Ислом аркони шарҳи PDF Босма E-mail
21.06.2024 05:52

ИСЛОМ РУКНЛАРИНИНГ ШАРҲИ

«Рукн» – аслида «бурчак» деганидир. Шаръий истилоҳда бирор амалнинг асосини ташкил қилувчи қисмлари «рукн» дейилади. Уйнинг бирор бурчаги бўлмаса, бус-бутун ҳисобланмаганидек, амалларнинг рукнларидан бири топилмаса, амал ҳам дуруст бўлмайди.
Ангаким, бўлди иймон амри кирдор,
Керак Исломдин бўлса хабардор.
Иймонни касб этган киши Исломдан хабардор бўлиши лозим.

Биносин англағил Исломнинг беш,
Ани билмакка бўлғил фикратандеш.
Ислом биносини беш нарсадан иборат деб тушун ва буни билишга диққат-эътиборли бўл.

Бу бешдин бир эрур – лафзи «шаҳодат»,
Ки, айтурлар ани аҳли саодат.
Бу бештанинг бири шаҳодат калимасини талаффуз қилиш бўлиб, уни бахт-саодатли кишилар айтишади.

Эрур бир билмак Ул Тенгрини аввал,
Муҳаммадни Анинг халқиға мурсал.
Аввало Аллоҳни бир деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Унинг махлуқотига пайғамбар деб билишдир.

Бу сўз иймон сўзида бўлди мазкур,
Ақойид шарҳини айларда мастур.
Бу ҳақда иймон хусусидаги сўзларда, ақоид шарҳини ёзишда айтилди.

Яна тўртин дағи айтай яко-як,
Ки, мўмин хотирида қолмасун шак.
Қолган тўрттасини ҳам бирма-бир айтай, токи мўмин кишининг хаёлида шак қолмасин.

Салоти хамс анинг иккинчисин бил,
Анинг шарҳини айлай эмди тафсил.
Беш маҳал намозни уларнинг иккинчиси деб бил. Энди ўшанинг шарҳини батафсил айтай.