Ўгдулмиш ўтган умрига ачиниб, тавба қилганини айтади PDF Босма E-mail

Деди: Ғафлат ичра яйрадим жуда,

Совурдим ҳаётим елга беҳуда.

Тириклик қуввати тарк этиб кетди,

Қўлимга ҳасса ҳам тез келиб етди.

Ўкиниб, дер: Эсиз умрим-ай, куним,

Тириклик тугади, қораяр туним.

Орзуга бамисли махлуқ берилдим,

Билиб-билмай куним ўтиб, керилдим.

Эвоҳ, ғафлат ичра ёшлик авжида,

Ғойиб не кунларим йиллар мавжида.

Ёшлик кучи кетди сув каби оқиб,

Бенаф ачинарман бу кун тутоқиб.

Тириклик олису бир қадам ўлим,

Ўлимга чора йўқ ё қочар йўлим.

Сочим шунқор ранги каби бўзарган,

Соқолим хас-хашак каби гезарган.

Садафдай тишларим чоки сўкилди,

Дурдай тишларимнинг бари тўкилди.


Ўткир кўзлар кўрган не олисни ерни,

Ортиқ аранг танир ёнма-ён эрни.

Бир пайтлар мастона олисни тинглаб,

Қулоғим том битган, сўзларман имлаб.

Қора эди қузғун тусидек бошим,

Бошим мисли оққуш, етилди ёшим.

Фурсат етди, тавба қилиб мардона,

Мен ҳам сўнгги йўлга бўлай равона.

Тангрим, ёлғиз ўзинг пушти паноҳим,

Умидим ўзингдан, кечир гуноҳим.

Икки олам бахтин сўзсиз заволи,

Қусурлардан кўнглим айлайин холи.

 

“Гуноҳкор қулингга бергин, деб, нажот!”,

Ўгдулмиш Тангрига қилди муножот.


Яна ўйга толди: Шошилмай сира,

Ҳовлиқиб сўнг кўнглим қилмайин хира.

Аввал пухта кенгаш ҳам қилиш даркор,

Жами иллатлардан қутилиш даркор.

Кенгашиб қилиш шарт ҳар ишни билиб,

Ўкинар ҳар бебош сўнг бағрин тилиб.


Нелар дер, эшитгил, сўзамол-бийрон:

Барча ишлар учун кенгаш эм-дармон.

Яқин дўст-ёр билан жоиз кенгашиш,

Битар кенгаш билан барча турфа иш.

Жўнашар кенгашган ҳар киши иши,

Пушаймон армонда кенгашмас киши.

Борайин мен равон қардошим томон,

У билан кенгашай ишим, эй инсон!

Адо айлай агар деса у раво,

Кечай бадар деса дарди бедаво.

Одам ўз ташвишин қила олмас ҳал,

Ўзгадан сўраган маъқул мукаммал.

Зиёда маслаҳат билан билим бот,

Билим, кенгаш билан забардаст ҳар зот.

Нелар дер, эшитгил кенгашар киши,

Раво кенгаш билан ҳар киши иши:

Кенгаш ҳар бир ишинг, маслаҳат сўра,

Насиҳат билмасга бўлма дўст-жўра.

Қай бир иш бўлса ҳам кенгаш билан қил,

Кушод кенгаш билан ҳар мушкул, тўра!

 

Кеча ётди, саҳар эрта турди, кўр,

Отин минди, Хоқон томон юрди, кўр.

Рухсат билан юрди шаҳаншоҳ томон,

Эъзозлаб Хоқон ҳам жой берди равон.

Ўгдулмишнинг Ҳоқонга саволи

Султонга ўтинди, деди: Мен бу кун,

Қариндошим кўриб келай, бағрим хун.

Агар ёрлақасанг, борай у томон,

Зиёрат қилиб тез қайтай бу томон.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон айтди: Азал эзгу таомил,

Саломим етказгил унга, эй комил!

Ёлвориб қилганда тоат-ибодат,

Тилагай менга ҳам бахту саодат.

Худодан тилагай бор гуноҳларим,

Кечиргай гуноҳим Оллоҳи карим.


Таъзим бажо айлаб Ўгдулмиш кетди,

Кўнгли тоғдай ўсиб уйига етди.

Мисоли олтиндай бор рўйи жаҳон,

Қуёш ёқут ранги бўлди заъфарон.

Қошин тугди само тунд этиб юзин,

Қора ранг қоплади кишилар кўзин.


Номоз ўқиб ётди тўшакка кириб,

Ором олди ухлаб, чарчоғи ариб.

Анча ором олди тўшагин кучиб,

Сира тинчланмади, уйғонди чўчиб.

Яна такрор ётди, мизғиди хиёл,

Яна ухлатмади безовта хаёл.

Юмилмади сўнгра ҳар икки кўзи,

Хаёл суриб олис, зерикди ўзи.

Назар солди: Шарқдан Муштарий қалқиб,

Юксалди заминдан ёлиндек балқиб.

Яна Йилдириқ[1] ҳам Айғир[2] сузилди,

Жавзо ҳам бу равшан сафга тизилди.

Тустовуқ самовот ичра яйради,

Исрофил сурнайи яна сайради.

Назар солди олис Машриққа томон,

Қуёш замин узра юксалмиш равон.

Шуъла сочар ерга офтоб оташин,

Само юзи мисли ёлину яшин.

Севимли чеҳрадай бу олам мавзун,

Аламлар қисқаю севинчлар фузун.


Намозин ўқиди ўзига келиб,

Отин минди, тоққа юз урди елиб.

Етиб келиб эшик қоқди у аста,

Қариндоши пешвоз чиқди оҳиста.

 

Салом берди сўнгра, кўр, Ўгдулмиш-о,

Алик олди унга, кўр, Ўзғурмиш-о!

Уйга кирдилар сўнг қўлга бериб қўл,

Қардоши сўради ҳолин бериб йўл.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга саволи

Деди: Эй қардошим, бу қандайин ҳол,

Келибсан ўтмасдан бир ой ҳам дарҳол.

Бедордай кўринар кўнглинг киройи,

Бемордай кўринар чеҳранг чиройи.

Не ҳасрат етди, айт, не кечди ҳолинг,

Баён айлагайсан менга аҳволинг.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўзғурмиш хастадай деди: Эй, қардош,

Бошим узра фалак ўйнатар минг тош.

Сабоқ бериб очса кўзинг гар даврон,

Ғофил ҳар кўнгилга жон битар равон.

Ғофилликда кўнглим мудради узоқ,

Даврон берди мени уйғотиб сабоқ.


Қалбим кўзи билан кўрдим, тингладим,

Ўзим йўлдан оздим, эвоҳ, англадим!

Бор умрим йитди, воҳ, юким зил-замбил,

Тавба қилар пайтим келди, эй оқил!

Минг бир ташвиш билан бор умрим хазон,

Худо фарзу қарзин пулладим арзон.

Кела берди дунё, тириклик йитар,

Тириклик тугаса, бу дунё кетар.

Тириклик учун мен тиладим очун,

Тириклик тугади, даҳри дун нечун?

Кечар шу тахлитда бугунги куним,

Насиб этарми ҳеч келар у туним?

Сочим ҳам хас-хашак каби гезарган,

Шунқор пати мисол соқол бўзарган.

Зарур қилишим у дунё ташвишин,

Шояд бажо этсам охират ишин.

Бағоят бунга мос, ҳикматли калом,

Амал қил ҳикматга хулласи калом:

Елдай ўтди умрим, бисёр армоним,

Борми дардга дармон бўлар имконим.


Беҳуда совурдим навқиронлигим,

Беҳуда кетмагай қолган ҳар оним.

Насиҳат қилди бир оқил бериб қўл,

Олдиндан охират учун тайёр бўл.

Ғафлатда қолмасдан қилсанг ибодат,

У дунёда насиб этар саодат.

Едим-ичдим молдек саргардон-сарсон,

Ўзим оч қолдирай, чанқатай чунон.

Тану жон беармон қўйдай семирди,

Сазойи айлайин, умрим емирди!

Роҳат-фароғатда кечирдим даврон,

Бедор айлаб нафсим бағрин қилай қон.

Пора қилдим бағрин талай кишини,

Шодон этай қилиб улар ишини.

Дасту тил теккиздим кишига талай,

Сўрайин кечирим бугун ҳар қалай.

Гуноҳкор санадим кимларни олис,

Ўзим мен гуноҳкор санай, бас, холис!

Қочоқман Эгамдан, нодон бус-бутун,

Барча гуноҳларга кўмилдим бугун.


Ёлвориб истиғфор айтайин мен-о,

Эгам қошига тез қайтайин мен-о!

Ўлим ногоҳ келар – гўё билмаймиз,

Ўлим келмагунча тавба қилмаймиз.

Нелар дер, эшитгил, билими теран,

Насиҳат қилар у сенга, эй эран:

Ўлимдан олдин қайт, қўлга ол ўзинг,

Ўлим тутса, бенаф пушаймон сўзинг.

Тавба-тазарру қил, заволинг кутар,

Ғофил бўлма, ўлим ёқангдан тутар.

Йигитликда қилгин ибодат бедор,

Қарилик етишса, кетар куч-мадор.

Ҳаётни эъзозла, ибодатни бил,

Заволинг етмасдан тадоригинг қил.

Ўлим тутмас экан, мудом бўл ҳушёр,

Ўлим тутса, армон инон-ихтиёр.

Ҳузурингга келдим умидвор юриб,

Бу ишга чора топ сен холис кўриб.

Қариндош меҳрибон ўзингсан менга,

Чорасин баён қил, ишондим сенга.



[1] Йилдириқ – Зуҳро юлдузи.

[2]Айғир – Юлдузи номи.