«Юнонларнинг фожиавий тетралогиялари» Босма

Кавалер Ҳерманнинг дастурий мақоласи. 1819  

Ва ушбу мақола, унда ифода этилган фикрлар ва уларнинг баён этилиш услубига қараб хулоса қилинса, унинг муаллифи — қадимий нарсаларни янгилай оладиган ва йўқолганни қайта тирилтира оладиган маҳоратли мутахассис экани намоён бўлади.

Инкор этиб бўлмайдики, биз одатда қадимги тетралогияларни уч карра кучайиб борувчи ягона мазмун сифатида тасаввур қиламиз; бунда, одатда, биринчи пьесада экспозиция, ҳаракатлар учун дастлабки шароитлар, бутун асарнинг марказий бошланғич эпизоди жойлашган бўлади; иккинчисида — узилиб бўлмас даражада вужудга келган фожеавий оқибатлар кенгайиб боради; учинчида эса, кучайиш давом этган ҳолда, барибир маълум бир ярашув намоён бўлади ва бу тетралогияга тўртинчи, кулгили пьесани ҳам қўшишни мумкин қилади. Бунинг мақсади — томошабинларни, яъни хонадон осойишталиги ва хотиржамликка муҳтож бўлган тинч фуқароларни, яхши кайфиятда уйларига қайтаришдир.

Шундай қилиб, агар, масалан, биринчи пьесада Агамемнон ҳалок бўлса, иккинчида — Клитемнестра ва Эгист, учинчида эса онақотил бўлган ва фуриялар томонидан таъқиб қилинаётган қаҳрамон Афина олий судида оқланса ва шу қарор шарафига шаҳарда абадий йиллик байрам ташкил этилса, бизга шундай туюладики, гений бундай тетралогияни қандайдир енгил ҳазил билан якунлашга муваффақ бўлган бўлар эди.

Биз, албатта, тан оламизки, юнон мифологияси зиддиятлар ва воқеалар изчиллигига жуда бойдир ва буни ҳар қандай теран тафаккурли шоир осонлик билан англай олади; чунки у шунга гувоҳ бўлади: бу улкан дарахтнинг ҳар қандай шохида бир нечта трилогиялар юзага кела олади. Шу билан бирга, биз кўпгина юнон тетралогияларида етарлича аниқ изчилликнинг йўқлигига ҳеч ҳайрон бўлмаймиз ва буни доимий янгилик истаги шароитида ҳатто муқаррар деб биламиз.

Шоир қандай қилиб англамаган бўлиши мумкинки, халқ учун қатъий изчиллик муҳим эмас? У қандай қилиб, енгилфикрли омма билан иш олиб бораётганини ўз фойдасига бурмаслиги мумкин эди? У, эҳтимол, ҳеч кимнинг кўнглига ёқмай қолиш ва ҳамма томонидан рад этилишдан кўра, ўз ички эътиқодидан воз кечишга тайёрроқ бўлган.

Шу боис биз ушбу дастурий мақолада келтирилган фикр — яъни трилогия ва тетралогия маъноли боғланишга муҳтож эмас, деган фикрни тўлиқ табиий ва ишонарли деб биламиз. Бу ерда воқеа тугунларининг кучайиб бориши эмас, балки кўп жиҳатли мазмунга асосланган ташқи шакллар кучайиши мавжуд бўлиб, томошабинга зарур таъсир кўрсата олиш учун мўлжалланган эди.
Биринчиси — бутун инсонни қамраб олувчи ҳашаматли ва таъсирли,  
иккинчиси — хорлар ва қўшиқлар гўзаллиги билан ақл, эшитиш ва ҳисларни маҳлиё этадиган,  
учинчиси — ташқи муҳитнинг дабдабаси ва ҳаракат ривожининг кучли кўтарилиши билан хурсандлик ва ҳайрат уйғотувчи,  
охиргиси эса — томошабин билан хурсанд видолашув учун мўлжалланган, хоҳлаганча шодлик, қувонч ва жасоратга тўла бўлиши мумкин.  

Эндиликда замонавий даврда шунга мос бир образ ва ўхшашлик топишга ҳаракат қилайлик. Немис театрида бундай қурилиш шаклининг намунаси сифатида Шиллернинг «Валленштейн» асари келтирилиши мумкин, гарчи шоиримизнинг мақсади қадимларга тақлид қилиш бўлмаган бўлса-да. Материал жуда кенг қамровли бўлган ва фаол, ижодий руҳ билан тўқнаш келиб, вақт ўтиши билан, ҳатто унинг хоҳишидан мустақил равишда, бир неча қисмга бўлиниб кетган. Янги замон ҳиссиётига мувофиқ, у бутун асар олдига хурсанд, беғам, сатирага асосланган драмани — «Валленштейн лагери»ни қўйди. «Пикколомини»да эса ҳаракатнинг аста-секин ривожини кузатамиз; у бираз секинлашади — эҳтиёткорлик, адашишлар, ҳаддан ташқари ҳиссиёт, шунингдек, ноҳақни юмшатиш, ёввойини тийиш, қаттиқни мулойимлаштиришга интиладиган меҳрибон, осмон каби пок муҳаббат туфайли. Учинчи пьесада эса, барча воситачилик уринишлари омадсиз якунланади; у — бу сўзнинг энг чуқур маъносидаги олий даражадаги фожиадир. Ва ким тан олмайди, шундай асардан сўнг ҳис-туйғуларимизни ва ақлимизни банд этишга арзийдиган бошқа ҳеч нарса бўлиши мумкин эмас?

Бунинг баробарида, жаноб Ҳерманнинг дастурий мақоласида тилга олинганидек, бутунлай боғланмаган қисмларни жасорат ва муваффақият билан бирлаштиришга доир мос намуна топиш учун биз Альп тоғларидан ўтиб, ҳар бир дақиқадаги таъсирни тўлиқ ҳис эта оладиган итальян халқини тасаввур қилишимиз керак.

Биз бир куни, масалан, жуда жиддий, уч қисмли операни кўрган эдик — у ягона мавзуда йўналган бўлиб, ҳаракат ривожидан четга чиқмасди. Аммо бу уч қисм орасида иккита балет намойиш қилинган бўлиб, улар ўз характерига кўра бир-бири билан ҳам, опера билан ҳам мутлақо боғлиқ эмасди; биринчиси — қаҳрамонлик руҳида, иккинчиси — комедиявий характерда бўлиб, сакраувчилар ва гимнастларга ўз маҳоратлари ва эпчилликларини намоён қилиш имконини берган эди. Бу интермедия кўз очиб юмгунча ўтиб кетгач, операнинг учинчи қисми бошланди — шунчалик расмий ва мўътадил тарздаки, гўё бундан аввал ҳеч қандай масхарабозлик бўлмагандай. Намойиш жиддий, тантанали ва мутаассир қилгувчи тарзда якун топди. Шундай қилиб, биз бу ерда бир турдаги пенталогия билан иш қилдик, у ўзича халқ оммасининг таъбини тўлиқ қондирди.

Келтириб ўтамиз яна бир мисол. Биз бир неча бор анча камтарроқ муҳитда Гольдонининг уч қисмли пьесалари намойишини кўрганмиз — бунда ҳаракатлар орасида икки қисмдан иборат, тўлиқ якунланган, кулгили опералар жуда мукаммал тарзда ижро этилар эди. Опералар билан комедия ўртасида, на мазмун, на шакл жиҳатидан ҳеч қандай умумийлик йўқ эди, шунга қарамай, биз ҳаммамиз катта завқ билан, комедиянинг биринчи қисми тугаши билан дарҳол, яхши таниш ва севимли опера увертюраси овозларини тинглардик. Вокал намойиши мукаммал якун топгандан сўнг ҳам, пьесанинг иккинчи, насрий қисми камроқ муваффақият қозонмаган. Ва қачонки иккинчи мусиқий антракт яна бизга янги ҳаяжон босқичини тақдим этган бўлса, биз ҳамон кучайиб бораётган ҳирс билан комедиянинг учинчи қисмини кута бошлардик — у ҳам бутунлай қониқарли таассурот қолдирган, зеро ширин овозли рақибларининг муваффақиятидан ўт олган актёр ўз истеъдодида нима бор бўлса, барчасини ишга солган, томошабинларнинг кўтаринки кайфиятига тўлиқ ишонган ҳолда ўзи ҳам шодлик билан тўлиб тошган ва натижада энг мароқли самараларга эришган. Қарсаклар тофони остида бу пенталогия ҳам якунланган, унинг сўнгги қисми ҳам тетралогиянинг тўртинчи қисми сингари вазифани бажарган — биз томошабинларни қониққан, кўнгли кўтарилган, бир вақтнинг ўзида мутаносиб равишда хотиржамланган ҳолда уйимизга кузатган.

1823
Иоганн Вольфганг Гёте  

Изоҳлар:
Лейпциг университети профессори И.-Г.-Я. Ҳерманнинг «Юнон тетралогиялари композицияси ҳақида мулоҳаза» (1819) мақоласи Гётенинг эътиборини 1820 йили тортган ва унинг 1823 йилда “Санъат ва қадимчилик ҳақида” журнали саҳифаларида чоп этилган ушбу рецензиясини келтирган. Юнон диний байрамлари пайти театрда сюжети машҳур мифларга асосланган пьесалар қўйилар эди. Бир кунда тўрт асар намойиш қилинган: учтаси фожеавий мазмунда бўлиб, тўртинчиси — «сатир пьесаси», яъни кулгили мазмундаги асар бўлган.

… агар, масалан, биринчи пьесада… — бу ерда Гёте Эсхилнинг машҳур «Орестея» трилогиясини назарда тутади:  
«Агамемнон», «Хоэфоры» ва «Евмениды».  
Ушбу уч қисмли фожиага тетралогия кўриниши берувчи тўртинчи пьеса — «Протей» — бизгача етиб келмаган.  

Қисқача мазмун: Клитемнестра ўз маҳбуби Эгист билан бирга Троя юришидан қайтган эри Агамемнонни ўлдиради; бунга жавобан, ўғли Орест онаси ва Эгистдан қасос олади — уларни ўлдиради.

Пенталогия — беш қисмдан иборат асар.  
Карло Гольдони (1707–1793) — италиялик драматург, маиший мавзудаги ажойиб комедиялар муаллифи.

Абу Муслим таржимаси