Шайх Садақа Бағдодий PDF Босма E-mail

Шол бўлган қўллар
Бир куни шариат юзасидан ихтилофга сабаб бўладиган бир сўз айтди. Халифа бу гапдан хабар топиб буюрдики, Шайхни олиб келиб, таъзир қилсинлар. Бошини яланг қилганларида бир муриди қичқирди:
- Вой, Шайхим!
Уни урмоқчи бўлган кишининг қўли шол бўлди. Буюрган вазирга ҳам, халифанинг ўзига ҳам бир ҳайбат ғолиб келди. Қўрқиб, уни қўйиб юбордилар.
Сукутдан ҳосил бўлган важду ҳол
Шайх Садақа Шайх Абдулқодир Жилийнинг манзилига борди. Машойих ва турли-тур-фа одамлар Шайхнинг сўз айтишини кутиб ўтирганди. Шайх минбарга кўтарилди. Ҳеч нима демади, қори ҳам бирор нарса ўқимади. Аммо элга важду ҳол юзланди. Шайх Садақа ичида айтдики, Шайх ҳеч нима демайди, қори ҳам бир нарса ўқимади, халқ нимадан хурсанд бўлди? Шайх Абдулқодир унга қараб деди:
- Менинг бир муридим Байтулмуқаддасдан бир қадам билан келиб, менинг қўлимда тавба қилди. Шу ердагилар унинг зиёфатидадирлар.
Шайх Садақа яна ичидан ўтказдики, бир қадам билан Байтулмуқаддасдан Бағдодга кела оладиган киши нимадан тавба қилмоғи керак экан ва Шайхга нима ҳожати бор?! Шайх Абдулқодир яна унга юзланиб деди:
- Эй дўст, ул мурид яна ҳавога учмаслик учун тавба қилди. Менга ҳожати улдурким, уни Ҳақ субҳонаҳу ва таоло муҳаббатига йўл кўргузгаймен.