Йигитликка ачиниб, қарилик ҳақида айтади PDF Босма E-mail

Кезар булутдек йигитликни кетказдим,

Тирикликни бўрону елдек тугатдим.

Эсиз йигитлигим, эсиз йигитлигим,

Тута билмадим мен сени тез йўқотдим.

Яна қайтиб келгин йигитлик менга сен,

Кўтарай кафтимда, шойилар тўшатдим.

Эсиз бу йигитлик қани, кетди қаён,

Тилаб топмадим мен неча ҳам тилатдим.

Тириклик тотиғи, ширин жон севинчи,

Йигитликдек саодат йўқ, сўроғлатдим.

Расталик тотиғи, йигитлик роҳати,

Йўқотдим мен, тутар пайтимда ҳуркатдим.

Қариликда қўр йўқ ғоз тутсам ҳам қаддим,

Беҳуда бор ҳаёт-умрим ҳам сарфлатдим.

Ачинарман сенга ғоят, эй йигитлик,

Барча кўрким йироқлатдинг, узоқлатдим.

Тамом арғувондек алвон рангу рўйим,

Бу кун заъфар-заъфарон этиб бўятдим.

Қора сочим оқарди бамисли қордай,

Тўлин ойдек юзим қай бир томон элтдим.


Фасли баҳордек зиёда гул-чечагим,

Хазон тўккан каби барчасин қурутдим.

Қайиндек бўйим ҳам равон мисоли ўқ,

Эгилди ёй каби мен ҳам асо тутдим.

Совурдим беҳуда тириклик қувончин,

Ўкинч бирла йиғлай-йиғлай қонлар ютдим.

Кичиклик кечирдим, йигитлик йитирдим,

Куним елга бериб, ўзим ҳам чўкитдим.

Емак-ичмак бўлса, едим-ичдим молдек,

Тилак тилаш бўлса, тўзонлар тўзитдим.

Неча қуш овига овундим-севиндим,

Учар қуш тулпорим домимдан ҳуркатдим.

Дўсту ёрим учун азиз жондек эдим,

Ёвим борки, барин асовдек чарчатдим.

Ҳақоратлаб сўкдим қанча-қанча зотни,

Гуноҳсизга амру илик, тил узатдим.

Кўкрак кериб қанча ёвни янчган эрдек,

Ғурур ғолиб келиб, қоя каби қотдим.

Ичиб ётган эрдай ухлаб, тура келдим,

Ўзим йўлдан озиб, Худодан уятдим.


Худо амри қолди, киши ишин қилдим,

Очун бўйлаб чопиб, ўзим ҳар ён отдим.

Тилак-орзу билан югурдим қанча мен,

Қутурган бўридай очунни титратдим.

Кўплаб пулин олдим тутқунларим зўрлаб,

Таъқиб қилиб қай бирларин ҳам қақшатдим.

Нечун бундай қилдинг деса Парвардигор,

Жавоб тополмасдан хижолатга ботдим.

Қай бир телба феъли бундан ҳам баттар,

Кечар кунга банди, ҳаётим йўқотдим.

Севинч кечди, заҳмат яна кечгай эди,

Совуриб давроним, афсус чекиб ётдим.

Баайни ё Хисрав, ё Қайсардек бўлдим,

Ё Шаддоду, Оддек жаннат ҳам яратдим.

Ё забт этдим Искандардай кенг дунёни,

Тугал Нуҳ ёшин яшадим ҳам яшатдим.

Ўзим Ҳайдар бўлдим яшиндек қиличлик,

Ё Рустами достондай довруғ таратдим.

Ё мисли Исодай кўкка қилдим парвоз,

Ё Нуширавондай сиёсат юритдим.


Ё ганжим тугал бўлди Қорун молидай,

Ё Асҳоби Раъсдек қўрғон барпо этдим.

Не фойдаси, охир ерга қайтдим яна,

Қолди дунё, кафанлик бўз ола кетдим.

Яланг келиб эдим, яланг киргум ерга,

Нечун дунёга ўзим бунча боғлатдим.

Кечар дунё кечди бўрон ел мисоли,

Ғофил бўлиб дунёга ўзим боситдим.

Қани эзгу феълим ҳаётда берар наф,

Йигитликда экин қаю ерга экдим.

Неки экдим, уни охир ўрарман мен,

Неки ўрсам, у билан ўзим овутдим.

Йигитликни йитдим, қариликка етдим,

Тазарру-тавба айлаб, сўзни ёғитдим.

Узун тунлар ётма, тоат-ибодат қил,

Доду фарёд айла, минг гуноҳга ботдим.

Илон, қурт, қўнғиз емиши танни боқиб,

Нозу неъмат нечун мен танамга тутдим.

Аё ғофил жон, сен уйғон, йиғла тинмай,

Ҳаққа ёлвор, йўқса то абад йўқотдим.


Қарилик қовурди, йигитлик йиради,

Роҳат кетди, эргашиб йўлим кенгитдим.

Ўтар кўҳна дунё авраб йўлдан урди,

Қаюда мен, нечун севдиму севитдим?!

Ё Раб, лутфинг дариғ тутма, зинҳор мени

Суриб хор айлама, бор айбим аритдим.

Гуноҳларни кечиргувчи ёлғиз Эгам,

Дариғ тутма лутфинг, гуноҳим унуттим.