010. ЎНИНЧИ СЎЗ PDF Босма E-mail

Бировлар Худодан бола тилайди. Болани нима қилади улар? Ўлсам, ўрнимни боссин дейди, ортимдан Қуръон ўқисин, қартайган чоғимда кунимга ярасин, дейди. Бундан бошқа дарди йўқ уларнинг.
Бола ўрнимни боссин дегани нима ўзи?
Топган мол-дунё эгасиз қолмасин дейсанми? Ортингдан қоладиган нарсалар ғамини еганингми бу? Ёки ўлиб бораётганингда ўзгаларга қолдиришдан қизғаниб айтганингми бу? Ўзгаларга кўзинг қиймайдиган қандай ортиқча бойликларинг борки, уларга ачинсанг?!
Боланинг яхшиси – қувонч, ёмони – куйдирги, Худо сенга қандай бола беришини билиб сўра- дингми? Бу дунёда ўзингнинг кўрган хўрликларинг озмиди? Ўзингнинг қилган итлигинг озмиди? Энди бир бола туғдириб, униям ит қилишга, унгада хўрликлар кўрсатишга мунча хумор бўлдинг?
Ортимдан болам Қуръон ўқисин десанг, тириклик чоғингда яхшилик қилганларинг кўп бўлса, ким ҳам сен учун Қуръон ўқимайди? Ёмонликларни кўп қилган бўлсанг, болангнинг ўқиган Қуръони сенга нима берарди?
Тириклигингда ўзингга ўзинг қилмаган ишни ўлганингдан сўнг сенга ким қиларди? Болани охират учун тилаганинг – болам ёшлигида ўлсин деганинг. Агарда эр бўлиб, улғайсин де- санг, қозоқдан ота-онасини дўзахдан қутқара оладиган бола туғилармикин? Ундай болани сендай ота, сенинг элингдай эл асраб, улғай- тира олармикин?
Қартайганимда қарайди деганинг ҳам – пуч гап. Аввали – ўзинг қарамаса бўлмайди- ган даражадаги кексаликка етасанми, йўқми?
Худо билади! Иккинчидан, боланг меҳрли бўлиб, сенга қарайдиган бўлиб туғиладими, йўқми? Учинчидан, молинг бўлса, ким ҳам қарамайди? Молинг йўқ бўлса, ким ҳам сенга қарарди? Боланг мол топармон бўладими ёки мол йўқотармон бу ҳали номаълум. Хўш, Худо таоло бола берди ҳам дейлик, уни яхши ўстира биласанми? Билмайсан. Аввали – ўз кунингни ўзинг кўра олмаганинг ҳолда боланг- нинг кунига шерик бўласан. Олдинига болангни: “Ановини олиб бераман, мановини олиб бераман”,- деб ўзинг алдайсан. Бошида болангни алдаганингдан маст бўлиб юрасан.
Сўнгра боланг алдамчи бўлса, кимдан кўрасан? “Сўк!”- деб бировни сўктириб, уни ҳаво- лантириб, тентакликка обдон ўргатиб қўйиб, сабоққа берганда мулланинг энг арзонини излаб, хат таниб қолса, бўлади, ҳушёр бўл, “фалончининг боласи сени сиртингдан сотиб кетади”,- деб, тирик жонга ишонмайдиган ёт миназ қилиб, берган таълиминг шуми? Шу боладан хайрли иш кутасанми?
Яна Худодан мол тилайсан, нимага ишла- таман деб тилайсан молни? Аввали, Худодан тилайсанми ўзи? Тилайсан. Худо беради. Бер- ганини олмайсан. Худо таоло сенга меҳнат қилиб мол топарлик қувват берди. Шу қув- ватдан ҳалол касб қилишда фойдаланасанми?
Фойдаланмайсан. Худо сенга шу қувватни, ўрнини топиб, сарф қилишни англатадиган билим берди, буни билмайсан. Бу илмни ўқи- са, уқиб оларлик ақл берди. Эринмай меҳнат қилса, тўхтамай изласа, жойини топиб ишла- са, ким бой бўлмайди? Бунинг сенга кераги йўқ. Сен бировдан қўрқитиб олсанг, бировдан ялиниб олсанг, бировни алдаб олсанг – бўлгани. Излаганинг – шу.
Бу Худодан тилаганинг эмас. Бу обрўни, орни сотиб, одамга ялиниш – тиланчилик.
Хўш, шу йўл билан мол топдинг, бойидинг, дейлик. Аслида шу молни сарф қилиб, илм топиш керак. Ўзинг топа олмасанг, боланг топсин. Илмсиз охират ҳам, дунё ҳам йўқ.
Илмсиз ўқилган намоз, тутилган рўза, қи- линган ҳаж, ибодат эмас. Молни итлик билан топса-да, одамгарчилик билан ишлатган би- рор қозоқни кўрмадим. Бариям бойликни итлик билан топади, итлик билан ундан айрила- ди. Азоб, алам, нафрат – учовидан бошқа ҳеч нарса унга йўлдош бўлмайди. Борида: “Бой- ман”,- деб йўғида: “Менга ҳам бир пайтлар мол битганди”,- деб мақтанади. Қашшоқ бўл- гандан сўнг, яна тиланчилик йўлига тушади.

1892