Хоқон Ўгдулмишга таъзия билдирганини айтади PDF Босма E-mail

Хабар топди бундан султон ҳам аста,

Таъзия билдирди такрор дилхаста.

Султон деди: Ўзинг тутгин, Ўгдулмиш,

Дуо қил ҳақига – ғоят савоб иш.

Худо ёрлақагай у Ўзғурмишни,

Кечиргай Ўзи минг гуноҳ-қилмишни.

Мадад бергай сенга қайғуда Раҳмон,

Дўзах азобидан сақлагай омон.

Не ҳол бу, хилватга олиб ўзингни,

Юзинг яширибсан, тийиб сўзингни.

Сира ярашмагай сенга бу қилмиш,

Заковат аҳли ҳеч қилмас бундай иш.

Сени ким бувнади зуғум-куч билан,

Юрагинг қон қилди қасос-ўч билан?


Худо ҳукми барҳақ, қардошинг кузат,

Юритди қазосин, сен феълинг тузат.

Нечун қайғу-ҳасрат, нечун бу йиғи,

Равоми сен учун ғам-алам тиғи?

Туғилган ўлару юксалган инар,

Берилган олинар, ҳар юрган тинар.

Қардошинг ўлими сенга панд бўлсин,

Сабр қил, савобинг шакар-қанд бўлсин.

Яқинин йўқотиб ким ортда қолгай,

Бешафқат бу қисмат сабоғин олгай.

Марҳум пандига боқ, айтар: Кўр мени,

Ўлим тутди, ўлдим, ҳам тутар сени.

Бағоят бунга мос бу ашъор мастур,

Жо айлаб кўнглингга, айлагин дастур:

Шеър

Лаҳад минг бир дунё бўйи ҳам эни,

Қабр аҳли айтар: Ҳолим кўр мени.

Ғофиллик билан гул умрим совурдим,

Ўлим тутди, ўлдим, тутар ҳам сени.


Ўгдулмишга Хоқон деди: Сўнгги пайт,

Қандай видолашди, билганларинг айт.

Ўгдулмишнинг хоқонга жавоби


Сўзлади султонга неки билганин,

Сўнгги он насиҳат дилдан қилганин.

Қўлига раква[1]ю ҳассасин олиб,

Хоқонга узатди ёдгорлик қилиб.

Деди: – Қардошимдан қолган бу мерос,

Ундан бори йўғи шу қолди, холос

Хоқон ҳам эъзозлаб олгай қай бирин,

Не тонг, кўрса сирли хислат таъсирин.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Кунтуғди ҳассани олди, алқисса,

Деди: Бахт келтиргай менга бу ҳасса.

Кўрсатиб раквани деди: Ол буни,

Эслатгай ҳар лаҳза бу сенга уни.


Қўлига Ўгдулмиш раквани олди,

Яна дарду ҳасрат домида қолди.

Хоқон айтди: Кўргил бир ибрат бу кун,

Фаросат етса бас, сабоқ бу бутун.

Насибасин олиб, яшади узун,

Яна қолди дунё, эй фазли афзун.

Нелар дер, эшитгил, аъло атвори,

Ақлу заковати номусу ори:


Зиёд молу мулк ҳам соврилиб кетар,

Вале оз бўлса ҳам кифоя, етар.

Ягона фазли, кўп дунёда нуқсон,

Умри ўтар қандай яшаса инсон.

Не фойда мол-мулкдан ўлим бор жойда,

Кўзинг юмсанг, кимга бу текин фойда.

Қардошинг йўлдан ҳеч урмади гардун,

Егнида жандаю емиши дон-дун.

Ҳаётин ўтказди, очдан ўлмади,

Ношукр кимгадир мерос қолмади.

Тоату ибодат - пухта ҳар иши,

Бегона ўткинчи дунё ташвиши.

Ниҳоят нажот ҳам топди у бу кун,

Ҳолимиз не кечар, бу жумбоқ-тугун.


Хоқон минг такрорлаб насиҳат сўзин,

Жону дили билан қайғурди фузун.

Сарой томон борди сўнг султон туриб,

Тушиб кирди уйга оғир ўй суриб.


Азадор неча кун Ўгдулмиш ғоят,

Ёдидан ҳам чиқди дарди ниҳоят.


Унутиб ҳасратин қилди тантана,

Еди-ичди яйраб яшнади яна.

Ғоят яхши айтмиш элга сарвар эр,

Билим билан содиқ улуспарвар эр:

Шеър

Неча қайғу чексанг роҳат билмайин,

Яна бахтинг кулиб, яйрашинг тайин.

Азал-абад дунё таврию тарзи,

Ёмон-яхши ортар йил ўтган сайин.

Аламлардан омон чиқди Ўгдулмиш,

Тоату жо-бажо ҳар чора, ҳар иш.

Жону дили билан хизмат бошлади,

Саҳар тонгдан бориб ишин ишлади.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Чорлади Хоқон бир кун Ўгдулмишни,

Сўради эл билан боғлиқ ҳар ишни.

Деди: Эл аҳволи, улус ҳолин айт,

Давру даврон кечар не асно пайт?

Кўзу қулоғимсан, ҳар ишим барча,

Қиларсан, сен учун очиқ ҳар дарча.

Не муддат юрагинг ўртади алам,

Ниҳоят равонми ҳар ишинг бу дам?

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби


Ўгдулмиш жавобан деди: Аё бек,

Аъмолу амаллар дуо қилгудек.

(матн тушиб қолган)

Кўзу сўзу нафсу шаҳват беомон,

Ибодат офати булар бегумон.

Кимки нафсин тийиб, сўзласа холис,

Ёмонлардан бўлса ҳамиша олис,

Ҳою-ҳавас қули бўлмаса сира,

Жиловласа қаҳру ғазабин хира,

Билимдону оқил асли шу одам,

Оқилу тамкинлар насли шу одам.

Жон озиғи оқил одамнинг сўзи,

Тўғри, ҳақгўй бўлар уларнинг ўзи.

Бемаъни ишларга яқин йўламас,

Қадрин билиб, қадрсизни қўлламас.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон деди: Ғоят яхши сўзладинг,

Яхши сўзлаб, наф беришни кўзладинг.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

/ матн тушиб қолган/

Балойи нафс бошга келтирар бало,

Нафсига қул бўлмас ҳар инсон аъло.

Кимки қул бўлса гар нафсига узоқ,

Нафси бўлар унинг пойига тузоқ.


Жуда яхши айтган киши сараси,

Аслида шу баднафс нафснинг чораси:

Кимга вафо қилсанг, жафоси тайин,

Сенга зулм қилар қасддан атайин.

Ҳар кимга ишониб тутма қўлингни,

Ногоҳ қақшатмасин сени бетайин.

Уч нарса ҳаддидан ошгани ёмон,

Ит билан қуш, бири нафсдир бегумон.

Оғдирмасин десанг гар тўғри йўлдан,

Уларнинг жиловин чиқарма қўлдан.

Лочин тўқ бўлса гар донга қарамас,

Ит семириб кетса, овга ярамас.

Нафсингга эрк берсанг қутурар яна,

Балога гирифтор қилар ҳар сана.

Қушинг ов қилмаса, бир ўрдак йитар,

Итинг ов қилмаса, бир сувсар кетар.

Нафсинг хуруж қилса – йўғон тортади,

Ўтга ташлар сени, дардинг ортади.

Фақир тинч яшайди, ҳеч вақоси йўқ,

Шукур айтиб кўнгли доим бўлар тўқ.


Енгил-бош битса гар қорни ҳам тўйиб,

Тоат қилар бошин саждага қўйиб.

Давлату мартаба, иқбол кишини

Такаббур қилади, бузар ишини.

Имондан айирар кибрдай бало,

Оқиллар кибрга берилмас асло.

Бадавлат ҳам ўлар, ғариб ҳам ўлар,

Иккисин либоси ҳам кафан бўлар.

Фақир ўлса – озод, заҳмати йитар,

Бой ўлса, мол қолар, ғам олиб кетар!

Ғоят мос бу ҳикмат, ўйла фикр қил,

Ундан фойда олгин, мудом зикр қил:

Эй неъмат соҳиби, заҳматинг – ўлим,

Эй неъмат соҳиби, неъматинг – ўлим.

Фақир ўлса озод, тугайди азоб,

Бой ўлса, бошланар азобли ҳисоб.

Хоқоннинг Ўгдулмишга сўзи

Хоқон деди: Бисёр бир кам дунёда,

Кушанда илону чаён зиёда.

Нозу неъмати оз, заҳар пўсти кўп,

Яхши амали оз, каму кўсти кўп.


Оқилларнинг ҳатто хом хамаги йўқ,

Оч аксар олимлар нон-намаги йўқ.

Жоҳилу нодонга жаннат бу жаҳон,

Муҳтожлик нелигин билмас ҳеч қачон.

Оқилларга дунё чангалзор мозор,

Қай томон юрмасин чекар минг озор.

Донога даҳри дун зим-зиё зиндон,

Қорни нонга тўймас барча билимдон.

Бор-будидан кечиб зоҳид бўлди у,

Тақводор обиду воҳид бўлди у.

Биз дунё домига тушган бандамиз,

Тангрим раҳм этмаса, бас, шармандамиз!

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш деди: Эй, юртнинг сарвари,

Ақлга пайваста гапларинг бари.

Маккор бу даҳри дун мисоли рўё,

Еб тўймас аждаҳо мисоли гўё.

Ўзи парваришлаб, азим ҳам қилар,

Силласин қутириб, ҳазм ҳам қилар.

Манфур минг қилмиши ҳайрон айлагай,

Ақлинг лол,бағрингни вайрон айлагай.


Билмай гуноҳ қилди Одаму Ҳавво,

Нораво бўлди у жаннут-ул маво[2].

Ниҳоят неча минг асрлар ўтди,

Қанча огоҳ шоҳу басирлар ўтди.

Келиб кетди олим, марду майдонлар,

Қоядек такаббур қанча нодонлар.

Ақл соҳиблари ҳам елиб кетди,

Нодону телбалар ҳам келиб кетди.

Келиб кетди Тангри пайғамбарлари,

Имону эътиқод жарчиси бари.

Кимлар оз яшади, кимлар зиёда,

Кимлар ҳақ йўлида қурбон дунёда.

Қай шаккок шайтондек Ҳаққа тош отди,

Бор олам разолат чоҳига ботди.

Бу байтлар маъносин англаб ол теран,

Тафтиш қил аъмолинг, назар сол теран.

Хоҳ олим бўл, хоҳи яша кўп замон,

Бўлсанг ҳам беармон зўр соҳибқирон,

Барибир ўларсан эртами ё кеч,

Сўнгги пушаймонинг наф бермайди ҳеч.

 

Донолар саодат излаб беадад,

Тополмай ўтдилар тентираб беҳад.

Ёруғ оламга ҳеч келмаган каби,

Қаро ер қаърида сўнган кавкаби.

Шоҳу гадо турфа тоифа одам,

Юҳо ер барчасин ютди дам-бадам.

Обод сарой, ўрда баҳридан ўтиб,

Қора ер бағрида ётарлар кутиб.

Улар уйқудами, тин оларми бот,

Не ҳолу аҳволи, айтар қай бир зот.

Интиқ улар бу кун нажот, оромга,

Қўллари етмас ҳеч кийим-таомга.

Ётарлар беадад унсиз фарёди,

Саодат йўлида беҳад муроди.

Худо берди бизга даврон беармон,

Совурсак умримиз гуноҳ бегумон.

Худо бергай тавфиқ раво айлаб ком,

Барча эзгулик, эй соҳиби низом.

 

Куйлаган сингари Ўгдулмиш баёт,

Деди: Насиб этгай беармон ҳаёт.


Дунё ҳеч қолмагай сенсиз бўш, ҳайҳот!

Безавол яшагай бор уруғ-авлод.

Ҳар не бўлса орзу-тилагинг барча,

Тангри очсин улар йўлида дарча.

Неки ниятларинг бўлса ҳам яна,

Тангри насиб этсин, қилгил тантана.

Шоду хуррам давру даврон сур узун,

Роҳат-фароғатда, эй фазли афзун.

Дариғо, сен каби кишилар ўлиб,

Ётса ер қаърида, зер-забар бўлиб.

Нетайки, азалдан даҳри дун кори,

Яралмиш бу янглиғ, эй эл саркори!

Сендай яхши султон ўлса ҳам ҳайҳот,

Элнинг юрагида яшар барҳаёт.

Хоҳи завол топгин, хоҳ яша узун,

Отинг сарбаланду шуҳратинг фузун.

Муҳибу мулкинг ҳам кун сайин бисёр,

Завол топгай жумла ғаниминг айёр.


Таъзим билан чиқди тугатиб сўзин,

Отин минди, бурди уйига юзин.


Келиб тушди, кирди уйига юриб,

Еди-ичди, ётди теран ўй суриб.

Яна турди саҳар, ишин бошлади,

Назорат қилиб ҳам ўзи ишлади.

Шарофати билан осуда эли,

Барча эгрилар ҳам эврилди феъли.

Юрт обод, дуода улус куну тун,

Насиб этди бахту саодат бутун.


Улар кетди, қолди то эзгу оти,

Йитиб йўқолмас ҳеч яхшилар зоти.

Назар сол, аё дўст, бу янглиғ киши,

Фаришта мисоли ҳар аъмол, иши.

Одам бўлса азиз улар бус-бутун,

Улус қай ном билан аталар бугун?

Агар одам бўлсак биз - аҳли башар,

Уларни фаришта десак ярашар.

Улар эзгу феълин айлайлик одат,

Бизга ҳам то насиб этгай саодат.

Уқувли уқар ҳам билимли билар,

Омонат - танда жон, бор дунё қолар.


Беҳуда совурмай умримиз ҳамон,

Тоат жоиз, ортиқ келмагай даврон.

Зиёда панд-ўгит яна не бўлар,

Куни битган завол топар, кўз кўрар.

Қасру ўрда қолар, саройлар қутлуғ,

Сабоқ олмас бундан банда, эй улуғ!

Саройу қалъалар юксак, беғубор,

Ўлим бузди, айлаб нес-нобуд минг бор.

Неча шаҳру қишлоқ, боғу роғ, гулзор,

Ному нишони йўқ кимсасиз мозор.

Қолар қасру ўрда, сарой ҳам сенга,

Қўлингга кирар, бас, шу ҳам панд менга.

Жаҳонгир учун тор дунё кенг бўлди,

Лашкарсиз бу он ер билан тенг бўлди.

Қани ўша элим оз деган нокас,

Талай элни қийнаб, бу кун мисли хас.

Қани ер талашган зўравон тезоб,

Қулоч ер қаърида чекар минг азоб.

Қани мусулмонлар қонини тўккан,

Қаро ер қаърига то абад чўккан.


Қани ҳар бандани ранжитар киши,

Қаро ер қаърида ранжида иши.

Қани дунё учун қилар қирғин-жанг,

Сабил қолди дунё, марҳум ҳоли танг.

Қани молу мулкка тўймаган очкўз,

Насиба кафанлик, парчагина бўз.

Қани ортиқ замин тилаган киши,

Қаро лаҳад ичра саранжом иши.

Дунё ҳоли шундай азалдан барча,

Заковат билан тек очиқ ҳар дарча.

Роҳати заҳмату севинчи – алам,

Эъзози - маломат, бор шодлиги - ғам.

Бошингга не келса, ранжима зинҳор,

Роҳату фароғат заҳмати бисёр.

Эшитгил, нелар дер, билим берувчи,

Эй сен, азоб билан сабр қилувчи:

Шеър

Эй неъмат эгаси, шукр қил, егил,

Эй заҳмат эгаси, сабр қил, эгил.

Сабр қилсанг, нозу неъмат меҳнатинг,

Шукр қилсанг, зиёд неъматим дегил.


Эй доно, бу кунги ҳолга назар сол,

Қай бир томон боқма, тескари аҳвол.

Билимли беқадр, гизлагай ўзин,

Аҳли заковат лол, айтмас ҳеч сўзин.

Эл ичра зиёда минг битта бебош,

Озурда мўмин хор кўтаролмай бош.

Бенамоз, ювар тек бурун-қўл учин,

Ботирман, дер золим қилиб кучин.

Фосиду фосиқлар, во ажаб, эран,

Хасис – шароб ичмас ҳар фикри теран.

Намозхон, рўзадор мўмин-мусулмон,

Мунофиқ аталар, беомон замон!

Ҳалол йитди, ҳаром-ҳариш авжида,

Олам ғарқ ҳаромхўр қавмин мавжида.

Ҳалолликдан, ё Раб, қолди фақат ном,

Ямламай ютиб ҳам тўймас ҳеч ҳаром.

Қаён ҳар ҳаромни ҳаром дер жўмард,

Ҳаромдан юз буриб, ҳалол ер жўмард?!

Имон аҳли хор-зор зулмат тунида,

Ҳақ ажрини олар маҳшар кунида.

Ҳаром билан диллар қорайди, болам,

Ҳалол учун олам торайди, болам!

Замона зиллатин қилай овоза,

Қулоқ тут пандимга, эй кўнгли тоза:

Шеър

Ҳаром билан кўнглим қора бўлди, кир,

Илмим қўлламадим ўзим юзда бир.

Тану жоним ҳою-ҳавас домида,

Ибодат бегона, аён айлай сир.

Олам телба сарсон, манзили бўлак,

Олам аҳли тили ҳам дили бўлак.

Вафо армон, қайрар жафо нишини,

Тилаб топиб бўлмас содиқ кишини.

Улус-эл ичра минг битта жафокор,

Анқонинг уруғи, ё Раб, вафодор.

Қариндош-қориндош бир-бирдан олис,

Садоқатли йўқ ҳеч дўсту ёр холис.

Бебош бор ёш-яланг, кекса - билимсиз,

Зариф йўқ, пасткашлар бисёр илмсиз.

Яқинлик пораю инъоми билан,

Жўмард йўқ иш қилар Ҳақ номи билан.


Омонат тилда тек, кўз ёши булоқ,

Насиҳатга солмас ҳеч кимса қулоқ.

Амри маъруф айтар воиз ҳам қаҳат,

Жазо йўқ муртаду мункирга, Аҳад!

Савдогар қавмида йўқ ҳеч диёнат,

Ҳунарманд касбига қилар хиёнат.

Илм аҳли равон айтолмас сўзин,

Беҳаё заифа яширмас юзин.

Ҳалоллик армону ўғрилик ғолиб,

Художўй топилмас Тангрига толиб.

Жамоат кўп бир пайт, масжид эса оз,

Масжид бисёр бу дам, оз аҳли намоз.

Во дариғ, улус қул қўлин кирига,

Дўнар сармоядор эл-юрт пирига.

Эшитгил, нелар дер, андишапарвар,

Кони фойда панди, яхшига сарвар:

Шеър:

Қани бир тўғрилик қилувчи, қани

Художўй, дўст бўлиб юрувчи қани?

Равон йўлдан чиққан оламу одам,

Кўриб бу ҳолни лол қолувчи қани?


Бошин егай аҳли муслим бир-бирин,

Кофирлар роҳатда бой бермай сирин.

Талон-торож аҳли мусулмон моли,

Анқонинг уруғи ғараздан холи.

Фисқу фасод тунлар ухлатмас бироз,

Илму Қуръон саси, эвоҳ, оздан-оз.

Бамисли тош диллар, тиллар эшилди,

Ҳалоллик бағри минг ўқдан тешилди.

Оталик қилар, кўр, отага ўғил,

Ўғил бек бўлиб, кўр, ота бўлди қул!

Ёвузлик ярқирар, эзгулик яғир,

Ҳасад дасти дароз, саодат сағир.

Етим-есирларга ҳар ким қилар дўқ,

Зиёда тафтишчи, тўғриловчи йўқ.

Бежиз оҳ урмас ҳеч ҳақпараст бахши,

Билимдон ҳар воиз ваъзи ҳам яхши:

Шеър:

Замон бўлди охир, низом айниди,

Кўриб бадни яхши авом айниди.

Уқувли уқар ҳам билимли билар,

Йил, ой, кун - кун ўтиб тамом айниди[3].


Ўғил-қиз қиблагоҳ ҳурматин қилмас,

Ғариб кекса каби хор-зор топилмас.

На қонун-қоида, на низом-тартиб,

Оқ билан қорани бўлмас ажратиб.

Қиёмат нишони бисёр беомон,

Нишони ҳам бисёр ҳозир бегумон.

Имонимиз асра, Тангрим, шон-шараф,

Минг бало, офатни айла бартараф.


Йил нақ олтмиш икки ҳам тўрт юз била,

Битирдим достоним минг сайқал ила.

Калом айтдим минг бир самимий, ҳалол,

Хазинамдан кўнглинг тусаганча ол!

Гоҳи тулпор, гоҳи тўриқдан дедим,

Ҳаётда зарур йўл-йўриқдан дедим.

Дину дунё йўлин англа, эй инсон,

Равон йўлдан четга чиқма ҳеч қачон.

Дунё талаб қилсанг, тутқазар ҳақ йўл,

Боқий роҳатга ҳам етказар ҳақ йўл.

Мўмин бўлгин оқил, Оллоҳ берар куч,

Икки равон йўлинг зинҳор қилма уч.


Илоҳо, айладим асрорим баён,

Холис ҳар ниятим ўзингга аён.

Тиламадим шавкат, беармон ҳаёт,

Қўлладим ҳар зотни демай дўсту ёт.

Ҳар мухлис, достоним ўқиган палла,

Ёд этиб, руҳим шод этар баралла.

Ашъор-шеър мухлиси кичик ё катта,

Дуо қилар дилдан эслаб, албатта.

Тилим сўз сўзлади, ёздим қўл билан,

Йитар тилу қўл ҳам мангу йўл билан.

Қўлу тилдан мерос бу достон-битик,

Бахшида достоним сенга, эй тетик.

Бадар кетсам олса ўз бағрига ер,

Унутма шоиринг, эй мухлиси шеър!


Улуғдан улуғсан, донодан доно,

Содиқ қулинг ўзинг қўлла, Раббано!

Осий бир бандангман, бисёр гуноҳим,

Кечир бор гуноҳим, раво қил оҳим.

Қулингман, Эгамсан, қулнинг оти қул,

Аламим зиёда бўлмасам маъқул.


Қулингман, Раҳмонсан менга, эй ғаффор,

Кечир минг гуноҳим, айтай истиғфор.

Машриқдан Мағрибга қадар ҳамоно,

Мўминлар гуноҳин кечир, Раббано!

Нодонман, нодондан нодонлик раво,

Раҳиму Раҳмон, бўл дардимга даво!

Ифордан ифорнинг таралар ҳиди,

Аён эл-юртга ҳар бадкирдор диди.

Умидсан ягона менга, эй умид,

Умидим пайваста сенга, эй умид!

Гуноҳкор бандангман қилмишим жафо,

Вафодор Эгамсан, қил менга вафо.

Жафокордан келар то абад жафо,

Вафодордан раво то абад вафо.

Мўмин аҳли борки, бағринг айла кенг,

Гуноҳкор банданг ҳам қил уларга тенг.

Ҳабибинг учун минг салом ҳам таъзим,

Раҳнамо биз учун азимдан-азим.

Тўрт чаҳорёрга ҳам минг бир ассалом,

Ўзинг етказгайсан, Раббим, вассалом!



[1] Раква – чарм идиш, ювинишда фойдаланилган.

[2] Мазкур байт Эмин Усмон табдилида берилди.

[3] Бу тўртлик филология фанлари номзоди Қаюм Каримов таржимасида берилди.