Шайх Абулқосим Бишр Ёсин PDF Босма E-mail

Ўттиз йил токчада турган арпа нони
Шайх Абусаид Абулхайр ( ) дебдурки, болалигимда бир жума куни отам ҳамроҳлигида жомеъ масжидига Қуръон ўқиб бораётган эдим. Йўлда Шайх Абулқосим Бишр Ёсин йўликди ва деди:
- Эй Абулхайр, бу кимнинг боласи?
Отам айтди:
- Бизнинг ўғилчамиз.
Шайх ўтириб, мени олдига чақирди ва қучоқлаб, юзини юзимга қўйди ва кўзини юмиб, деди:
- Эй Абулхайр, биз бу жаҳондан бора олмадикки, ер юзи дарвешликдан холи қоларди ва дарвешларга жабр бўларди. Эндики сенинг ўғлингни кўрдик, эмин бўлдик. Худо хоҳласа, бу болага валийлик насиб бўлғусидир. Намоз тугагач, бу болани бизнинг олдимизга олиб бор!
Масжиддан чиққанимиздан сўнг отамиз бизни пир Абулқосим қошига элтди. Ибодатхонасига кириб, рўпарасида ўтирдик. Уйда баланд бир токча бор эди. Пир отамга айтди:
- Абу Саидни елкангга кўтар. Токчада нон бор, олиб тушсин!
Отамиз бизни кўтарди. Нонни олиб тушдим. Иссиқ арпа нони экан. Шайх Абулқосим нонни қўлимдан олди ва кўзини юмиб, иккига бўлди. Ярмини менга бериб, егил, деди ва ярмини ўзи еди. Отамиз айтди:
- Бизга ҳеч бу нондан насиб бўлмасми?
Шайх деди:
- Эй Абулхайр, ўттиз йилдирки, шу нонни бу токчага қўйилибдур ва бизга ваъда қилибдурларки, бу нон ул киши қўлидаким исигай, дарвешлик унинг номи билан тирилгусидир ва бу борадаги охирги сўзни ул айтур. Бу хушхабар сенга басдирки, ул киши сенинг ўғлингдир!
Тангри билан сўзлашишни хоҳлайсанми?
Шайх Абусаид Абулхайр яна дейди: Бир куни Шайх Абулқосим Бишр Ёсин қошида эдик. Шайх деди:
- Эй фарзанд, Тангри билан сўзлашишни хоҳлайсанми?
Дедим:
- Албатта, нега хоҳламас эканман?
Деди:
Ҳар қачон хилватда бўлсанг, буни ўқи ва бундан ўзга ўқима:
Бе ту, жонон, қарор натвонам кард,
Эҳсони туро шумор натвонам кард.
Гар бир тани ман забон шавад ҳар мўе,
Як шукри ту аз ҳазор натвонам кард.
(Маъноси:
Жонон, сенсиз сабру қарорим йўқдир, Сенинг эҳсонинг саноғига етолмайман Танамдаги ҳар бир тук тилга айланганда ҳам Минг шукрингдан бирини адо этолмайман).