Ўзғурмиш ўгдулмишга маслаҳат берганини айтади PDF Босма E-mail

Ўзғурмиш насиҳат қилар: Қардошим,

Сўзим эшит, сенга фидо бу бошим.

Ғоят эзгу ният қилибсан ўзинг,

Худо тавфиқ бергай, ёритгай кўзинг.

Ягона эмас ҳеч бу бобда билим,

Ғайрат қилсанг зиёд минг амал-илм.

Улардан бири бу айтайин, эшит,

Бўларни кўргину ҳар ишинг пишит.

Бу кун унда турмоқ сен учун маъқул,

Яна бунда турмоқ мен учун маъқул.

Улус учун фойда сен қилар минг иш,

Улус наф кўрмаса, етар минг қарғиш.

Хоқон амри билан, кўр, илгинг узун,

Отинг тилда достон, савобинг фузун.

Улус фароғатда, яшнади эли,

Дуога пайваста раият тили.

Нелар дер, эшитгил, хислатли киши,

Зиёда фойдали - кишилар боши:

Улус ичра асил инсон у бўлар,

Кичигу катта ҳам манфаат топар.


Кони зарар элга нафи йўқ ҳар кас,

Нафи бисёр боис эл бағри тўлар.

Яхши ният қилса кўнгилда киши,

Тилагани каби раво ҳар иши.

Нияти эзгуга бахт-саодат ёр,

Ўзгага наф берган ўзи бахтиёр.

Шарофатинг билан улус фаровон,

Рози жумла улус сендан бегумон.

Сиёсату низом эзгу тузилган,

Ёмонлар томири шартта узилган.

Буларни тарк этиб келсанг гар буён,

Бўларсан, бузилиб тартиб, пушаймон.

Сиёсату низом тафтишдан ўтар,

Элу юрт бузилиб, эзгулик йитар.

Сенинг ўрнинг олар бебурд, беомон,

Улусни қақшатар, қўймас ҳеч омон.

Нобоп йўлга бошлар эл-юртни ҳамон,

Куни туғар яна ким бўлса ёмон.

Воҳид Худо сўрар ҳисоб-ҳисобот,

Худо сўроғи бор ҳам бор эзгу от.


Аъмолинг, сиёсат одилу равон,

Ёмонларга сира ҳам берма имкон.

Нелар дер, эшитгил, феъли ғоят кенг,

Унутма ҳикматин, зар-олтинга тенг:

Одил бўл ҳам ёмон сафга кирма ҳеч,

Ёмонларга сира имкон берма ҳеч.

Сиёсатинг одил ҳам яхшилик қил,

Ёмонлик аввалу охир кўрма ҳеч!

Худо тавфиқ берди эзгу иш учун,

Барча эзгуликка етишиш учун.

Нечун сен булардан, айт, бурарсан юз,

Бу бир ношукурлик билсанг, шубҳасиз.

Унда қолиб элу юрт ҳам бор фойда,

Насиб этар сенга не ҳам бу жойда?

Менинг бундан афзал деганим ўзим,

Баён айлай сенга, эй кўркли юзим!

Ўзим дунё-давлат топиб кўрмадим,

Тилак-орзуларга кўнгил бермадим.

Улус билан жуда яқин бўлмадим,

Беклар тавру тарзин ҳам ҳеч билмадим.


Ўзим кўрмадим бу дунё молин ҳам,

Улус яхши-ёмон бор аҳволин ҳам.

Билиб бу аҳволни гар борсам у ён,

Ибодатдан кечсам, жуда ҳам ёмон.

Одам зинҳор кўрмай олтину кумуш,

Ногоҳ топса, қилар минг гуноҳ юмуш.

Нелар дер, эшитгин, тужжор сарбони,

Олам кезган Чину Мочин карвони:

Яратган айлаган қисқа қўлини,

Бойиса, ташлар ўз эзгу феълини.

Насиб этса давлат ғарибга ногоҳ,

Бегона то абад унга равон роҳ.

Бахту қут топмаган топса ногоҳ қут,

Феъли айниб, бўлар элу юртга ют.

Қўли қисқа бўлса гар дасти узун,

Улусга айлагай минг ситам фузун.

Пайвастасан мансаб, мол-давлат билан,

Хотиржам кўнглинг ҳам кўрк савлат билан.

Кўзинг тўйган, феълу атвор ораста,

Хоқон билан ҳамнафасу пайваста.


Худо илтифоти бу, шоҳид ўзинг,

Қўшқўллаб бахт берди, мунаввар юзинг.