Ўгдулмиш Ўзғурмишга туш таъбир қилишини айтади PDF Босма E-mail

Аввало туш илмин лозимдир билиш,

Сўнгра жоиз бўлар таъбир ҳам қилиш.

Ғоят турли-туман ҳар туш таъбири,

Буни билиш керак, эй эл кабири.

Билимсизга айтма тушинг сир очиб,

Сўрама кечаси хаёлинг қочиб.

Кечаси туш кўрсанг, ўзгача таъбир,

Яна кундуз кўрсанг, ўзга асрор-сир.

Ҳар туш таъбирида бисёр сир-асрор,

Барчасин энг аввал билишинг даркор.

Тушинг йўрмагайсан билиб-билмай ҳеч,

Дуч келган кимсага айтма эрта-кеч.

Барча тушни таъбир қилма ҳамоно,

Ҳар туш таъбири ҳам бисёр, эй доно!

Тушинг йўрма, йўрсанг билим билан қил,

Қиёсу маънида бўлгайсан оқил.


Аъло таъбир билан дафъ офати ҳам,

Кетар йўқса қўлдан шарофати ҳам.

Нелар дер, эшитгил, билими денгиз,

Амал қилсанг унга, фойдаси тенгсиз:

Ҳар туш таъбир билан, яхши қил таъбир,

Фаросат билан қил, бўлма бесабр.

Қандай йўйсанг келар ўнгидан аниқ,

Ёмонликка йўйсанг, ўзингга жабр.

Таом билан боғлиқ қай туш бегумон,

Ёмон таом боис туш ҳам бад, ёмон.

Айрим тушлар боғлиқ йилнинг фаслига,

Мизож кучайиши, одам наслига.

Баҳор фасли агар ёшроқ бўлса эр,

Қизил барча ашё, кулранг бўлса ер,

Унинг қон босими ошган баногоҳ,

Лозим қон олдириш, айлагил огоҳ.

Агар ёз фаслида туш кўрса жавон,

Ранг кўрса гар сариқ, заъфарон, алвон,

Кучайган сафроси унинг, эй табиб,

Тарангбин[1] истеъмол қилгай у топиб.


Хазон фасли бўлса, ўрта ёш одам,

Қора, тоғу қудуқ кўрса дам-бадам,

Кучайган савдоси унинг, эй қардош,

Димоғин тозалаш даркор, эй йўлдош.

Қиш ичра туш кўрса қария такрор,

Оқар сув, жалаю музни ёхуд қор,

Кучайган бўлади унинг балғами,

Иссиқлик обу ош - давоси-эми.

Яна айрим тушлар бетартиб, узун,

Улар таъбири йўқ, эй феъли афзун.

Не ўйлаб ухласа, кўрса уни туш,

Таъбир йўқ унга ҳам на баду на хуш.

Яна бир туш асли шайтондан бўлар,

Бундай туш кўрганлар сувга ювинар.

Яна ўз ҳунарин кўрганга ўгит,

Таъбир йўқ унга ҳам, эй мағрур йигит!

Булар барин теран аъло билган хуш,

Саралаб сўнг таъбир қилса бўлар туш.

Нелар дер, эшитгил, муъаббир ҳаким,

Таъбирловчи керак кўрса туш ҳар ким:


Гар туш кўрсанг, йўрма билиб-билмайин,

Қандай йўрсанг, шундай бўлар у тайин.

Тушингда қайғурсанг, ўнгингда севинч,

Қувонсанг, қолмайсан қайғу топмайин.

Сира бўлмас тушнинг таъбири бир хил,

Яхши ўйлаш керак буни, эй оқил.

Таъбири ўзга бор авомнинг тушин,

Бўлак беклар тушин таъбири, тушун.

Севинч, ўйину рақс кўрса тушда гар,

Очилар ғамга йўл, бўлма бехабар.

Яна тушда йиғлаб, чекса ғам-алам,

Севинар хуррамлик етиб бир олам.

Таъбири қай сўзнинг сиғмас ҳеч сўзга,

Нафин кўрар унинг қай битта ўзга.

Одамига қараб қилинса нақл,

Холис таъбир билан ёр идрок-ақл.

Туши боис топар ким бахт ораста,

Қай зот шу туш билан бемору хаста.

Барчасин батафсил билишинг керак,

Сўнгра туш таъбирин қилишинг керак.


Не тахлит кўрдинг туш, баён эт менга,

Холис таъбир қилиб берай мен сенга.



[1] Тарангбин – япроқда пайдо бўладиган шира, сурги дори сифатида фойдаланилади.