Шайх Абулаббос Қассоб Омулий PDF Босма E-mail

Қассоб ўғлининг каромати
Бир киши ундан сўради:
- Эй шайх, бизга бир каромат кўрсатинг.
Шайх деди:
- Яхшилаб назар сол, бир қассобнинг ўғли улуғларнинг мажлисида тўрда ўтирибди, ер ёрилиб, уни тортмаяпти ва девор унинг устига ўпирилиб тушмаяпти. Мулк ва маликсиз вилояти бор ва ҳеч нарса қилмасдан ризқи бутун, элга ҳам едирмоқда. Бу каромат эмасми?!

Балчиқдаги туя
Бир куни Омул бозорида бир бола оғир юк ортилган туяни судрамокда эди. Қаттиқ ёмғир ёғарди. Туянинг оёғи балчиқда тойилиб, пайи узилди. Бола нима қиларини билмай йиғларди. Одамлар йиғилиб, ғавғо кўтарди. Шайх Абулаббос можаро бошига етиб келиб, йиғлаб турган болага кўзи тушди. Туянинг нўхтасидан тутиб тортди. Юқорига боқиб дедиким: «Бу туянинг оёғини тузат! Агар тузатмайдиган бўлсанг, нега бир қассоб ўғлининг кўнглини бу гўдакнинг йиғламоғи учун куйдирдинг?!»
Ўша заҳоти Тангри таоло туянинг оёғини буткарди. Бола туяни тортди ва тебради.