Янги харита. Тоҳир Малик |
![]() |
(ишониш унча шарт бўлмаган ҳангома) Жаҳон харитасига ўзгартиш киритишнинг қандай йўллари бор, биласизми? Ҳа, тўғри, бир маҳаллар бунинг учун урушлар қилинган, қонлар тўкилган. Лекин ҳозир ундай замон эмас. Харитага ўзгартиш киритувчи боланинг отаси бақувват бўлса бас. Тушуниб тургандирсиз, «бақувват» деганда биз чўнтакни назарда тутяпмиз. Бу жиҳатдан Бўтақулга гап йўқ. Ўғлининг ақлига эса тан бермасдан илож йўқ. Энди озгина ўтмишга назар солайлик. Бўтақулнинг пул санашни ўрганиши учун мактабда ўн йил ўқитишнинг сира ҳам ҳожати йўқ эди. Шундай бўлса ҳам зўрлаб ўқитдилар. «Одамлар гап-сўз қилишмасин», дейишди-да. Ундан ташқари у замонлар одамлар мактабда ўқимаган болага қиз бермай қўйишган эди. У замонлар «тест» деган даҳмазалар йўқ эди. Имтиҳон олувчига биргина ишора кифоя. Бўтақул ўша ишорадан кейин имтиҳон олувчи билан юзма-юз ўтирган эди. Унга қўйиладиган баҳо аввалдан маълум бўлса-да, имтиҳон олувчи ирими учун унга савол берди: «Ньютон қонуни ҳақида нималар биласиз?» деди. Бўтақулга Ньютон деган одамнинг номи сал таниш туюлди-ю, аммо қариндошлари ичида бу одам ким бўлиши мумкинлигини эслолмади. Шунда имтиҳон олувчи унга туртки бўлар, деган умидда «Олма-чи, олмани эсланг» деди. Бўтақул шунда эслади. «Россияга олма сотиш қонунини чиқарган масковлик хўжайин», деб жавоб берди. Имтиҳон олувчи «физика фанига Россияга олма олиб бориб сотишнинг нима даҳли бор?» деб ўтирмай, ўзича «бу болага қолса Ўзбекистонда узилган олма Россияга бориб Ньютоннинг бошига тушгандир», деб қўя қолди. Иккинчи саволни осонроқ қилди. «Беруний киму Беллини ким?» деб сўради. Бўтақул «Беруний - шарқ алломаси, Беллини Европа композитори» деса олам гулистон эди. Аммо бола тушмагур ўйлаб ўтирмай, «булар иккови амакивачча» деб қўя қолди. Имтиҳон олувчи ичида «пешонамнинг шўри!» деб қўйди, савол берган тилини чайнаб ташламоқчи эди, ҳали учинчи савол ҳам борлигини эслаб, бундан ўзини тийди-да: «карра жадвални ёдлаб беринг», деб илтимос қилди. Бўтақул «уч карра тўққиз ўттиз саккиз» дегунича чидаб ўтирди-да, ваъда қилинган баҳони қўйиб енгил нафас олди ва қутилганига шукур қилди.Тағин ҳам Бўтақул гапдон бола эди, саволларга довдирамади. Бошқаларга ўхшаб оғзини очолмай турганида у шўринг қурғур имтиҳон олувчи нима қиларди! Бўтақул шу тарзда ўқишга кириб, яна ҳудди шу тарзда ўқиб, олий маълумот олди. |