|

Лев Толстойнинг А.А. Толстойга мактубларидан. 1884 йил, апрель. Ясная Поляна.
«Сиз мен билан бир эътиқодда бўлишингизни жуда истардим. Ҳаётимга бироз назар солинг. Ҳаётимнинг аввалги барча қувончларидан маҳрум бўлдим. Ҳаётдаги ҳар қандай муваффақиятлар — бойлик, ҳурмат, шуҳрат — буларнинг ҳеч бири менда йўқ. Дўстларим, ҳатто оила аъзоларим ҳам мендан юз ўгиришмоқда.
Баъзилар — либераллар ва эстетлар мени ақлдан озган ёки Гоголга ўхшаган ақли заиф деб ҳисоблайдилар; бошқалар — инқилобчилар, радикаллар мени мистик, беҳуда гапирувчи деб ҳисоблайдилар; ҳукуматдагилар мени зарарли инқилобчи деб ҳисоблайдилар; православлар эса мени шайтон деб ҳисоблайдилар. Тан оламанки, бу мен учун оғирдир... Шунинг учун, илтимос, мени яхши муҳаммадий (мусулмон) деб қаранг, шунда ҳаммаси жуда яхши бўлади».
Е.Е. Векиловага мактуб. 1909 йил, март. Ясная Поляна.
«Мен учун муҳаммадийлик ташқи шакллари жиҳатидан черков православиясидан қиёслаб бўлмайдиган даражада устун эканига ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун, агар инсон олдида фақат икки танлов — черков православиясига эргашиш ёки муҳаммадийликка эргашиш турган бўлса, ҳар қандай ақлли инсон учун танловда ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Ва ҳар ким ягона Худо ва Унинг пайғамбари ҳақидаги ягона ақидани тан олувчи муҳаммадийликни, учлик, гуноҳни ювиш, сирли маросимлар, Худо онаси, муқаддаслар ва уларнинг тасвирлари ҳамда мураккаб ибодат маросимлари ҳақидаги тушуниш қийин бўлган илоҳиётдан устун қўяди».
Лев Николаевич Толстой (1828–1910) — рус адабиёти ва тарихига улкан ҳисса қўшган даҳо рус ёзувчиси ва мутафаккири бўлиб, бизга кўпроқ ёзувчи сифатида таниш. Унинг ҳаётнинг маъноси, Худо, руҳ, билим, муҳаббат ва шу каби масалаларни кўриб чиққан фалсафий қарашлари ва рисолалари унчалик машҳур эмас. Унинг адабий асарлари ўқувчини ўзининг чуқурлиги ва инсонпарварлиги билан ҳайратга солади, бизни сезилмасдан ёзувчининг ажойиб ва қизиқарли оламига олиб киради, у ерда биз турли адабий қаҳрамонлар ичида сингиб кетамиз.
Унинг мутлақо ғайриоддий фикрлаши ўша давр Россия жамияти томонидан кўп ҳолларда тушунилмаган.
Черковни аёвсиз танқид қилгани учун Толстой қораланган ва унинг қарашлари тан олинмаган, чунки бу православ черковининг нуфузига путур етказар эди. Черков уни муқаддас нарсаларни ҳақорат қилишда айблаган ва ҳатто уни шайтон деб атаган.
Граф Толстой Инжилларда баён қилинган Исонинг ҳақиқий қарашлари билан православ ва бошқа насроний черковлари ақидаларидаги уларнинг бузиб талқин қилиниши ўртасидаги принципиал фарқни кўрди. «Сиз мен гўё Худони тан олмайди деб айтасиз. Бу — тушунмовчилик. Мен Худодан бошқа ҳеч нарсани тан олмайман. Мен билган ҳамма нарсани Худо борлиги учун биламан ва Уни биламан».
Граф Толстойнинг фикрича, Инжилларда баён қилинган Масиҳ ҳақиқати кейинчалик Ундан кейин келган черковлар томонидан бузиб кўрсатилган. Бу бузилишлар учта асосий нуқтага тааллуқли эди.
Биринчидан, ҳар бир черков фақат ўзи Масиҳ таълимотини тўғри тушунади ва бажаради, деб эълон қилди. Бу даъво таълимот руҳига зиддир, чунки унда на алоҳида бир инсон, на бир гуруҳ одамлар уни тўлиқ англаганини даъво қилиши мумкин.
Иккинчидан, улар инсоннинг нажотини муайян сирли маросимлар ва ибодатларга боғлаб қўйдилар, ўзларини одамлар билан Худо ўртасидаги воситачилар мақомига кўтардилар.
Учинчидан, дин тамойилининг амал қилиш соҳаси шахсий ҳаёт ва хонадон турмушигача торайтирилди. Черков ҳаётни бошқариш ўрнига, дунёга ёқиш учун Масиҳнинг метафизик таълимотини шундай қайта талқин қилдики, ундан ҳаёт учун ҳеч қандай талаб келиб чиқмайдиган бўлди, натижада у одамларнинг аввалгидек яшашига ҳалақит бермай қўйди...
«Дунё ўзи истаган ишни қилди, черковга эса ҳаёт маъносини қандай тушунтиришни ўзи билганича етказиб олишни қолдирди. Дунё Масиҳ таълимотига мутлақо зид бўлган ўз ҳаётини қарор топтирди, черков эса одамлар Масиҳ қонунига қарши яшасалар ҳам, гўё унга мувофиқ яшаётгандек бўлиб чиқиши учун турли мажозий талқинларни ўйлаб топди. Оқибатда дунё бутпарастлик ҳаётидан ҳам ёмонроқ ҳаёт билан яшай бошлади, черков эса нафақат бу ҳаётни оқлади, балки айнан шу Масиҳ таълимотининг ўзи, деб тасдиқлай бошлади». Ясная Поляна. 1909 йил март.
Абу Муслим профессор таржимаси |