Ахий Али Мисрий PDF Босма E-mail

Муридликни ихтиёр этган муршид
Шом мулкида шайх эди ва кўп муридлари бор эди. Жуда инсофли киши эди. Бир куни ўз муридларига деди:
- Агар сиз Ҳақ толибисиз, мен ҳам Ҳақ толибиман. Сулукимга раҳнамо бўла оладиган бир муршид тополмай юрувдим. Хуросонда мукаммал бир муршид зуҳур қилганини тушимда кўрдим, мушоҳадада ҳам аён бўлди. Туринглар, унинг қошига борайлик ва унинг хизматида бир неча кун сулук қилайлик, токи халқ бизда гумон қиладиган нарсани унинг баракотидан ҳосил қилайлик!
Алқисса, бу сўзни айтиб, жамики муридлари билан Шайх Рукниддин Алоуддавла ҳузурига келди ва унинг суҳбатига мушарраф бўлди. Шайх буюрдилар:
- Муридларинг иродати бундан сўнг менинг иродатимдир, аммо сен орқали руҳий боғланиш уларга фойдалирокдир. Негаки, менинг қошимда шайх ва Мустафо (с.а.в.) ўртасида хирқа аҳли қанча кўп бўлса, йўл ёруғроқ ва сулук осонрокдир. Ҳадис илмида аксинча, ровийлар ва далиллар қанча оз бўлса, ҳадис саҳиҳ - ишончлироқдир. Негаки, ҳадисда ровий қанча кўп бўлса, шарҳ ва қўшимча шунча кўпайиш эҳтимоли бор. Аммо хирқада машойих нури қанча кўп бўлса, йўл ёруғроқ ва уларнинг руҳонияти мадади шунча кўп бўлади.

Ҳаллож ва Фиръавн
Бир куни Шайх Ҳусайн Мансур Ҳаллож сўзи орага тушди. Ахий Али Мисрий унинг ҳолидан сўради. Шайх ул зот бобида кўп сўзлар айтиб, сўнг дедилар:
- Бир куни менга ҳол юзланди, унинг мозо-рига бордим. Муроқаба қилдим. Унинг руҳини Иллиййин (жаннатнинг мақомларидан бири) да топдим. Олий мақомда муножот қилиб, дедим: Худовандо бу не ҳолдурки, Фиръавн «Ано раббукум ул-аъло» (Мен сизларнинг олий парвардигорингизман - «Ван-Нозиъот» сураси, 22-оят) деди ва Ҳусайн Мансур «Аналҳақ» («Мен Ҳақман») деди ва иккаласи худолик даъвоси қилдилар. Энди Ҳусайн Мансурнинг руҳи Иллиййинда ва Фиръавн руҳи Сижжин(дўзахнинг қуйи табақаси)дадир, бунинг ҳикмати недир? Менинг сирримда нидо қилдиким, Фиръавн ўзини кўрмакка тушди ва барча ўзин кўрди ва Бизни гум қилди. Ҳусайн Мансур барчамизни кўрди ва ўзин гум қилди. Кўрки не фарқ бўлгай андин мунгача.