Ўгдулмиш Ўзғурмиш кўрган тушни таъбир қилади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш юпатди: Сен кўрган бу туш,

Нафи ғоят зиёд ҳам бағоят хуш.

Таъбир қилма ўзинг билганингча ҳеч,

Ният холис, бадбин хаёллардан кеч.

Кўтарилиш тушда - қадр ҳам қиммат,

Не ажаб, топсанг гар улуғлик, ҳиммат.

Юқори юксалиш - зиёда давлат,

Эъзоз топиб бўлсанг, не тонг, басавлат.


Шотига чиққанинг - раво ҳар коминг,

Азиз эл ичида сарбаланд номинг.

Фақат яхшиликка ҳар тушни йўйган,

Таъбирин таъбирчи тайёрлаб қўйган:

Шоти кўрган тушда боз топар қадр,

Юқори юксалар бамисли бадр.

Неча кўтарилса, қадри ҳам юксак,

Зиёда мол-мулки, беармон садр.

Идиш тўла сувни ичганинг, эран,

Ҳаётинг негизи терандан-теран.

Юқорилаб само сари учганинг,

Жами тилагинг бир йўла қучганинг.