Ўгдулмиш Кунтуғди хоқонга элни яшнатиш, адолатли сиёсат юритишни айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш тилагин деди: Эй Хоқон,

Насиб этгай сенга ҳар иш бегумон.

Бемаъни сўзлама ҳеч қачон, ҳаргиз,

Худога хуш ёқмас, эй илми денгиз.

Олмадинг бекликни минг бора тилаб,

Худо берди фазли билан белгилаб.

Эъзозлаб боз, беклик айлади ато,

Теран илминг, шукр айла бехато.


Тилу дилинг тоза ҳам ибодат қил,

Каттаю кичикка ҳам адолат қил.

Ҳавас-ҳирсинг ақлинг билан йўлга сол,

Нафсинг ҳам билиминг билан қўлга ол.

Нелар дер, эшитгил, билим берар зот,

Билим билан ҳавас-нафсин босар бот:

Бўлай десанг агар комил, баркамол,

Ҳавасу нафсдан кеч, топарсан камол.

Ҳавасу нафс қули бўлма ҳеч зинҳор,

Ҳавас-нафсдан топар диёнат завол.

Нечун бу ожизлик, бу уқубатинг,

Барча эзгуликка етар қувватинг.

Нечун сен ўзингга берарсан азоб,

Нечун майи нобинг қиларсан зардоб.

Хазинанг зиёда, лашкаринг бисёр,

Барча иш қўлингдан келар, эй ҳушёр.

Севинтир лашкаринг, улаш зару ганж,

Раво минг тилагинг, чекма сира ранж.

Нелар дер, эшитгил, жўмарди нодир,

Зар билан енгар ҳар ёвни ҳам қодир:


Қўлим баланд бўлсин десанг гар ҳамон,

Жўмарду аскаринг шод айла ҳар он.

Рози қил бор элни, тилагинг раво,

Ашаддий ғаним ҳам мағлуб бегумон.

Барча тарафдоринг айлагин мамнун,

Берар ширин жонин сен учун бир кун.

Ғолиб лашкар билан кофир ёвни янч,

Худодан тила куч - сен учун таянч.

Бу кофир қавмига берма ҳеч омон,

Ўлиб ҳам ғайридин бўлмас мусулмон.

Уйин-жойин ёндир, синдир маъбудин,

Масжидлар бино эт, ривож топгай дин.

Ўғил-қизларин ҳам банди айлагин,

Не олсанг, хазинанг ичра жойлагин.

Мўмин-мусулмонлик учун оч кенг йўл,

То боқий саодат сенга бергай қўл.

Мусулмонга қасддан урма ҳеч илик,

Унинг хасми қодир Тангри, эй малик!

Мусулмон мусулмон билан қариндош,

Эъзозла, қариндош сенга кўзу қош.


Одилона элга қилсанг минг савоб,

Дуо билан холис бергайлар жавоб.

Худо бергай сўнгра саодат, иқбол,

Икки олам бахти насибанг ҳалол.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон айтди: Доно сўзинг дилпазир,

Ўзим ҳам ҳар эзгу ишга мунтазир.

Насиб этар мурод не асно, эй эр,

Адо айлаш учун мадад-имдод бер.

Улусни аввало яйратиш даркор,

Талаб қилар ташқи иш ҳам эътибор.

Севарни севинтир инъомлар бериб,

Севмаса ким сени сургайсан териб.

Улусни энг олдин айлаб шод-хуррам,

Лозим собит айлаш манзилларни ҳам.

Оқилона тартиб ўрнатгин равон,

Сира ҳам қолмагай бедаво, ёмон.

Тополмай бир имкон ҳайронман ўзим,

Зиёда минг ташвиш, боз бедор кўзим.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Хоқон қулоқ тутди боз Ўгдулмишга:

Сира ортга сурмай кириш ҳар ишга.


Не учун чўзарсан қилар ҳар ишинг,

Қилар ишинг чўзма, ўтар йил, ёшинг.

Қилинмаса бу кун гар зарур ҳар иш,

Йиғилиб, бошингга бўлар зўр ташвиш.

Ишингни эртага қолдирма зинҳор,

Эртанги куннинг ҳам ташвиши бисёр.

Қилинса эл иши пайтида равон,

Ўзинг шоду элу юрт ҳам фаровон.

Ёмонга ҳам зарур сиёсат юрит,

Барча ёмонларни элингдан арит.

Тўғри юр, тўғри тур, ҳар ишда одил,

Ёмонни ҳам тўғри йўлга сол дадил.

Ёмонлар қўлига солмасанг тушов,

Ишларинг юришмас, улар бўлар ғов.

Ёмонга ёндошма зарари тегар,

Яхшилар билан бўл, дур-зари тегар.

Нелар дер, эшитгил, одил билимдон,

Феълию аъмоли гўзал бегумон:

Ёмондан йироқ бўл, унутма буни,

Ёмону ҳар яхши ўзга қонуни.


Йўлиқар ёмонлик қилган балога,

Ҳалол топар ҳақ йўл ҳақиқат куни.

Эй Хоқон, лашкарсиз сенга чора йўқ,

Одил беклар кўнгли лашкар билан тўқ.

Зиёд эт лашкаринг ҳам улаш инъом,

Ғариб-яланғоч ҳам бойиб топгай ком.

Хизматда ҳар ким ҳам умидвор юрар,

Умидин узса гар юзин ўгирар.

Эй Хоқон, хизматчи аҳли хилма-хил,

Адашмагай йўлдан, фарқин яхши бил.

Улар бири тилар қадр ҳам қиммат,

Эъзозла, муносиб кўрсатиб ҳиммат.

Айримлар молу мулк тилар тилар бегумон,

Молу мулк берсанг бас, фидо айлар жон.

Ҳам товар, обрў дер қай бир ноинсоф,

Тилар кўнгли яна тулпору зарбоф.

Баҳодир, мергандан аяма ҳеч зар,

Қилич билан юртлар олгай сарбасар.

Билимдон, закий ҳам эр бўлса оқил,

Эъзозлаб сийлагин, қадрин азиз бил.


Ёмон бўлса, зинҳор кўтарма уни,

Амал берсанг, қилар беобрў сени.

Золимлар қавмин ҳам бойитма ҳаргиз,

Охири етади бошингга эсиз!

Синаган мард-жўмард ҳикмати теран:

Бойиса бош эгмас ҳеч номард эран!

Ёмонни бойитма, эй феъли аъло,

Ёмонлар бойиса, бошингга бало.

Қўли қисқа бўлса феъли аъло ҳам,

Бамисли ёмондай бўлар муттаҳам.

Ҳолин танг айласа турмуш ташвиши,

Батамом ўзгарар ҳар яхши киши.

Ёмонни аяма, сира берма йўл,

Яхши яна ҳам соз холис тутсанг қўл.

Садоқат аҳлини яқин тутгайсан,

Беҳаё, бебурддан бало кутгайсан.

Зараркунунда ким, қаю зот нодир

Айира билгайсан, доно баҳодир!

Дўст билан душманни фарқлагин осон,

Дўстга меҳрли бўл, ёвга - беомон.


Йироқ тут, ким қилар боз кўнглинг хира,

Қувонтирма унга бериб иш сира.

Омонат ўзгаю ўзга хиёнат,

Бўлак бедаводан аҳли диёнат.

Буюрсанг гар икки зотга битта иш,

Ишинг битмай бўлар минг битта ташвиш.

Ишингни иш билар кишиларга бер,

Қўлидан иш келмас, синиб қайғу ер.

Инонма ҳар кимга беклик ишини,

Яқин тут фақат наф берар кишини.

Улус нафин кўзла, унутма ўзинг,

Тама билан тикма ҳеч кимга кўзинг.

Нафи тегди деб ҳар кимга берма ён,

Бузилма, эл нафин кўзла ҳар қачон.

Холис қўл чўзганга сен ҳам мадад бер,

Нохолис кимсадан олис бўл, эй шер.

Эъзозла ким сенга келтирар фойда,

Ишониб иш бер ҳар қачон, ҳар жойда.

Барча кору боринг айладим баён,

Амал қилсанг, элу юртинг фаровон.


Отинг эзгу бўлар, бахтиёр ўзинг,

Қолар сендан ёдгор отингу сўзинг.

Бой бўлар улус ҳам тахтинг барқарор,

Хазинанг зиёда бахтинг барқарор.

Нелар дер, эшитгил, мунис-меҳрибон,

Тили билан дили бирдир бегумон:

Қай бир эл бегининг бағри кенг, ҳалол,

Бойигай эл-улус, ёр бахту иқбол.

Улус бойлиги бек бойлиги ахир,

Кўнглинг истаганин ўзинг танлаб ол.

Шаҳар, қишлоқлардан аригай ўғри,

Мусофир, карвонлар йўл юргай тўғри.

Улусда зўравон қолмагай омон,

Қароқчи қавмин ҳам йўқот беомон.

Ёмон феълин эвур ҳақ жазо билан,

Ҳар ёмон қисмати ҳақ сазо билан.

Ёмон зиндон ичра бўлиши керак,

Токи феъли яхши бўлгай, шерюрак.

Яна улус ичра ҳар тоифа мўл,

Буларни фарқласанг, мудом очиқ йўл.


Олимлар улардан бири хушодат,

Олимлар билан ёр элга саодат.

Эъзозла буларни, неки айтса қил,

Шариат йўлин тут, бўйин бер, эгил.

Булар ҳақин адо айлаб ҳамоно,

Раво қил ниятин, сарвари доно.

Билим аҳли азал элга муаллим,

Олар бор билимсиз улардан таълим.

Яна бир тоифа муҳтасиб-нозир,

Талаб билан қатъий ҳар ерда нозир

Фосиқ, бор бебошни олгай боз қўлга,

Жамоат, масжидни ҳам солгай йўлга.

Яна бир тоифа сенга топинар,

Бепарво бўлсанг гар итдай қопинар.

Булар юк кўтармас, булар ташвиши

Азалдан сен каби ҳар Хоқон иши.

Булардан ўзгаси авом эл, қора,

Адолат билан топ дардига чора.

Яна уч тоифа қадрин азиз тут,

Зулм қилсанг агар фалокатлар кут.


Булардан бири бой-бадавлат катта,

Улус ичра улар кабир, албатта.

Булардан бўлаги ўртаҳол киши,

Булар учун мушкул бадавлат иши.

Ғариблар қавми бор эл ичра зиёд,

Бағоят буларни айла эҳтиёт.

Талаб қилсанг бойдай ўртаҳолдан ҳам,

Батамом бузилар, бўлар муттаҳам.

Ғарибга ортиқча гар қўйсанг талаб,

Ўлар муҳтожликдан бағрин нимталаб.

Ғариб мадад билан ўртаҳол бўлар,

Хотиржам ўртаҳол хамёни тўлар.

Ғариб, ўртаҳол ҳам бўлса бадавлат,

Оқибат Хоқон ҳам яна басавлат.

Диёринг ободу улус фаровон,

Бахту саодатинг тилагай ҳар он.

Нелар дер, эшитгил, Уч ўрду хони:

Савоб қил эрта-кеч то бор имкони.

Фидо айлар савоб учун қай зот жон,

Номи эл оғзида то абад достон.


Ўлиб, қолса кимдан эзгу хотира,

Абадий ҳаёт ҳам топар бир сира.

Маконинг гар жаҳон, гар замин қаъри,

Мақоминг сарбаланд шуҳрат минбари.

Номинг яхши бўлса, раво ҳар коминг,

Безавол то абад эл ичра номинг.

Раият ҳақи бор сенда, Хоқон, уч,

Холис адо айла, қўллама кўп куч.

Биринчи: элингда тоза тут кумуш,

Иёр иши[1] ғоят зарурий юмуш.

Яна юритгайсан сиёсат одил,

Ғарибга ҳеч жабр қилмагай ботил.

Учинчи – барча йўл осуда бўлгай,

Қароқчи қавмидан масъуда бўлгай.

Улус ҳақин айлаб шу асно раво,

Раво қилсанг кейин ўз ҳақинг даъво.

Раият узра ҳам уч хил ҳақинг бор,

Талаб қил улардан, бергин эътибор.

Бири ҳар фармонинг қадрин соз билгай,

Жами фармонларинг тез адо қилгай.


Хазина ҳақин, сўнг, вақтида бергай,

Солиқчилар уни заҳматсиз тергай.

Учинчи – ёвингга бўлиб беомон,

Азиз билсанг кимни, севгайлар ҳамон.

Бенуқсон ўтагин беклик фарзин ҳам,

Адо айлагай сон-улус қарзин ҳам.

Хоқон юрса равон, ҳақ йўлдан қутлуғ,

Раият эргашар, сўзсиз, эй улуғ.

Бегин соз аъмолин эл билса яхши,

Роҳат-фароғатда бор беклар нақши.

Эй Хоқон, барқарор бу бахту иқбол,

Саодат ҳар икки оламда ҳалол.

Яна ҳам ҳар доно, соҳиби илм,

Назорат остида бергай, бас, билим.

Яна муҳтасиблар ғоят қаттиқ қўл,

Ярамас қавмига бермагай ҳеч йўл.

Омонатин асраб савдогар-тужжор,

Панд-насиҳат қилгай ҳунарманд-нажжор.

Ҳар деҳқон зироат илмида моҳир,

Яна чорвадор ўз ишида соҳир.


Ниҳоят амрингга шай лашкар бўлар,

Беомон зарбидан минг бир ёв ўлар.

Шод қилгин буларни, бер инъом, эҳсон,

Назоратда собит тутгин ҳар қачон.

Эъзозласанг нафи билан баробар,

Яна ҳам лашкаринг жасур, диловар.

Ғаним, бўрига ҳам ҳозирлаб қурол,

Дўсту ёрга иқбол, ғанимга завол.

Улар билан барча ишинг барқарор,

Ривожланиб, берар фойдаю барор.

У дунё, бу дунё билмай не армон,

Холис Худо минг бир дардингга дармон.

Ҳалол бўл, бас, айтди дегайсан мени,

Ҳалоллик тилакка етказар сени.

Сени Тангри севгай гар бўлсанг ҳалол,

Адолат билан ҳам улус кўнглин ол.

Қулоқ тут ҳикматга, эй кўнгли тоза,

Сўзимга бу ҳикмат мезон-андоза:

Тўғрилиги боис сарбаланд осмон,

Пойдор ерда унар ризқу рўзу дон.


Ҳалолу одил бўл ҳар он, ҳамиша,

Аввал-охир ҳалол бахтли беармон.

Эй Хоқон, не билсам, не бўлса аён,

Батафсил барчасин айладим баён.

Нафи бисёр минг бир панд, эй қаро кўз,

Сен учун айладим баён сўзма-сўз.

Жаҳон фароғати билан яхши от,

Дунёю охират учун қўш қанот.

Дунё молу мулки барчаси қолар,

Номинг яхши қилгин, жисминг йўқолар.

Таълим аҳлин азал ҳар панди яхши,

Мақолу матали сўз-калом нақши:

Завол топсам ҳамки отим қолса бас,

Яхши номим элда мангу бўлса бас.

Эзгу ном орттиргин яхшилик билан,

Яхши номинг мангу яшаб юрса бас.


Ҳукмдор тинглади, севинди ғоят,

Яйради ҳам тану жони ниҳоят.

Хоқоннинг Ўзғурмишга жавоби

Ўгдулмишни алқаб зиёда ҳамон,

Деди: Билганларинг сўзладинг равон!


Худо берса тавфиқ гар бундан буён,

Одил ҳар каломинг дастур бегумон.

Сени нажот этиб менга берган Раб,

Раво қилса, не тонг, тилагим қўллаб.

Барча ниятларим айладинг раво,

Тангри бўлсин барча дардингга даво.

Мудом бундан буён, меҳри беадад,

Каминага дилдан бергайсан мадад.

Сенга ишонарман, инондим ўзим,

Сўзинг яширма ҳеч, эй кўркли юзим.

Бамисли офтобдай куним мунаввар,

Умидим ўзингдан, эй шамси анвар!

Яхши сўзлар ғоят кўнгли тоза эр,

Дилию тили бир эрлар ичра шер:

Ишонсанг кимга сен яқин деб билгин,

Рафторин ўзингга соф кўзгу қилгин.

Мулойим, меҳрли кўзгу мисоли,

Боқиб бор айбингдан бўларсан холи.

Яқин бўлса дилдан гар икки одам,

Ишониб ҳамиша бўлгайлар ҳамдам.


Ишонган зот билан кенгаш ҳар маҳал,

Сўзига айлагил ҳамиша амал.

...

Ўгдулмиш эшитди Хоқон сўзини,

Севинди бахтиёр сезиб ўзини.

Хоқон ўз каломин тугатди аста,

Ўгдулмиш турдию чиқди оҳиста.

 

Ҳукмдор хушният тинчин тарк этиб,

Элин обод қилди кўп заҳмат чекиб.

Ёмондан йироғу яхшига яқин,

Эҳсон билан адо айлади ҳақин.

Тартиб, интизомли ораста эли,

Фароғатда кечди куну ой, йили.

Улусга наф билан ширин ҳаёти,

Саодат шарафин куйлар баёти.

Эъзозлаб Хоқон ҳам бу Ўгдулмишни,

Ишонч билан берди унга ҳар ишни.

 

Ўгдулмиш чин дилдан ишга киришди,

Алам қозонида ҳам қайнаб пишди.

Назар солиб кўрди хулқию ишин,

Ҳаёт, йигитлигин барбод қилмишин.


Барча эзгуликка ўзин шайлади,

Дилин покламоқни ният айлади.



[1] Иёр иши – металл софлигини синаш.