Шайх Мўмин Шерозий PDF Босма E-mail

Эллик ҳаж савоби ва она кўнглининг шодлиги
Хожа Абдуллоҳ Ансорий дебдурким, Исмоил Даббос дедиким, ҳаж ниятида сафарга чиқиб, Шерозга етишдим. Бир масжидга кирдим. Шайх Мўминни кўрдимки, ўтириб, хирқасига ямоқ соларди. Салом қилдим ва ўтирдим. Мендан сўради:
- Не ниятинг бор?
Дедим:
- Ҳаж ниятим бор.
Деди:
- Онанг борми?
Дедим:
- Бор!
Деди:
- Қайтиб, онанг хизматига бор!
Бу сўз менга хуш келмас эди. Деди:
- Нега тўлғонасан? Мен бош яланг, оёқ яланг, ёлғиз ва озуқасиз эллик марта ҳаж қилганман. Барчасини (савобини) сенга бердим. Сен онанг кўнгли шодлигини менга бер!