
Ҳар кимнинг ўзига яраша қўрқатурған нарсаси бўладир. «Иштонсизнинг чўпдан ҳадуги бор», дегандек, шу вақтда иштонлик инсон — ҳадуксиз одам эҳтимол йўкдир. Туркистон истатистиқа идорасининг кейинги йиқған ҳисобига қарағанда, иштонсизлар банаъжи (Банаъжи — беҳад, ниҳоятда.) кўпайиб-дирларки, биз уларни айнан қуйида кўчирамиз:
Мустамлакачи — аччиғланған чоғида сирининг очилишидан қўрқадир. Ҳар турлук идора мудирлари — сайлов яқинлашса мансабдан тушиб қолишдан қўрқадирлар. Янги кўз очқан ҳисобсиз ўзбек шоирча ва шоирачалари — минг машаққат билан азобланиб ёзған шеърларининг газеталарда босилмай қолишидан қўрқадирлар. Тутантируқсиз мақола ёзишға ўрганган муҳаррирлар — тўсундан тегиб қолатурған танқид калтагидан қўрқадирлар. Бой ва совдагарлар — айниқса буларнинг қўрқунчлари поёнсиздир... Чунончи: дўкон совдаси яқинлашса ижарани ошириб юборатурған яканчилардан(Яканчи — инспектор; пораҳўр.) қўрқадирлар, қўллариға кўпроқ пул йиғилиб қолса, моллар ошиб, пул қурсининг тушиб кетишидан қўрқадирлар, қўлида анчайин қоғоз кўтарган кишини кўрсалар «торғовой налўг» тушмоғидан қўрқадирлар, рўза ойи кириб закот бериш(Закот — шариъат хукми бўйича пулдор, молдор мусулмоннинг ўз моли ва пулининг қиркдан бир улуши микдорида рўза вақтида бева-бечораларга, камбағалларга берадиган хайр-садақаси.) эска тушса, моллар ҳисобини олишдан қўрқадирлар... Ҳар ҳолда бу дуркум халқ учун ер ҳам қўрқунч, кўк ҳам қўрқунч. Фақат қоро ернинг остиғина тинчдир! Камбағал деҳқон ва ишчилар — кун сайин бозор баҳосининг бирга бир кўтарилишидан қўрқадирлар.(Уша йиллари мамлакатда пул қадрсизланиб нарх-наво кўтарилиб кетган эди, муаллиф шундан киноя қиляпти.) Ҳукумат идораларидаги битта-яримта порахўрлар — порахўрлиқ билан кураш бошланғандан бери ўзларининг сояларидан ҳам қўрқадилар. Кўкдаги булутлар — ёғмай деса худонинг буйруғидан, ёғай деса ердаги махлуқларнинг чиртинг-пиртингидан қўрқадирлар. Ўзбек хотунлари — эрларининг калтагидан, қизлари кўчага чиқай деса оналарининг туртугидан қўрқуб, песлар моховдан, моховлар песдан, аживалар тараладан, таралалар аживадан; қисқаси катта-кичик, ясси-япасқи, қинғир-қийшиқ, узун-қисқа ҳаммалари ҳам қўрқокдирлар... Ман нима ва кимдан қўрқаман? Айниқса маним ишим жуда ҳам қийин: ёзай десам, ошна-оғайни-нинг шўртумшуқлиғидан, ёзмай десам «Муштум» поччанинг жекири-гидан қўрқаман. Яна бундан бошқа қўрқатурған икир-чикирларим: — Эски шаҳар кўчаларидан юрсам бетимга лой сачрашидан қўрқаман. — Ёғмур ёққан кунларида Эски шаҳар расталарининг ағнаб кетишидан, совдагарларнинг тўнғуз қўпишидан қўрқаман. Билим юртлари ёнидан, бошланғич мактаблар қаршисидан ўтуб қолсам, истиқболдағи алвир-шалвир ўзбек маданиятидан қўрқаман! Ҳарҳолда маним ҳам қўрқунчларим ўзимга етарлик... Ассалому ала маниттабаъл-ҳудо(Тўғри йўлга эргашганларга салом бўлсин (Хадисдан).).
Жулкунбой, «Муштум» — 1923 йил, 7-сон. |