Мавлоно Қосим PDF Босма E-mail

Хожа Аҳрор Валийга жонини фидо қилган мурид
Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валийнинг улуғ муридларидандир. Анжуманда ҳамдам ва хилватда маҳрам эди. Асли паркентликдир. Эллик йилга яқин Хожа Аҳрорнинг хизматларини андоқ қилдиким, ул зотнинг хотирларида унга нисбатан муҳаббат ва илтифотдан ўзга ҳеч нима воқеъ бўлмади. Оламдан ўтганларининг тафсилоти қуйидагича: Ҳазрат Хожа Аҳрор Валий қаттиқ бетоб эдилар. Чап ёнлари қаттиқ санчиб, табиблар ва халқ у кишининг ҳаётларидан умидларини узган эдилар.
Мавлоно Қосим Хожалар тариқатидаги одат бўйича, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валийнинг бошига эврилиб, оғриқ юки остига кириб, ул юкни кўтарди. Ҳазрат Хожа ўша заҳоти тузалиб, Мавлоно Қосимнинг чап томонига ўша санчиқ кирди. Бир ҳафта бу беморликка гирифтор бўлиб, сўнг жонини ўз Хожасига фидо қилди.