05. БЕШИНЧИ СЎЗ PDF Босма E-mail

Кўкрак тўла қайғу кишининг ўзига ўзи эгалик қилишига қўймай, танасини сирқиратиб, бўғинини қуритиб, ё кўздан ёш бўлиб оқади, ё тилдан сўз бўлиб оқади. Қозоқлар: “Э, Худо, мени ёш боладай қайғусиз қилгин!”- деб тилак тилаганини ўзим кўрдим. Буниси гўё уларнинг ёш боладан кўра эсли киши бўлиб, билмайдиган нарсаси йўқ, қайғуга ботган киши сингани. Қайғуси нима экан десанг, мақолларидан биларсан: аввали – «Тушгача умринг қолган бўлса, бир кунлик мол йиғ”, «Ўзингда йўқ бўлса, отанг ҳам ёт», «Мол – одамнинг бовур эти», «Моллининг юзи ёруғ, молсизнинг бети чориқ», «Эр озиғи билан бўри озиғи – йўлда», «Эрнинг моли элда, эринганнинг моли қўлда», «Берган – парда бузар», «Олағон қўлим – берағон», «Мол топган эрнинг ёзиғи йўқ», «Бойдан умидсиз – Худойдан умидсиз», «Қорнинг очса, кўринган уйга чоп», «Қирғоғи йўқ кўлдан без, хайири йўқ элдан без», деганга ўхшаш сўзлари ҳисобсиз кўп, тўлиб ётибди.
Бу мақоллардан нима чиқади? Маълум бўлди: қозоқ тинчлик учун, илм учун, билим учун, адолат учун ғам емайди экан, мол учун ғам ер экан, бироқ ўша молни қандай топишниям билмайди экан, бор билгани моли борларни алдаб олиш ёки мақтаб олиш, бермаса, улар билан ёвлашиш экан. Молли бўлиш учун, отаси билан ёвлашишни ҳам уят кўрмас экан.
Ҳайтовур, ўғирлик, қувлик-шумлик, тиланчиликка ўхшаган қилиқларнинг қайсисини қилиб бўлса-да, мол топса, айбдор демаслик керак экан.
Буларнинг ёш боланинг ақлидан нимаси ортиқ? Бироқ ёш болалар ёниб турган қизил ўчоқдан қўрқишарди, булар эса дўзахдан ҳам қўрқмайди экан. Ёш бола уялса, ерга қарагувчи эди, булар ҳеч нарсадан уялмайди экан.
Шуми уларнинг боладан ортиқлиги! Қўлимиздагини уларга талатмасак, биз ҳам улардай бўлмасак, биздан безади экан. Излаган элимиз шуми?

1891