Ўша тушни Ўзғурмиш бошқачароқ таъбир қилишини айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш жавобан айтди: Бу тушим,

Таъбири ўзгача, эй эшим-тўшим.

Ўзинг кўрганингда уни, эй кабир,

Раво унинг учун сен айтган таъбир.

Сенинг ҳимматинг бу бор дунё бўлар,

Дунё-давлат тилар шубҳасиз топар.

Ва лекин мен кечдим дунёдан тамом,

Куним кечар бунда аранг беором.


Тугал қилмадинг туш таъбирин менга,

Эшит, таъбир қилиб берай мен сенга.

Ғоят баланд шоти тушда кўрганим,

Менимча, эй қардош, шодон юрганим.

Шотининг бошига қадар чиққаним,

Тугаб ҳаёт ҳар не борим йиққаним.

Шу палла қошимга суворий келиб,

Узатган сувин ҳам ичдим мен олиб.

Суворий-сипоҳий, ғоят беомон,

Етим айлар неча растани ҳамон.

Беомон сипоҳий ичар гўё хун,

Бузар, узар, бермас ҳеч бандага кун.

Идишдаги сувни ичганим тўла,

Тирикликка йўрдинг шодон бир йўла.

Ҳаёт манбаи об, гапинг рост, ғани,

Агар ярмин ичиб, қолса қолгани.

Унинг ярмин ичиб, қолдирсам яна,

Балки яшар эдим неча бир сана.

Симирдим мен эса бор сувни алҳол,

Тугади ҳаётим, соғу омон қол.


Нелар дер, эшитгил, донишманд, оқил,

Оқил ҳар каломин сўзга асос бил:

Идиш сувин ярмин ичса тушда гар,

Тириклик тенг ярми баробар тугар.

Агар ичса сувни тугатиб тугал,

Инсон умри тамом тугар муқаррар.

Юксалиб самога шитоб етганим,

Яшил кўк бағрига сингиб кетганим,

Учар жон аслида ғилофдан озод,

Яна ўз ўрнига қайтиб келмас бот.

Менга аён этди тушимда Худо,

Ўлимга ҳозирлик зарур, алвидо!

Тушим ҳақ таъбири бу янглиғ тайин,

Таъбирин ўзгача қилдинг атайин.

Мени юпатишга уринма ҳамон,

Ўлим бедаво дард, йўқ дори-дармон.

Теварак-атрофга солгин наззора,

Ўлим қилди замин бағрин минг пора.

Неча қасру ўрда, муҳташам сарой,

Бузилди, ер билан яксон, ҳоли вой!


Неча шижоатли бекларни жўмард,

Ўлим ерга тиқди, қилди хоку гард.

Дур тўла ганжларки жамланган аранг,

Шип-шийдон совурди ҳалокат, қаранг!

Не ажаб, туғилган ҳар банда ўлар,

Паймона кун келиб барчада тўлар.

Эвоҳ, аксарият буни билмас ҳеч,

Ўлимни унутиб, тавба қилмас ҳеч.

Ғофил бу бандалар билар ўлишин,

Вале ҳеч қўймагай ғофил бўлишин.

Қочиб бўлмас, одам ўлиши тайин,

Нелар тушар бошга ўлимдан кейин?

Умидим шу фақат, эй дилдош эшим,

Ўнглагай ўлимдан кейин ҳар ишим.

Қаноат билан мен кечирдим куним,

Роҳат, меҳнат ортди, ёришди туним.

Қўлим қисқа қилдим, мол-мулк термадим,

Ҳавас-орзуларга кўнгил бермадим.

Мўлжаллаб бу кунга дунё юкларин,

Дедим: енгиллатай гуноҳим барин.


Нелар дер, эшитгил, соҳиби таълим,

Мунису меҳрибон азиз муаллим:

Ғофил бўлма, ғайрат қилгайсан ҳалол,

Йўлинг қилдай нозик, ўзинг қўлга ол!

Холис ният билан чексанг минг заҳмат,

Насиб этар мангу барҳаёт иқбол.


Яна айтди: Эй, чин меҳрибон азиз,

Йитарман, борарсан сен ҳам изма-из!

Дилимдаги дардим сенга сўзлайин,

Унутма сен уни ҳеч мендан кейин.

Ҳозир бўлсам сенга ўзим парвона,

Ўлиб кетсам бўлар сўзим парвона