳар ҳолу ҳар иш, ҳар куну ҳар соатни.

187

Дарвешу фақир йўлини тутмай бўлмас,

Дил қони билан юзни пок этмай бўлмас.

Мақсадга етай десанг, бу оғир йўлда

Ориф[133] каби ўзликни унутмай бўлмас.

188

Бир кун бу жаҳон ғамидан озодмасман,

Бир дам бу юрак уришидан шодмасман.

Кўп бўлдиму шогирди ҳаётнинг, аммо,

Дунё ишига то ҳануз устодмасман.

189

Биз шодлик асоси бўламиз, биз кони ғам,

Чашмаи адолатмизу манбаи ситам.

Пастмизу баландмиз яна комилмизу кам,

Занг босган ойина[134] бизу бизмиз жоми Жам.

190

Душман мени файласуф дея янглишади,

Оллоҳга аён бу бобда у ноҳақ эди.

Ким деб билсам ўзимни, камман, бунда

Келтирганидан буён қазо гирдбоди[135].

191

Уммид шохидан мева агар топсам эди,

Умрим ипидан кошки асар топсам эди.

Тору тангу қоронғи вужуд зиндонидан

Йўқлик сари йўл бу дарбадар топсам эди.

192

Дунё сири кўп чигал етарсан ё йўқ,

Бу нуктага[136] лоақал етарсан ё йўқ.

Май топу шу дунёда биҳишт пайдо қил,

Ҳар қанча биҳишт гўзал етарсан ё йўқ.

193

Мен майни фақирлик ғамидан ичмасман,

Дунёда ҳаловат камидан ичмасман,

Мен майни ичар эдим кўнгил хушлиги деб,

Етдим сенга энди сира ҳам ичмасман!

194

Гул ортига беркинди қуёш мен ҳайрон,

Дунё сирини айлади фош мен ҳайрон.

Дур топди тафаккур уммонидан ақлим,

Бу дурни тешолмай кўзда ёш мен ҳайрон.

195

Бу кўза менингдек ошиқу зор эмиш,

Ёр зулфи тузоғига гирифтор эмиш.

Бўйнидаги даста бир замон қўл эмишу

Дилдорни қучиб, сархушу хуммор эмиш.

196

Ҳар киши қийинчилик чекиб ҳур бўлади,

Ҳар қатра садафда қамалиб дур бўлади.

Мол қолмаса-қолмасин, омон бўлсин бош,

Май косаси ҳам бўшаса, қайта тўлади.

Қийинчилик билан ҳам ким ҳур бўлар,

Қатра садаф ичра қолиб дур бўлар.

197

Қўй ғуссани, май ичайлик, эй нозли санам,

Дунё ситамидан ичга тўлгунча алам.

Бир кун келади ўшанда золим бу фалак

Оғзингдаги сувни қўймагай ютгали ҳам.

198

Чарх измингга юрмас бу ибора машҳур,

Хоҳ етти қават де, хоҳи саккиз охир.

Армон билан ўлгач, нима фарқ жисмингни

Қурт ейдими гўрда ёки чўлда қашқир?!

199

Май бўлмаса, ҳеч ажаб эмас, мен ўлсам,

Жисмим юкини ё торта олмай қолсам.

Мен бандаси ул дамники, соқий айтса:

Бир коса яна ичу ичолмай қолсам.

200

Бир коса шаробни мен учун қут айланг,

Заҳил шу юзим рангини ёқут айланг.

Кўз юмсам агар майга ювиб жисмимни,

Токнинг чўпидан тахтаю тобут айланг.

201

Дунёда нима бўлса, бари нақшу хаёл,

Ориф эмас у кимга ниҳон бўлса бу ҳол.

Бир четда ичиб май, шод ўтир, арзимагай

Ғам чеккали бу нақшу хаёлоти маҳол.

202

Ҳақ ризқинг азалда қилди кўп ёки кам,

Оширмагай энди-ю, озайтирмас ҳам.

Йўғига хафа бўлма, қаноат айла,

Бори шукр қилу яша хотиржам[137].

203

Май берсанг, ҳатто тоғ ҳам рақс этади,

Жоҳил киши май борасида баҳс этади.

Майдан сира тавба қилмасман шундай

Бир нарсаки у тарбияти шахс этади.

204

Оллоҳ яратибди бизни циркулга йўйиб:

Тан биттаю бош иккита бир-бирни суйиб,

Бир нуқтада айланамиз доирадек,

Иш битса, ётармиз бошни бир ерга қўйиб.

205

Ҳеч тинглама сўз замонасоз бўлгандан,

Соф май сўра хирқа[138] эгнига илгандан.

Тарк айлади дунёни улуғлар бир-бир,

Хўш, борми хабар у дунёдан келгандан?

206

Дунё ғами деб танингга бедод этма,

Жонинг ая, ўтганни сира ёд этма,

Ёр сочидек ел билан дилинг шод этма,

Майсиз ўтириб, ҳаётни барбод этма.

207

Бир ринд кўрдим қайғуга солмас уни чин:

На куфру на ислому на дунёю на дин,

На Ҳақ, на ҳақиқат, на шариат, на яқин,

Ҳар икки жаҳон ташвишидан кўнгли эмин[139].

208

Ҳар лаҳза мени даҳрию бедин дейсан,

Бу гапни қилиб адовату кин дейсан.

Мен розиман аммо, бил, ўзингга қайтар

Бир кун бари хоҳ ёлғону хоҳ чин дейсан.

209

Умрингни ҳисобини олиб юр ҳар дам,

Келтирмадинг ҳеч вақою элтмассан ҳам.

Бир куни ҳалок қилар сени май, дерлар,

Хоҳ ичмаса-хоҳ ичса ўлар-ку одам!

210

Маст олдида май ёмон дема хом бўлма,

Яхши ёнидан қувилма, бадном бўлма.

Жаннатга етишмоғу дўзахга тушмоқ

Ичмоқдан эмас бу гапга ҳеч ром бўлма!

211

Майхона қаландарларининг[140] йўлини тут,

Бўлсин тилагинг маъшуғу май, созу суруд[141].

Қўйнингда мудом кўзаю қўлингда қадаҳ,

Эй дўсти азиз, май ичу дунёни унут!

212

Тонг чоғи бирам гўзал, қани, тур соқий,

Қуй косага тундан нима қолган боқий[142].

Хокинг дўнар эрта ғиштга бош узра тутиб,

Кўз-кўз этади уни бу айвон[143] тоқи.

213

Офтоб, ою юлдуз кўк учун зийнатдир,

Ақл аҳли учун воситаи ҳайратдир.

Бечораю ожизлигидан ғусса чекиш

Асли-азал оқиллар учун қисматдир.

214

Кошки бу замон дардидан озод яшасанг!

Борига қаноат айлабон шод яшасанг!

Қадрига етиб ҳаётни(нг) ҳар лаҳзасини,

Қилмай сира бор-йўқ ғамини ёд яшасанг!

215

Май ичса, топар кибру такаббур барҳам,

Майдан ечилар тугун агарчи маҳкам,

Шайтон ҳам агарда бода ичса бир дам,

Одам қошида қиларди сажда ул ҳам.

216

Мени яратиб, кўрмади бир наф дунё,

Жонимни олиб, обрўси ошмас асло.

Ҳеч кимдан эшитмадим: ўзи бериб жон,

Ўзи яна жон олишида не маъно?!.

217

Шодликда тиниқ май ичмадим ҳеч асно,

Андуҳ қадаҳидан маст бўлмай асло.

Қўлимни биров таомига чўзмасман

Мен ўз жигарим кабобидан тўймай то.

218

Бир куни кулол дўконига тушди назар,

Тупроқдан кўрсатар эди турфа ҳунар,

Кўр бўлмаса бир ҳодисани барча кўрар:

Тупроғидан оталарнинг у кўза ясар…

219

Одам эди мақсад яратишдан олам,

Идрок кўзининг қорачиғи ҳам одам.

Бу айлана дунё гар узукка ўхшар,

Одам кўзи, шубҳасиз, бу узукнинг ҳам.

220

Қатра дарё бағрига пинҳон бўлди,

Зарра тупроқ қаърига гумдон бўлди.

Дунёга келиб-кетиш нима? Гўёки

Пашша туғилиб, лаҳзада яксон бўлди.

221

Кўзамни кеча урдим тошга беғам,

Мастликдан эди бу қилиғим йўқ шубҳам.

Айтар эди кўза: “Мен ҳам сендай эдим,

Мендай бўласан бир куни сўзсиз сен ҳам!”

222

Ҳуш барида ақлим далили сара дер,

Рум[144] ҳамда Араб, майманаю[145] майсара дер:

“Ким майни сара эмас деса боқмасман,

Қуръонда, ахир, Худо ўзи “Майсара” дер”[146].

223

Сув устига мен қачонгача уй қураман?!

Бошимгами бутхонаю бутни ураман!

Дўзахга тушиб, биҳиштдан чиққан борми?

Шундан дўзахий деса, бепарво юраман…

224

Мен айтар эдим агар топилса маҳрам,

Бўлган нимадан бино азалда одам:

Ғамдан қорилиб зуваласи мустаҳкам,

Тарк этди жаҳонни кун кўрмай бир дам.

225

Дўзахда куяр эмиш ким ичса агар,

Нотўғри бу сўз унга ким ҳам ишонар?

Дўзахга тушар бўлса агар ошиғу маст,

Жаннат эрта кафтдек бўм-бўш қолар.

226

Бу чарх қўғирчоқбозу биз қўғирчоқ,

Бу ёлғон эмас, балки ҳақиқат мутлоқ.

Бир лаҳза ўйнаб борлиқ саҳнасида,

Йўқлик сандиғига тушармиз бир чоқ.

227

Бир қуш манзил тутиб Тус қалъасини,

Олдига қўйиб Кайковус калласини

Дер эди унга: “Топиб бўлмас, афсус,

У дабдабаю довруқлар палласини!”

228

Дунёни ҳамиша беқарор кўргайман,

Беҳудаю бемаънию хор кўргайман.

Дунёдаги ҳар нарсага кўз солсам агар,

Ночорлигимни ошкор кўргайман.

229

Ризқинг ила умринг кўпу кам бўлмайди,

Чекмоқнинг алам фойдаси ҳам бўлмайди.

Бизнинг қўлимиздамас-ку тақдирнинг иши,

Айлаб уни мум сингари хам бўлмайди.

230

Чарх мисли тўнтарилган тоғора эмиш,

Ақл аҳли унда хору оввора эмиш.

Шишаю қадаҳ бир-бирига қўйса-да лаб,

Қон ўртада бу нимага ишора эмиш?

231

Ҳушёр эмасман то тирикман бир дам,

Мастман ҳаттоки Қадр кечаси[147] ҳам.

Хум кўксида кўксиму лабим жом лабида,

То тонггача май қадаҳида қўл маҳкам.

232

Май ич, у ўзингдан бехабар айлагуси,

Душман дилини қон шу қадар айлагуси.

Ҳушёр юришингдан нима фойда у фақат

Эрта ғамидан кунинг заҳар айлагуси.

233

Билмасмиз азал сирини на сену на мен,

Тақдир ёзувини бирини на сену на мен.

Биз сўзлашамиз парда аро у тушса,

Сақлай оладирмиз уни на сену на мен[148].

234

Биз хум ёнида намозни одат этдик,

Майхона қуми билан таҳорат этдик.

Шоядки, бу майхоналар ичра топсак,

Ул умрки, масжидлар аро йўқотдик[149].

235

Дунёга келиш-кетишда не маъно бор?

Умримиз умид ипида қайда бир тор?

Сарву гулдек қанча гўзалларни фалак

Ёндирди-ю, кул қилди – тутун йуқ зинҳор[150].

236

Чекма сира ўткинчи жаҳоннинг ғамини,

Шод ўтказ ичиб май умринг ҳар дамини.

Навбат сенга келмасди бировлардан сўнг,

Ёқсайди замон агар вафонинг шамини.

237

Соқий, тўзиган дилим ўликлардан ҳам,

Тупроқ қатида чунки улар хотиржам.

Борган сари булғанар этак ёшимдан,

Ҳарчанд уни қонли ёшим ила ювсам.

238

Тун йўқки, ақл ўю шуурга тўлмас,

Кўз ёшидан этак сира дурга тўлмас.

Ҳеч тўлмаганидек тўнтарилган коса,

Бош косаси савдойи умрга тўлмас.

239

Бахт отини, эй шоҳ, фалак этди тайёр,

Шоҳлар ичида қилди шаънингни пойдор.

Лой бўлмасин оёғи отингни дея,

Ёғдирди замин узра, қара, оппоқ қор[151].

240

Гул дейди: “Юсуфман[152] мен ўзим гулшанда,

Оғзим тўла дурни кўр қиларкан ханда”.

Дедимки: “Юсуф эсанг, нишона кўргаз!”

Деди: “Пора-порадир либосим танда”.

241

Ҳар куни, билармисан, хўроз айни саҳар

Мунча нега қичқирганича нола қилар?

Тонг ойинаси этди намоён, қара,

Ўтди яна бир тунинг-у, сен-чи, бехабар!

242

Ризқимни, Худойим, сен ўзинг айлама кам,

Эл миннатисиз етказ этиб лутфу карам.

Сен май қадаҳидан мени маст эт шу қадар,

Билмай нимадир жаҳонда бош оғриғи ҳам.

243

Қолдирма дилингда ғам уруғин зинҳор,

Шодлик китобини ўқимоқлик даркор.

Май ҳўплаю дил орзусини айла бажо,

Чунки бу жаҳонда эмас умринг пойдор.

244

Офтоб қизариб, мусаффо тонг отган дам,

Қўлингга тиниқ май қадаҳин тут маҳкам.

Дерлар ҳақиқат бўлар ҳамиша аччиқ,

Аччиқ бўлади балки шундан май ҳам.

245

Ҳурматга сазовор харобот аҳли[153],

Йўқ асли ёмонликка уларнинг дахли.

Бир дил аҳли[154] чиққан эмас мадрасадан,

Бу ғафлат уйи хароб бўлишга ҳақли.

246

Юз хона дилимнинг қонидан вайрондир,

Кўзим ёшидан ваҳима юз чандондир.

Ҳар киприкдан оқар қон дарёси,

Киприклар агар бирлашса тўфондир.

247

Май мисли порлоқ лаъл[155], кўза кондир,

Тан бўлса агар қадаҳ, шароби жондир.

Биллур қадаҳки, майдан хандондир,

Кўз ёшики, дил қони унга пинҳондир.

248

Ҳушёр бўлсам, қувонч мендан пинҳондир,

Маст бўлсам агар ақлима бир нуқсондир.

Ҳушёрлигу сархушлик аро бир ҳол бор,

Чин умр ўшадир ўшанга жон қурбондир[156].

249

Айрилма майдан мулки Маҳмуд[157] шудир!

Тингла чангни базми Довуд[158] шудир!

Келмоқнию кетмоқни бўлак ёд этма,

Бир дам шод бўл ҳаётда мақсуд шудир!

250

Кўк тоқигача ер қаъридан асли-азал

Ҳар қанча тугун бўлса, ақл айлади ҳал.

Ҳар макру фириб бандини ечсам-да тугал,

Кўнглимда тугун бўлиб фақат қолди ажал[159].

251

Тонг нурларини қуёш туширди томга,

Кундуз шоҳи ўз муҳрини чекди жомга.

Ол қўлга қадаҳ саҳарда ишқ овози

Ёйди: “Май ич!” садосини оламга.

252

Жамшид жомидан яхши юзинг, эй соқий,

Ким ўлса йўлингда топар умри боқий.

Ҳар зарраси офтобдан афзал оёғинг

Тупроғининг кўзга берар нур токи.

253

Яхши бу замонда дўсту ёр бўлгани кам,

Тут суҳбат узоқдан аҳли даврон ила ҳам.

Баъзида бутун умр ишонган одаминг,

Душман чиқар ақл кўзи-ла боқсанг чинакам.

254

Бир қатра шароб мулки Ковусдан[160] соз!

Ҳам тахти Қубод, мамлакати Тусдан соз!

Ошиқ саҳар чоғида чеккан ҳар оҳ,

Зоҳиддаги сохта нолаи муздан соз!

255

Тут дил сирини барча кишидан пинҳон,

Айниқса, хабар топмасин аблаҳ инсон.

Яхши бўлмай ўзинг Худо халқи билан,

Яхши муносабатни кутма ҳеч он.

256

Май ичсанг агар муносиб инсон билан ич,

Ё юзлари гул, лаблари хандон билан ич.

Гоҳ-гоҳ ичу оз-оздан ичу пинҳон ич,

Рад айлама, фош бўлма-ю, имкон билан ич.

257

Мен-ку ўпаман қадаҳни бир мақсад учун,

Май воситасида то топай умри узун.

“Мен сендай эдим бутун умр, бас сен ҳам

Мендай бўл бир дам!” дер эди у яширин.

258

Эй дил, бу жаҳон ҳақиқатидир ёлғон,

Беҳуда алам-азобда куйдирмоқ жон.

Манглайга битилгани сира ўзгармас,

Кўн борига тақдирингга қилма исён.

259

Ўткинчи бу дунё сира бўлмай қафасинг,

Хурсанд ўтсин ҳаётда ҳар бир нафасинг.

Бор бойлигинг оламда шу умрингдир, бас,

Шундай яша ўзингни-да келсин ҳавасинг.

260

Йўқ чарху фалакнинг сира яхши фоли,

Бил жумла жаҳонни дўсту ёрдан холи.

Қўй кечани, эрта дема, бугун ила бўл,

Бир лаҳза ўзинг билан ўзинг қол-е!

261

Ёр умри менинг ғамим каби бўлсин узун,

У раҳми келиб, лутфини кўрсатди бугун.

Кўзимга кўзин бир қадади кетди демак:

Қил яхшилигу дарёга ташла яширин.

262

Кўрмайди фалак бировга розини раво,

Минг Маҳмуду Аёз[161] жонига қилди жафо.

Кетган у жаҳонга яна келмас қайтиб,

Бас, май ичавер сенга-да йўқ умри бақо!

263

Узун бу йўлни босиб ўтган кундан,

Ҳеч ким қайтиб келмади сўрсак ундан.

Бас, ҳеч нима қолдирмаки, қайтиб келмас,

Бу ранжу азоб тўла жаҳонда шундан.

264

Меҳробда сенсиз намоз ўқишдан соз,

Майхонада сен билан айтишсам роз.

Сенсиз бари ҳеч: аввалу охирсан Ўзинг,

Куйдир мени хоҳла, хоҳла айла эъзоз.

265

Эй нозанин, уйқудан туриб айни саҳар,

Созингни чалиб, қадаҳ узатсанг ярашар.

Кетган кишилар қайтиб келмайди сира,

Қолган кишиларни ўйлама мангу яшар.

266

Биз уйқу-ю, еб-ичишдан эдик маъзур,

Этди эҳтиёжманд ўзига тўрт унсур[162].

Ҳар биттаси қайтиб олади берганини,

Ўз аслига тақдир яна эврилур.

267

Қуй майни заминни қопламиш оппоқ қор,

Май сингари порласин юзинг ҳам зинҳор.

Келтир икки уднию[163] хуш мажлис туз,

Куйдир биринию бирини чал, эй ёр!

268

Эй икки жаҳон сарвари бўлган одам,

Сен майни ичиш учун сира танлама дам:

Якшанбаю душанбаю сешанбада ич,

Чоршанбаю пайшанба, жума, шанбада ҳам.

269

Эй кўпни кўрган чол сочинг оппоқ,

Тупроқ билан ўйнаётган гўдакка боқ.

Айт унга бериб панд: “Оҳиста ўйна,

Парвез[164] кўзи, Кайқубод боши бу тупроқ”.

270

Сен ток қизи обрўсини тўкма асло,

Тўк қонини учраса мунофиқ аммо.

Минг-минг нокас қонини тўксанг ҳам,

Ерга бир томчи майни тўкма ҳатто!

271

Ё Раб, яратиб ўзинг гўзал ҳурларни,

Жисмига йўғирсангу мушк-анбарни,

Сўнг боқма гуноҳ бўлади деб ҳукм этсанг,

Бу ҳукминг, ахир, барча зулмдан баттар!

272

Мард, оқилу покларга қучоғинг очгил,

Кўрсанг ярамасларни узоққа қочгил.

Ич сенга заҳар тутса-да доно чўчимай,

Бол тутса-да нокас ичма ерга сочгил!

273

Зулму ситами ўтар жаҳондан чўчима,

Ўтар ғами ошкору ниҳондан чўчима.

Шод ўтказ нақд умрингнинг ҳар дамини,

Ўтган ўтди, келар замондан чўчима.

274

Санъатга нафис бу жомни ким йўймайди?

Товлаб меҳри, ўпиб сира тўймайди.

Ўзи ясаб уларни фалак кўзагари,

Ўзи яна то синдирмай қўймайди.

275

Майки, руҳ учун қуввату тоб дерлар уни,

Ғамхўри ҳар дили хароб дерлар уни.

Келтир менга тошдек икки жомни енгил,

Хайр об ўзи-ю нега шарр об дерлар уни?[165]

276

Бўлдим кулол дўконида бир муддат,

Кўрдим икки минг кўза қурар жим суҳбат.

“Ким бунда кўзаясару ким кўзаолар,

Ким кўзасотар?” деб қилишарди ҳасрат.

277

Эрта нима бўлишин билолмас ҳеч ким,

Ғам тўла дилинг қилма қувончдан маҳрум.

Ойдинда симир май, эй ой, оламни кезиб,

Топмаслиги бизни эрта ойнинг маълум.

278

Ҳар қанчаки бўлмасин муқаддас Қуръон,

У доим эмас, ўқилар аҳён-аҳён.

Бир оят бор аммо қадаҳ теграсида,

У ўқилади ҳар бир ерда, ҳар он[166].

279

Умринг ўзи икки кун ич тоза шароб,

Қайтиб келмас у сира ўтказ беитоб.

Билсанг, бу жаҳон тутар хароблик сари юз,

Сен ҳам кеча-кундуз яшагил масту хароб.

280

Ҳикмат чодирин тикар эди Хайём, оҳ,

Ғам кўрасига тушди-ю, ёнди ногоҳ.

Шарт узди ажал қайчиси умрин ипини,

Даллоли амал текинга сотди, э воҳ…

281

Ҳар нарсани аслида яратган Оллоҳ,

Йўл қўйдими, билмадим, хатога ногоҳ?

Яхши эса нега кетма-кет маҳв[167] этади,

Ёмон эса, айтинг, унда кимда гуноҳ?!.[168]

282

Гул бўлмаса, бизларга тикан ҳам етади,

Нур бўлмаса, оташ гулхан ҳам етади.

Гар бўлмаса, хирқа, хонақоҳу[169] шайхлик,

Зуннор[170], зангу бутхона деган ҳам етади.

283

Бу айлана дунёга келиб-кетгаймиз,

На боши, на охири аён нетгаймиз?

Бу тилсим сирига қачон етгаймиз:

Қайдан келдик, қайга сафар этгаймиз?

Айлана дунёга келиб-кетгаймиз,

На боши, на сўнги аён нетгаймиз?

Бу тилсим сирига қачон етгаймиз:

Қайдан келдик, қайга сафар этгаймиз?

284

Дунё тўзиган бу жисмимиз узра камар,

Дарё эса ёш тўла кўзимиздан асар.

Дўзах беҳуда оҳимиздан учқун,

Жаннат – бир дам осуда вақт магар[171].

285

Келди бугун навқиронлик чоғим,

Май ичса гўзал завқу суронлик чоғим.

Айб айлама, у агарчи аччиқ, хушдир,

Аччиқ уни этди ғам-фиғонлик чоғим[172].

286

Ўхшайди кумуш кўзага асли бу жаҳон,

Гоҳ суви ширину гоҳи аччиқдир, аён.

Умрим мана мунча деб ғурурланма сира,

Ҳар лаҳза ажал оти эгарлоқ бегумон[173].

287

Мол-дунё учун мунча чекарсан қайғу?

Кўрдингми жаҳонда яшаганни мангу?!

Бу тандаги ҳар бир нафасинг омонат,

Умрингга ишонч энг алдамчи туйғу[174].

288

Ўзинг берасан бандаларинг ҳожатини,

Сақлаб турасан яхши-ёмон нисбатини.

Тўкиб нима қилдим сенга кўнглим сирини,

Мендан кўра кўпроқ биласан ҳолатини[175].

289

Куфр оламидан динга қадар бир нафас,

Шак манзилидан чинга қадар бир нафас.

Хор этма азиз бу бир нафасни, чунки

Умринг ўзи ўлгунга қадар бир нафас[176].

290

Ҳар дашт аро лолазор ёниб товланади,

У шоҳ қонидан ранг олиб оловланади.

Бинафшанинг ҳар новдаси ердан унган

Ёр холи ва шунданми у кўп “овланади”[177].

291

Инсон умри асли-азал бир тутам,

Бас, шод яша сенга етса-да қанча ситам.

Ақл аҳли билан бўл вужудимиз асли

Тупроғу ҳавою яна олов ила нам[178].

292

Нодон оёғи остидаги бу тупроқ

Жонон юзи-ю, санам кўзидир чақноқ.

Бу қаср деворига урилган ҳар ғишт

Подшоҳнинг боши-ю, вазир қўли, боқ.

293

Соқий лаби дилни яйратар нақ ёқут,

Дарди юрагимга қувват, жонга қут[179].

Ким дарди тўфонига агар бўлмаса ғарқ,

Нуҳ[180] кемасидир унга мисоли тобут.

294

Эй чарх, адоват кеку кийнангдан,

Зулму бедод қадимий анъананг-да!

Кўксингни ёриб кўрсалар, эй ер сенинг,

Қимматбаҳо дурлар чиқарди кийнангдан![181]

295

Эй, сенга бу кун бахту саодат ёрдир,

Қўлинг нега май қадаҳидан бекордир?

Май ич, бу замона ғаними ғаддордир,

Бундай кунни топиш жуда душвордир[182].

296

Дунёда ҳақиқат гули ўсмайди нечун?

Йўқ лойиқ одам бу гулни ўстирмоқ учун!

Ҳар қанча уринма моҳият ўзгармас,

Бугунни десанг-да эрта, эртани бугун.

297

Эй Тангри, Каримсанки[183], каримлик бу карам,

Осийга насиб эмас нега Боғи Эрам?[184]

Тоат учун афв этсанг, карам бўлмас бу,

Айбимни кечирсанг, бу карамдир чинакам.

298

Оддийгина бир пиёлани ҳам, кўргин,

Синдиргиси келмас ҳатто маст ҳам чин.

Оҳ, қанча-қанча нозанинларни ким

Меҳр ила ясаб, синдиради айлаб кин?![185]

299

Хайём, гуноҳни деб бу мотам не учун?

Дема сира: ғам кўп, шодлик кам не учун?

Ҳеч битта гуноҳ бўлмаса, кимга керак афв?

Гар афв гуноҳ учун экан, ғам не учун?

300

Майса узра булут яна йиғлади боқ,

Дил қирмизи май бўлмаса, ҳеч бўлмади чоғ.

Бу майса бугун бўлди сайргоҳ бизга,

Кимга бўлади сайргоҳ бизнинг тупроқ?..

301

Хуррам бу замонда ким фароғат яшади,

Ҳақ берганига қилиб қаноат яшади.

Оддийгина, эркин, қўлидан тушмай май,

Ҳар бир дамини билиб ғанимат яшади.

302

Бу кўзада мардикор мудом сув ичади,

Шоҳ кўзи, вазир қўлига кўзи тушади.

Мастнинг қўлида кўрганинг оддий косамас,

Шўх кўзи, ширин лаби санамнинг ўшадир.

303

Ҳукмингда бугун, қўлдамас эрта аммо,

Дарду ғами эртанинг беҳуда савдо.

Ҳар бир нафасингни қилма зое асло,

Мангу яшаганни кўрмагандир дунё.

304

Ишқингда маломатдан қилмасман ор,

Ғофиллар ила талашмагайман зинҳор.

Мард аҳлига доридир муҳаббат қадаҳи,

Номард кишиларга у сира бўлмас ёр.

305

Сир пардасига топган эмас ҳеч ким йўл,

Олий бу ҳақиқатга сира етмас қўл,

Ер қаъри макондир оқибат – огоҳ бўл,

Ич майни бу хил афсоналар ҳаддан мўл…

306

Кездим шаҳару қишлоқ, тоғу саҳро,

Дунё иши ўнгланмади бундан асло.

Мен шунча азоб кўриб-да шодман умрим

Хуш ўтмаса-да, баҳарнав ўтди аммо.

307

Маълум эмас менга яратганда Худо,

Жаннатми, жаҳаннамними ё кўрди раво?

Ол нася биҳиштни менга нақд бўлса етар

Сув бўйида маъшуғу маю созу сафо!

308

Ҳаттоки гуноҳим кўпайиб кетгани дам,

Кофир каби лутфингдан умид бўлмади кам.

Мен маъшуғу май дедим саҳар оғриса бош,

Бутхонаю масжид демадим бир йўли ҳам.

309

Ориф назарида бир ёмону яхши,

Йўқ ошиқ учун жаннату дўзах баҳси.

Бедил кийим танламагай шолми, ипак,

Ошиқлар учун ёстиқми, тош фарқсиз.

310

Бизга маю маъшуқ, сизга бутхона,

Сиз – жаннати-ю бизга беҳишт бегона.

Айбим нимадир азал кунида қисмат

Мени яратиб қўйибди шўрпешона.

311

Бутхонаю масжидни етар ёд этган,

Ҳеч борми жаҳаннаму биҳиштга етган?

Боқ қисмат лавҳигаки, устоди азал[186]

Тақдирда нима бўлса, ўшанга битган.

312

Жаннатда, дегайлар, бўлса ҳур яхши,

Менга қолса, узум сувидир яхши.

Ноғора овозини узоқдан тингла,

Бас, насясидан нақди барибир яхши.

313

Руҳ оламидан замин сари келган он

Тўрт, беш, олти, еттига бўлурсан ҳайрон.

Май ич маълум эмас қаёқдан келдинг?

Шод бўл маълум эмас кетарсан қаён?

314

Тун этагини ой нури қилди пора,

Ҳар қанча ғаминг бўлса, шаробдир чора.

Шод бўл май ичиб, бу ой биздан сўнг ҳам

Ер узра сочиб нур айланар кўп бора.

315

Соқий, юрагим қўлдан агар кетгайдир,

Дарё жўш уриб, қайга қадар кетгайдир?

Дилтанг сўфий кибру ғурурга тўлган,

Май ичса бари қолмай асар кетгайдир.

316

Жамшид бу саройда айш этиб, ичган жом,

Энди туғиб оҳу, тулки олгай ором.

Ўтгайди қулон[187] овлаб умри энди

Ов бўлди қулон каби ажалга Баҳром.

317

Шаҳватни агар қилиб нишон кетгайсан,

Билгилки, ҳалокатга томон кетгайсан.

Ўзингга қара кимсану қайдан келдинг?

Англа – не қиларсану қаён кетгайсан?[188]

318

Аччиқми, ширин сўнгига умр етгайдир,

Ҳар ерда ажал жонинг олиб кетгайдир.

Қўлдан қўйма қадаҳни биздан сўнг ҳам

Ой ҳуснини кўп бор кўз-кўз этгайдир.

319

Дилда яшасин ҳамиша бир ҳурга ҳавас,

Қўлдан сира тушмасин узум суви-да, бас.

Тавба буюрар сенга Худойинг, дерлар,

Кўнглим, не қилай, тавбага ҳеч мойил эмас!

320

Осмону заминни яратган ул Зот,

Доғ устига доғ қўйди кўнгилга, ҳайҳот!

Эҳ, қанча ақиқ лаблару ой юзларни

Ер қаърига жо қилди бу қандай бедод?!

321

Дон сепди азал овчиси-ю дом қўйди,

Одам дея ўз ўлжасига ном қўйди,

Айлаб ўзи ҳар яхши-ёмонликни мудом,

Одамни қилиб ҳамиша бадном қўйди[189].

322

Доим бу фалакнинг иши зулму бедод,

Ҳеч бир кишини айламаган у дилшод.

Малҳам қўйиш ўрнига кўнгиллар доғига,

Доғ устига янги доғ айлар бунёд[190].

323

Кўнглим бир юзи гулга пайванд доим,

Май тўла қадаҳ қўлга пайванд доим.

Ҳар бир жуздан олай насибам чунки

То ҳар бир жуз кул(л)га[191] пайванд доим.

324

Мен хастаману дил имтиҳон қилгайдир,

Май бўлмаса, ҳолимни ёмон қилгайдир.

Ҳар нима еб-ичмай бу беморликда,

Майдан бўлаги жонга зиён қилгайдир.

325

Ҳар қанча менинг дарду ғамим бўлса узун,

Сенинг эса шодлигингга тор келса замин.

На унгаю на бунга ишон, чунки фалак

Парда ичида кўрсатади минг хил ўйин.

326

Ким ҳам қариликдан эзгулик кутгайдир,

Қирмизи юзингни заъфарон[192] ютгайдир.

Тўрт устуни жисмингнинг, тому эшиги

Бир-бир хароблик сари юз тутгайдир.

327

Кимнинг бу жаҳонда бор яримта нони,

Ё ўзига лойиқ бир уйи ошёни.

У қул ҳам эмас бировга, соҳиб ҳам эмас,

Айтинг: яшасин шод ўша хуш даврони![193]

328

Қилмоқни сиримдан бохабар хоҳлайман,

Сўзим бўлишини мухтасар[194] хоҳлайман.

Ҳажринг мени ўлдирганида меҳрингдан

Топмоқни яна жондан асар хоҳлайман.

329

Бир гул бу заминда унган эмас мутлоқ,

Ер қаърига тиқмаса фалак бир кун, боқ.

Тинмай ёғар эди қон қиёматга қадар

Сувдек кўтарилса эди кўкка тупроқ.

330

Ул косагар бош косасин бино қилди,

Ўз санъатини бу ишда пайдо қилди.

Бош косасини вужуд дастурхонига

Тўнтарганича лиқ тўла савдо қилди.

331

Йўқдир бу замонда ҳеч ақлдан фойда,

Ҳурматда ақлсиз киши ҳамма жойда.

Ақлимни олувчи ўша нарсани узат,

Шояд шу сабаб бўлса пичоғим мойда.

332

Умринг югуриб зумда, ажаб ўтгусидир,

Ҳар бир даминг ортига қараб ўтгусидир.

Эрта ғамини чекиб сиқилма, соқий,

Ич май кечалар бода сўраб ўтгусидир[195].

333

Кўзингни оч умри нозанин ўтмоқда,

Боқ, у нақадар зору ҳазин ўтмоқда.

Умрим бўйи билмадим нима айшу сафо,

Кун кўрмай умрим шундайин ўтмоқда.

334

Умрингдан ўтар экан сенинг ҳар бир дам,

Саъй айла ҳамиша ўтсин у шод-хуррам.

Сармоя умрдир бу жаҳон бозорида,

Қандай ўтказсанг, шу хил ўтар у ҳам.

335

Илм ичра етуклигига боқма ҳеч ҳам,

Боқ аҳду вафо ичра нечукдир одам.

Берган сўзининг устидан чиқса ҳар дам,

Ҳар қанча уни таъриф этсанг ҳам кам[196].

336

Ҳар куни ейишга битта нон бўлса тайин,

Синиқ бир кўзанг яна сув ичмоқ учун.

Ўзингдан пастларга мутелик нега?

Ўзинг кабиларга хизмат этмоқ не учун?

337

Сен ҳеч ғаму ғусса қўлига бўлма асир,

То ёнмасин андуҳ ўти ичинда бағир.

Девор кўтарилмай ҳали тупроғингдан,

Сув бўйи-ю, майсазор аро айла ҳузур.

338

Қўлим қадаҳу майни муқаррар тутгай,

Ҳайф бўлгай агар минбару дафтар тутгай.

Сен бир қуруқ зоҳиду мен ҳўл фосиқ,

Эшитган эмасман ўтга ҳўл бар[197] тутгай.

339

Иш аввалу оқибатини тузган Ўзи,

Душман ишини ҳамиша юргизган Ўзи.

Май ичган одам нега мусулмон бўлмас,

Манглайга шу қисматни, ахир, ёзган Ўзи?!

340

Ҳар кун тонгда қуёш чиқиб келган дам,

Соф май симириб, дилингни айла хуррам.

Ҳар қандай ҳолда ҳам ҳақ аччиқ дерлар,

Ҳар қандай ҳолда, бас, ҳақдир май ҳам.

341

Шод бўл, яна келмоқда ҳайит айёми,

Тайёр бўлади барча қувонч анжоми[198].

Беҳолликдан ой бўзариб, қадди хам,

Бу ранжу азобнинг энди қолмас номи.

342

Ишқ оташида куя-куя пок бўламиз,

Бир куни ажал чангалида йўқ бўламиз.

Қўлингни қовуштириб ўтирма, соқий,

Май келтир оқибат тупроқ бўламиз.

343

Ўткинчи амалларга асир бўлма сира,

Ҳар яхши-ёмонга хунбағир[199] бўлма сира.

Замзам[200] суви бўлди нима-ю, оби ҳаёт,

Ер қаъри маконинг мағрур бўлма сира.

344

Ўлим ваҳми ҳеч мени қўрқитган эмас,

Ўтган умрим бундан хуш ўтган эмас.

Бу жон Ҳақ омонати, олар вақт етса,

Омонат жондан дил вафо кутган эмас.

345

Ўстирма дилингда ғам ниҳолин ҳеч ҳам,

Шодлик китобин ўқиш керакдир ҳар дам.

Май ичу бажо айла дилинг хоҳишини,

Қанча яшашини билмагайдир одам.

346

Хуррамликдан энди фақат ном қолмиш,

Пухта дўстдан фақат майи хом қолмиш.

Шодлик қўлини олма қадаҳдан асло,

Содиқ бўлиб фақат маю жом қолмиш.

347

Инсон чекади беҳуда ғам-ташвишни,

Аслида унингсиз битирарлар ишни.

Ҳар нарсани доимо баҳона айлаб,

Этгайлар адо илоҳий хоҳишни.

348

Бу косани бир гўзал яратмишлару боқ,

Синдириб отибдилар кўчага бироқ.

Бу коса ясалган бошлар косасидан,

Топтаб уни, зинҳор устига қўйма қадам.

349

Лойимни қориб, қолипга солгани дам,

Қўшган Ўзи унга исён сувини ҳам.

Тўккан эса шу хилда мени қолипдан,

Бундан яхши бўлолмагайман сира ҳам.

350

Сочган кишилар ақл ила маъно дурини,

Очишга уриндилар Худонинг сирини.

Лек беҳуда сафсата сўқиб ўтди бари,

Ҳақ сирига ноил этмади ҳеч бирини.

351

Бир тоифа соф майга талабгор доим,

Бир тоифа тоатга тарафдор доим.

Ҳар бир киши бир ишга гирифтор доим,

Халқ уйқуда, ёлғиз Ўзи бедор доим.

352

Чарх отин эгарлаб, ясатган фурсат,

Берганда Сурайё[201], Муштарийга[202] зийнат,

Ҳал бўлди насибамиз азал девонида,

Бизда не гуноҳ шу хилда бўлса қисмат?!

353

Оҳ, дўсту яқинларим кетишди бир-бир,

Тупроқ қатини макон этишди бир-бир.

Май ичган эдик бирга ҳаёт базмида биз,

Афсус, барига ажал етишди бир-бир[203].

354

Бу тоифа ақлу идрок ичра танҳо,

Бор-йўқ ғами олдида иложсиз аммо.

Нодон бўлу, бор, узум сувидан қолма,

Етмай ҳали узумга майиздир доно.

355

Оламни қадам-қадам кезиб чиққанлар,

Ҳар икки жаҳоннинг илмини йиққанлар,

Эшитган эмасман шу кўриниб турган

Ошкор ҳақиқатдан ортиғин уққанлар.

356

Лойни пишитиб, кўза ясар аҳли кулол,

Ишлатса-ю ақлини, фикр этса хиёл,

Англар қўлида ота-боболар хоки,

Бунча уни тепмасди-ю, қилмасди увол.

357

Бир сўзни мудом уқтирар аҳли парҳез,

Қандай ўлсанг, шу хилда очгайсан кўз!

Шоядки қиёматда тирилсак шундай,

Деб биз маю маъшуқа биланмиз ҳар кез.

358

Дунёдан этиб тама, дилингни ёқма,

Ҳар яхши-ёмонига замоннинг боқма.

Ҳар дам ғанимат ушла санам зулфини-ю,

Беҳуда хаёллар оғушида оқма.

359

Ким ақли-ю, зеҳнига суянгай ҳар дам,

Сут орзусида ҳўкиз соғар бу одам.

Бундан кўра аблаҳ ҳам бўлган яхши,

Чунки ақлга сотмагайлар хас ҳам.

360

Биздан сўрамас қазо қалам сургани он,

Бас, мендан эмас феълимдаги яхши-ёмон.

Ўтди кеча менсизу бугун ҳам ўтади,

Маҳшарда жавобгар этса, ноҳақ бегумон.

361

Бир-икки жаҳолат майидан маст нодон,

Доно санаб ўзни, лоф урарлар чандон.

Эшшак бўл улар наздида эшшаклигидан

Кофир дейишар бўлмаса сени шул он[204].

362

Ёшми, қарими ҳаётда ҳар кимки яшар,

Бир-бирларининг ортидан бир-бир ўтишар.

Ҳеч кимга бу дунё мулки қолмас абадий,

Кетишди, кетармиз, яна келиб-кетишар…

363

Тарқалса хабар: очилди бир гул тоза,

Ёр, келтир, ичайлик майни беандоза.

Сўз очма ҳуру жаннату дўзахдан ҳеч,

Хотиржам бўл – булар бари оввоза.

364

Бу тоифанинг зуҳди[205] риёдир ҳар дам,

Жону тан аро топди тафовутни ҳам.

Бош узра хўроз аррасидай кўза қўйиб,

То тушгунича арра яшай шод, хуррам.

365

Келтирса бирини, бирини оп кетади,

Очмас сирини ҳеч ўзида қоп кетади.

Мавҳум ҳатто тақдир иши ҳам, гўё

Умринг қадаҳу майни У соп кетади.

366

Ҳарчанд ясаниб, кўзингни олса олам,

Боқма сира боқмас унга оқил одам.

Кўп келди-ю кетди сендайин оламга,

Олмай сени ола қол улушинг сен ҳам.

367

Шод бўл, ғамнинг чеки қачон бўлгайдир?

Юлдузлараро кўкда қирон бўлгайдир.

Тупроғинг ғиштидан ясалган уйлар

Бошқа кишилар учун макон бўлгайдир.

368

Ким мен каби бир аҳли сафо[206] бўлғусидир,

Наздида май ичишим раво бўлғусидир.

Ҳақ билган эди май ичишим асли-азал,

Бас, ичмас эсам ҳукми хато бўлғусидир[207].

369

Ўт ичра тушиб қолса-да оқил кишилар,

Ўт хавфини бартараф эта олур улар.

Нодон кишилар билан мулоқот қилма,

Нодон кишилар суҳбати бағрингни тилар.

370

Дунёга келишим эди асли қисмат,

Бўлди бу ҳаётда топганим бир ҳайрат.

Ночор яшаб ўтдим-у ҳеч англамадим

Бу келмаг-у кетмакдан недир мақсад?!

371

Ўткинчи муҳаббатда тароват бўлмас,

Кул босган чўғда бир ҳарорат бўлмас.

Ошиқ кишида кечаю кундуз ою йил

Орому қарор, ҳузур-ҳаловат бўлмас.

372

Май ич-вужудинг бир куни тупроқ бўлади,

Жом, кўза ясаб, кулол дили чоғ бўлади.

Бўл жаннату дўзах ғамидан хотиржам,

Доно дили бундан қачон доғ бўлади?

373

Ой, Зуҳра[208] фалакда бўлганидан пайдо,

Майдан яхши нарсани билмас дунё,

Ҳайронман майфурушга у майни сотиб,

Пулига нима олади майдан аъло?[209]

374

Ҳар лаҳза замон аҳли маломат этади,

Қилмай нима иш барчаси чаппа кетади.

Жон ҳам сафар азмини қилиб, менга деди:

“Шунча яшадим хароб бу уйда етади!”

375

Ўлсам мени тез кўминг мурувват айланг,

Ҳолимни замон аҳлига ибрат айланг.

Сўнг майга қориб хокимни ғишт ясанг-у,

Хум оғзига бостиришга ғайрат айланг.

376

Дунёда биров ёрга етишмас зинҳор,

Кўнглини замон ҳасрати қилмай абгор.

Кўз ташла тароққа: бағри бўлмай юз чок,

Ёр зулфига қўли етмагандир бир бор.

377

Қабр аҳлига боқ: бўлибдилар гарду ғубор,

Бир-бирига чирмашибди ҳар зарраки бор.

Оҳ, бу нима майки, уни ичган кишилар,

Ётар то қиёматга қадар масту хумор.

378

Толмас бахтга интилиб ақлинг зинҳор,

Ҳар куни у сенга уқтиради минг бор:

“Умрингни хуш ўтказ сен ўту майса эмас,

Бир ўрса агар кўкармагайсан такрор”.

379

Қўй фарзини, бўл бир ҳақиқатга иқрор:

Қизғонма таомингни бировдан зинҳор.

Қасд этма кимки молига-ю, жонига ҳеч,

Қолган барча гуноҳнинг ўз узри бор.

380

Бозорда кўриб қолдим кулолни бир кун,

Лойни пишитар роса тепиб, олмай тин.

“Мен ҳам сендай кулол эдим раҳм айла,

Дер нола қилиб лой, секинроқ тепгин”.

381

Минг йил яшасанг ҳам, оқибат, бўл иқрор,

Бу кўҳна саройни тарк этарсан ночор.

Ҳар иккисининг қиймати охир бирдир:

Тахт устида шоҳмисан, гадойи бозор.

382

Ғам-ғуссада дил бўлди хароб, келтиргил

Мушк исли, ақиқ тусли шароб келтиргил.

Ғамдан қутулиш чорасини истар эсанг,

Ёқут май, ипак чангни шитоб келтиргил.

383

Тут менга сопол косада ёқут каби май,

Ҳар бир кишининг маҳрами-ю матлаби май.

Тупроқ уйининг оқибати боду ҳаво,

Ким билса буни, ҳамиша истар табъи май.

384

Ёшлик чоғида ичса шароб яхши бўлар,

Маъшуғу маю созу рубоб яхши бўлар.

Ўткинчи жаҳон аслида уйқу-ю хаёл,

Бунда яшасанг масту хароб яхши бўлар.

385

Хум қопқоғи афзал Жамшид давлатидан,

Майнинг ҳиди афзал Марям[210] овқатидан.

Мастлар дилидан саҳарлаб учган ҳар оҳ

Афзал Бусаиду[211] Адҳам[212] тоатидан.

386

Ғам чекма, ҳаёт ташвиши битмас зинҳор,

Беҳуда хаёллар дилу жонга озор.

Сендан сўрамай ҳал айлаган тақдирни,

Бас, шод яша ҳар дамингни то фурсат бор.

387

Тонг чоғи тур ўрнингдан, озода йигит,

Биллур каби жом ичра тутиб бода, йигит.

Ўткинчи жаҳонда ғанимат ҳар бир дам,

Топмас киши излаб уни сўнг содда йигит.

388

Сен инсон қисматига ҳеч қилма ҳавас,

Қон ичмагу жон чекмак у чиққунча нафас.

Хуррам киши кетган бу жаҳонда яшамай,

Беғам кишини она ҳали туққан эмас.

389

Бизга бу фалакдан етгани жабру ситам,

Олгай бирини, бошқасини бергани дам.

Бу ранжу азобни келмаганлар билса,

Ғам тўла жаҳонга сира келмас эди ҳам.

390

Бас, чув туширар қачонгача маккор умр,

Май қуйқасини тутар мудом ғаддор умр.

Бу макру фириби дастидан ерга сочай

Май томчисидек то тугасин зинҳор умр.

391

Май ич кишига мангу ҳаёт бахш этади,

Ёшликни бутун вужудингга нақш этади.

Ёндирса-да ўт каби, ювиб дардингни

Кетишда оби ҳаёт[213] билан баҳс этади.

392

Гул фаслида ич ҳамиша гул рангли шароб,

Най нола қилиб, жўр бўлсин чангу рубоб.

Май ичсаму айш этсам мен дилдан шод,

Май ичмасанг, ич тошни шу сенга жавоб!

393

Бу кўҳна жаҳон туфайли чекма жуда ғам,

Беҳуда жаҳонни деб чекиш беҳуда ғам.

Ўтди бори, йўғи ҳали келган эмас,

Чекма йўғу борни ўйлабон қон юта ғам.

394

Ўткинчи жаҳондан улушингни ола қол,

Май ичу шодлик мулкида шоҳ бўла қол.

Гуноҳингу тоатингга Ҳақ муҳтож эмас,

Мақсадга етиб, қувонч созини чола қол.

395

Эй дил, бу жаҳон ичра дилингни яйрат,

Шодлик ила умринг боғига бер зийнат.

Шабнам каби қўнарсану гулга тунда,

Учиб кетасан яна тонг отган фурсат.

396

Ўткинчи жаҳон ташвишини кам ўйла,

Гўзаллар ила май ичу яйраб ўйна.

На зору тавалло фойда, на қаҳру ғазаб,

Қайтиб киши келмади уёқдан бўйла[214].

397

Дединг: “Нимадир асли бу ёлғон сурат?”

Сўзим чўзилар бирма-бир айтсам ғоят:

Пайдо бўлару сув юзида у бир дам,

Сув қаърига ботар яна ўтмай фурсат.

398

Тўйдим бу ҳаётдан тугамас ранжу азоб,

Дил танглиги, қўл қисқалиги қилди хароб.

Сен йўқни мудом бор қиласан, эй Тангрим,

Бор қил мени ҳам – банда дея айла ҳисоб.

399

Бордим кеча майхонага сархуш кеза,

Кўрдим бир маст чолни қўлида кўза.

Дедимки: “Худодан ҳеч уялмайсанми?”

Деди: “Ичавер май Худо ғамхўр ўзи!”

400

Мен қанча қилай арза бу нодонликдан,

Дил бўлди адо зору паришонликдан.

Энди уялиб, белимга зуннор боғлай,

Бу айбу гуноҳу бу мусулмонликдан.

401

Инсоф қадаҳида май жондир латиф,

Тан шишаси-да руҳи равондир[215] латиф.

Келмайди жаҳонда ҳеч нима тенг майга,

Майнинг ўзи бебаҳо жаҳондир латиф.

402

Пок оламдан келибди бўлиб меҳмон,

Дунё чархи ғуборидан холи жон.

Демасларидан: “Тунинг хайрли бўлсин!”

Тонгдан узатиб май, уни айла шодмон.

403

Бағрингни замона ҳар нафас қон этади,

Кўнглингга туганмас ғаму ғусса етади.

Чанг нағмаси остида қадаҳга чўз қўл,

Тақдир тоши эрта уни янчиб кетади.

404

Ёринг бўлса мисли баҳор чечагидек,

Тут этагини не азиз ёр этагидек?

Бир куни ажал ели келиб йиртмасидан

Умр кўйлагини худдики гул кўйлагидек.

405

Бир қуш кабимиз ҳар икки оёғида дом,

Дилхастаю бу ҳаётда, бечора мудом.

Оввора бу доирада йўқ эшигу том,

Етди на тилакларга, бажо бўлди на ком.

406

Ғофил бу кўнгил туфайли жонга келдим,

Бечора жон дастидан фиғонга келдим.

Дунёнинг иши менга қараб қолган эмас,

Бас, мен нима иш учун жаҳонга келдим?

407

Ҳақ хоҳламас асло менинг хоҳлаганим,

Ёқмас унга мутлақо менинг хоҳлаганим.

Тўғри бўлса унинг мудом хоҳлагани,

Доим бўлади хато менинг хоҳлаганим.

408

Муғона май[216] ичиб, маст бўлсам-бўлайин,

Ринд, ошиқу бутпараст[217] бўлсам-бўлайин.

Ўзимга аён кимлигим одамлар учун

Ҳар қанча баланду паст бўлсам-бўлайин.

409

Мен май рамазон ойида гар ичгайман,

Таън айлама бўлиб бехабар ичгайман.

Бу рўза азобидан куним тун бўлди,

Келмоқда дея вақти саҳар ичгайман.

410

Бир гўша-ю[218], бурда нонни қисмат билдим,

Жонимга тама кўзини офат билдим.

Дарвешликни севдим жону дилдан,

Дарвешликни жаҳонда давлат билдим.

411

Дедимки: “Май энди ҳеч қачон ичмасман!

Май ток қони, мен эса қон ичмасман!”

Ақлим деди: “Шу ростми?” Дедим: “Бу ҳазил,

Майдан нима кўрдимки зиён ичмасман?!”

412

Қўлимда агарда бўлмаса ёқут май,

Бўлғуси заҳар ҳар нимаки еб-ичмай.

Дунё ғами бир заҳар, шаробдир дафъи,

Ичганда заҳарни ҳам ютишга мен шай.

413

Борлиқ ила йўқлик зоҳири[219] менга аён,

Пастлигу баландлик ботини[220] ҳам бегумон.

Шунга қарамай бу билимим ҳайф бўлади

Мастлик мақоми сари юксалсам, ишон!

414

Мендан сиз олиб боринг Муҳаммадга салом,

Ўрнига қўйиб ҳурматини денг: “Эй имом,

Нега шариат ачиган айронни ҳалол

Қилди-ю, бироқ покиза бу майни ҳаром?!”

415

Мен ўзгага меҳримни сочарман қандай?

Ё бошқа муҳаббатга қочарман қандай?

Тарк этмаса ёш ёмғири бир дам кўзни,

Кўзимни бўлак юзга очарман қандай?

416

Қилмасман май ичсам-да мастлик сира ҳам,

Етмайди қадаҳдан ўзгага жабру ситам.

Мақсад шуки менга май ичишдан, билсанг,

То сен каби мен кибру ғурур айламасам![221]

417

Нафсим билан ишим туну кун жанг, не қилай?

Қилмишларидан бўлса дилим танг, не қилай?

Кечирса-да лутф этиб гуноҳимни Худо,

Ўзимни ўзим кечирмасам ман, не қилай?!

418

Олам ишин ошкору ниҳон кўргайман,

Ҳар нарсани беному нишон кўргайман.

Мен қайга назар ташламайин, ўзимнинг

Бечоралигимни бегумон кўргайман.

419

Бир киши чиқиб замон-замон дейди: “Бу мен!”

Бойлигини кўз-кўз этибон дейди: “Бу мен!”

Барча иши ривож топиб турганида,

Ўлим келади-ю, ногаҳон дейди: “Бу мен!”

420

Қўлимда тиниқ шароб бўлсин доим,

Қошимда наю рубоб бўлсин доим.

Тупроғимдан кўза ясар бўлса кулол,

У тўла шароби ноб[222] бўлсин доим.

421

Бир куни ажал қўлига тушсам ночор,

Бўлсам пати юлинган қушдек абгор.

Тупроғимдан фақат ясангиз кўза,

Майнинг ҳидидан зора тирилсам такрор.

422

Кўп деб менда айбу гуноҳу исён,

Ҳеч узма умидингни кечиргай Раҳмон.

Маст уйқуга кетсанг-да бугун афв этади

Эрта тўзиган суякларингни осон.

423

Ёшлик чоғи толиби устод бўлдик,

Устод бўлиб ўзимиз кейин шод бўлдик.

Тупроқдан бўлган эдик ул кун бунёд,

Тупроққа кириб бул кун барбод бўлдик.

424

Пок келдиг-у йўқликдан, нопок бўлдик,

Шод келган эдик, бироқ дили чок бўлдик.

Дил ўтини ўчирдик кўз ёши билан,

Елга бериб умримизни хок бўлдик.

425

Сендан кўра, эй муфти[223], омилкормиз[224],

Сендан кўра, май ичсак-да, ҳушёрмиз.

Биз ток қонини ичамиз, сен эл қонини,

Хўш, қай биримиз қонхўру золим бормиз?!

426

Афсуски, беҳуда хароб бўлдик биз,

Чарх дастидан хоки туроб[225] бўлдик биз.

Минг дарду надоматки, бир лаҳзадаёқ

Мақсадга етолмайин сароб бўлдик биз.

427

Эй дўсту яқинлар, қўйинг эрта ғамини,

Қадрига етинг умрнинг ҳар бир дамини.

Бу кўҳна жаҳонни эртага тарк этсак,

Аждодлараро топармиз жон ҳамдамини[226].

428

Дунёга иккинчи марта келмас одам,

Топиб эски дўстларини бўлмас жам.

Қадрига етайлик ҳар дамнинг, балки

Бир куни етолмасмиз шу дамга ҳам.

429

Шоҳ тахти-ю тожини мўмайга сотамиз,

Тўн, саллани бўлса, чангу найга сотамиз.

Тасбеҳ фириб лашкарининг элчисидир,

Ногоҳ уни бир пиёла майга сотамиз.

430

То қўлни бериб қўлга, эмасмиз ҳамдам,

Шодлик оёғи остида янчилмас ғам.

Тонг чоғи саҳарлик майни қилма канда,

Бу тонг отаверар биз ўтиб кетсак ҳам.

431

Кўп қийнама ризқу рўз дея жонингни,

Ет қадрига қўлингдаги ҳар онингни.

Тут косани майга тўлатиб эрта кулол

Коса қилмай хоки паришонингни.

432

Булбул ўқигай бугун достон-достон,

Қўлдан қўйма қадаҳни ларзон-ларзон.

Очилди гулу ғунча, қани, чиқ уйдан,

Қил бир неча кун сайри бўстон-бўстон.

433

Ғамхона жаҳонда инсон қисмати шу:

Жон чиққунича чекмоқ дарду қайғу.

Хуррам дили ким жаҳондан ўтди дарҳол,

Беғам киши дунёга ҳали келмади-ку!

434

Нокаслар хизматини қилма асло,

Пашша каби ҳар луқмага қул бўлма ё.

Кўн озига-ю, чекма биров миннатини,

Ўзга нонидан жигаринг қони аъло.

435

Эй дунё деб елиб-югурган туну кун,

Қўйдинг унутиб ҳисоб кунини не учун?

Йиғ ақлу ҳушингни, яхшилаб ташла назар:

Чарх ўйнади бошқалар билан қандай ўйин?!

436

Йўқ бу тўгарак жаҳонга ҳадду поён,

Ундан баҳра топди икки инсон:

Ё яхши-ёмонидан хабардор бўлган,

Ё бехабар ўзи-ю жаҳондан ҳар он.

437

Кетдим бу жаҳоннинг иши зулму бедод,

Худдики шамолдир нима қилсанг бунёд.

Ким бўлса ажалнинг панжасидан озод,

Бўлсин ўшанинг кўнгли ўлимимдан шод.

438

Ор бизга яхшиликда бўлмоқ машҳур,

Чарх жабру ситам этса, тутармиз маъзур.

Узум сувидан маст бўлиш афзал минг қур,

Ўз тоату зуҳдига бўлишдан мағрур.

439

Дерлар менга: “Май ичишни камроқ қил, кам,

Борми сабаби май ичишингнинг ҳар дам?”

“Ёрнинг юзи-ю, саҳарлик майдир сабаби,

Борми яна бир кучли сабаб бундан ҳам?!”

440

Каркас[227] каби сўнгакка қаноат қилсанг,

Нокас нонини ейишдан афзал, билсанг.

Миннатли асалга кўз тикишдан яхши

Ўз арпа нонингдан айланиб-ўргилсанг!

441

Ғам қўлига берма шод дилингни ҳеч ҳам,

Кулфат тошига учрамасин ҳар хуш дам.

Эрта нима бўлишин билолмас одам,

Бас, маъшуғу май билан яша хотиржам.

442

Ё Раб, ўзинг ошуфта дилим, маъзур тут!

Ғамдан жигарим тилим-тилим, маъзур тут!

Майхонага чопган бу оёғимни кечир,

Май косасига ўч шу қўлим маъзур тут!

443

Соф майни ичу овла гўзаллар дилини,

Зоҳиднинг ибодатидан афзал бил уни.

Жаннат юзини кўрармикан бир кимса,

Ҳукм айласа дўзахга майхўр элини?!

444

Еч кўзни қамаштирувчи тўнни, дарвеш,

Суратга эмас, маънога қил ўзни эш.

Бор, эски фақр шолини[228] кий эгнингга,

Султон каби сўнг айла кўнглингни хуш.

445

Бечора дилим хастаю ҳам вайрона,

Ишқдан ҳушёр тортмади жонона.

Тутганлари кун ошиқликнинг майини,

Тўлди жигарим қони билан паймона[229].

446

Тингла мени, эй кўпни кўрган доно,

Қилма беқарор чарху фалакка парво.

Ўзингга макон тутиб қаноат буржин,

Кўр қандай ўйинлар ўйнашини дунё.

447

Кўр бўлмасанг, эй кўз, кўргил мозорни,

Фитна уйи бўлган олами ғаддорни.

Қурт оғзида ой каби гўзал юзларни,

Ер қаърида подшоҳу вазир, сардорни[230].

448

Бир тоифанинг ҳукмидадир мазҳабу дин,

Бир тоифанинг кўнглидадир шакку яқин[231].

Ногоҳ таралар ғойибдан бир овоз:

“Эй ғофиллар, на ую на буниси чин!”[232]

449

Бир ҳўкиз бор фалакда, оти Парвин[233],

Ер остида бошқа битта ҳўкиз тутқун.

Ақлинг кўзини очу қара синчиклаб,

Қўш ҳўкиз аро қанча эшак бор кўргин.

450

Май ич, бу фалак бизни ҳалок этгусидир,

Қасд айлаб у жонга, дилни чок этгусидир.

Ўлтир кўм-кўк ўт узра, соф майдан ич,

Ўт унсин учун бизни-да хок этгусидир.

451

Бу жон танимизни тарк этган чоғи,

Бағрига олар бизни бировлар хоки.

Ғишт бўлади кейин бировлар гўрига

Бир кун бизнинг-да жисмимиз тупроғи.

452

Май ичсанг, ақлдан бегона бўлма,

Бировни ранжитиб, девона бўлма.

Май ичсанг, бўлма ақлдан бегона,

Ҳеч қилма жаҳолатга дилингни хона.

Биллур каби май ҳалол бўлишин тиласанг,

Ранжитма бировни, бўлма девона.

453

Дунёда гуноҳ айламаган ким бор, айт?

Мумкинми гуноҳсиз яшамоқ зинҳор, айт?

Сендан-да ёмонликка ёмонлик қайтса,

Борми фарқ ўртамизда, эй Жаббор, айт?!

454

Май эскими, янги биз харидор доим,

Дунёни сотишга хасга тайёр доим.

Май беру қаёққа юборай деб сўрама,

Ўзингда-ку эрк, бандаси ночор доим.

455

Камтарлигидан бўлди эл ичра достон,

Сарв ила суман, билсанг агар, эй инсон.

Юз қўли билан бирови этмас тама,

Юзта тили бўлса-да, бири жим ҳар он.

456

Беҳуда билимлардан қочган афзал,

Бағрингни гўзалларга очган афзал.

То тўкмасидан фалак сенинг қонингни,

Тупроққа қадаҳ қонини сочган афзал.

457

Бир томчиси кўҳна майнинг ўзи давлат,

Майдан ўзга нарсага қилма рағбат.

Май хумига етмайди Фаридун[234] тахти,

Хум ғишти эса Кай[235] мулкидан қиммат.

458

Майдан бўлаги бўлгани яксон яхши,

Тутса қўлингга майни-да жонон яхши.

Бўл масту қаландару хароб қултум май

Ҳар икки жаҳонидан-да чандон яхши.

459

Ё Раб, мени шундайин яратган сен ўзинг,

Маъшуғу маю созга қаратган сен ўзинг.

Қориб зувалам азал кунида шундай,

Дўзахни пешонамга-да битган сен ўзинг.

460

Жисмимиз тарҳини чекибсан шундай,

Юз бир ҳавас уруғин экибсан шундай.

Бундан яхши бўлолмагайман асло,

Чунки мени қолипдан тўкибсан шундай.

461

Бир чол кўрдим маст уйқуга кетган,

Ақл уйидан шак гўшасига етган,

У май ичару маст бўлару бир сўз дер:

“Ҳақ бандаларига доимо лутф этган”.

462

Соқоли билан супурса майхонани ким,

Бир четда ёмон-яхшини кузатса у жим.

Тўқнашса тўпу чавгондек[236] икки жаҳон,

Тўпиғига чиқмас унга ўз кайфи муҳим.

463

Бир томчи эдик пушти камарда пинҳон,

Шаҳват ўтидан жаҳонга келдик ул он.

Ҳар бир нафасинг-ни май ичиб, ўтказ хуш,

Эрта учирар тупроғимизни тўфон.

464

Афсуски, ўтди умримиз беҳуда,

Шум нафсимиз едирди ҳаром гоҳида.

Амрини бажармайин гуноҳкор бўлдим,

Ҳақ олдида юз қора-ю, дил қайғуда.

465

Ғамдан тиришар қачонгача пешона?

Ғам-ташвиши қолсин бошидан ордона!

Бизнинг қўлимиздамас бирор-бир ишимиз,

Тақдирга берар тан оқилу фарзона[237].

466

Ўйингда қачонгача намозу рўза?

Майхонада айшингни сур ичиб бўза[238].

Хайём, ичавер майни, қиларлар бир кун

Тупроғингни гоҳи қадаҳ, гоҳ кўза.

467

Эй бехабар, олам ишига боқ ҳечсан!

Бошу охиринг аслида тупроқ ҳечсан!

Икки йўқлик ичида жисминг ҳудуди,

Тегранг йўқлик, ўртада мутлоқ ҳечсан!

468

Умр истама олтмишдан ортиқ сира ҳам,

То маст, бўлмай ҳеч ерга қўйма қадам.

Қўйнингда кўза, қўлингда коса бўлсин

Бош косасидан кўза ясалмай то бу дам.

469

Бир куни кулолнинг ишига тушди назар,

Чарх олдида тик турганича кечга қадар,

Султоннинг боши-ю гадой калласидан

У кўзасининг даста-ю бўйнини ясар.

470

Май тўла кўзамни чил-чил этдинг-ку, Худо!

Айш эшигини менга бекитдинг-ку, Худо!

Оғзим тўлатиб тупроққа, мастмисан-ей,

Бошига ақиқ майимни етдинг-ку, Худо!

471

Тонг отганидан, жаҳонда ким бахтли киши,

Майни ичару ҳеч нимага бўлмас иши.

Юз Жамшиду Кайни тиқди тупроқ қатига

Ёзу куз ўтиб, қишу баҳорнинг келиши.

472

То тўрт мучанг бут экан, ема сира ғам,

Тақдир уйидан ташқари ҳеч қўйма қадам.

Ён берма агарда душманинг Рустами Зол[239],

Дўстинг Ҳотам[240] бўлса, унга бўлма қарам.

473

Фоҳишага шундай деди бир шайхи кабир:[241]

“Сен масту бузуқсан бўлиб нафсингга асир!”

Фоҳиша дегай: “Мен-ку сен айтгандайман,

Ўзингнинг ичинг ташинг каби покми, ахир?”

474

Эй етти-ю тўрт[242] туфайли топдинг-у низом,

Шу етти-ю тўрт туфайли оввора мудом.

Минг марта қулоғингга қуйдим: май ич,

Қайтиб сира келмассан, кетдингми тамом!

475

Қишлар ўтиб, ортидан баҳорлар етади,

Умринг варағин ҳар бири йиртиб кетади.

Май ичу ғам ема донишманд айтар:

Дунё ғами заҳру май уни даф этади!

476

Бўлсайди адолат бу фалакнинг ишида,

Уйғотар эди ишонч у ҳар кишида.

Дунё ишида ҳам адлу инсоф бўлса,

Бўлмас камлик фазл аҳли турмушида.

477

Эй кошки бир осуда макон бўлса эди,

Олис бу йўл охири аён бўлса эди.

Кошки минг йилдан сўнг ер қаъридан

Орзу гулдек унар замон бўлса эди.

478

Маълум эди бошингга тушар савдо азал,

Йўлингдаги ҳар бир ғову ҳар бир ғавғо азал.

Сендан сўрамасдан қисматинг бошдан-оёқ

Ҳал қилган эди Худо ўзи танҳо азал.

479

Қўлингда экан қудрату имкону мадор,

Қолдирма биров кўнглида бир зарра ғубор.

Ҳусн давлати ҳеч кимга вафо қилган эмас,

Бир кун сени ҳам у йиғлатиб кетмоғи бор.

480

То бохабар экансан ҳар асрордан,

Эй дўст, нега қайғу чекасан бекордан?

Тақдир иши қўлингда эмас, ҳар лаҳза

Шод бўл, наф йўқ беҳуда оҳу зордан.

481

Эй, тингла, кулол, агарда бўлсанг ҳушёр,

Одамлар хокини хор этма зинҳор!

Кайхусрав кафти, Фаридун бармоғин

Чархингга қўйибсан, айт, нима қасдинг бор?!

482

Май кўзасининг бировга тегмас зарари,

Тўлдиру қадаҳга май, узат менга, пари!

Ҳар дам ғанимат бизни ҳам ўлсак агар

Кўза қилади эрта фалак кўзагари.

483

Бир айб тақашар агарда топсанг шуҳрат,

Хилватга чекинсанг-ку қиларлар ғийбат.

Ҳеч кимга танилмай, танимай ҳеч кимни,

Осуда яшашга етмагайдир мингбаъд!

484

Даврон ғамидан қачонгача қон бўласан,

Кўзи тўла ёш, кўнгли паришон бўласан.

Ич майни-ю, сур айшни-ю, шод юр доим,

Бу доирадан бир куни гумдон бўласан.

485

Дерлар менга: май ичма, бу жонга офат,

Майхўрга жаҳаннам ўти бўлгай қисмат.

Ҳақдир бу, бироқ икки жаҳонга арзир

Май ичсанг-у сархуш юрсанг бир фурсат.

486

Бас бўлса кийим танда, яна ичгали май,

Маъзур киши бу иккиси деб айласа саъй.

Дунёдаги бошқа нарсалар, билсанг агар,

Умрингни бағишлашингга ҳеч арзимагай!

487

Золимлигинг ўзингга аён, эй дунё,

Сен зулму ситам хонақаҳида танҳо.

Неъмат берасан ёмонга, яхшига азоб,

Душман деса кам сени, эшаксан ҳатто!

488

Жисмимни менинг билса агар хос соқий,

Топса ўзига ҳар феълим мос соқий,

Май берса, ичиб барчасидан кечгайман,

Ҳаддимдан оширса мени бехос соқий.

489

Сабр эт бу фалак жабрига, бўл бепарво,

Май ич, сени куйдирар оловдек дунё.

Тупроқ эди аввалинг-ку, охир ҳам шу,

Рад айлама, тупроқ сенга қисмат танҳо.

490

Тут қўлга ақиқ майин равон, эй соқий,

Турсин жўш уриб кўзада қон, эй соқий.

Йўқ менга бу дунёда шу майдан ўзга,

Бир маҳрами поку меҳрибон, эй соқий.

491

Кошки эди бу жаҳонга мен келмасам-ей!

Келгач уни тарк этишга шошилмасам-ей!

Кошки эди ғам тўла хароб дунёга,

Ҳеч келмасам-ей, турмасам-ей, ўлмасам-ей!

492

Гар бўлса муяссар менга буғдой нони,

Бир кўза шароб билан семиз қўй сони,

Қўйнимда санам бўлса-ю, вайрона ватан…

Топмас бу сафони ер юзин султони!

493

Кўнглимга фалак очди сирини пинҳон:

“Тақдир ишини тўнкама менга, инсон!

Ўз айланишим агар қўлимда бўлса,

Чарх урмас эдим мен бу қадар саргардон…”

494

Айтай бир ҳақиқатни агар берсанг йўл:

Қирмиз маю оқбадан малак бирлан бўл!

Оламни яратган зотнинг дарду ғами

Бизнниг бу сочу соқолимиздан мўл…

495

Бир ғамгин кўнгилни қила олсанг шод,

Афзал бу жаҳонни айламоқдан обод.

Бир дилни асир қилсанг агар меҳрингдан,

Яхши минг асирни айламоқдан озод.

496

Зотингни билишга топмади ақл илож,

Тақво-ю гуноҳимга эмассан муҳтож.

Исёндан мастману умиддан ҳушёр,

Яъни лутфинг умиди бошимга тож.

497

Кўтар қадаҳу кўзани, эй нозли нигор,

Жаннат каби яшнаган гўзал гўшага бор.

Ғаддор бу фалакка одамизод хокидан,

Бўлмиш қадаҳу кўза ясаш касбу шиор.

498

Бу ҳусну жамолни қайдан олдинг, дилдор?

Юзингни очиб, ойни уялтирдинг зор.

Байрамда фақат безар гўзаллар ўзни,

Сенинг эса байрамни безар ҳуснниг бор!

499

Қўллайди хасисларни фалак ҳам ҳар он,

Бахш этади ҳаммому уйу тегирмон.

Бир луқма таомга зор саховат аҳли,

Бўлса эди яксон бунингдек даврон.

500

Соф май қадаҳ ичра туради хотиржам,

Ақл оёғига банду тушовдир ҳар дам.

Ичган киши майни сира топмайди омон,

Мастлик бу моҳият намойиши ҳам.

501

Йўл узра тузоқ ниҳону ошкор қиласан,

Ким юрса балоларга гирифтор қиласан.

Бир зарра жаҳонда холимас ҳукмингдан,

Ўзинг буюриб, ўзинг гуноҳкор қиласан.

502

Кўзимни қаёққа ташламай, дил яйрар,

Дашту далалар худди биҳиштга ўхшар.

Кавсар каби сувлар оқади нағма билан,

Жаннат ўзи шу бўлса ёнингда дилбар!

503

Тўпдек тақдир зарбаси остида нуқул,

Гоҳ ўнггаю гоҳ чапга учарсан демагил.

Ким бизни бу ҳолга солди боисини ҳам

Ул билга-ю, Ул билга-ю, Ул билга-ю, Ул!

504

Ўлигу тирик иши қўлингда ҳар дам,

Соҳиби пароканда бу оламни ҳам.

Ҳар қанча ёмон эсам-да бир бандангман,

Менда не гуноҳ шу хил яралган бўлсам?!

505

Жамшид жоми деб қанча югурдим елдим,

Кундуз-кеча уни деб юракни тилдим.

Таърифини устоздан эшитгач, ўзим

Ул жоми жаҳоннамо эканман билдим[243].

506

Ҳар лаҳза қўлингда бўлсин май тўла жом,

Шодлик ишини пиширади шу майи хом.

Ўткинч жаҳон сенга эмас мангу мақом,

Олгил бу ҳаётдан ўз улушингни тамом!

507

Ташвишу ғаминг сира тамом бўлган эмас,

Қўлингга муродинг қуши ром бўлган эмас,

Дунё ишида ҳеч интизом бўлган эмас,

Ҳеч кимнинг иши қойилмақом бўлган эмас.

508

Эй ранжу азоб сени эзибди жуда,

Мунча чекасан жаҳон ғамин беҳуда.

Сен ранжу азобдан излама осойиш,

Сен ғам есанг, ўзгалар бўлар осуда.

509

Зотинг сени пок айбу гуноҳдан зинҳор,

Минг бир парда сенга муҳофиз[244] бедор.

Менинг эса парда ичра минг айбим бор,

Бўлмас фазлинг туфайли улар ошкор.

510

Эй жон, дилингни чок қилма кўп ҳам,

Эй ой, ўзингдан тоғни билма кам.

Сен ўйлаганингдан кўра ҳам қисқа умр,

Олдингга туганмас иш қўймас ҳеч дам.

511

Елкангга фалак агарда қўйса хизмат,

Бўйнингга ола кўрмаки, сўнгги ҳасрат.

Дил берма жаҳонга ҳеч, сени маст айлаб,

Ёр бўйнига ўзга қўл солар берухсат.

512

Бугун бошинг косаси жойида то,

Ич косада май топиб дўсти доно.

Минг косани, шоҳ-гадо бошидан бўлган,

Бир май қадаҳига эрта олмас ҳатто.

513

Энг яхшиси бандаи майи хом бўлайик,

Куйган кишилар қатори бадном бўлайик.

Ҳал бўлган азалда нима қандай бўлиши,

Бас, эрта ғамига не учун ром бўлайик?!

514

Хайём, чиндан танинг мисоли чодир,

Тан шоҳу унинг мулки эса дунёдир.

Шоҳ ҳукмига кўра эрта фарроши азал

Бузиб уни, тиклар ўзга ерда моҳир.

515

Маъшуқ юзини қилди намоён, соқий,

Май таркини айлама бирор он, соқий,

Қуй майни қадаҳларга фаровон, соқий,

Ҳал бўлган азал барчаси пинҳон, соқий.

516

Солмас нима ҳайратга, эй ўғлон, сўйла?

Дунё ишини борми билар жон, сўйла?

Ким кечани ўтказди-ю шодон, сўйла,

Эртаси куни йиғламади қон, сўйла?!

517

Масжид на муносиб менга, жаннат на раво,

Қандай ясаган мени билар ўзи Худо,

Осий дарвешман ё тубан битта гадо,

На мулку на хулқ, умиди лутфи-да адо.

518

Ҳар битта замонда аҳли доно бўлган,

Ҳар битта замонда аҳли дунё бўлган.

Тупроққа аёғингни авайлаб ташла,

У илгари бир кўзлари шаҳло бўлган.

519

Инсонликдан агар нишон қолгайдир,

Жаҳд айла, шу сендан бегумон қолгайдир.

Ғам чекма, май ич – жаҳон ғамин есин ўша,

Ўлмай сира ким мангу омон қолгайдир.

520

Аҳдим шу: яна қирмизи майга етайин,

Май рангига чеҳрамни-да ҳамранг этайин.

Бир мушт тушириб қайсар ақлим юзига,

Ҳушдан айириб, уйқуга солиб нетайин.

521

Жаннатда қилувди ваъда Ҳақ майни мудом,

Ҳар икки жаҳонда майни ким қилди ҳаром?

Ҳамза[245] туяси туёғин кесган эди маст,

Маън этди Расул майни фақат унга тамом.

522

Соқий, орни четга сурайлик энди,

Зуҳд шишасини тошга урайлик энди.

Ҳақгўй ҳаким сўзини тингла, мутриб[246],

Чанг торини маст узиб юрайлик энди.

523

Кўкдан юқори равоғу даҳлиз йўқдир,

Биздан бошқада ақлу тамиз йўқдир.

Ғам чекма сира ҳеч нарсанг йўқлигидан,

Сен бор деганинг аслида ҳар кез йўқдир.

524

Олдида ажалнинг ғову қалқон ҳечдир,

Бу дабдабаю бойлигу даврон ҳечдир.

Ҳар яхши-ёмонини жаҳоннинг кўрдим:

Бир яхшилигидан ўзга ёлғон, ҳечдир[247].

525

Бир дардки ажал, унга сира йўқ дармон,

Ҳар шоҳу вазирга қилади у фармон.

Кирмон шоҳи ер эди Кирмон мулкин,

Емоқда унинг ўзини энди Кирмон[248].

526

Тупроққа қўйиб бошини ухлар деҳқон,

Соқий, қани қуй дил май истар ҳар он.

Орзу юзидан гарду ғуборларни сидир,

Ер қаърида қанча-қанча орзу пинҳон.

527

Диллар бари сув бўлди-ю, жонлар бари қон,

Қолди у ҳақиқат парда ортида ниҳон.

Илмингдан ақл ожиз, ҳар икки жаҳон

Сенга тўла-ю, Сендан йўқ ному нишон[249].

528

Жамшид жоми бобида ожизсан, ишон,

Таҳқиқ ўрнига этасан шубҳа ҳар он.

Боқ май ича: ҳар зарраси бу тупроқнинг

Бир ойинаи жаҳоннамодир бегумон[250].

529

Бу кўҳна фалак остида биз бечора,

Биз мисли чумоли, чарх тешик тоғора.

Қўрқуву умид манзилидан ғофилмиз,

Ҳўкизу эшакдан гумроҳ, овора[251].

530

Бошингга нима келса, буриштирма юз,

Қўлдан нима кетса, эзма бағринг ҳаргиз[252],

Ўткинчи жаҳондан улушинг ол ҳар кез,

Ҳар лаҳза ажалнинг қиличи чунки тез.

531

Зоҳид зуҳди бўлди зиён зиён, эй соқий,

Қадр этди амални ким, қачон, эй соқий?!

Қуй майни қадаҳларга равон, эй соқий,

Ҳал бўлган азал бари ниҳон, эй соқий.

532

Сайёралар ўз буржида[253] тенг ҳар асно,

Ҳар хил кишилар тақдири ерда аммо.

Чарх иши азал шу бор, дилингни қил шод,

Сен деб яратишмас сира бошқа дунё.

533

Дунёга киши келгуси-ю кетгусидир,

Бундан бехабар бағрини қон этгусидир.

Ёлғону яшиқни сўзламай нетгусидир,

Ҳақнинг сирига банда қачон етгусидир?!

534

Қўлидаги ҳар бир косаси махмурнинг[254],

Мастона юзи, ақиқ лаби суқсурнинг.

Сув ичган ҳар бир кўзаси фақирнинг,

Шоҳнинг кўзи-ю, юрагидир вазирнинг.

535

Ҳар кунки, бу олам сари офтоб етади,

Бир кунини умримизнинг олиб кетади.

Нақдини ўғирлар умримизнинг ҳар тонг,

Гар ўғри эмас, машъала тутиб нетади?

536

Бизга шу замин ибодатхона тушди,

Ҳар банданинг у дўзахи-ю, биҳишти.

Бугун сувини ичганинг ушбу кўза

Эрта бўлади мозоримизнинг ғишти.

537

Чарх айланиши ҳамиша айлар ҳайрон,

Ақл ожиз унинг моҳиятидан ҳар он,

Жабридан эмин эмас ҳеч бир инсон,

Шўрлик вужуди мудом ғамидан ларзон.

538

Ақлинг ила қандайин тириклик қиласан?

Беҳуда дилингни кеча-кундуз тиласан!

Устод бўлади сенга муғомбир бу фалак,

Бошингга урар боплаб ўшанда биласан.

539

Инсон мизожини яратган кунда,

Қандай тилаган бўлса, яратди шундай.

Ким кўп тиласа, бўлди тилакка банда,

Сен кам тила оқибат аён-ку кундай.

540

То бир киши бу жаҳонни ташлаб кетмас,

Ўзга бу тириклик оламига етмас.

Афзал яшашим масту аласт, чунки фалак

Гоҳ қўллару гоҳида назар ҳам етмас.

541

Бу дунёда кўп каму кўсти нуқсон,

Шундай яратилган у бўлма ҳайрон.

Ҳақ йўлига ноҳақликни қўйди қатор,

Тақдирда нима бўлса бўлар шу ҳар он.

542

Май ич, югурик умр шитобда ҳар дам,

Майнинг зарари йўқ-ку бировга ҳеч ҳам.

Аксинча унинг фойдаси бордир, билсанг,

Ўзингни унуттирар у ичсанг бир дам.

543

Эй хожа, тириклик ғами деб бўлма ҳалак,

Кўп кўрди сену мен кабиларни бу фалак.

Дунё нима бўлса-бўлсин сенга нима?!

Умрингдан улушингни ол-у, бузма пинак.

544

Ҳар жилвага бир назар этиб бўлмайди,

Ҳар нарсага ўздан-да кетиб бўлмайди.

Ҳодий[255] сари йўл-ку юздан ортиқ аммо,

Ҳеч биттасидан Унга етиб бўлмайди.

545

Дунё ишига қўшди ҳар ким ҳиссасини,

Қўй, тинглама ҳеч беҳуда бу қиссасини.

Тонг чоғида май ич то узун тунларнинг

У кетсин олиб барча ғаму ғуссасини.

546

Бу дунёда бақо оёғи ларзон,

Ҳар бир ишнинг бошида аҳли нодон.

Бор гап бўлишинг жудо ширин айшингдан,

Аччиқ эса-да хуш ўтгани соз ҳар он.

547

Жисмингга ишонма сира, одам, ҳечдир,

Гирд айлана ушбу саҳни олам ҳечдир.

Бу кўҳна фалакнинг остида, бўл хуррам,

Бир лаҳзага боғлиқмиз-у, ул ҳам ҳечдир.

548

Бу май дармон ким бўлса донишманд,

Эски сафол ичра уни қўйманг банд.

Ҳайф шундай яхши майни доно қолиб,

Нодон мудом ичса-ю, бўлса хурсанд.

549

Бу тоифа мол йиққали саъй этгусидир,

Жам айлар улар қўлига не етгусидир.

Менга эса ақл айтар: яхши еб-ич,

Ноз-неъмати дунёнинг ўтиб кетгусидир.

550

Тақдир кулоли роса тепди гилимиз,

Ювди бу фалак сўнгра занги гилимиз.

Хавфим шуки, ҳал бўлмай бир мушкулимиз,

Биздан холи қолгуси бу манзилимиз.

551

Бу янги дашт ичра биз эски деҳқон,

Шодлик ҳосилини ўрармиз ҳар он.

Бу дашти фанода лоладек қисқа умр,

Бир лаҳза кулиб, ерга бўлармиз пинҳон.

552

Эй тонг нурининг манбаи шу оқ юзинг,

Офтобни асир айламиш-ей моҳ юзинг.

Қошинг эшик оғаси-ю, боғлаб бел,

Гўёки қилар хизмати шоҳ юзинг.

553

Тоғорага ўхшаш бу фалак айланади,

У асли-азал шу иш учун сайланади.

Боқ: қўлида бор ўроғи янги ойдек,

Умринг ҳосилин ўриш учун шайланади.

554

Ич майни, хисоби озгина бўлгусидир,

Май бирла айшинг созгина бўлгусидир.

Жаннат умидида май ичмас сўфий[256],

Ўйларки, макони хосгина бўлгусидир.

555

Ер остида яхши майни асрар деҳқон,

Қуй менга – дилим тилар шу майни ҳар он.

Гардини арит аста тилакнинг юзидан,

Ер остида қанчалаб тилаклар пинҳон.

556

Инсонга бағишларми май қайта жон,

Шундан юз ўгирмас оқил ундан ҳеч он.

Майнинг зарари йўғу фақат фойдаси бор,

Бир дам унутиб ўзни, топарсан дармон.

557

Фируза фалак тутмади ҳеч тоза шароб,

Шундан тиланармиз қилиб оввоза шароб.

Бўлмайди муяссар сира сизнинг қўлдан

Бош косасида қилсак бир кўза шароб!

558

Совурма ҳавога умринг бир дамини,

Май ич-у, ема сира ақлнинг ғамини.

У яхши-ю, бу ёмон деса, тутма қулоқ,

Ҳеч ўйлама дунёнинг кўпу камини.

559

Майхонага қилганча шитоб етдим мен,

Дунёда ёмон-яхшини тарк этдим мен,

Бир хас каби ўйнатса бу дунёни шамол,

Бир арпага тенг билмай уни кетдим мен.

560

Бир лаҳза эмиш бу олам манзилимиз,

Бўлди ситаму дарду бало ҳосилимиз,

Ҳал бўлмади, афсуски, бирор мушкулимиз,

Кетдик ғаму ҳасратга тўлибон дилимиз.

561

Ҳеч чопма эшикдан-эшикка бекор,

Ҳар яхши-ёмон билан келишмоқ даркор.

Тақдир тоши агар фалак тахтасига

Қандай тушса, ўзгармас у зинҳор.

562

Ғамхона жаҳон шодликка тўлди-ку бас,

Ҳар бедор дил айлар саҳрони ҳавас.

Ҳар бир шохда Мусо[257] қўли товланади,

Ҳар битта нафасда барқ урар Исонафас[258].

563

Чолғувчию маю дилдор бўлса агар,

Ҳам оби равону майсазор бўлса агар,

Бундан ортиқ бўлармикан, ўйлаб кўр,

Жаннат дегани чиндан бор бўлса агар?!

564

Қўлимда эмас эди жаҳонга келишим,

Қўлимда эмас қачон жаҳондан кетишим.

Соқий, қани, бел боғла жаҳоннинг ғамини

Лозим менинг май ила ювиб кетишим.

565

Сенинг ўлиминг аслида бир боралиг-ей,

Бир марта ўл, бу нима бечоралиг-ей?

Боқ: қону нажосату яна томиру пўст,

Арзийдими унга шунча ғамхоралиг-ей?![259]

566

Тупроқки, туёғи остида ҳайвоннинг,

Кафти-ю санамнинг, юзидир жононнинг.

Ҳар бир ғиштки, кунгираси айвоннинг,

Бармоғи вазирнинг ё боши султоннинг.

567

Дунёсида бойлигим агарчи бир тош,

Шу тош-да менга май туфайли йўлдош.

Дерлар менга: “Йиққанинг қани эрта учун?”

Йўқ эди-ку Марямда ҳам ҳеч бир лош![260]

568

Умрингга бу май ўзга ҳаёт бахш этади,

Тўлдир қадаҳинг бошга гар оғриқ етади,

Тут менга жаҳон иши бари афсона,

Шошил, бу ҳаёт лаҳзада ўтиб кетади.

569

Гар йўқ дилида меҳру муҳаббатдан асар,

Йўқ фарқи у кофирми, художўйми агар.

Жаннатдан фориғу дўзахдан озод,

Ишқ дафтарига кимнинг номини битар.

570

Май ички, ҳамиша қуввати руҳдир у,

Осойиши жону дили мажруҳдир у.

Ҳар ёндан босиб келса ғам тўфони,

Майдан паноҳ изла кемайи Нуҳдир у.

571

Май тут, санамо, жаҳони ранжу ғамдир,

Шодлик гули май туфайли хуш-хуррамдир,

Ёшлик ўтига ишонма, у бир дамдир,

Бедорлиги бахтнинг уйқуга ҳамдамдир.

572

Дунёда нимаки айладим жам ҳечдир,

Қўлимдаги умрим ҳосили ҳам ҳечдир,

Шодлик шоми ҳам ёнди-ю бир дам ҳечдир,

Жам жоми эдим, топдиму барҳам ҳечдир.

573

Андоза олибди, эй, юзингдан насрин,

Чин ҳурлари ҳам юзингдан олган нурин,

Бобилга[261] бериб шаҳ ғамзанг, четлашмиш,

Оту руху филу пиёда, фарзин.

574

Ул кунки, ҳаётимиз дарахти сўлади,

Бир-биридан аъзолар айри бўлади.

Тупроғимиз айланса-да май кўзасига,

Жонга киради агарда майга тўлади.

575

Бу тоифа дунёга келиб хуш бўлди,

Май ичди-ю, шод бўлди-ю беҳуш бўлди,

Бир куни ўчиб овози хомуш бўлди,

Тупроқ қатида бари ҳамоғуш бўлди.

576

Дунё аҳли мисли фалак зарралари,

Кўкдан иниб, ер қаърига сингар бари.

Чарх этаги-ю, замин қучоғин, хуллас,

Маҳшаргача тарк этмас одам болалари.

577

Кон юлдузу сайёрага кўк айвони,

Ҳар лаҳза ақл аҳли унинг ҳайрони.

Сен ақлинг асосини йўқотма асло,

Бу тоифа олам сири саргардони.

578

Майдан мардлик, қувонч, илиқлик етади,

Бангдан[262] совуқлигу қуруқлик етади.

Май ичса агар юзи қизаргай кишининг,

Кўкатдан эса ранги сариқлик етади.

579

Бу тоифа мансабга ўтирган маҳкам,

Жон ташвишини улар чекишмас ҳеч ҳам.

Ким ўзларидек ҳирсу тама бандасимас,

Энг қизиғи шундаки, санашмас одам.

580

Май қўлда-ю, сув бўйида бўлган яхши,

Шодлигу қувонч кўйида бўлган яхши.

Чунки бу азиз умр ўзи ўн кундир,

Хуррам яшамоқ ўйида бўлган яхши.

581

Эй соқий, агар кирса қучоғимга санам,

Тутса май эмас, оби ҳаёт дам-бадам

Ҳақ Зуҳра муғаннию[263] Масиҳо[264] ҳамдам,

Шодлик татимас, бўлмаса дил хотиржам.

582

Ёш тўкди келиб ўт узра йиғлоқи булут,

Шод этгали дилни қирмизи бодани тут.

Шул сабза каби кўзни қувонтиргувчи

Оромгоҳ ўлур бизнинг-да гулзори вужуд...

583

Гап-сўз шаҳар ичра ҳар қачон бўлгайдир,

Дерлар ёрнинг феъли ёмон бўлгайдир.

Яхши кишидан сира ёмонлик чиқмас,

Шод бўл, оқибат яхши нишон бўлгайдир.

584

Хок оламида бўлиш керак гўёки хок,

Бир куни ажал барчани этгуси ҳалок.

Оламга бугун агарчи бўлсанг устун,

Эрта сени ўз оғушига олгуси хок[265].

585

Донойи фалак дилда не сир билгусидир,

Ҳар сўзу ишингни, бўл ҳазир, билгусидир.

Сен гар бешу олти деб турибсан бунда,

Қандай қиласан, У бирма-бир билгусидир[266].

586

Дардингга қидирма ўзгалардан малҳам,

Дил дардига ҳар нафас ўзинг бўл маҳрам.

Ёлғиз ўтир, ўз ғамингни чек ёлғиз ўзинг,

Ўзингга топилмайди ўзингдек ҳамдам[267].

587

Таън этма у дунёдан агар қўрқарман,

Жонимни беришдан шу қадар қўрқарман.

Ўлим-ку ҳақ, аммо гуноҳим кўпдир,

Ўйлаб шуни, мен шому саҳар қўрқарман[268].

588

Сен кибру гурурни сира ҳам этма ҳавас,

Кибр ила биров бир ерга етган эмас.

Ҳурлар сочидек шикасталик[269] одат қил,

Минг дил сенга мойил бўлади ҳар нафас[270].

589

Кўн борига-ю, Ҳақни этиб ёд яша!

Дил берма такаллуфга-ю, озод яша!

Ғам чекма сира кўриб ўзингдан бойни,

Сендан-да фақирларни кўриб шод яша![271]

590

Тоинки ажалнинг жомидан маст бўласан,

Бу ҳодисалар калтагидан паст бўласан.

Сармоя шу дунёда йиғ, у дунёда

Йўқ фарқи фақирми ё забардаст бўласан[272].

591

Эй дил, тан гардидан агар пок бўласан,

Арш узра руҳдек ғайри идрок бўласан.

Арш узра маконинг-у, уялмай не учун

Токай асири дунёи хок бўласан[273].

592

Дунёда муродингга етарсан нима сўнг?

Умр номасини хатм этарсан нима сўнг?

Юз йил яшадинг, дейлик, орзунгга кўра,

Дунёсидан оқибат кетарсан нима сўнг?[274]

593

Эй дилга ёмонлик уруғин жо қилган,

Тавба қилиб энди, афв таманно[275] қилган.

Сен афвга умид боғлама, зинҳор бўлмас

Қилган қилмаган, қилмаган гўё қилган[276].

594

Эй, қуввати жисми нотавонимсан Ўзинг,

Жону дилим Ўзингу дилу жоним Ўзинг,

Мавжудлигим, ному нишонимсан Ўзинг,

Мен сенда йўқ бўлдим аёнимсан Ўзинг[277].

595

Ҳақ жону жаҳоннинг-у, жаҳон бўлса бадан,

Бу танни(нг) сезиш ҳисси малак жинси билан.

Бор жонсизу жонли мавжудот аъзосидир,

Тавҳид шу-ю, қолган бариси ҳийла экан[278].

596

То тушмагунича бошингга иш ема ғам,

Ким кўзлар узоқни, ташвиши кўп чинакам.

Ўзингга жаҳонни танг этма сира ҳам,

Шод бўл, ғам ила бўлмас ризқинг кўпу кам[279].

597

Эй дўст, ўтсин десанг агар вақтим хуш,

Шайтон каби кимсаларга очма оғуш.

Бир гўшага кир-у, қил шариатга амал,

Тиззангга қўйиб бош фикр эт бўлса ҳуш[280].

598

Золим фалак эзгуликка шайланмади ҳеч,

Инсон тилагига кўра айланмади ҳеч.

Йўлдан уриш одамни иши асли-азал,

Солишга бировни йўлга сайланмади ҳеч[281].

599

Қушман сир оламидан этган парвоз,

Нокас ўқидан юксакка учсам соз,

Бу ерда тополмадим бирор маҳрами роз,

Кирдим бу эшикдан ундан чиқдим боз[282].

600

Яхши еб-ичиш орзуси ҳеч бўлмас оз,

Тўрт унсур сендан шуни истар қиш-ёз.

Сенга нима берса ҳар бири олгай боз,

Қайтиб яна аслингга бўларсан ҳамроз[283].

601

Қўзғолди жаҳонда сени деб фитна-фироқ,

Дарвешни яқин тутдинг-у, бойларни йироқ.

Сен ҳаммага сўзлайсан-у, кардир ҳамма,

Сен ҳамма билан-у, ҳамма кўрдир бироқ[284].

602

Ҳақни тиласанг, хотину фарзанддан кеч,

Мардона бўл авлоду пайванддан кеч,

Ҳар нарса бу дунёда йўлингга банддир,

Банд ила юриб бўлмас йўл банддан кеч[285].

603

Бир куни завол топгуси ҳар олти томон[286],

Шунда маърифат қутқаради сени, ишон.

Сен ҳусни сифат иста қиёмат кунида

Шу ҳусну сифат шаклида бўлгайсан аён[287].

604

Шундай йўл юр биров саломат демасин,

Шундай яша эл ичра, қиёмат демасин.

Шундай бор масжидга борар бўлсанг агар,

Ҳеч ким: “Ўт-у тўрга, қил имомат!”[288] демасин[289].

605

Ҳар майса, гиёҳ Ҳақдан нишона берар,

Ҳақ санъатидан садаф дурдона берар.

Муштоқ барча даргоҳи остонасида,

Ўз лутфини то кимга у жонона берар[290].

606

Хотиржам ўша кимни агар эл танимас,

Қилгай на суфу[291] на шоҳи, на фўта[292] ҳавас.

Ҳар икки жаҳон узра учар симурғдек[293],

У мен каби вайронадаги бойқуш эмас.

607

Хайём, бу фалак агарда чодир ёяди,

Сенинг ҳаётингга сўнгги нуқта қўяди.

Май кўпигидек вужуд қадаҳига яна

Соқийи азал минг бир Хайём қуяди.

608

Айбу гуноҳим кўпидан иймон қолмас,

Бут аҳлини(нг)[294] бозори-да яксон қолмас.

Мезонга[295] агар ортса гуноҳим юкини,

Қўрқарман: қиёмат куни мезон бўлмас!

609

Бердим тириклик умидида барбод

Умримни бирор-бир кун ҳам бўлмай шод.

Қўрқарман бермайди омон деб умрим,

Ҳар қанчаки қисмат қўлидан қилмай дод.

610

Йўқ наф сенга тоат айласам-да ҳар он,

Етмайди гуноҳимдан-да бир нуқсон.

Сенга барибир эмасми шундай бўлгач,

Эрта оласанми ёинки кеч жон?!

611

Майхонада май билан таҳорат оласан,

Бадном бўлсанг, ёмонлигингча қоласан.

Чок бўлди чунон номусимиз тўники, бут

Бўлмас сира энди қанча ямоқ соласан.

612

Кўрдим иморат бошида бир одам,

Лойни тепар эди пишитиб мустаҳкам.

Лой нола чекарки: “Тепма мунча қаттиқ

Бир кун шундай тепки ейсан сен ҳам!”

613

Ҳеч кимса азалнинг сирига етган эмас,

Ўз фитратидан ташқари ҳеч кетган эмас.

Кўрдим кузатиб: толибми ё устод,

Туғма ожизлигини тарк этган эмас.

614

Эй хожа фақиҳ, сен бу жаҳондан бехабар,

Банд айлар ўзини не билан аҳли назар?

Бу тоифа сўйлар Ҳақу Ҳақ санъатидан,

Сенга эса иш фисқу фасод шому саҳар.

615

Тонг тунни қувиб, сочди нурин ҳар ёққа,

Май ич ҳаёт арзимайди ғам чекмоққа.

Бизга ўгириб юз ҳали кўп тонглар отар,

Биз-чи, ётамиз юз ўгириб тупроққа.

616

Дейсан неча “Ёсин”у[296] барот[297], эй соқий,

Майхонага ёз менга барот, эй соқий.

Майхонага этсалар баротимни менинг,

Етмас у кунга шоми барот, эй соқий.

617

Худди бехабардек бор бўлсанг бохабар,

Ичмоқ тиласанг азал шаробидан агар.

Сен бехабару бехабарлик ишинг эмас,

Ҳар бехабар одам ҳам бўлмас бехабар.

618

Май бўлса етар менга, яна паймона,

Бир луқма таому арпа нон бир дона,

Ёр бўлса-ю ёнимда, макон вайрона,

Етмайди бунга минг мулки шоҳона!

619

Қилма тама дунёдан, юр шод-хурсанд,

Даврон яхши-ёмонидан уз пайванд.

Бир қўлда май, бир қўлда ёр зулфини тут,

Қилмайди вафо умринг уринма ҳарчанд.

МУНДАРИЖА

Эргаш Очилов. Қатрада уммон акси .................................... ..................

Рубоийлар ......................................................................................................

Умар ХАЙЁМ. ҚАДАҲДАГИ СИР (Таржимон, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи: Эргаш Очилов). 118 б.

Умар хайём

ҚАДАҲДАГИ СИР

Муҳаррир

Бадиий муҳаррир

Техник муҳаррир

Мусаҳҳиҳ­лар

Компьютерда тайёрловчи

Босишга рухсат этилди Бичими

Таймс гарнитурасида офсет усулда босилди. Шартли босма табоғи

Нашр табоғи . Нусхаси .

Паҳлавон Маҳмуддан Матназар Абдулҳаким таржималари

РУБОИЙЛАР

***

Келгил, сени, бандам, не учун рад қилғум,

Давлат берибон, уммати Аҳмад қилғум.

Рост йўлға равон бўл, сени раҳмат қилғум,

Пок ниятинг айт, қабул албат қилғум.

***

Ўз мулкида пойидор нур сочғучи сен,

Ғофил дилидан айни саҳар қочғучи сен,

Қилғил бари мушкулим кушод, ҳолим танг,

Қайдаки берк эшик, барин очғучи сен.

***

Ўт, сув, ҳаво, тупроқ ила имдод этдинг,

Ғам қаърига ташладинг, ишим дод этдинг.

Зор айламасин мени ўзингдан ўзга,

Қудрат бер ўзинг, ўзингки бунёд этдинг.

***

Эй, эшигинг тупроғи бир олтин тож,

Тожингга бўлиб сенинг бари шаҳ муҳтож.

Тулпоринг уза хабарчи бир Жабройил,

Бундан яна юксалиб муборак меърож.

***

Ўргимчак инин фалак либос этмоқчи,

Бир-бир бари дўст ер тубига кетмоқчи.

Чарх қоидаси шу бўлса, эрта-индин

Бир-бир келибон, бизга-да гал етмоқчи.

***

Сен феъли бадимни халқдин пинҳон қил,

Мушкул барини қошимда сен осон қил.

Шодманки бугун, эрта не қилсанг ёзғут,

Ундан-да тағин улуш бериб, шодмон қил.

***

Ҳукминг ила бад ҳамон менинг аҳволим,

Бермайди менга омон менинг аҳволим,

Эй хожа, хабар олмасанг аҳволимдан,

Тобора ёмон-ёмон менинг ахволим.

***

Минг дард чекибон, қадди камонинг менман,

Парвона сифат фидойи жонинг менман,

Гар бўлмаса васлинг, оҳ, муяссар, жоним,

Пойингда қолиб, ранги сомонинг менман.

***

Чун ойни хира қилгучи тобонинг бор,

Гулзор ила баҳс этар гулистонинг бор,

Бир лаҳза ҳаялламай совут тешгувчи

Ҳар биттаси бир найзаки, мужгонинг бор.

***

Каъба қора тоши дардларим дармони,

Йўқ Каъбага борган кишининг армони,

Гар қора тошингдан ўпич олсам, ёр,

Айб этма, шудир, ахир, худо фармони.

***

Зулму итобларингдан кеч, кўнглим учун,

Кўнглим ки тугун, сен ани еч, кўнглим учун.

Мен кўнглинг учун ўзгага бермам кўнглим,

Сен ўзгага берма кўнгил ҳеч кўнглим учун.

***

Бердинг-ки, қаноат, мис эдим, зар бўлдим,

Сўнг нури яқийнинг-ла мунаввар бўлдим.

Хўб куйди ёниб барча ғараз бир бошдан,

Холис яралишга мен муяссар бўлдим.

***

Ё Раб. Карам эт, фаромушу хор бўлмай,

То ёру биродарга сира зор бўлмай.

Жой бердинг, ахир, беш-ўн кун остонангдан,

Мен бошқа эшикка ҳеч талабгор бўлмай.

.

Раббим, лутф айлагин, сира хор бўлмай,

Ёру биродарга сира зор бўлмай.

Остонангдан менга жой бердинг, шукур,

Бошқа эшикка ҳеч талабгор бўлмай.

***

Қилмишларим, оҳ, заҳри гуноҳ тоттирди,

Ҳам феъли баъдим хижолат, оҳ, тортирди.

Файз бермакчи эди юракка қутлуғ олам,

Лекин бу юрак ўзи фасод орттирди.

***

Йўқликка вужуд амринг ила қўйди қадам,

Сирри ниҳонларни, эй, қилғучи рақам.

Қилганда жазо куни қора номамни,

Айлама навмийд... раҳмдил-ку қалам.

***

Кўнглингга маним кўнглими мос айла, кўзим,

Бегонадан ўзни сен халос айла, кўзим.

Ихлос ила остонама кел бир тонгда,

Бахт топмас эсанг, сўнг эътироз айла, кўзим.

.

Бизларни ўзингга ёр-ҳамроз айла,

Бизни ҳам ўзингни сарафроз айла.

Ихлос билан келгин бахт илинжида,

Агар бахт топмасанг, эътироз айла.

 

***

Мулзамман, ахир, неъмати бисёр сендан,

Навмид эмасман ҳечки, кирдор сендан.

Хоҳла оловда ёқ мени, хоҳ лутф эт,

Мен сендану, жаннат сендан, нор сендан.

***

Ўлтирди кўзинг ҳам омий, ҳам олимни.

Боғлайди сочинг ҳам одил, ҳам золимни.

Бир кулганда лабинг, Қаъба ила маъбаддан

Айлайди халос ҳам солик, ҳам солимни.

***

Ўлтирди кўзинг ҳам олим, ҳам омийни,

Йўқ қилди сочинг не яхшилар номини.

Бир кулдию лаъл лабинг чиқарди ҳайдаб

Узлатидан Боязид Бистомийни.

***

Оқшом чоғи ёр ётган эди уйқуда,

Ҳусн боғида гул тердим ажиб туйғуда.

Тонг қушларини уйқусидан уйғотдим,

Қилдим кераг-ов шу ишни, оҳ, беҳуда.

***

Дил ойна бўлиб етди юзи ойингга,

Етди тароқ зулфи сумансойингга.

Оҳ, сурма бўлиб кўзингга етган хокман,

Ундан тўкилиб тушсам эди пойингга.

***

Дунёни ҳамиша бевафо кўрмишман,

Ҳам ўзни ғарибликда адо кўрмишман.

Ҳар кимки жамъ этган эрса Қорун молин,

Маҳшар кунида ани гадо кўрмишман.

.

Фойда-ю нафи йўқ садо бўлма ҳеч,

Оҳу воҳлар қилиб адо бўлма ҳеч.

Дунёнинг молига бўлиб маҳлиё

Машҳар айёмида гадо бўлма ҳеч.

 

***

Шамшод қадинг заминга оро бўлғай,

Тим қора сочинг жаҳонда ғавғо бўлғай.

Маҳшар куни боқмаса қиё фаттонинг,

Бир-бир бари эл залил, расво бўлғай.

***

Олам бари хуснинг била, ёр, жонондир,

Ҳажрингда жаҳон завол топиб, гирёндир.

Қон тўкса, хунимни олмагум ҳеч кимдан,

Ошиқ бари қон тўкиб, санго қурбондир.

***

Қошимдан ўшал сарви хиромон кетди,

Кўзлардан оёқ остима кўп қон кетди.

Қошимға, келиб раҳмики, қайтмас эрса,

Айлангки ҳисоб–танимдаги жон кетди.

***

Бил, барча нифоқ, чарх, кийнангда сенинг,

Жанжал барига сабаб хазийнангда сенинг,

Юлдуз бари калбаки, ёриб кўксинг оч,

Чин дурлар аён бўлғуси сийнангда сенинг.

***

Йўлингда асо – қуруқ таёқ, айт, не керак,

Йўлингда юрак юрар, оёқ айт, не керак.

Ҳар қанча қоронғу бўлса-да ушбу йўл,

Иймон била равшанки, маёқ, айт, не керак.

.

Йўлингда асо-ю таёқ не керак,

Қалбимиз мардона – оёқ не керак.

Қанчалар қоронғу бўлса ҳамки йўл,

Имон билан равшан – маёқ не керак.

 

***

Ҳасратли бу танда дард султон бўлди,

Дарёи аламга ғарқ ширин жон бўлди.

Ишқинг бу фалак, учиб юрак лочиндек,

Қўнмоққа илож топмади ҳеч, қон бўлди.

***

Май била мушки тар лабин очганидир,

Ўйлаш уни кўздан уйқунинг қочганидир.

Сут тўлган идиш чеҳраси, сабз хатти эса

Зулфи–илон, сутга заҳар сочганидир.

***

Ошиқ бу юрак ёри вафодорсиз хун,

У бўлса, керак эмас шароби гулгун.

Умр ёри вафодорсиз ўтиб бормоқда,

Тутди хумори кўп, У афюн .... афюн...

***

Бўлғайми баҳор сўлим? Билиб бўлмас ҳеч,

Етгайми унга қўлим? Билиб бўлмас ҳеч.

Бор умрини ухлаб ўтказибдур бахтим,

Уйқуми бу ўлим? Билиб бўлмас ҳеч.

***

Кўнглим уйи ҳар лаҳзада равшан у билан,

Бурро бу тилимда шавкату шаън у билан,

Яшнайди юрак баҳор бирлан у билан,

Ҳам бўлди кўнгил дашти, ки, гулшан у билан.

***

Эй талх, ширинликка нажотинг йўқ ҳеч,

Дилташнаману, оби ҳаётинг йўқ ҳеч.

Зотингда на фитна бор, на шўриш, ғавғо,

Таъм мулкида бир тотли ижодинг йўқ ҳеч.

***

Икки кўзингда фитна, ёр, ухлаб ётар,

Икки сочингда икки дор ухлаб ётар.

Ноз-ишвалисан. Тилинг заҳар. Остинда

Бўлганча шай уйғонишга мор ухлаб ётар.

***

Чеҳрангни ҳусн мулкида гул-гул қилдинг,

Сайратдингу бизни, маст булбул қилдинг.

Сочингни тугун-тугун қилиб, эй дилдор,

Сен парчаладинг, юракни чил-чил қилдинг.

***

Ҳақ раҳмати деб биларман сен ойимни,

Топмоқ тилагум дилингда ўз жойимни.

Шод этмасин, айт, нечун мени қошинг, ёр,

Кўнглимни биларсан, кўриб авзойимни.

***

Бир бахт, ки, бахти бериё сендандир,

Кўнглимки қоронғудир, зиё сендандир.

Содиқ дилу, тоза меҳр ҳам лутфи қадийм

Бу барчаси биздану, дуо–сендандир.

***

Ўртаб мени, денгизни жимирлатма, шамол,

Тинч сув бетидек топди анинг хусни камол.

Уммондаги сув парисимас ёр акси,

Ғойиб бўла кўрмасин, ки, сувдан у жамол.

***

Эй нури чароғ мисли бу тақдир сеники,

Ҳам яхши дуо бирла бу таъсир сеники.

Оламни азиз номинг ила қилди баланд,

Лутфи шаҳаншоҳи жаҳонгир сеники.

***

Ёлғон эса сўз маъниси, гулдек у сўлар,

Майга қадаҳ, маънига чин сўз тўлар.

Дилда Худога бўлса ишқинг қанча,

Кўнглингда сенинг шунча Худо файзи бўлар.

***

Ком ила нокомни, чу, омухта қилиб,

Оламни ақлга жойладинг нуқта қилиб.

Инсон чала бир нусха эди сернуқсон,

Қилдинг-ку мукаммал сен уни пухта қилиб.

...



[1] Ғ а ф у р Ғ у л о м . Рубоийлар // Асарлар. Ўн жилдлик .8-жилд. – Тошкент, 1976. 412–бет.

[2] Қаранг: К о з м о я н А.К. Рубаи в классической поэзии на фарси. Ереван, 1982. С. 79.

[3] А м и но в А. Жанр рубаи и советская лирико-философиская поэзия. – Душанбе, 1988.С. 29.

[4] Ўша ерда. 24-бет

[5] К о м и л о в Н. Хайёмнома \\ Тафаккур карвонлари. Тошкент: “Маънавият”. 189-бет.

[6] Рубоийлар муаллиф таржимасида берилмоқда. Муҳаррир.

[7] Р а д и й Ф и ш . Жалолиддин Румий (Тарихий-биографик роман). Жамол Камол таржимаси. Тошкент, 1986. 86-бет.

[8] Абдулла Ориповнинг “Шарқ юлдузи” ўқувчилари саволларига жавоблари // “Шарқ юлдузи”, 2006, 1-сон, 22-бет.

[9] К о м и л о в Н. Хайёмнома. 187-бет.

[10] Б р а г и н с к и й И. 12 миниатюр. Москва, 1966. С. 152153.

[11] Ш о м у ҳ а м е д о в Ш. Ҳофиз Шерозий (Ҳаёти ва ижоди). Тошкент, 1965. 64-бет.

[12] А б у А б д у л л о ҳ М у ҳ а м м а д и б н И с м о и л а л – Б у х о р и й . Ал-жомиъ ас-саҳиҳ (Ишонарли тўплам). Тўрт жилдлик. 1-жилд. – Тошкент, 1991. 19-бет.

[13] Ахлоқ-одобга оид ҳадис намуналари. Тошкент, 1990. 62-бет.

[14] Бу ҳақда қаранг: Ш о м у ҳ а м е д о в Ш. Умар Хайём (Ҳаёти ва ижоди). – Тошкент, 1962. 28-бет.

[15] Қаранг: Ф а р и д у д д и н А т т о р. Ҳикматлар ва ҳикоятлар (Нашрга тайёрловчи Э.Очилов). Тошкент: “Муҳаррир”, 2010. 315−316-бетлар.

[16] Ш о м у ҳ а м е д о в Ш. Умар Хайём. 49-бет.

[17] Бу ҳақда қаранг: Ш а р и п о в Ж. Ўзбекистонда таржима тарихидан. – Тошкент: “Фан”, 1965. 192-193-бетлар.

[18] Қаранг: А б д у р а у ф Ф и т р а т . Форс шоири Умар Хайём. 157–169-бетлар

[19] С а л о м о в Ғ. , К о м и л о в Н. Жаҳонгашта рубоийлар // Таржима санъати (Мақолалар тўплами). 3-китоб. Тошкент: Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1976. 147-бет.

[20] Бу рубоий Фахриддин Ироқийга ҳам нисбат берилади.

[21] М а й х о н а – шавқу завқу илоҳий файзга кон комил орифнинг ботини. Илоҳий олам маъносида ҳам келади. Пири муршиднинг хонақоҳи, Ҳақ толиблари тўпланадиган жой ҳам тушунилади.

[22] Р и н д шариат ва тариқат босқичларидан ўтиб, ҳақиқат асрорига етган киши. Тасаввуф адабиётида ринд молу давлатни кўзга илмаган ҳурфикрли, исёнкор, майпараст, илоҳий ишқдан сархуш ва саргардон ошиқ тимсоли бўлиб келади. Ринд аҳли илоҳий жазава чоғида омма қабул қилмайдиган нозик маънолар ва чуқур ҳақиқатларни ошкор қилишлари, мутаассиб диндорлар томонидан куфр сифатида баҳоланадиган фикрларни илгари суришлари билан машҳур бўлганлар.

[23] Х а р о б о т майхона, комил инсон ҳузури; башарий сифатларнинг хароб ва жисмоний вужуднинг фоний бўлиши.

[24] П а й м о н а қадаҳ, май пиёласи. У м р п а й м о н а с и умри тугаган; ўлим шарбатининг қадаҳи.

[25] Бу рубоий Салмон Соважийга ҳам нисбат берилади.

[26] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[27] М а т л а ъ ғазалнинг биринчи байти.

[28] Н и ё з 1) эҳтиёж, зарурат; 2) илтижо, ёлвориш; 3) аташ, назр қилиш.

[29] Қ а з о л а в ҳ и инсон тақдири, илоҳий амрлар битилган лавҳ.

[30] О с и й гуноҳкор, итоатсиз, исён қилувчи. У куфр ёки ширкка кетмаган бўлса, ҳар қанча катта-кичик гуноҳларига қарамай, мўмин-мусулмон саналади ва чин дилдан тавба қилиб, уларни қайта такрорламаса, гуноҳлари кечирилади

[31] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[32] М а й тасаввуф адабиётида илоҳий тажалли тимсоли, ишқ ва ирфон (маърифат) рамзи бўлиб келади. Шунга мувофиқ, мастлик илоҳий маърифатдан ҳузурланишни, маънавий завқ дарёсига ғарқ бўлишни билдиради.

[33] Б о д а май, шароб, маст қилувчи ичимлик.

[34] О ш и қ илоҳий жамол ва камолга ошуфта бўлиб, тамоми жидду жаҳд билан Ҳақ таолони изловчи киши.

[35] Х у м о р пири комил ва муршиди восилга ишора.

[36] Л а в ҳ ( Л а в ҳ у л-м а ҳ ф у з ) Оллоҳ инсониятнинг тақдирларини ёзган улкан китоб. Унинг ёнида ёзув қалами бўлиб, унинг ҳам катталиги лавҳга мос келадиган шаклда.

[37] Б и ҳ и ш т жаннат.

[38] Ш а ъ б о н мусулмон қамарий тақвимидаги саккизинчи ой. Бу муаззам ойда қўшимча рўза тутиш кенг тарқалган. Шаъбоннинг 15-куни эса оммавий халқ байрами лафлат ал-бароъа гуноҳларни кечириш нишонланади.

[39] Р а ж а б мусулмон қамарий тақвимидаги еттинчи ой.

[40] Р а м а з о н мусулмон қамарий тақвимидаги

[41] М а й к а д а майхона.

[42] С а р в қишин-ёзин кўм-кўк бўлиб яшнаб турадиган игнабаргли гўзал ва хушқомат дарахт. Мумтоз адабиётда маъшуқанинг келишган зебо қадди-қоматини сарвга нисбат берадилар.

[43] Ҳ о л тариқат мақомларини босиб ўтиш жараёнида соликнинг пок қалбида порлаб, уни руҳий камолотга олиб борадиган илоҳий файз.

[44] Ҳ и л о л 1) янги чиққан ой, уч кунлик ой; 2) маъшуқанинг ярим ой шаклидаги қайрилма қоши.

[45] Ҳ у с н илоҳий жамол, маҳбуб дийдори.

[46] Г и л лой; тупроқ.

[47] Ч а н д о н кўп, зиёда.

[48] Д а м о д а м дам-бадам, ҳар дам, доим.

[49] К а д а р ғам-ғусса, андуҳ, хафалик, ғашлик.

[50] Ч и н Хитой.

[51] Г а з 0,71 метрга тенг узунлик ўлчови, аршин.

[52] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[53] А с р о р сирлар.

[54] А н қ о Қоф тоғида яшайдиган афсонавий қуш; мажозан: топилмас, нодир, ягона.

[55] Д ў н м о қ айланмоқ; ўзгармоқ.

[56] С а д а ф ичида гавҳар етиладиган ҳуққа.

[57] С о қ и й деганда сўфийлар Оллоҳни, Муҳаммад алайҳиссаломни, маъшуқани, пир ёки комил инсонни назарда тутадилар. Соқий даврага май улашгани каби улар ҳам одамлар қалбига илоҳий файз бағишлайдилар, ҳақиқий ишқ ўтини соладилар, ғайб маърифатидан баҳраманд этадилар.

[58] С и м о б кумушранг кимёвий элемент. Мумтоз шеъриятда бетоқатлик, беқарорлик рамзи ва кўз ёши тимсоли бўлиб келади.

[59] Б у т х о н а бутпарастлар ибодатхонаси. Тасаввуфда лоҳут олами, яъни ваҳдати кулл кўзда тутилиб, аҳадият зотининг мазҳарияти маъносида ҳам келади.

[60] М е ҳ р о б 1) масжидда имом турадиган тепаси қайрилма жой; 2) гўзалларнинг қайрилма қоши.

[61] К а л и с о насронийлар ибодатхонаси, черков.

[62] С а л и б насронийлар динининг рамзи, крест.

[63] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[64] И л м и л а д у н и й Оллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларгагина берадиган илоҳий илм.

[65] А л и ф араб алифбосининг биринчи ҳарфи.

[66] Бу рубоий Бобо Афзал, Паҳлавон Маҳмуд, Шайх Изуддин Маҳмуд Кошийларга ҳам нисбат берилади.

[67] Т а ҳ қ и қ текшириш, тадқиқ қилиш, нарсанинг моҳиятини билиш, ҳақиқатга етиш. Тасаввуфда банданинг ҳақиқатни кашф этиш учун қиладиган саъю ҳаракати.

[68] Д и л а ф р ў з дилни ёритувчи, кўнгилни шод этувчи; маҳбуба.

[69] Бу рубоий Фаридиддин Атторга ҳам нисбат берилади.

[70] Г а н ж 1) бойлик, хазина; 2) олтин-кумуш.

[71] Б о д ел, шамол.

[72] Бу рубоий Паҳлавон Маҳмудга ҳам нисбат берилади.

[73] Б е х у д л и к ўзидан бехабарлик; мастлик ва ошиқлик мақоми.

[74] Н а қ қ о ш и а з а л Худо.

[75] Д а ҳ р дунё, олам.

[76] С а б з а кўк, кўклик, яшиллик, майса, кўкат.

[77] Х а т қизларнинг лаби устидаги майин туклар. С а б з а х а т янги чиққан туклар. С а б з а х а т ё р ёш гўзал.

[78] О ш у ф т а ошиқ, мубтало, гирифтор, девона.

[79] П а й в а с т а боғланган, улашган, туташган.

[80] А л а с т азал, аввал (яралишнинг ибтидоси маъносида). Д а р г о ҳ и а л а с т Худо даргоҳи.

[81] Т а л ъ а т юз, чеҳра, ҳусн.

[82] Бу рубоий жузъий тафовутлар билан Нажмиддин Куброга нисбат берилган рубоийлар орасида ҳам учрайди.

[83] Н а с т а р а н оқ ёки қизил тусли хушбўй гўзал гул, новдаларда ғужум-ғужум бўлиб очилади.

[84] С у м а н оппоқ гуллайдиган жасмин гули, ёсуман.

[85] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[86] Д о л – араб алифбосидаги “д” ҳарфи; мажозан: эгилган, букик.

[87] Бу рубоий Фаридиддин Атторга ҳам нисбат берилади.

[88] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[89] Ф е р у з а кўк тусли қимматбаҳо тош; мажозан: кўк ранг.

[90] Т а ж а л л и й жилваланиш, кўриниш, Ҳақ зоти ва сифатларининг ҳамиша, ҳар жойда, ҳар хил даражада намоён бўлиши, яъни ўзини ўзи аён этиши.

[91] Бу рубоий Фахриддин Розийга ҳам нисбат берилади.

[92] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[93] Т о н г й ў қ ажаб эмас.

[94] С а р бош. Бу рубоий Паҳлавон Маҳмуд ва Фахриддин Ироқийларга ҳам нисбат берилади.

[95] Бу рубоий Фаридиддин Атторга ҳам нисбат берилади.

[96] Бу рубоий Нажмиддин Куброга ҳам нисбат берилади.

[97] Р а б о т карвонсарой, мусофирхона.

[98] Ж а м ш и д қадимги Эроннинг афсонавий подшоҳи Жамшид. У “Жоми жаҳоннамо” – жаҳонни кўрсатувчи жом ихтиро қилган бўлиб, унда дунёдаги нафақат ҳозирги, балки ўтмишда юз берган ва келажакда содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ҳам акс этар экан. Май қадаҳи ва комил инсон қалбини ҳам илоҳий сирларни ўзида сақлаши жиҳатидан Жамшид жомига нисбат берадилар. Жамшид жомидаги май ичган билан сира тугамас эмиш.

[99] Б а ҳ р о м сосонийлар сулоласига мансуб Эрон шоҳи Варахран V. Унинг севган машғулоти гўр (қулон) бўлганлиги учун ҳам Баҳром Гўр лақабини олган.

[100] Бу рубоий Абу Али ибн Синога ҳам нисбат берилади.

[101] З о ҳ и д узлат ва тақвони касб қилиб олиб, дунё лаззатидан юз ўгирган киши. Бу тоифа ишқ ва ирфондан бехабар бўлиб, мақсади тақво билан охират мағфиратини қозониш, Қуръонда ваъда қилинган жаннатнинг ҳузур-ҳаловатига етишиш. Сўфийларнинг ҳар икки дунёдан мақсади Худонинг ўзи, унинг дийдори бўлганлиги учун зоҳидларнинг бу ишини тамагирлик деб ҳисоблайдилар ва уларни танқид қиладилар.

[102] Ғ а й б йўқлик, ғойиб.

[103] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[104] М у қ и м доимий, собит.

[105] Убайд Зоконий ижодида ҳам шу мазмундаги рубоий бор.

[106] Қ у б о д Эроннинг сосонийлар сулоласига мансуб сўнгги ҳукмдорлардан бири Қубод II. Ануширвони одилнинг отаси.

[107] Ж а м қадимги Эроннинг афсонавий подшоҳи Жамшид исмининг қисқартирилган шакли.

[108] Г у л о б гул япроқларидан тайёрланадиган хушбўй ичимлик. Мажозан: кўз ёши.

[109] Бу рубоий Убайд Зоконийга ҳам нисбат берилади.

[110] Ғ у л о м банда, қул.

[111] М а ъ л у л бемор, хаста.

[112] Д а р в е ш тасаввуф истилоҳотида изловчи, истовчи маъносини ифодалаб, сўфий, фақир, ошиқ, ориф, соҳибдил, соҳибасрор, соҳибназар каби ўзини Ҳаққа бағишлаган кишиларнинг тимсоли бўлиб келади.

[113] Қ а б у л и м а қ б у л бу ерда: севимлига маъқул бўлиш, яъни Оллоҳ ризосини қозониш.

[114] И м л о қ и л м о қ ёзмоқ, битмоқ.

[115] Ф а н о тасаввуфда банданинг Ҳақда фано бўлиши, яъни башарий хусусиятларнинг илоҳий сифатлар ичра маҳв бўлиши.

[116] Қ а з о д е ҳ қ о н и Худо.

[117] С а ж ж о д а п а р а с т кўп намоз ўқийдиган; шайх, зоҳид.

[118] Бу рубоий Убайд Зоконийга ҳам нисбат берилади.

[119] М а ҳ ш а р охират, қиёмат куни. Ислом анъанасида дунё тугагач, инсонлар тирилиб, бир ерда тўпланадиган ва сўроқ қилинадиган кун, деб тасаввур қилинади.

[120] Бу рубоий Жалолиддин Румийга ҳам нисбат берилади.

[121] К а в с а р жаннатдаги ҳовуз, булоқ. Унинг суви асалдан ширин, қор ва сутдан оқ бўлиб, ичган киши абадулабад ташналик нималигини билмайди.

[122] Ш а ҳ д 1) бол, асал; 2) ширинлик, лаззат.

[123] Бу рубоий Абу Али ибн Сино ва Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[124] Ч и н Хитой.

[125] А қ и қ қизил рангли қимматбаҳо тош. Маъшуқанинг чўғдай лаби ва қизил май-нинг сифати бўлиб келади.

[126] Бу рубоий Паҳлавон Маҳмудга ҳам нисбат берилади.

[127] Ф о н у с х а ё л ичига ҳар хил сувратлар чизилиб, улар тутун ва иссиқлик қуввати билан айланадиган фонус; мажозан: осмон.

[128] Н о м а с и ё ҳ бадном, гуноҳкор.

[129] Паҳлавон Маҳмуд ва Бобо Афзалга нисбат берилган рубоийлар орасида ҳам шу мазмундаги бир рубоий мавжуд.

[130] Бу рубоий Абусаид Абулхайрга ҳам нисбат берилади.

[131] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[132] Бу рубоий Жалолиддин Румийга ҳам нисбат берилади.

[133] О р и ф маърифат соҳиби, Оллоҳни таниган киши, комил инсон. Оллоҳнинг зоти, сифатлари ва исмларини мушоҳада этадиган завқий ва важдий илмлар эгаси бўлган зот.

[134] О й и н а ( К ў з г у ) илоҳий мазҳар бўлган комил инсон қалби. Чунки ойина деганда, Оллоҳнинг зоти, сифатлари, исмларига ишора қилинадики, уларнинг барчаси комил инсон қалбида акс этади.

[135] Г и р д б о д тез ва кучли шамол, бўрон.

[136] Н у к т а 1) сир, ҳикмат; 2) нозик ва теран маъноли сўз, ибора.

[137] Бу рубоий Салмон Соважийга ҳам нисбат берилади.

[138] Х и р қ а жанда. Шайху муридлар киядиган махсус кийим.

[139] Э м и н тинч, осуда, хотиржам, омон. Бу рубоий Паҳлавон Маҳмуд ва Синжоний Хавофийларга ҳам нисбат берилади.

[140] Қ а л а н д а р 1) илоҳий ишқ йўлида важд ҳолатига етган дарвеш; 2) вужуд ва қалбини поклаб, ўзини фано ҳолатига етказишга интилган солик; 3) қаландария тариқати аъзоси.

[141] С у р у д 1) куй, оҳанг; 2) қўшиқ, ашула.

[142] Б о қ и й бу ерда: қолдиқ, ортиб қолган.

[143] А й в о н кўшк, қаср. А й в о н т о қ и қаср гумбази.

[144] Р у м ўрта асрларда ҳозирги кичик Осиё (Византия) ва Греция ерлари шундай аталган.

[145] М а й м а н а қўшиннинг ўнг қаноти.

[146] Бу ерда шоир сўз ўйини қилмоқда: майсара – арабчада қўшиннинг чап қаноти дегани, лекин форс тилида у май яхши маъносини беради.

[147] Қ а д р к е ч а с и рамазон ойнинг 26-дан 27-га ўтар кечаси. Қуръони карим шу кечада нозил этила бошлаган. Бу кечада фаришталар ерга тушиб, мусулмонларнинг гуноҳларини кечирилишини сўраб, Оллоҳга илтижо қилар эканлар. Шунинг учун бу кечада қилинадиган дуо-илтижолар дарҳол ижобат бўлар эмиш.

[148] Бу рубоий Абулҳасан Харақоний, Абусаид Абулхайр ва Бобо Афзалларга ҳам нисбат берилади.

[149] Бу рубоий Муҳаммад Ғаззолийга ҳам нисбат берилади.

[150] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[151] Бу рубоий Маҳастий Ганжавийга ҳам нисбат берилади.

[152] Ю с у ф – Юсуф алайҳиссалом. Диний-тасаввуфий адабиётларда айтилишича, Оллоҳ таоло ҳуснни юз ҳисса қилган. Тўқсон тўққиз қисмини Момо Ҳавога бериб, бир қисмини бутун дунё аҳлига раво кўрган. Шу бир улушни яна ўнга бўлиб, тўққиз қисмини Юсуф алайҳиссаломга ва бир қисмини бани башарга берган. Шундан у Шарқ мумтоз адабиётида гўзаллик тимсоли бўлиб келади.

[153] Х а р о б о т а ҳ л и риндлар.

[154] Д и л а ҳ л и орифлар, комил инсонлар.

[155] Л а ъ л – қизил рангли ялтироқ қимматбаҳо тош. Мажозан: қизил ранг. Маъшуқанинг чўғдай лаби ва қизил майнинг сифати бўлиб келади.

[156] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[157] М а ҳ м у д ғазнавийлар давлати ҳукмдори Маҳмуд Ғазнавий (967-1030).

[158] Д о в у д Довуд пайғамбар.у тенги йўқ овоз соҳиби бўлиб, Забурни тиловат қилганда қушлар кўкда муаллақ қотиб, тоғлар ҳам бирга қироат қилар экан.

[159] Бу рубоий Абу Али ибн Синога ҳам нисбат берилади.

[160] К о в у с каёнийлар сулоласининг иккинчи ҳукмдори Кайковус.

[161] А ё з Маҳмуд Ғазнавийнинг аввал қули бўлиб, кейин хос надими, мусоҳибига айланган. Маҳмуд ва Аёз ўртасидаги пок ишқ Шарқ адабиётида кенг куйланган.

[162] Т ў р т у н с у р борлиқнинг асосини ташкил этган: сув, ҳаво, тупроқ ва олов.

[163] Бу ерда уд сўзининг икки маъноси асосида тажнис санъати ҳосил қилинган: 1) уд – ўтга ташланганда хушбўй ҳид таратадиган ёғочнинг бир тури; 2) уд торли чолғу асбоби.

[164] П а р в е з сосонийлар сулоласи ҳукмдори Хусрав Парвез(вафоти – 628).

[165] Бу ерда шоир хайр об – эзгу сувни шарр об ёмон сувга қарши қўяяпти. Айни пайтда, шароб май ва шарр об ёмон сув воситасида сўз ўйини қилаяпти.

[166] Бу рубоий Сирожиддин Қумрига ҳам нисбат берилади.

[167] М а ҳ в йўқолиш, йўқотиш.

[168] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[169] Х о н а қ о ҳ сўфийлар йиғиладиган, шайх ва дарвешлар зикр ўтказадиган жой.

[170] З у н н о р насроний динидагилар белига боғлайдиган чилвир. Ислом мамлакатларида ғайримусулмонлар ҳам зуннор боғлаб юришган. Тасаввуфда зуннор – ҳақиқий маҳбуба хизмати ва тоатига бел боғлаш.

[171] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[172] Бу рубоий Сирожиддин Қумрига ҳам нисбат берилади.

[173] Бу рубоий Абусаид Абулхайрга ҳам нисбат берилади.

[174] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[175] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[176] Бу рубоий Бобо Афзал, Паҳлавон Маҳмуд ва Шоҳ Неъматуллоҳ Валийларга ҳам нисбат берилади.

[177] Бу рубоий Авҳадиддин Анварийга ҳам нисбат берилади.

[178] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[179] Қ у т озиқ.

[180] Н у ҳ энг узоқ умр кўрган пайғамбар. У ўз қавмлари орасида 950 йил яшаб, уларни Ҳақ йўлига ҳидоят қилади. Лекин Оллоҳ пайғамбарининг даъватига қулоқ тутмаганлари учун улар охир-оқибат буюк тўфон балосига гирифтор бўладилар.Бу тўфон балосидан фақат Нуҳ алайҳиссаломга эргашганларгина омон қоладилар.

[181] Бу рубоий Бобо Афзал ва Маҳастий Ганжавийларга ҳам нисбат берилади.

[182] Д у ш в о р қийин, оғир, мушкул.

[183] К а р и м карамли, сахий, олийжаноб.

[184] Б о ғ и Э р а м афсонавий гўзал боғ. Ямандаги Од қавмининг ҳукмдори Шаддод ер юзида жаннат яратиш даъвоси билан уни бунёд этган эмиш.

[185] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[186] У с т о д и а з а л Худо.

[187] Қ у л о н ёввойи эшак.

[188] Бу рубоий Абдуллоҳ Ансорийга ҳам нисбат берилади.

[189] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[190] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[191] Ж у з қисм, бўлак. К у л л бутун; мажозан: к у л л Худо, ж у з ундан ажралган нарсалар.

[192] З а ъ ф а р о н сарғиш тус берувчи хушбўй ўсимлик; мажозан: сариқ ранг.

[193] Бу рубоий Бобо Афзал ва Жалолиддин Румийларга ҳам нисбат берилади.

[194] М у х т а с а р қисқа, лўнда, ихчам.

[195] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[196] Бу рубоий Бобо Афзал ва Жалолиддин Румийларга ҳам нисбат берилади.

[197] Б а р этак.

[198] Қ у в о н ч а н ж о м хурсандчилик воситалари.

[199] Х у н б а ғ и р бағри қон.

[200] З а м з а м с у в и Оби Замзам. З а м з а м Каъба ёнидаги муқаддас булоқ.

[201] С у р а й ё олти кичик юлдуздан иборат юлдузлар туркуми, Ҳулкар

[202] М у ш т а р и й Юпитер сайёраси.

[203] Авҳадиддин Анварий ижодида ҳам шу мазмундаги рубоий мавжуд.

[204] Бу рубоий Абу Али ибн Синога ҳам нисбат берилади.

[205] З у ҳ д дунёдан воз кечиб, тоат­ибодат билан шуғулланиш, тақводорлик, парҳезкорлик, порсолик.

[206] А ҳ л и с а ф о кўнгли соф, покиза кишилар, илоҳий оламдан баҳра олувчилар.

[207] Бу рубоий Сирожиддин Қумрийга ҳам нисбат берилади.

[208] З у ҳ р а Венера сайёраси: уни фалак чолғувчиси дейдилар ҳамда гўзаллик, мусиқаю рақс ва шодлигу хурсандчилик тимсоли ҳисоблайдилар.

[209] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[210] М а р я м Исо алайҳиссаломнинг онаси. Унга Ҳақ ўз даргоҳидан ноз-неъмат юбориб турган.

[211] Б у с а и д машҳур забардаст тариқат пири ва мутасаввиф шоир, султон ул-орифин Шайх Абусаид Абулхайр (967-1049).

[212] А д ҳ а м машҳур сўфий Иброҳим Адҳам (вафоти 777 йил). У Оллоҳ йўлида ихтиёрий равишда тожу тахти, оиласи, мамлакатидан воз кечиб, Балхдан Нишопурга келиб, дарвешлик билан кун кечирган.

[213] О б и ҳ а ё т Хизр алайҳиссалом ер ости – зулмат қаъридан топган ва бир қатра ичиб, абадий ҳаётга ноил бўлган мангулик суви. Оби ҳаёт тасаввуфда саъй-ҳаракат билан эришиб бўлмайдиган, Оллоҳ томонидан ўзи хоҳлаган бандаларига бериладиган ладуний (илоҳий) илм маъносида келади.

[214] Б ў й л а шундай, шунақа.

[215] Р у ҳ и р а в о н жон, ҳаёт, тириклик.

[216] М у ғ о н а м а й тасаввуф шеъриятида илоҳий тажаллий ва пирнинг пок нафаси кўзда тутилади.

[217] Б у т п а р а с т бутга сажда қилувчи.

[218] Г ў ш а чекка, хилват жой.

[219] З о ҳ и р 1) кўриниб турган, очиқ, ошкор, аён; 2) ташқи кўриниш, сирт, юза.

[220] Б о т и н ич, ички дунё; кўнгил, руҳ, хаёл; ички олам; яширин.

[221] Бу рубоий Авҳадиддин Анварийга ҳам нисбат берилади.

[222] Ш а р о б и н о б тоза, тиниқ май.

[223] М у ф т и фатво берувчи; шариат қонунларини талқин қилувчи, шариат ва ҳуқуқ масалалари юзасидан ҳукм чиқарувчи.

[224] О м и л к о р ишбилармон; оқил, уста.

[225] Х о к и т у р о б ер билар яксон, чанг-тўзон, хароб.

[226] Паҳлавон Маҳмудга нисбат берилган рубоийлар орасида ҳам шу мазмундаги бир рубоий мавжуд.

[227] К а р к а с ўлимтик билан кун кўрувчи йиртқич қуш.

[228] Ф а қ р ш о л и фақр тўни. Фақр тўнини кийиш фақр йўлига кириш.

[229] Нажмиддин Куброга нисбат берилган рубоийлар орасида ҳам шу мазмундаги рубоий мавжуд.

[230] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[231] Я қ и н ҳақиқат.

[232] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[233] П а р в и н Савр буржидаги юлдузлар туркуми, Сурайё. Бу ерда ўн икки буржнинг иккинчиси Савр (Ҳамал апрель) Ҳўкиз ва ер остидаги афсонавий ҳўкиз (гўё замин унинг шохлари устида турар эмиш) асосида сўз ўйини қилинмоқда.

[234] Ф а р и д у н ( А ф р и д у н ) - қадимги Эроннинг пешдодийлар сулоласига мансуб олтинчи ҳукмдор. У адолат рамзи ҳисобланади.

[235] К а й асл, адолатли, ёқимли маъноларида ҳам келадиган бу сўз қадимги Эрон подшоҳларидан Кайковус, Кайхусрав, Кайқубод, Кайлаҳросиплар учун умумий, муштарак ном сифатида ҳам ишлатилади.

[236] Ч а в г о н 1) “от тўпи” ўйинида тўп урадиган учи эгри таёқ; 2) “от тўпи” ўйини, чавгон ўйини.

[237] Ф а р з о н а оқил, доно, фозил, донишманд.

[238] Б ў з а тариқ ва арпадан тайёрланадиган кайф берадиган ичимлик.

[239] Р у с т а м и З о л мағлубият нималигини билмаган афсонавий қаҳрамон Рустами достон. Фирдавсий “Шоҳнома”сининг қаҳрамонларидан бири. Золнинг ўғли.

[240] Ҳ о т а м сахийлиги ва олийжаноблиги билан Шарқ мамлакатларида донг таратган шахс. Ямандаги Той қабиласидан бўлганлиги учун Ҳотами Той билан шуҳрат қозонган.

[241] К а б и р катта, улуғ.

[242] Бу ерда еттию тўрт деганда, етти сайёра (Ой, Аторуд, Зуҳра, Қуёш, Миррих, Муштарий, Зуҳал) ва тўрт унсур (тупроқ, сув, ҳаво ва олов) кўзда тутилмоқда.

[243] Бу рубоий Шайх Рўзбеҳон Буқлий ва Азизиддин Насафийларга ҳам нисбат берилади.

[244] М у ҳ о ф и з муҳофаза қилувчи, сақловчи.

[245] Ҳ а м з а Муҳаммад пайғамбарнинг амакиси.

[246] М у т р и б чолғувчи, созанда.

[247] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[248] Бу ерда Кирмон шаҳар ва кирмон – қуртлар сўзлари воситасида тажнис санъати ҳосил қилинган.Мазкур рубоий Паҳлавон Маҳмудга ҳам нисбат берилади.

[249] Бу рубоий Саноий Ғазнавийга ҳам нисбат берилади.

[250] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[251] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[252] Ҳ а р г и з асло, ҳеч қачон.

[253] Б у р ж қуёшнинг йиллик ҳаракат йўли бўйлаб жойлашган ўн иккита юлдузлар туркумининг мажмуи ва уларнинг ҳар бири (Ҳут, Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадий, Далв).

[254] М а х м у р маст, хумор. М а х м у р л и к бехудлик мартабаси.

[255] Ҳ о д и й ҳидоят қилувчи, ҳақ йўлга бошловчи, раҳнамо, муршид, пешво.

[256] С ў ф и й тариқатга кириб, дунёдан кўнгил узган, риёзат босқичларини босиб ўтиб, Ҳаққа интилаётган киши.

[257] М у с о Мусо алайҳиссалом. Қўлидаги таёқнинг илонга айланиши, чўнтагидан қўлини чиқарганида, ойна каби ялтираб, кўзларни қамаштириши унинг мўъжизаларидан ҳисобланади.

[258] И с о Исо алайҳиссалом. Унинг қўли теккан силаган ўликка жон кирар экан. Шунинг учун ҳам ул зот ал-масиҳ – силовчи деб улуғланган. Нафаси ошиққа жон бағишлайдиган маъшуқага ҳам Масиҳ сифатини бериб, Исонафас дейишади.

[259] Ғ а м х о р а меҳрибон, ғамхўр.

[260] Л о ш бу ерда: нарса.

[261] Б о б и л ( В а в и л о н ) Ироқдаги қадимий шаҳар. Аёлга ошиқ бўлганлари учун Ҳорут ва Морут исмли фаришталар Худо ғазабига учраб, Бобилдаги чоҳ (қудуқ)га ташланган. Бу чоҳни сеҳр манбаи дейдилар. Кимки сеҳру жодудан сабоқ олмоқчи бўлиб, чоҳ қошига борса, бу фаришталар унга сеҳргарлик илмини ўргатадилар.

[262] Б а н г наша, кўкнори.

[263] М у ғ а н н и й чолғувчи, созанда, мутриб. Тасаввуфда орифлар дилини рамзлар кашфи-ю, ҳақиқатлар баёнига тўлдирадиган, файз етказувчи ва тарғиб қилувчиларни мутриб дейдилар. Раббоний оламдан огоҳ қилувчилар ва комил пирларга ҳам ишора қилинади.Унинг куйи маърифат, қўшиғи ҳақиқат.

[264] М а с и ҳ (о) Исо пайғамбар.

[265] Бу рубоий Бобо Афзал ва Синжоний Хавофийларга ҳам нисбат берилади.

[266] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[267] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[268] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[269] Ш и к а с т а бу ерда мажозан: хоксорлик.

[270] Бу рубоий Бобо Афзал ва Авҳадиддин Кирмонийларга ҳам нисбат берилади.

[271] Бу рубоий Абу Абдулло Рудакий ва Бобо Афзалларга ҳам нисбат берилади.

[272] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[273] Бу рубоий Бобо Афзал ва Жалолиддин Румийларга ҳам нисбат берилади.

[274] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[275] Т а м а н н о орзу, истак, умид.

[276] Бу рубоий Абу Али ибн Сино ва Бобо Афзалларга ҳам нисбат берилади.

[277] Бу рубоий Бобо Афзал ва Фахриддин Ироқийларга ҳам нисбат берилади.

[278] Бу рубоий Абу Али ибн Сино, Бобо Афзал, Саъдиддин Ҳамавий, Ҳиндуи Туркисто-нийларга ҳам нисбат берилади.

[279] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[280] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[281] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[282] Бу рубоий Бобо Афзал ва Абдуллоҳ Ансорийларга ҳам нисбат берилади.

[283] Бу рубоий Бобо Афзалга ҳам нисбат берилади.

[284] Бу рубоий Абусаид Абулхайр, Бобо Афзал, Авҳадий Мароғий, Авҳадиддин Кирмоний, Фахриддин Ироқийларга ҳам нисбат берилади.

[285] Бу рубоий Бобо Афзал ва Фаридиддин Атторларга ҳам нисбат берилади.

[286] О л т и т о м о н олд, орт, ўнг, чап, юқори, қуйи.

[287] Бу рубоий Абусаид Абулхайр ва Бобо Афзалларга ҳам нисбат берилади.

[288] И м о м а т имомлик, пешволик.

[289] Бу рубоий Бобо Афзал ва Синжоний Хавофийларга ҳам нисбат берилади.

[290] Бу рубоий Бобо Афзал, Синжоний Хавофий ва Саҳобий Астрободийларга ҳам нисбат берилади.

[291] С у ф бу ерда: жун, юнг; жундан тўқилган кийим, хирқа.

[292] Ф ў т а белбоғ.

[293] С и м у р ғ афсонавий катта ва баҳайбат қуш.

[294] Б у т а ҳ л и бутпарастлар, бутга сиғинадиган кишилар.

[295] М е з о н 1) ўн икки буржнинг еттинчиси; 2) тарози.

[296] Ё с и н Қуръони каримнинг 36-сураси. Муҳаммад алайҳиссалом уни “Қуръоннинг қалби” деб марҳамат этганлар.

[297] Б а р о т 1) ҳужжат, ёрлиқ; 2) шаъбон ойининг 15-кечаси ислом динида у байрам ҳисобланади.