“Бозор иқтисоди”. Тоҳир Малик |
![]() |
(Аввалги ҳангомага илова бўлмиш бу баённи ўқиш шартмикин?) Хотинининг макридан бехабар Норқул маошининг маълум бир қисмини улфатчилик учун яшириб, уйига қайтди. Келсаки, доим очиқ турадиган эшик ёпиқ. Қўнғироқни чалди. Хотини эшикни қия очиб, бу хонадоннинг бугундан эътиборан бозор иқтисодига ўтганини маълум қилди. “Бу нима деганинг?” деб ажабланди Норқул. “Шу деганимки, бу уйда энди ҳамма иш пуллик бўлади. Эшикни очганим учун фалон сўм тўлайсиз. Уйга кириш нархи эса фалон сўм”. Норқул буни аввалига ҳазил деб ўйлади. Кейин қарасаки, иш жуда жиддий. Чой сўраса – чой пуллик, овқат сўраса – овқат пуллик. Телевизорга қарай деса – унга ҳам пул. “Дунёнинг қайси кавагида томоша текин бўларкан?”, дейди хотини. Маълум бўлдики, диванга ёнбошлаш ҳам пуллик. Хайрият, хотинда инсоф бор экан, стулда ўтириб кўришнинг нархини сал туширди. Ҳожатга кирай деса, кичик ўғли патта ушлаб турибди. Қўл ювишга алоҳида пул тўлаб, хомчўт қилса-ки, маошидан деярли ажраб бўлибди. Энди турли ҳаражатлардан ўзини тийди. Балконга чиқиб, тикка туриб олди. Аммо бу ердан туриб шаҳарнинг кечки жамолини томоша қилиш ҳам пуллик экан. Балкондан ичкарига қайтиб кирай деса, яна пул талаб қилинди. Болалар ухлагач, ҳазил охирига етгандир, деб ётоққа кирай деса... ё, алҳазар! Бу ёғи ҳам пул! Норқул аччиқланиб: “Э, хотин уялмайсанми?” деса, хотини: “Пул бор жойда уят бўладими?” деб турибди. Хуллас, ётоққа кирай деса, ёнида пул қолмабди. Хотини хасис бозорқўмлардан экан, насияга киритмади. Ҳайриятки, озгина инсоф қилиб, насия эвазига диванга эски кўрпача тўшаб берди. |