Тўғриликка – тўғрилик, одамгарчиликка–одамгарчилик қилмоқликни айтади PDF Босма E-mail

Билсанг бу бир жиҳат, яна ҳам буни

Айтайин, эшитгин тушуниб уни.

Унутдинг наҳотки, эй сен бахтиёр,

Не боис бу ишни этдинг ихтиёр?

Биларсан, олқишу мақтов дунёда,

Аҳли вафо шаъни учун зиёда.

Сиёсат-низомдан бўлса гар нишон,

Одамийлик одам учун шараф-шон.

Одам ҳар яхшига яхши сўз айтар,

Жавоби ўн ҳисса зиёда қайтар.

Отадан покиза қай мўмин насли,

Элу юртга фақат наф келар асли.

Суюқоёқ бўлса аёл бесубут,

Ўғил туғса, бўлар элу юртга ют.

Хоқон ҳимматига назар сол бир бор,

Неъмату лутфига бўлдинг сазовор.

Минг фазилат, билим сари очиб йўл,

Хоқон ҳиммат билан сенга берди қўл.


Шаънинг юксалтириб хурсанд айлади,

Эл ичра мартабанг баланд айлади.

Ёдингдан чиқдими ҳиммат босавоб,

Лозим эмасми ҳеч муносиб жавоб?

Дағал сўзладим мен сўзим, эй қардош,

Ранжимагин мендан сира тўлғаб бош.

Одил сўз малҳамдай аччиқ, албатта,

Тушуна олсанг гар фойдаси катта.

Ғазабланма одил сўз айтса далил,

Одил калом бўлар тўқмоғи одил.

Бағоят бунга мос менинг бу сўзим,

Эшилгил буни сен, эй кўркли юзим:

Тўғри сўз гар аччиқ, қабул қил уни,

Нафи тегар тайин, шод этар сени.

Дилинг оғритар гар қай тўғри калом,

Сира ҳам рад этма, бор минг бир маъни.

Отанг ўлганида сен бағоят ёш,

Билиму ҳунар деб қотирмадинг бош.

Султон сен учун бир чўнг қоя бўлди,

Саодат-бахтингга ҳам доя бўлди.


Қуллар, жориялар, молу мулк, давлат,

Хоқон ҳадя айлаб бўлдинг басавлат.

Ўзинг топдинг неъмат ҳам бахту иқбол,

Улус ичра шавкат ҳам топдинг ҳалол.

Муносибми сенга, ўйлаб кўр бирров,

Ўзинг юз ўгирсанг бамисоли ёв.

Нафинг тегар пайти қочсанг сен ундан,

Дили оғриб сўзсиз ранжигай бундан.

Сени Хоқон қилди кабир мулозим,

Барча яхшилигин қайтариш лозим.

Улус кўрса сени алқагайлар бот,

Вафодор деб элда чиқаргайсан от.

Нелар дер, эшитгил, холис билимдон,

Одамийлик одам учун шуҳрат-шон:

Чинакам одам бўл, жўмарди улуғ,

Одамийлик каби хислат йўқ қутлуғ.

Одам бўл, одамга одамийлик қил,

Шарафли унвонга лойиқ бўл оқил.

Хоқон яхшиликлар қилди, бас, такрор,

Сен ҳам яхшиликлар қилишинг даркор.


Оқибат аҳлидир яхшидан-яхши,

Оқибат аҳли бор яхшилар нақши.

Билимсиз ёш эдинг, бебошлик одат,

Сени қўллади у, бериб саодат.

Фидо айлагайсан унга тану жон,

Беминнат хизматин қилгайсан ҳар он.

Савобга жавобан сен ҳам қил савоб,

Топарсан Тангридан ҳам эзгу жавоб.

Нелар дер, эшитгил, эй кўнгли яқин,

Адо айлар дилдан инсонлик ҳақин:

Ошин есанг, қилгин сен унинг ишин,

Зиёд айла меҳрин, ҳалол е ошин.

Нону туз ҳурмати учун ҳар жўмард,

Фидо айлар сахий зот учун бошин.

Орзу-умидинг ёр, йўқ дилда армон,

Сен ҳам бўл бу айём дардига дармон.

Шойи-ипак либос, кимхоб зардўзи,

Ҳасад қилар кимлар қамашиб кўзи.

Ниҳоят бахш айла шоҳга эзгу от,

Душман кўриб куйсин, бўйин эгсин ёт.


Туман нозу неъмат, тўйиб кемирдинг,

Парвори бўрдоқи каби семирдинг.

Фидо айла Хоқон учун жонинг сен,

Ёшингга ёш қўшай дуо билан мен.

Дунё молин тердинг, ўзинг бўлдинг бой,

Минганинг арғумоқ, йўрға, тулпор той.

Фидо айла унга бор молу мулкинг,

Раво қилгай ишин эзгу бу ҳулқинг.

Хоқон тилло тахтда саодат йўлдош,

Ғанимлари пойи узра қўйгай бош.

Дароз қилди қўлинг ҳам равон сўзинг,

Ёмону яхшига ҳам очди кўзинг.

Дуо олгин фақат, эй эзгу қардош,

Сеники молу мулк, мудом омон бош.

Киши асли қилар шундай аъло иш,

Номи сира ўчмас олиб минг олқиш.

Ғоят яхши айтмиш арабий насли,

Аён шоҳ байтида ҳар бир зот асли:

Инсон аслин қилар хулқи намоён,

Феълу хулқи каби насли бегумон.


Аъло феъл-атвори ҳар насли аъло,

Ёмон асли-насли феълидан аён.

Хоқон йўлдан тойса, эй феъли салим,

Уни ортга қайтар, холис бер таълим.

Барча эзгуликка у бўлди бош-қош,

Ўзинг четга олмай, бўл унга қўлдош.

Ишониб маслаҳат солдинг сен менга,

Билганим барчасин айтдим мен сенга.

Менинг айтмишиму ўзинг билмишинг,

Сабоқ бўлса равон, раво ҳар ишинг.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Севинди Ўгдулмиш, деди, эй қардош,

Элга асли шундай инсон бўлар бош.

Ғоят яхши сўзлар айтдинг сен бугун,

Ечилди мен учун муаммо-тугун.

Муаммо мен учун бу сўзлар, аммо

Баён этдинг, ортиқ йўқ ҳеч муаммо.

Бетайин орзудан воз кечдим минбаъд,

Худо ўзи бўлса, бас, менга мадад.

Эгам қўллаб мудом, бошлагай йўлга,

Феъли атворим ҳам тез олгай қўлга.


Дуо билан мадад-имдод қил менга,

Унутма, йўриғим сўзладим сенга.


Каломин тугатиб турдию равон,

Отланди омонлик тилаб уй томон.

Уйида, бор ташвиш ортида қолди,

Обу ош еб-ичиб бироз тин олди.

Само ноз қилгандай дилни доғлади,

Қора тўнин кийиб, белин боғлади.

Қуёш йиғди гўё сочилган сочин,

Зулумот қоплади бор дунё ичин.

Тўшак сўрадию аста бош қўйиб,

Ором олиб ғоят ухлади тўйиб.

Ниҳоят у бошин кўтариб боқди,

Саҳар саболари дарчасин қоқди.

Офтоб бош кўтарди, юз очди яна,

Нурафшон оламда гўё тантана.

Яна бу Ўглушмиш истаб янги ком,

Ўқиди бомдодни ҳам еди таом.

Отин минди яна саройга етди,

Хоқон қошида ҳам боз таъзим этди.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби


Малик Ўзғурмишнинг сўради ҳолин,

Деди: Баён айла менга аҳволин.

Мени ҳам дуода эсларми ҳамон,

Дуо билан ахир ҳар банда омон.

Дуо билан топар бахт башарият,

Дуо билан жаннат ҳам абадият.

Бўлмаса очунда дуо баралла,

Ёмонлар йитарди туғилган палла.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш жавобан дер: Жўмарди чуст,

Билим билан боғлаб сўзладинг дуруст.

Қариндошим ғариб бир ўзи бу кун,

Иккимиз ҳам дуо қилар бағри хун.

Ўзин ғамин емас, қайғурар бизга,

Яқинроқ кишимиз йўқ ундан ўзга.

Хоқон, сенинг исминг қўймасдан тилдан,

Ҳаққингга дуолар қилмоқда дилдан.

Топилмас биз каби ғофили куффор,

Биз учун ҳам айтар у минг истиғфор.

Ғофил яна ким бор биздай, эй малик,

Совурдик умримиз, қисқа қўл-илик.

 

Семирганмиз орзу-неъмат домида,

Кўру басир айшу ишрат комида.

Омонат тану жон, егай қурт, илон,

Ўкинчдан ўзга йўқ ногоҳ чиқса жон.

Нелар дер, эшитгил, закий зот сўзи,

Амал қилсанг, бахтинг бутун, эй қўзи:

Тану жон семирса, егай қурт, илон,

Севинма ҳеч гардун ичра, эй меҳмон.

Кечар туш сингари бор умринг, йитар,

Гувоҳ сассиз кечган ҳар кун бегумон.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Жавоб берди Хоқон айтар: Эй доно,

Нетиб ўзим тутай, айтгин, ҳамоно?

Ўзингдан ўзга йўқ меҳрибон менга,

Инондим-ишондим мен фақат сенга.

Ётарман мен энди уй ичра ўсал,

Ишим қолиб кетди, эй илми тугал.

Кўзим ҳам қулоғим ўзинг кўр, эшит,

Неки номатлубу хом ўзинг пишит.

Керак бўлса мендан ёрдаму мадад,

Сўраганинг ҳамон берай беадад.


Лашкар учун неки даркор, не лозим,

Уринтирмай ўзинг қил, эй мулозим!

Золим дасти элдан олисда бўлсин,

Доно омон, нодон-ёмонлар ўлсин!

Бойиса улус ҳам яшнаса элим,

Унинг шукрин қилсин минг қайта тилим.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш жавобан деди: Аё бек,

Худо тавфиқ бергай тилаганингдек.

Худодан сўрайман кўкка чўзиб қўл,

Мудом очиқ бўлгай менга равон йўл.

Хоқон тинч бўлса бас, мунаввар юзим,

Зиммамга олай бор заҳматни ўзим.

Ўзим фидо қилдим сен учун қутлуғ,

Давру даврон сургин, эй сарвар улуғ!

Ягона ҳожатим бор сендан бу кун,

Тафаккуринг билан раво қил мамнун.

Беклар тутса агар қай зотни яқин,

Киши барча қилар ғийбат бор-йўғин.

Қанча эъзозласанг мени сен ўзинг,

Чақимчи чақса гар гезарар юзинг.


Нелар дер, эшитгил, Алп Эр Тўнга,

Насиҳатин билиб сўзлаган сенга:

Киши кўнгли мисли шишадай нодир,

Шишадай синмагай, эй хулқи қодир!

Чақувга қай одам гар парво этмас,

Суқилса ғийбатчи, бор сабри етмас.

Бўлса ҳам бек ғоят зийрагу ҳалол,

Чақимчи баъзида келтирар малол.

Хону султон кўнгил, тану жон асир,

Қай сўз билан безар, қай сўздан исир.

Ғаним тўрт хил мизож ҳар ким асири,

Бири кулдирса гоҳ бош оғриқ бири.

Бири оғир-вазмин, қай бири чаққон,

Бири кулса бири, чекар оҳ-фиғон.

Севиндим деганда, келтирар алам,

Кулдирар қайғуда баъзан дам-бадам.

Хижолатман шундан, эй Хоқон, собит,

Чақимчи талар гоҳ бамисоли ит.

Қолар кўнглинг мендан, тескари ўзинг,

Беҳуда хизматим, ўгирсанг юзинг.


Тилагим шу, яна ўтинчим сенга,

Мени қай зот чақса, дарҳол айт менга.

Суриштириш даркор ҳар гапни ҳалол,

Неки аниқланса, чора кўр дарҳол.

Чақимчи даъвосин, майли, тинглагин,

Чини ҳам ёлғонин равшан англагин.

Ғоят яхши айтмиш пешқадам-бурун:

Калом тингла, дилда берма ҳеч ўрин.

Мазкур сўз маъноси яна ҳам теран,

Амал қил сен унга, эй оқил эран:

Калом барин тингла, керагини ол,

Кераксиз каломдан кечгайсан дарҳол.

Аниқла ҳар калом чинми ё ёлғон,

Чини дардга дармон, ёлғон – беомон.

Бузилар ёлғончи дастидан очун,

Яқин тут ростгўйни, эй дасти узун.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Султон жавоб бериб деди: Эй инсон,

Раво барча холис тилагинг равон.

Одамийлик билан пайваста зотинг,

Комил феълингга ҳам муносиб отинг.


Нораво бирон иш қилмассан содир,

Азал-абад латиф атворинг нодир.

Сени ёмонлаган кишилар менга,

Бамисоли ғаним, эй кўнгли кенг-а!

Қачон сўзламасин, эртами ё кеч,

Чақимчилар сўзин тингламасман ҳеч.

Тахтга муносиб деб бўларми хонни,

Фарқин билмаса гар яхши-ёмонни.

Қандай, бек, ахир, у тўғрига қўлдош

Бўлиб ҳар эгрини қилмаса гар фош!

Жоҳил одам фойда кўрмас росмана,

Синалган кишини синаса яна.

Қонун талабгори наҳот қилмас фарқ,

Равон-рост калом не, не ёлғону зарқ.

Худодан ҳадясан мен учун бугун,

Ечилди сен боис юз жумбоқ-тугун.

Садоқатинг чексиз менга, эй яқин,

Ўтадинг сен менга нону туз ҳақин.

Зарур бўлсам ҳар не дардингга дармон,

Насиб этгай ҳадям, яйра беармон.


Нелар дер, эшитгил, жўмарди оқил,

Равон хулқи билан эл-юртга маъқул:

Одам аълоси ким, одамлар боши,

Одамийлик ҳар бир одамга иши.

Аҳли мурувватга мурувватли бўл,

Азиз мурувватли бағри кенг киши.

Ўгдулмишнинг Ҳоқонга жавоби

Жавобан Ўгдулшмиш деди: Эй, малик,

Фароғатда элга едиргин илик.

Худо бергай икки олам иқболин,

Раво айлагай ҳар ният ҳалолин.

Фалак кулиб боқсин ҳамиша равон,

Тилагинг ушалсин барча беармон.

Тилию дили соф, феъли мулойим,

То абад бахтиёр даврон сур доим.

Барча эзгуликлар айладинг ато,

Фаровон ҳаётим тўкис бехато.

Белимга боғладим хизмат камарин,

Худо тавфиқ бергай, доно камтарин!

Ўгдулмиш яна дер: Қиёси йўқ зот,

Олам узра ёяр эзгу отинг бот.


Номинг эзгу тутгин, Худо берди қут,

Бахту саодат ёр, кўнглинг эзгу тут.

Муқаррар беклик гар орзу қилгайсан,

Тўрт омилни тамал тоши билгайсан:

Бири - пухта бўлгай ҳар сўз-каломинг,

Яна одил қонун билан ҳар коминг.

Учинчи – элингга қилгайсан ҳиммат,

Топар ҳиммат билан ҳар киши қиммат.

Ниҳоят, жасуру ҳам бўл журъатли,

Ғанимга беомон, ишда суръатли.

Қайси бек бек тўрт шартга қилмаса амал,

Улусни бошқара билмас мукаммал.

Азал булар беклик теран илдизи,

Оқил бекзода-бек йўриғи, изи.

Йўриғинг бузма ҳеч собит, мустаҳкам,

Амал қилган шунга аввалгилар ҳам.

Қайси бек кирса гар нораво йўлга,

Жудо беклигидан, ололмас қўлга.

Ҳам уч тоифани эъзозла ҳамон,

Эй хоқон, тинглагин, сўзлай ушбу он:


Бири алп, мергану юракли эран,

Қилич билан фойда келтирар туман.

Кейинги билимдон, эл бошлар киши,

Насиҳати зарур, пухта ҳар иши.

Учинчиси моҳир саркотиб бўлар,

Кирим-чиқим билса, хазина тўлар.

Уларга ўзгача кўрсат илтифот,

Эъзозла, инъом ҳам бериб тур бот-бот.

Равон ривож топар барча ишларинг,

Элинг зиёдаю бисёр ерларинг.

Отинг эзгу бўлар, шавкатли ўзинг,

Бани башар кўрмак тилагай юзинг.

Доно бу ҳикмати мисли шоҳ баёт:

Одам ўлар, эзгу оти барҳаёт.

Не аъло, киши гар топса ҳам завол,

То абад яшаса номи безавол.

Аъло мангу ҳаёт тахт-минбарида,

Неча ётса ҳамки замин қаърида.

Ҳаётга ёпишма, ахтар яхши ном,

Отинг яхши бўлса, тириксан мудом.

 

Тириклик қаёну эзгулик қаён,

Батафсил баён эт, эй сен билимдон!

Тириклик чину бу эзгулик баёт,

Холис эзгуликдай йўқ асил ҳаёт.

Феълу атвори соз барҳаёт бўлар,

Феълу атвори бад беажал ўлар.

Ўтар дунё, вале эзгу хулқ қойим,

Эзгу атвор билан рафтор мулойим.

Бевафо бу дунё гар ўгурса юз,

Зарури эзгулик сенга, қаро кўз.

Овунма бу дунё асли тузоқ-дом,

Вафо қилмас гардун, дер билим мудом.

Бемаъни найранг бил дунё маошин,

Оёғин сўрасанг, тутар у бошин.

Қўшилма найрангга, эй ўсиб-унар,

Қўшилсанг ўйинга, бўйин боғланар.

Назар сол, бағоят ҳикматли битик,

Унутма бу сўзни, эй кўнгли тетик:

Дунё кори бори найрангу ўйин,

Заъфар айлар найранг киши ранг-рўйин.


Эгам фарзу қарзин айлагин адо,

Адо этмасанг гар кишанда бўйин.

 

Неки менга бўлса, эй Хоқон, аён,

Ботину зоҳирин айладим баён.

Сўзим билан кечгай, султон, ҳар рўзинг,

Ишонмасанг, бир кун кўрарсан ўзинг.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон айтди: Тавфиқ тиларман туриб

Худодан, бу ишга кўнглим боз бериб.

Не тонг, берса Худо мададу ёрдам,

Сенинг ҳам мададинг кутарман ҳар дам.

Ғайрат қил, ҳар ишга диққат билан боқ,

Кўзинг ўткир, ҳушёр бўлгай ҳам қулоқ.

Кучинг етганин қил, инонма менга,

Баъзи ишда кўмак берай мен сенга.

 

Хоқон ўз каломин тугатди аста,

Ўгдулмиш қошидан чиқди оҳиста.

Отин минди, неча масофа кечди,

Тушиб кирди уйга, кийимин ечди.

Тун бўйи ухлади, тонгда отланиб,

Саройга йўл олди яна шайланиб.


Серғайрат Ўгдулмиш, бас, бундан буён,

Барча ишни қилди тинмайин бир он.

Улус осойишта, мунаввар очун,

Хоқон фароғатда, шодланди фузун.

Дуо билан мамнун элу юрт тўлиб,

Оти қолди мангу ҳеч йитмас бўлиб.

Не аъло ҳар қонун-қоида аъло,

Қонун билан беклик қоим, муалло[1]!

Беназир бек бўлса улус узра бош,

Даврон сурар барча улус қари-ёш.

Улус итоаткор ҳам феъли равон,

Шарофати билан беклар беармон.

Беклар қодир Худо сояси бўлар,

Беги аъло бўлса, эли кун кўрар.

Ёмон қавмларга бек ҳам беомон,

Ва лекин зиддият зарар ҳам зиён.

Феълин ўнгласа эл, бек бағри кенг, шод,

Беги бағри кенг эл шоду юрт обод.

 

Яна ўтди қанча йилу қанча ой,

Оолам оро топиб, улус маъмур-бой.

 

Туману тўзондан қолмай ҳеч асар,

Тузилди, сузилди ҳар иш сарбасар.

Хоқон эзгу ишлар бўлиб баҳона,

Айтди беадад ҳамд, беҳад шукрона.



[1] Муалло – юксак, сарбаланд.