Ўзғурмиш Ўгдулмишга насиҳат қилишини айтади PDF Босма E-mail

Сенга айтар сўзим, ғафлатда қолма,

Умрингни совурма, ғайрат қил, толма.

Ҳалол бўл, йўқотма ҳалоллик йўлинг,

Ҳар тилакка бу йўл етказар қўлинг.

Барча мавжудотга мунис, меҳрибон,

Тилу дилинг равон, тоат қил ҳамон.

Аламга зўр берма, тоат қил тайин,

Шошарда сокину ғазабда майин.


Ўлимни унутма, не лозим қилгин,

Ўзинг ҳам унутма, аслинг ҳам билгин.

Дунёга қарама очкўзлик қилиб,

Кетарсан тарк этиб, бағрингни тилиб.

Не келса Худодан тақдирга тан бер,

Улусга наф келтир, бўл бағри кенг эр.

Ҳалол сўзла, қилгин ваъдангга вафо,

Ваъдага бевафо тек аҳли жафо.

Кулар юз, ширин сўз, атворинг соз тут,

Кулиб боқар даврон, келар давлат-қут.

Қўлинг очиқ бўлгай, едир ошу нон,

Киши айбин очма, яширгин пинҳон.

Жиловла қаҳринг ҳам ҳирсинг қўлга ол,

Равон йўлдан оғса, нафсинг йўлга сол.

Нафинг кўзлама ҳеч, тўлдир эл камин,

Арит мардонавор улус дард-ғамин.

Молу-мулкинг ўзинг учун фидо қил,

Улусни севинтир нуқул, эй оқил.

Эл учун қайғурар ҳақиқий инсон,

Элнинг бахти учун фидо этар жон.


Ғоят яхши айтмиш закий бир йўла,

Билимли, оқилу онги ҳам тўла:

Нафи бисёр зотдай йўқ асло қутлуғ,

Ҳар меҳри зиёда эл ичра улуғ.

Бани башар учун мудом қўш қанот,

Бири меҳрибону бири сахий зот.

Яна ҳам заковат соз айлар даъват:

“Илму маърифатдай бўлмас мол-давлат”.

Сахий азал қодир Худога яқин,

Ширин жондан кечиб ўтар эл ҳақин.

Асил сахий эмас ошу нон берар,

Асил сахий улус учун жон берар.

Молу мулкин сочса сахий эл учун,

Бошида парвона аҳли юрт, очун.

Гаров шуҳрат учун бу икки омил:

Бисёр молу давлат ва обрўй комил.

Бунга соҳиб бўлиб яшасанг минг йил,

Не тонг, бўлсанг буюк толега ноил.

Элпарварлик билан беклар мустаҳкам,

Ҳар жилов узанги туфайли маҳкам.


Дунё ҳам давлату эл бахт-иқболи,

Насиб этса, яқин бек ҳам заволи.

Ўзинг омонатсан, мусофир отинг,

Охир ўлим келар, қирқар қанотинг.

Омонат зот қурмас ҳеч ўрда, сарой,

Мусофир йўл узра қолмас йилу ой.

Ўзинг ҳақ маррада англа, эй қардош,

Севинма зиёда, мағрур тутма бош.

Ўтар-кетар дунё, атиги беш кун,

Кутар ҳар лаҳзада ниҳоя, якун.

Мудом шай бу ўлим тузоқ-тармоғи,

Ғофилни баногоҳ илар қармоғи.

Дунё мисли таом, ким егай тугал,

Журъатим йўқ, айтгин билсанг мукаммал.

Орзу-умид дема, бу ҳавасдан кеч.

Ўзгалар ғийбатин ҳам қилмагин ҳеч.

Нелар дер, эшитгил, эл ичра аъло,

Амал қил бу сўзга, доримас бало:

Тотли минг орзу гар дароз дасти бор,

Ҳар роҳат-фароғат ҳисоб-қасди бор.


Лазизга сўнг заққум - шакарга заҳар,

Юксалган инар ҳам баланд - пасти бор.

Паридай ром этар бу очун фузун,

Сени аврамагай, эй файзи афзун.

Неча сен кабилар бошига етган,

Хоқондай шоҳларни зер-забар этган.

Нозу ишва билан тутар қўлинг ҳам,

Ғофил бўлма ногоҳ кесар йўлинг ҳам.

Неки берар эрса, яна олар у,

Неки терар эрсанг, сабил қолар у.

Неча кулсанг охир, йиғлатар ношод,

Неча қилса обод, айлагай барбод.

Жафо феъл-атвори, қилмиши тубан,

Ёруғлиги озу тутун умуман.

Безанар, ноз билан чорлаб чақирар,

Ногоҳ берсанг кўнгил, оёғин тирар.

Шакар берар аввал сўнг берар оғу,

Бевафо қут, дилдан ҳеч кетмас доғ у.

Нелар дер, эшитгил, оқил басавлат:

Аъмолинг пухта қил, соҳиби давлат.

 

Сира кўнглинг берма, дунё бебарор,

Жафокор очун, эй феъли барқарор.

Ғоят яхши айтмиш кабир бир йўла,

Билимли, фаросат, ақли ҳам тўла:

Бевафо қут, бахтинг берма ҳеч қўлдан,

Ишонсиз қут-давлат, чиқарар йўлдан.

Кўланка дунёю давлат бир сира,

Кўланка бир ерда турмас ҳеч хира.

Дининг эъзозлаю дунёдан воз кеч,

Эъзозлар сени ҳам дин эртаю кеч.

Роҳат уммонида яйрама оқиб,

Худо ёди билан тоат қил боқиб.

Сени маст қилмагай давлат, эй қардош,

Ўзингга келсанг, бас, кўзга тўлар ёш.

Нелар дер, эшитгил, эл беги доно,

Синаб сўзлаган ҳар сўзин ҳамоно:

Молу давлатга маст югуриб-елар,

Қаро ер қаърида ҳушига келар.

Амалга маст, ичар кибр шаробин,

Қаро ер остида тортар азобин.


Бойлик, навқиронлик, давлат сурури,

Шаробдан баттар, эй юксак ғурури.

Ичувчи маст бўлса агар ичиб май,

Кетар сармастлиги ҳатто тонг отмай.

Давлат қилса сармаст, телба эрта-кеч,

Ўлим тутмагунча, уйғонмагай ҳеч.

Отинг қул, бегона-ёт беклар иши,

Ўзинг қуллигинг қил, эй яхши киши.

Омонат бандага омонлик они,

Олис бормас сира улуғлик шони.

Ҳаётинг риштаси узилар охир,

Обод жисму жонинг бузилар охир.

Бағоят бунга мос келар ушбу сўз,

Жо айла дилингга, ўгирма ҳеч юз:

Барча ниятингга балки етарсан,

Оби ҳаёт топиб, нўш ҳам этарсан.

Қўлинг суниб тутсанг кўк гумбазин ҳам,

Сарбаланд бош билан ерда ўтарсан.

Тўғрисини айтай, эй қариндошим,

Қариндошим, фидо сен учун бошим.


Одам нетиб бермас дунёга меҳр,

Зиёда ноз-неъмат, дарди ишқ – сеҳр!

Роҳат, ноз-неъматдан кечарман барча,

Ёпилди менга бор дарвоза-дарча.

Худога ёт этар дунё кишини,

Қиларга қўймас ҳеч эзгу ишини.

Аҳли дил шу боис юрагин эзар,

Заҳмат билан минг бир олам ҳам кезар.

Қай бир тоғу тошда, бошпана - тор ғор,

Емиши - ўт-ўлан, оби - ёмғир-қор.

Қай бири саҳрода саргардон гангиб,

Худодан қўрқиб, у дунёсин ангиб.

Қайсида жандаю қадди басти дол,

Қайси замин кезар, қон қақшаб беҳол.

Қай бири нафсин тийиб қийнар ўзин ҳам,

Қай бири тунлар ҳеч юммас кўзин ҳам.

Жонсарак, жонкуяр бор аҳли бедор,

Бизлар ғафлатда, бор ғофилга сардор.

Асрагил сен ўзинг ортиқ, эй қардош,

Давлат-дунё сенинг, ўзинг сарвар-бош.


Ҳавасдан кеч, нафсинг бўйнин ҳам синдир,

Бошингга саодат қуёшин индир.

Иккиси билан эр йўқотур кучин,

Бешафқат қасос ҳам олар боз очун.

Мана, мен кетарман мисли шитоб ел,

Сенинг ҳам қисматинг, эзгулик қил, кел.

Ёмонга қўшилма, феълинг эзгу тут,

Ёмон қилар аввал-охир ўзга ют.

Нелар дер бу ҳаёт сирин билган зот,

Ўлимдан олдин ҳар ишин қилган зот:

Ёмонликка ташна, эй шаддод киши,

Унутма, оғу ҳар ёмон емиши.

Аё, кенг йўриқли улус ботири,

Ҳаёт ичра мамот минг хавотири.

Аё, манмансираб “Сев!” деган мени,

Ўлимга ҳозирлан, янар боз сени.

Аё, оч, кўзи суқ, тамаъ кутгани,

Ўлим суқланур кўр, сени ютгани.

Деди: Эй қардошим, ўларман бу кун,

Икки сабаб билан юрак-бағрим хун.


Бириси ибодат – армон дилимда,

Бири Худо зикри мудом тилимда.

Эртами-кеч ногоҳ юмилса кўзим,

Дуонгизга муҳтож бўларман ўзим.

Дуода унутма мени, эй ўктам,

Келарсан ортимдан кетма-кет сен ҳам.

Ўзинг гувоҳисан аҳволим хароб,

Намуна ол бундан, чора кўр шитоб.

Ўлим келди, кетар бўлдим бағрим қон,

Сени ҳам, тайёр бўл, қўймас ҳеч омон.

Ширин жон танимдан бу кун айрилар,

Қачон қовушарман, бир Тангри билар.

Нелар дер, эшитгил, жон берар киши,

Алам билан доду фарёд ҳар иши:

Ўларман армонда, шол оёқ-қўлим,

Заҳар қилди ҳаёт шаробин ўлим.

Икки йўл мунтазир ўлимдан кейин,

Қайси бири бўлар, оҳ, борар йўлим!

Яна такрор айтар: Аё, меҳрибон,

Ҳасратим билан ҳеч ўртамагин жон.


Алам-ҳасрат билан бағринг қилма қон,

Дуо қил, хотиржам фикр қил ҳар он.

Йиғи-сиғи қилма, сабр қил ўзинг,

Қатъий тақдир ҳукми, нораво сўзинг.

Ўзинг қўлга олу қайтиб уйга бор,

Алам билан қилма кенг дунёни тор.

Керакли каломим сўзладим олис,

Унутма сўзларим, эй кўнгли холис.

Хоқонга етказил, бас, мендан салом,

Сўнгги саломим бу, хулласи калом.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Жавобан Ўгдулмиш айтди: Мен туриб,

Айт, қандай кетарман, бу ҳолинг кўриб.

Ўзинг ёлғиз, оғир дардинг ҳам фузун,

Ҳолинг не кечар, оҳ, эй фазли афзун.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби

Ўзғурмиш айтади: Мингдан-минг раҳмат,

Мен учун қайғуриб чекмагин заҳмат.

Эгамнинг ёди бас, овутар эшим,

Раво айлар ҳиммат билан ҳар ишим.

Худо қай бандасин азиз этса, бас,

Барча ғам-ташвиши раво басма-бас.


Ғоят яхши айтмиш тўғри сўзли эр,

Гувоҳ минг савдога, ўткир кўзли эр:

Тангри сийлаган ҳар зотнинг бағри бут,

Насиб икки олам бахти, мангу қут.

Худо фазлин топар қай бир зот ҳалол,

Топар икки олам бахтин ҳам иқбол.

Юзин ўгирган ҳар зот ўчар қўри,

Хоҳи кўппак бўлсин, хоҳи кўк бўри.

Ниҳоят Ўзғурмиш деди: Эй қардош,

Соғу омон боргин, кўздан тўкма ёш.


Ўгдулмиш туриб қучди Ўзғурмишин,

Қучоқлаб, кўзидан тўкди ҳам ёшин.

Йиғи билан чиқди, кўр, ундан туриб,

Отин минди, уйга келди юз уриб.

Тушиб уйига ҳам кирди бир йўла,

Севинч армон, бағри ғам билан тўла.

Не балокаш, эвоҳ, бандасин ўзи,

Севинч кам, аксари қайғули рўзи.

Орзулар ушалса, яйрар дам-бадам,

Агар қайғу келса, йиғлатар алам.


Севарин топса, маст айлар висоли,

Вале ҳажри ичра танг ғоят ҳоли.

Гоҳи васли ичра шоду беармон,

Гоҳи ҳажри ичра юрак-бағри қон.

Не бор очун ичра фироқдан қаттиқ,

Фироқ қайғулари денгиздай ботиқ.

Тириклар айрилса гар топишар ҳам,

Куни келиб яна сўнг қовушар ҳам.

Ва лекин беомон жудолик дарди,

Бас келолмас ҳатто жаҳон бор марди.

Барчанинг фироқи яқин ё йироқ,

Ўлим фироқидай йўқ фироқ бироқ.

Бағоят мос бунга бу шеъру ашъор,

Ўқисанг, маъноси яна ҳам ошкор:

Барчадан ҳам қаттиқ бу ўлим фироқ,

Фироқ дарди билан гирён кўз-қароқ.

Умидвор висолдан тирик айрилган,

Бор марҳум, во дариғ, висолдан йироқ!

 

Ўгдулмиш еб-ичиб ҳордиғин олиб,

Ибодатин қилди жойнамоз солиб.


Қуёш ерга инди, юзин гизлади,

Само қора тортиб, изин излади.

Тўшак тўшиб ётди, уйқу келмади,

Алам-қайғу билан кўзин юммади.

Туриб чиқди, дарддан юраги пора,

Рўйи жаҳон ҳабаш юзидай қора.

Яна қайтди уйга, ётди чўзилиб,

Аламдан тўлғониб, бағри эзилиб.

Самодан заминга инди тўлин ой,

Зулумот қаърига чўмди барча жой.

Кўзин ҳеч юмолмай термилди яна,

Ҳулкар ҳам оғибди, тонг яқин, ана.

Кўзин кўкка тикиб, интизор йироқ,

Қора тун қорайиб, ёришмас бироқ.

Ётиб ухлади оз, уйғонди, туриб,

Бироз тек қотди кенг самони кўриб.

Машриқдан Муштарий қўпиб ўрлади,

Ёғий оташидек ўт ялтиради.

Етти оғайни[1] ҳам юксак-юқори,

Яна оғди Йилдриқ[2], Айғир[3] виқори.


Эрантиз[4] қуйига инди киройи,

Қуёш бош кўтарди – олам чиройи.

 

Ўгдулмиш уйғонди, яна тоза, пок,

Намозин ўқиди юрак-бағри чок.

Рўйи олам олтин каби оқарди,

Ёлин каби дунё юзи қизарди.

Тўнин кийиб отин тутдию равон,

Саройга ҳам етиб келди у ҳамон.

Тушиб кирди сарой ичра баралла,

Хоқонга кўринди чорлаган палла.

Хоқон кўргани он бу Ўгдулмишни,

Юзидан пайқади минг бир ташвишни.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Шоҳаншоҳ деди: Айт, не кечди ҳолинг,

Не учун бунчалар ғариб аҳволинг?

Не дарду ғам ўртар юрагинг бу кун,

Аён рафторингдан бағринг нечоғ хун.

Нечун рангинг хазон мисол заъфарон,

Наҳот бағринг ўртар гардун беомон?

Сендан ўгирмади ҳамон қут юзин,

Ботил дунё, давлат ёритар кўзинг.


Чархи фалак сенга мойил айланар,

Хизматингга даврон минг бор шайланар.

Ғазаб билан ҳам ҳеч боқмади кўзим,

Кулиб ҳол сўрайман, хурсандман ўзим.

Алам билан бағринг ким айлади қон,

Аҳволинг боисин баён эт равон.

Не қайғу-ҳасрат у бағринг қилган хит,

Баён эт, билайин, эй феъли собит.

Алам-қайғу билан бўлсанг гар нотинч,

Татимас менга ҳам бирон-бир севинч.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш ғам билан аста сўзлади,

Қардоши танг ҳолин айтиб бўзлади.

Айтди борганию кўрганини ҳам,

Қанча насиҳатлар деганини ҳам.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон ҳам маржондай тизилди ёши,

Деди: Во дариғо, не азиз киши!

Бағишлагай Тангри ширин жонин ҳам,

Совутмагай зинҳор қайноқ қонин ҳам.

Яна айтди: Ҳоли не кечар унинг,

Маъқул эмас менга бу ишинг сенинг.


Якка-ёлғиз бемор не кечар ҳоли,

Нетарсан тутса гар унинг уволи?

Не учун қолмадинг азиз бошида,

Борми бирон-бир зот бемор қошида?

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш деди: “Бу сўзни сўзладим,

Ҳузур-ҳаловатин мен ҳам кўзладим.

Вале бирорта ҳам сўзим тутмади,

Ҳар қанча сўзламай кучим етмади”.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон айтар: “Тангрим ўзи қўлласин,

Меҳр-мурувватин унга йўлласин.

Умр бўйи қилди тоат-ибодат,

Не тонг насиб этса Тангри саодат.

Кимки барча элдан воз кечиб тамом,

Тангрига бахш этса ўзин батамом,

Парвардигор бўлар унга қўш қанот,

Безавол бахт топар, топади нажот.

Теран бу ҳикматга яхши қулоқ сол,

Сен уни ҳаётий дастур қилиб ол:

Ким минг бир дардига ахтарар чора,

Феълу атворини қилсин идора.


Барча ниятига етказар Худо,

Шайтоннинг юраги бўлар минг пора.

Хоқон яна айтар: “Ўгдулмиш сира,

Бу ташвиш кўнглингни қилмасин хира.

Ўзғурмиш жуда пок соҳиби бардош,

Не ажаб, кун келиб олиб кетса бош.

Бош олиб кетармиз биз ҳам бегумон,

Ҳаёт-мамот сирин билар бир Раҳмон.

Ёшлик йилларимиз совурдик бизлар,

Ақлу идрокимиз қовурдик бизлар.

Ўтган ҳаётимиз тушдан фарқи йўқ,

Армон бағримизни тилар мисли ўқ.

Беҳуда ўтмасин қолган умримиз,

Аллоҳдан қарзга олган умримиз.

Кун келиб сенинг ҳам чиқади жонинг,

Сира ҳам наф бермас минг пушаймонинг.

Ҳамиша улуснинг бошида бўлгин,

Бор меҳринг бахш этиб қошида бўлгин.

Ўзинг каби қилгин мени ҳам халос,

Лутфин дариғ тутмас гар қилсак ихлос.


Билиб айтар ғоят сеҳри зиёда:

Бандаларга Аллоҳ меҳри зиёда.

Бағрингни кенг қил, эл айтади билиб:

Ҳар қилмиш жавоби қайтар кун келиб.

Ёмонлик қилса ким ёмонлик кўрар,

То абад ўртанар бағрини тилиб.

Агар ишонмасанг, ёмонлик қилгин,

Жабр кўрсанг, ўзинг абдор билгин”.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш ҳам деди: “Эй, бағри кенг хон,

Султон ҳиммат қилса элига ҳар он,

Юрт ичра барқарор эзгу ҳар одат,

Ўлка ҳам, улус ҳам топар саодат.

Хоқоннинг ҳамишга бахти бор бўлсин,

То абад безавол тахти бор бўлсин.

Қўлингда шоҳона жоминг билан шод,

Мангу яша эзгу номинг билан шод.

Манфур ёв бўлмайди ўлимдай айёр,

Ғафлатда қолма ҳеч ҳушёр бўл, ҳушёр.

Топиб айтган жуда ақлли, доно,

Унинг ҳар сўзида минг битта маъно:


Пистирмада турар ажал мисли ёв,

Дафъатан босмасин, бўлма бўш-баёв.

Бадавлат ҳам бир кун топади завол,

Завол топар ҳар бир юрган ҳам яёв”.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон деди: “Мудом қўлласин Худо,

Унинг барча ҳукмин айлайин адо”.


Султон ўйга толар мисоли мискин,

Ўгдулмиш ҳам уйга йўл олар секин.

Ўгдулмиш ғам ичра ҳайрон бўлади,

Юраги ҳаттоки вайрон бўлади.

Ҳатто сўз айтгани келмайди ҳадди,

Минг бир ҳасрат билан эгилар қадди.

Ҳеч кимга билдирмай аста чекар оҳ,

Қариндошим кўриб келсам дер ногоҳ.

Сарой томон аста кетиб боради,

Хоқоннинг қошига етиб боради.

Ўгдулмишнинг Хоқонга саволи

Хоқонга ёлворар: “Елдай елайин,

Қариндошимни бир кўриб келайин.

Кўнглимга қил сиғмас, тирик бормикан,

Биз каби унга ҳам ҳаёт ёрмикан?”.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби


Хоқон ҳам қайғуриб айтар: “Майли бор,

Меҳр билан унга бергин эътибор.

Мендан ҳам самимий етказгин салом,

Кўнглини кўтаргин хулласи калом”.

Ўгдулмиш уйига қайтиб келади,

Сира тинмай зикр айтиб келади.

Лекин бағри тошар гўё сел каби,

Отга қамчи уриб шошар ел каби.

Яқин келиб аста юрар пиёда,

Кўнглида ҳасрати бўлар зиёда.



[1] Етти оғайни – Катта айиқ юлдузлар туркуми.

[2] Йилдриқ – Зуҳро юлдузи.

[3] Айғир – юлдуз номи.

[4] Эрантиз – Жавзо юлдузи, Маҳмуд Кошғарийда Мезон юлдузи.