Ўзғурмиш хаста бўлиб, Ўгдулмишни чақиришини айтади PDF Босма E-mail

Хонадони ичра тунда Ўгдулмиш,

Нафас ростлар эди беғам, беташвиш.

Дарвоза томондан янгради овоз,

Чорларди кўчада уни бир шоввоз.

Хизматкор бордию тез ортга қайтди,

Нотаниш бир киши келганин айтди.

Ўгдулмишнинг хизматчига жавоби

Ўгдулмиш деди: Бу ким бўлди ўзи,

Наҳот айтадиган бор менга сўзи?

Хизматчининг ўғлонга саволи

Яна чиқди ўғлон, сўради сўзин,

Қаёндан келгани, мақсади, ўзин.

Ўғлоннинг Хизматчига жавоби

Дедики: Ўзғурмиш юборди мени,

Сўзим бор, қардошин кўрайин, қани?

Хизматчининг Ўгдулмишга жавоби

Хизматчи тезгина ортига қайтди,

Ўзғурмишдан хабар келганин айтди.

Ўгдулмишнинг ўғлонга саволи

Ўгдулмиш тез келиб унга йўл берди,

Не муҳим гапинг бор, дея қўл берди.


Сўради, қаёндан келарсан, эй зот,

Муроду мақсадинг баён айла бот.

Ўғлоннинг Ўгдулмишга жавоби

У деди: Юборди мени Ўзғурмиш,

Йўлингга зор хаста, бошида ташвиш.

Баён айлай қандай танг аҳволини,

Бориб бир кўргайсан ғариб ҳолини.

Ўгдулмиш деди: Юр, бироз олгин дам,

Сўнг йўлга тушармиз иккимиз ҳамдам!


У деди унамай: Ҳоли ғоят танг,

Баногоҳ жон берса, демайлик аттанг.

Борайин мен аввал, сендан олдинроқ,

Етиб бор, эй оқил, ортимдан тезроқ.


Ортига Ўгдулмиш қайтди эзилиб,

Қошу кўзларидан дарди сезилиб.

Уйига оҳиста кирди бағри қон,

Севинчдан нишон йўқ, юраги вайрон.

Ётди, лекин сира уйқу келмади,

Туни бўлди йилча, ётиб бўлмади.

Кўзин юмиб ухлай дея уринди,

Вале уйқу қочиб бедорлик инди.


Яна турди анча хаёлга ботди,

Ниҳоят оҳиста сариқ тонг отди.

Гулзор ичра булбул яйраб сайради,

Ошуфта юраклар мамнун яйради.


Отин минди, борди қардоши томон,

Қўлу юзин ўпди келгани ҳамон.

Хаста қариндоши ётар чўзилиб,

Оҳиста сўради кўнгли бузилиб.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга саволи

Не ҳолинг, сўзлагин менга, эй қардош,

Ғариб ҳолинг кўриб чидамас бардош.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби

Деди: Эй қариндош, куним битгандай,

Олиб кетар бўлиб ўлим тутгандай.

Сенинг бир юзингни кўрай бемалол,

Овора қилганим келмасин малол.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўгдулмиш дўстона дер: Эй қариндош,

Тирик ҳар бандага хасталик йўлдош.

Сира ёмон ният қилмагин, эй мард,

Гуноҳга кафорат касаллигу дард.

Нелар дер, эшитгил, соҳиби илм,

Дилим бор ғуборин тозалар билим:


Гуноҳга кафорат хасталик сенга,

Қай бир зот гуноҳсиз, айтиб бер менга?

Хаста бўлса одам, гуноҳ тўкилгай,

Гуноҳи тўкилса, хатар йўқ унга!

Жумла одам қилар озми-кўп гуноҳ,

Олам ичра ноёб маъсум, бегуноҳ.

Касалинг тузалиб, топарсан даво,

Гуноҳинг аригай, ниятинг раво.

Нораво сўзларни қилма ҳеч баён,

Ўлишинг не асно, айт, бўлди аён?

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби

Ўзғурмиш ўртаниб деди: Бор сабаб

Ўлимим тушимда аён этди Раб.

Тушим ичра аён ногаҳон менга,

Ўлишим англадим, рост айтсам сенга.

Худо яхши-ёмон ҳукмин бегумон,

Кечаси уйқуда ҳам айлар аён.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўгдулмиш насиҳат қилар: Бу сўзинг,

Ҳақиқатдан йироқ, ўйлаб кўр ўзинг.

Касалланган киши ўлса ўша дам,

Замин узра сира қолмасди одам.


Азалдан иссиқ жон иситма билан,

Чўчитма сен завол-хотима билан.

Ётиб туш кўрса гар кичигу кабир,

Холис ният билан қилинар таъбир.