Ўзғурмиш Қунтуғди хоқонга насиҳат қилишини айтади PDF Босма E-mail

Ўзғурмиш қайғуриб деди: Эй, малик,

Худойим етказгай тилакка илик.

Машъум даҳри дуну азалий олам,

Неча бек қаритган, қаримас ҳеч ҳам.

Талай сендай бекни қўймаган омон,

Сенинг ҳам бошингга етар беомон.

Бевафо дунёга кўнгил берма ҳеч,

Вафо қилмас зинҳор, бас, то абад кеч.

Насиҳат қил дея ёлворма менга,

Даврон насиҳати кифоя сенга.

Сенингдек беадад очун тутгучи,

Қани, қайда қанча қудрату кучи.

Улар қайга кетди, ўйла, назар сол,

Сенинг ҳам бошингга тушар машъум ҳол.

Насиб этмиш беклик сенга бу бора,

Ғанимат ҳар онинг, кўргайсан чора.

Улар фойда топган не ишдан шитоб,

Боқий ҳаёт ишин қилгайсан шу тоб.


Нелардан ўкинди ўларда улар,

Йўлама ҳеч яқин, иқболинг кулар.

Ғоят яхши айтмиш оқил бетимсол,

Билимли каломи дур-гавҳар мисол:

Ўлим шоҳиди ҳам қолмас ҳеч омон,

Ҳозирлан, атворинг ҳалим тут ҳамон.

Ўлимдан бохабар, эй ғофил банда,

Чорасин кўргайсан, бўлма шарманда.

Ғофил эртаю кеч ҳеч тинмай елар,

Ўлим яроғи шай, сел каби келар.

Назар сол бир нафас ортингга бу кун,

Саробу туш мисол ҳаётинг бутун.

Агар қилган бўлсанг савоб иш барча,

Очилар қошингда мангулик дарча.

Савобинг бўлмаса айлагали ёд,

Ўкинч билан тинмай солгайсан фарёд.

Ҳамиша бўлмас ёр тириклик таври,

Яна қайтиб келмас йигитлик даври.

Совурма бу бахтинг ҳар одат билан,

Ўлимга тайёрлан ибодат билан.


Хоқон-ай, назар сол, илгари асти,

Отанг ҳам бек эди сарбаланд дасти.

Ҳашамат, хазина, соҳиби лашкар,

Давру даврон сурди беармон аксар.

Ўлим тутди, охир олдию кетди,

Овоза-шуҳрати унга, айт, нетди?

Отанг ўлди-кетди, сенга бергай панд,

Отанг панди дардга даво шакар-қанд.

Бағоят бунга мос бу калом, бу сўз,

Зиёда савоби, эй жон учун кўз:

Отанг ўлган бўлса қай фурсат, қачон,

Насиҳати: Ўғлим кўзинг оч, уйғон!

Ўлим тутди, кетдим, келар сенга ҳам,

Савоб билан яхши от қолдир равон.

Отаю она ҳам заволи тугал,

Ўғил-қизга панду сабоқ мукаммал.

Отангу онанг ҳам ўлим қўймагай,

Сени ҳам маҳв этар, асло тўймагай.

Уларни маҳв этган гардун сержафо,

Қиларми ўзгариб атвори вафо?


Эъзозла ҳар онинг, ғайрат қил шитоб,

Улаш ҳадя-эҳсон, топгайсан савоб.

Кечар кун ичидан керагин олгин,

Кечир бор ҳаётинг, амалинг қилгин.

Улус минг заҳматин этдинг ихтиёр,

Ғофил бўлма, оқил бўлгайсан, ҳушёр.

Бешафқат оч бўри ёнингда талай,

Элбоши, қўйларинг асра ҳар қалай!

Элингда бир кимса кеча қолса оч,

Ҳисобин сўрагай Худо, кўзинг оч!

Ёнарсан, эй Хоқон, бамисли чироқ,

Нуридан баҳраманд ўзгалар бироқ.

Бор умринг ўтсаю, етилса ёшинг,

Фойда бермас сенга минг содиқ кишинг.

Ўзинг ўтга отма кишилар учун,

Ўзинг кўра-била куйдирмак нечун?

Улуғлук, буюклик, бу беглик барча,

Қолар ўлим келиб очса гар дарча.

Сиёсат юритгил одил, барқарор,

То топгай беклигинг бардавом қарор.


Аъло билим берган билими улуғ,

Амал қилгайсан бу ҳикматга қутлуғ:

Тиласанг беклигинг бўлгай мустаҳкам,

Адолат йўриғин тутгайсан маҳкам.

Охиратим бўлсин десанг гар обод,

Аъло феълинг билан элинг айла шод.

Эй, бегман дегувчи, кўкрагинг керма,

Вафосиз дунёю давлат, дил берма.

Инонма, даҳри дун қути сержафо,

Инончсиз бағоят, беҳад бевафо.

Хоқон-ай, сарбаланд бу қасру сарой,

Омонат қўнимгоҳ, хор карвонсарой.

Не зотлар ҳам бунга тушиб кечдилар,

Ғофиллик чоҳида мудраб кўчдилар.

Ниҳоят насибанг бу ўрда, ўрин,

Кўчинг юборгайсан ўзингдан бурун.

Сира ром этмагай бу қасру сарой,

Омон қўймас сени, кечар йил, кун, ой.

Мангу ётар жойинг қабрдир аён,

Ётар жойинг обод айла, эй аъён.


Бу сайрой меники дерсан ушбу бу кун,

Олис ҳақиқатдан бу сўзинг бутун.

Нелар дер, эшитгил, сенга бу сарой,

Назар сол, ҳақиқат сўзи, эй ҳумой:

Буни сен айтарсан менинг деб, менинг,

Нечун сенинг ахир, нечун у сенинг?

Янги авлод сенга шитоб чиқ дегай,

Ҳозиру нозир, бас, менинг дер, менинг!

Зулмат зиндон дунё, ҳожат йўқ сўзга,

Зиндон ичра бўлмас аламдан ўзга.

Зиндон ичра ортиқ тилама севинч,

Боғи жинон ичра севинчу овинч.

Омонат роҳатинг роҳат тутма ҳеч,

Ё кечар севинчдан севинч кутма ҳеч.

Не янглиғ бу давлат бош бермас қочар,

Терилган мол-мулкинг ҳам тугал сочар.

Абадий макон бил сен у дунёни,

У дунёга юзлан, қўй бу дунёни.

Фароғат тиласанг, безавол раҳмат,

Боқий бахт-саодат гарови заҳмат.


Худо фазлига чин дилдан назар сол,

Зиёда бахш этмиш саодат, иқбол.

Улус узра қилди даст-қўлинг узун,

Равон тил, тилагу орзу ҳам фузун.

Сенингдек аҳли эл, Худо қулларин,

Ҳожатманд айлади, биларсан барин.

Бунинг шукрин қилгин, Хоқон, дунёда,

Бандаларга меҳринг айла зиёда.

Адолат учун бек айлаган сени,

Одил бўл, адолат узра тур қани!

Ақл билан қилгин барча аъмолинг,

Ҳавасга бўлма қул, ўйла камолинг.

Улусга меҳрибон, бағринг айла кенг,

Улуғу кичикка адолат қил тенг.

Одамлар адашса гар тўғри йўлдан,

Тўғри йўлга бошла, чиқарма қўлдан.

Нелар дер, эшитгил, эй илми денгиз,

Билим билан иш қил, хислати тенгсиз:

Барча бўлсин десанг эзгу ҳам қутлуғ,

Ўзинг эзгу бўлгил, эй элда улуғ.

 

Барча нопокликни айлай десанг пок,

Ўзингдан бошла иш, соҳиби идрок.

Қаён борса улус сарвари-боши,

Эргашиб борар бор эргашган киши.

Бузилса улус гар беглар айлар соз,

Қай зот расо этгай бек бўлса носоз?

Аъмолинг соз айла, равон эт феълинг,

Хотиржам бўл, шунда тузалгай элинг.

Яроғли ҳар аъмол тиласанг ўзинг,

Яроғсизга боқма, чўзма ҳеч сўзинг.

Тубанга қўшилма, фисқдан юр олис,

Қора айлар гарчи номинг пок - холис.

Бемаъни ҳеч қилмиш истамасанг гар,

Бемаъни қилма иш, сўзим муқаррар.

Айшу ишрат қилма, ичмагин шароб,

Беомон ғарқ этар туби йўқ бу об.

Аъмолинг равону атворинг - ҳалим,

Ақл - йўлчи юлдуз, кенгашчинг - билим.

Тилу дилинг равон, ҳимматли қўлинг,

Ўзинг ҳеч унутма, йўқотма йўлинг.


Ғуруру кибрга зинҳор берилма,

Зиёда лашкарим деб ҳам керилма.

Неча-неча мағрур, жасур, мард эрни,

Ўлим ерга кўмди, тўшанди ерни.

Яна яхши айтмиш билимли комил,

Билимли сўзи ҳар иш учун омил:

Хазинам бисёр деб, гердайма зинҳор,

Дабдаба, лашкаринг пеш қилма минг бор.

Кучига маҳлиё кўкрак керар нор,

Чивин қошида ҳам гоҳ бўлар ночор.

Ғазабнок бўлмай ҳеч ишинг қил ҳалол,

Ғазабинг келса гар, ўзинг қўлга ол.

Шошилма ҳеч ишда, ҳоли дин иши,

Шошилиб наф топмас ҳеч ишда киши.

Берар бўлсанг ҳадя - ғанимат фурсат,

Жазолашда шошма, вазминлик кўрсат.

Феълу сўзингда ҳовлиқма зинҳор,

Сабр қил, сабрли банда бахтиёр.

Сахий бўл, улусга улаш ошу нон,

Бахил бек эл аро бадном бегумон.


Дағал бўлма, маҳкам тут ўзинг ҳар кез,

Дағал сўздан одам кўнгли совур тез.

Ширин қил каттаю кичикка сўзинг,

Бамисли офтобдай порлагай юзинг.

Аъмол аъло бўлсин бамисли номинг,

Аъло тилу дилу, йўриқ-низоминг.

Авом эзгу бўлса, ундан шарофат

Топарсан ўзинг, эй, аҳли зарофат.

Феъли аъло беклар бўлса таянч-синч,

Сармаст айлар барча улусни севинч!

Беклар феъли бўлса ёмон, ёвузлик,

Ёмонлар кучлар, қақшар эзгулик.

Ёмон бўлма, отинг ёмон қилмагил,

Ёмонларни қисгил, ҳеч ён бермагил.

Ёмонлик оғу у, ема ҳеч оғу,

Оғу еган бўлмас ҳеч қачон соғ у.

Ақлли ким бўлса, тут уни яқин,

Билимдон сўзин тут, адо эт ҳақин.

Имон-эътиқодли, оқил кишини,

Яқин тут ҳам бергил давлат ишини.


Олчоқ даҳри дуннинг ҳар иши жафо,

Ғофил бўлсанг заҳрин сочар бу афъо[1].

Товусдай товланиб кўнглингни олар,

Дилинг берсанг қочар, кўздан йўқолар.

Ўлимни унутма, чекма ғам-алам,

Ўлимга ем бўлма, соҳиби олам.

Ғофиллик билан ҳеч мудрамагин ҳам,

Мафтун бўлсанг беклик бошинг қилар хам.


Омонат роҳатга бўлсанг гар мафтун,

Жаннат фароғатин тила куну тун.

Боқий дунё севинч, роҳати бисёр,

Роҳат бундай бўлар, агар бўлса ёр.

Роҳат истасанг бер эзгуликка қўл,

То абад даврон сур неъмат ичра мўл.

Нелар дер, эшитгил, билим билмиш эр,

Билим билан элдан олқиш олмиш эр:

Худо ато этса, йўқ ҳеч ғояти,

Зиёда раҳмати, бисёр роҳати.

Кибру ҳаво билан қисматинг хўрлик,

Қай бир зот жабрга бор, айт, тоқати?


Эй Хоқон, бамисли табиб сен бу кун,

Даво учун муштоқ улус - бағри хун.

Кимлардир йўқотган кучу қувватин,

Кимлар ғариб кутар бек мурувватин.

Кимлар оч, кимлардир яланғоч-яланг,

Кимнинг қайғу билан ғоят ҳоли танг.

Фақат сенда булар дори-дармони,

Даво қил, қолмагай ҳеч бир армони.

Агарда топмасанг дардига даво,

Балою офатсан элга нораво.

Ҳисобин сўрагай унда қодир Зот,

Жавобин ҳозирла, қозон яхши от.

Қолар бу беклик ҳам ўтар тириклик,

Фақат эзгу шаънинг сенга кераклик.

Экинзор мисоли дунё, эй малик,

Неки экса, шуни олар қўл-илик.

Фақат эзгулик қил, эккин эзгулик,

Насиб этгай сенга эзгу мангулик.

Нелар дер, эшитгил, сардор, элчи бек,

Бу беклик ишини билар йўлчи бек:


Аё, эл-улусга сардор, ҳар жойда,

Кичик тут кўнгил, тил, ўзингга фойда.

Амримдан чиқмасин, десанг гар, элим,

Барча ишга аввал сен ишлат билим.

Билим билан раво киши ҳар иши,

Билим билан барча иш оройиши.

Омонат даҳри дун ҳеч вафо этмас,

Ўзинг эзгулик қил то абад йитмас.

Қолар дунё охир, туғилган ўлар,

Ёмону яхшини, кўр, оти қолар.

Ёмонга қўшилма, куйдирар ёмон,

Отинг эзгу бўлса, хотиранг омон.

Эй Хоқон, ҳушёр бўл истасанг раҳмат,

Ғофил боши узра минг бало, заҳмат.

Беклик пойдевори тафаккур теран,

Теран ақли билан беармон эран.

Унутма, ғофиллик беклик заволи,

Ғофил икки олам ичра танг ҳоли.

Душман орттирма ҳеч, яна тўкма қон,

Бу икки гуноҳдан қақшар чиқса жон.


Ҳаромга қўл урма, бу ҳам чўнг гуноҳ,

Ҳаромхўр жазоси теран тамуғ чоҳ.

Кичигу каттага яқин, меҳрибон,

Адашма, ҳеч кимга етказма зиён.

Шароб ичма, бил офат - фисқу фасод,

Бу иллатдан қасру қўрғон ҳам барбод.

Ўлимга туғилар туғилган киши,

Кишини безавол айлар соз иши.

Оний бу тириклик тугар, йўқолар,

Ёмону яхшидан бир оти қолар.

Сеҳри билан дунё ром этар сени,

Кўзинг оч, беомон бу ғафлат куни.

Ғафлат оёқ-қўлин боғлар кишини,

Ғофил ҳеч уддалай олмас ишини.

Банда қилмаса ҳеч ғафлатни одат,

Қиларди фаришта каби ибодат.

Билимли ҳар панди юзлаб ганжга тенг,

Маънисин англасанг, бас, эй кўнгли кенг:

Яккаш ғафлат айшу севинчу тараб,

Сармаст ғафлат ичра қай каслар, ажаб.

 

Ғофил бўлма, ғафлат айламагай маст,

Ўзинг асра ғафлат хобидан, ё Раб!

Элингда ҳушёр тут кўзу қулоғинг,

Баробар тут элга меҳр булоғинг.

Кун келар муқаррар Худо сўроғи,

Худо сўроғин шай мудом тузоғи.

Назар сол, нелар дер омилкор киши,

Насиҳатин тутган раво ҳар иши:

Бебошу эл ичра гердайган шитоб,

Худо сўроғига ҳозирла жавоб.

Қусури зиёда, эй беғам, мамнун,

Ҳисобин сўрагай Худойим бир кун.

Беҳуда еб-ичар, эй нафси ўпқон,

Чорасин ахтаргин, қошингда қопқон!

Сўроққа тутар, кўр, Худо барчани,

Қутилар еринг йўқ, қочиб кўр қани!

Эй малик, қиличу қамчи қўлингда,

Жазола дуч келса ёмон йўлингда.

Ёмонлар ёмонлик қилса гар тинмай,

Уларга жазо бер сира эринмай.


Жазо наф бермаса, бас, яхши билгин,

Улардан ўзингни ҳимоя қилгин.

Хоқон бўлса ёмон, оламни бузар,

Кимдир қайтармаса, рост йўлдан озар.

Эъзозла яхшини, яхшилар бахтинг,

Улус яхши бўлар, барқарор тахтинг.

Овунма ишратга, асра ўзинг боз,

Севинма роҳатга, кунинг қолди оз.

Адолатли, одил ҳар фармон, қарор,

Адолат билан бу беклик барқарор.

Кучинг етганича ҳаракат қилгин,

Нобоп ишга узр сўрашни билгин.

Нелар дер, эшитгил, улус султони,

Адолат туфайли сарбаланд шони:

Ғайрат қил баимкон, соҳиби мурод,

Адолат билан қил эл-улусинг шод.

Хато юз берса гар сўрагин узр,

Астойдил тавба ҳам қилгайсан кушод.

Зиёда тўплама ҳеч олтин-кумуш,

Не бўлса эл-юртга бергайсан улуш.


Қолар вафот этсанг, сенга не даркор,

Ўғил-қизинг барин совурар бекор.

Ғайрат қил, мол-мулкинг сарфлагин ўзинг,

Ёруғ бўлгай ҳисоб-китобда юзинг.

Сардор бек пандига такрор диққат қил,

Улус ичра буюк, эл ичра оқил:

Жаҳон беклари, ганж йиғнар чекиб ранж,

Ўзингдан кейин ҳеч қолдирмагин ганж.

Фароғат эврилар, сўрар ҳисобин,

Ҳолинг куни келиб бўлмагай аянч.

Аё, бой-бадавлат, акобир амин,

У дунё учун сен ҳозирла замин.

Вафосиз очунни содиқ йўйма ҳеч,

Жафо қилар охир, бино қўйма ҳеч.

Аё бек бўлар зот, барчадан бурун,

Бурун кеч бекликдан, уқбо чин ўрин.

Кўзи суқ, эй, ортиқ узун ўйлар эр,

Ғанимат ҳар онинг, барча боринг бер.

Ўлим тутса молу мулкдан йўқ фойда,

Қолар бор йиққанинг дуч келган жойда.


Оз еб-ич обу ош, бисёр қил тоат,

Оз сўзла, касбу кор бахту саодат.

Ғарибу тул, етим корига яра,

Ҳақиқий адолат ҳиммат, эй тўра!

Фасод қавмидан ҳам йироқ бўл мудом,

Тубанга қўшилиб бўлма ҳеч бадном.

Бу янглиғ кишидай бўлмас зиёнкор,

Зиёнкор ҳар касни ғаним бил беор.

Очкўз кимсага ҳеч берма ихтиёр,

Бузилар дастидан бутун эл-диёр.

Ғайрат қил, қисматинг бўлмасин зиндон,

Эзгулик қил фақат асрагай Яздон.

Бу кунги кунингдан кейинги кунинг,

Бари эзгу бўлгай охират тунинг.

Ғоят яхши айтмиш билими инсон,

Бошидан ўтганин айлаган баён:

Қиёматда сўроқ қилар худойим,

Қиёматни ўйлаб, тўғри юр доим.

Ғофил бўлма, бедор ҳамда ҳушёр бўл,

Жаннат бўлсин десанг то абад жойим.


Дину дунё йўли қарама-қарши,

Бамисли юлдузу қора ер фарши.

Азал дунё билан дин ҳеч қовушмас,

Қовушмас иккиси, яхши билгин, бас!

Бири қочар, тутсанг қай бирин маҳкам,

Чиқар йўлдан тутган ҳар иккисин ҳам.

Бўрону ел дунё бамисли жала,

Шитоб ёғар, шитоб тинар бир йўла.

Давлат-бахт қуршагай киши ўнг-сўлин,

Кўнгил берса, тутар ўзга зот қўлин.

Бойидим десанг гар, ғариб бўлгин дер,

Азизман десанг гар айлар қаро ер.

Очун тўқлиги бу очлигу зорлик,

Роҳату севинчи - заҳмату хорлик.

Хоқон-эй, нафсингга бўлгин беомон,

Тилагин берма ҳеч, тинч қўйма ҳамон.

Нафсинг ғаним-душман, кутма омонлик,

Ногаҳон сийласанг, қилар ёмонлик.

Вафо қилсанг, сенга жафо қилади,

Жафо қилсанг, сенга вафо қилади.


Нафсингга йўл берма, азиз бўлгай жон,

Билим - бек бўлсину ақл бўлгай хон.

Дунё то абад ёв, нафс ҳам беаёв,

Аёвсиз бу ёвлар қилар сени ов.

Бу қутга талтайиб, гердайма зинҳор,

Инонма ҳаётга, умид уз такрор.

Буюклик, улуғлук тез кечар бир кун,

Молу давлат ўти ҳам ўчар бир кун.

Эшитгил насиҳат, эй асли тоза,

Зиёда минг нафи олсанг андоза:

Беклик билан зинҳор бўлмагин масрур,

Ўзинг қўлга олгин, бегона ғурур.

Боқий олам учун кеч бу оламдан,

Боқий олам ичра фароғат, сурур!

Тилагин сарасин сен уч кишини,

Кейин учовига топшир ишини.

Заковатли қози булардан бири,

Улусга наф бергай доно тадбири.

Иккинчиси ноиб – софдилу обид,

У билан эл-улус иқболи собит.


Учинчи вазири кабир донишманд,

Каттаю кичикни қилар баҳраманд.

Бу уч мансабдор гар одилу ҳалол,

Улус фаровон кун кўрар бемалол.

Саодатли Хоқон, бадавлат улус,

Зиёда дуо ҳам умринг безавол.

Бу уч ишда бўлса ярамас киши,

Ярамас бўлар бор улус кун, иши.

Бағоят бунга мос менинг бу сўзим,

Эшитгил буни сен, эй кўркли юзим:

Шаҳаншоҳ суянган қояси вазир,

Обод элу юрти бўлса дилпазир.

Вазир йўлни агар солса тескари,

Минг балою офат ҳозиру нозир.

Олам дастурхондай яралган кундан,

Насибасин олар ҳар банда ундан.

Бурунги аждодлар паймона тўлиб,

Еди, тўйди, қонди, ётарлар ўлиб.

Улуғ машҳаргоҳга ётар кўз тутиб,

Чақирар, бизлар ҳам боргаймиз етиб.


Яна бир тоифа - қориндагилар,

Соҳиби дастурхон биздан сўнг улар.

Чақирар қошига у дунё аҳли,

Сурар жой сўраб ёш бу дунё аҳли.

Бу кун бизга тегди бор нозу неъмат,

Тобакай берар ризқ Соҳиби ҳиммат?

Марҳумлар қошига чорлар бетиним,

Ёш авлод “Жой бўшат!” дер бизга, иним.

Бири чорлар, бири қувар - можаро,

Ҳаловат топар ким аросат аро.

Хоқон-ай, ғафлатда ўйлама узун,

Узоқ қолмагайсан, эй фазли фузун.

Ҳаромга қўшилма, бўл улус нақши,

Ҳаромдан қораяр кўнгул, бил яхши.

Имон истасанг гар, соҳиби давлат,

Ҳалол е, ҳалолдан улуш ол фақат.

Нелар дер, эшитгил, ризқ-рўзи ҳалол,

Имони саломат, ҳар сўзи ҳалол:

Ҳалол обу ошли қилмас ҳеч гуноҳ,

Ҳалол е, Худойим то бўлгай паноҳ.


Ботину зоҳири покиза ҳар зот,

Кетар ҳатто қилган гуноҳи ногоҳ.

Поклик тиласанг гар ризқ топгин ҳалол,

Ҳалол ризқ туфайли саодат-иқбол.

Улус нафин кўзла чопар омадинг,

Улус нафи ичра бор даромадинг.

Нелар дер, эшитгил, улуғ кент хони,

Минг битта ҳунару иш билимдони:

Хоқон элни бахтли қилиши керак,

Юрт обод, улус шод бўлиши керак.

Хоқон мисли уммон - туби жавоҳир,

Уммонга дохил эл бойиши керак.

Бу беклар зар-кумуш кони басавлат,

Кумуш кон қазиган бою бадавлат.

Бек элга наф берса мисоли Ҳотам,

Фаровон яшагай эл-улус беғам.

Қуёшдай мунаввар айла оламни,

Муродин ҳосил қил аҳли одамни.

Омонат юкламиш Худо бўйнингга,

Ҳисоби билан бу омонат сенга.


Эй Хоқон, назар сол, катта оч кўзинг,

Молу мулк йиғнарсан беадад ўзинг.

Дуру жавоҳири зиёда уммон,

Зиёда олсанг ҳам сенга оз ҳамон.

Қора ер қаърида олтину кумуш,

Хазинага ғамлаш сен учун юмуш.

Қазирлар дур-гавҳар чекиб минг бир ранж,

Кифоя қилмас ҳеч сенга минг бир ганж.

Замин узра битар бор дону дона,

Хазинанг бойитар минг бир баҳона.

Учар ҳам, юрар ҳам, сув ичра балиқ,

Қутулмас сендан ҳеч, эй феъли қаттиқ.

Очун кезар неча карвонинг юриб,

Шойи, мўйналарни оларсан териб.

Нафис румий кимхоб – ноёб бегумон,

Келса ҳам басма-бас тўйишинг гумон.

Арабий тулпорлар, чавандоз жони,

Оғил тўлар, тўлмас нафсинг ўпқони.

Терилди туман минг туялару нор,

Беҳисоб йилқию хачир ҳам қатор.


Водий, тоғ бағрида қўйлар беадад,

Жория, хизматкор, қуллар ҳам беҳад.

Тоғларда ёйилган қўтосларинг дов,

Ё тузда беҳисоб минг бир буқа-гов.

Қоя узра учар такаю, серка,

Қутулмас зарбингдан сенинг, эй эрка.

Кийик, оҳулар ҳам бошида бало,

Тутилар сен учун, эй феъли аъло.

Қулон ё тоғ оти, кўк така ҳатто,

Тутиб келтирарлар сенга бехато.

Бўри, тулки, арслон, айиқ ё тўнғиз,

Шикор чоғи ўлжа бари изма-из.

Турналар дейми ё дейми соқақуш

Жамики парранда, ҳаттоки оққуш,

Само ичра учар қирғий қуш зўри,

Сира бас келолмас ҳатто кўк бўри.

Учирмас учарни ҳеч иркитларинг,

Юрарни юритмас қоплон, итларинг.

Отали - отасиз хор-зор қасдингдан,

Онали - онасиз абгор дастингдан.

 

Бисёру зиёда бу очун дуркун,

Сира етмас, ўзинг йитарсан бир кун.

Ўз нафсингни ўйлаб ҳеч тўймас бўлиб,

Молу мулк тўпладинг, кечарсан ўлиб.

Бойликдан, айт, не наф кўрар замиринг?

Ажал жон терар, кўр, узар томиринг.

Назар солсанг, барча бу суқлик иши,

Қачон тўяр, айтгин, юҳо суқ киши.

Нелар дер, эшитгил, кўзи тўқ киши,

Кўзи тўқлик асли чин давлат боши:

Оламни олса ҳам тугал суқ кўзи,

Унутма, зинҳор бой саналмас ўзи.

Ғариб деб атарлар кимни ҳоли вой,

Кўзи суқ қашшоқ у - неча бўлса бой.

Кўзи очга бойлик фойда қилмас ҳеч,

Инсоф бергай ўзи эртами ё кеч.

Кўзи оч бенасиб дунёдан бутун,

Қаноатли мўмин бахтли куну тун.

Кўзи оч мол-мулкка тўймас ҳеч кўзи,

Магар тўлмагунча қаро ер тузи.

 

Асли шу, эй Хоқон, менинг билмишим,

Батафсил сўзладим барча уқмишим.

Мана, сўзладим сўз, эшитдинг ўзинг,

Не ажаб, очилса ҳатто қалб кўзинг.

Сўзим тутсанг, бўлсанг, не ажаб, буюк,

Агар тутмасанг, бу бўлар сенга юк.

Нелар дер, эшитгил, билимдон тили,

Насиҳат сўзлагай олам оқили:

Насиҳат кишига келтирар фойда,

Насиҳат қилгайсан талаб бор жойда.

Писанд қилмай сўзинг ўртанса бағри,

Минг бир пушаймон ҳам ҳатто бефойда.

Хоқоннинг Ўзғурмишга жавоби

Бу сўзларни тинглаб, Хоқон йиғлади,

Улус ичра сендай аъло йўқ, деди.

Фароғатда сенинг жонинг беташвиш,

Бу беклик мен учун беомон ташвиш.

Ниҳоят англадим, очилди кўзим,

Мени ўтга отмиш менинг бу ўзим.

Чиқибман рост йўлдан ўзим, эй улуғ,

Баён этдинг равон Ҳақ йўлин қутлуғ.


Дуо қил, Ўзғурмиш, аригай бало,

Худо бергай тавфиқ, эзгу ҳулқ аъло.

Ўзғурмишнинг Хоқонга жавоби

Ўзғурмиш жавобан деди: Аё бек,

Худо бергай тавфиқ, тилаганингдек.

Ҳавасдан кечгайсан, сорбон заковат,

Ҳавас ғолиб бўлса, армон ҳаловат.

Сени ҳалок айлар тан-жон роҳати,

Тану жон амрингга йўқ ҳеч тоқати.

Азалий даҳри дун бағоят маккор,

Туман минг бекларни айлаган абгор.

Сендай кўп бекларга қазиган у чоҳ,

Сенинг ҳам бошингга етар, бўл огоҳ.

Улар ғойиб, қолди сенга бу ўрин,

Беҳуда совурма умринг, қалб қўрин.

Ўлимни унутма, эй Хоқон, уйғон,

Сира шубҳа қилма, келар ногаҳон.

Ғурур билан асло боқма наслингга,

Унутсанг ўзинг гар боққин аслингга.

Икки омилни гар қай зот унутар,

Равонликдан олис эгри йўл кутар.


Нелар дер, эшитгил, ўзин билмиш эр,

Ҳавасни зеҳнига тутқун қилмиш эр:

Ўлимни унутма, ҳеч қачон, ҳеч кез,

Ўзингни унутма, бўлма сурбет, без.

Манийдин яралмиш ўзинг “ман” дема,

Ҳирсинг “Ман!” деса гар кўрсат жойин тез.

Ғанимдай биқиниб кўринмас ўлим,

Ногаҳон дафъ қилса, кесилар йўлим.

Ҳаёт шаробидан масрур беармон,

Ўлимни ёд этса кетар куч-дармон.

Зиёда минг савдо бундан ҳам бўлак,

Кўрарсан очса гар ўлим йўл-йўлак.

Ўлимдан кейин соз бўларди инсон,

Қаро ер қаърида йитса бенишон.

Бу ҳолдан хабардор билимдон киши,

Нетиб раво бўлгай, айтгин, ҳар иши?

Нелар дер, эшитгил, оқили доно,

Сарбаланд билими билан ҳамоно:

Ҳимматинг зиёда, кўнглинг тоза қил,

Бор умидинг узиб, дунёдан кечгил.


Зиндон бу даҳри дун, ичи тўла мор,

Боқий олам ичра толе барқарор.

Қаро ерга кирар бу жонинг тоза,

Маконинг ер қаъри, эй беандоза.

Даҳри дун тор зиндон, тубсиз теран чоҳ,

Зиёда заҳмати, ё Оллоҳ, Оллоҳ!

Не роҳат тиларсан зиндонда туриб,

Не орзу қиларсан дил, зеҳнинг бериб.

Не даркор сен учун бу хоку туроб,

Улуғ макон тила, не даркор сароб.

Юксалгин тўзону тумандан ўзинг,

Тила мангу макон, оч икки кўзинг.

Яшасанг ҳам минг йил сенга ҳам завол

Етар, бас, дема ҳеч ўзинг безавол.

Қанча ортса дунё, мол-мулк ташвиши,

Яна ҳам зиёда, эй оқил киши.

Орзу билан яшар гар ҳар бир инсон,

Насиб этмас улар бари ҳеч қачон.

Нелар дер, эшитгил, эй атвори пок,

Замона зулмидан юрак-бағри чок:


Тугал минг йил яшаб тилагин тамом,

Тополмас одамзот керагин тамом.

Тилаклар тилаган тугалин тилар,

Тилаги тугаса, тугар чин тамом.

Калом нафи йўқ гар сўзласа бисёр,

Лолу ҳайрон бўлиб тингласа бисёр.

Калом нафи бисёр, тинглаган сўзни

Олиб, амал қилиб, ўнгласа ўзни.


Зиёда сўзладим, эшитдинг тугал,

Барака топгайсан қилиб сен амал.

Тилим тинмади ҳеч сўзлади талай,

Талай сўзда маъни бўлмас, ҳар қалай.

Худо бергай тавфиқ сенга, эй малик,

Барча яхшилика ургайсан илик.

Худо ўзи қўллаб, асрагай сени,

Дуода унутма, эй Хоқон, мени.


Сўзини якунлаб, у турди аста,

Султон ўтир бир оз, деди оҳиста.

Обу ош хилма-хил қилдилар нозил,

Деди: Тотин бир оз, эй эзгу фозил.


Қўл чўзди Ўзғурмиш, Хоқон ҳам ҳамроз,

Обу ошдан еди ҳам ичди бир оз.

Қўлин тортди ошдан, емади ҳеч кўп,

Дуога қўл очди шукр қилиб хўп.


Ўзғурмиш ижозат сўрар хушкалом,

Хоқон рухсат берар қилиб эҳтиром.

Ўзғурмиш чиқаркан оҳиста юриб,

Хоқон чиқди уни кузата туриб.

Ўзғурмиш омонлик тилаб йўл олди,

Хоқон ҳам ортидан қайғуриб қолди.


Яна у йўл олди юксак тоғ томон,

Ортидан қардоши эргашди ҳамон.

Қардошин қайтарди, кўр, Ўзғурмиш-о,

“Омон бўл!” деб қайтди тез Ўгдулмиш-о.

Уйга қайтиб келди кўнглида ғусса,

Анча ухлай олмай ётди, алқисса.


Машриқдан қуёш бош кўтарган ҳамон,

Бамисли оққушдай оқарди жаҳон.

Олам узра офтоб юксак-юқори,

Мунаввар нуридан бу олам бори.


Фаришта юзидек олам нурафшон,

Зиё сочар гўё юзидан осмон.

 

Ўгдулмиш уйғонди, нияти йўлдош,

Холисона қўйди жойнамозга бош.

Уйидан отланиб чиқдию равон,

Яна йўлга тушди саройга томон.

Тушиб кирди сарой ичига юриб,

Хоқон чорлади, бу кўринди кириб.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон Ўзғурмишдан сўради аввал,

Қанча турди, яна кетди қай маҳал.

Ҳукмдор дедики: эй Ўгдулмишим,

Заҳар бўлди энди менга об-ошим.

Қандай кун кечирай, айт, бундан буён,

Эгилди қоматим бамисли камон.

Не даркор бу беклик элу юрт дарди,

Бу аламлар билан бошим оқарди.

Лашкарсиз элу юрт қўлингдан чиқар,

Беклик бор ишлари юрагим сиқар.

Талаб қилар лашкар талай сармоя,

Сармоясиз ҳеч ким қилмас ҳимоя?


Не дер, эшитгин-а, лашкар бошлар эр,

Кечиб жондан беклар учун ишлар эр:

Хазина, лашкар қўш қанот бек учун,

Бу иккиси билан мард олар ўчин.

Иккиси билан бек сарбаланд, улуғ,

Иккиси билан бек забт этар очун.

Зарур лашкар учун талай товар, ганж,

Товару ганж қўлга кирмас ҳеч беранж.

Биргина эгниму бир томоғим бор,

Элу юрт ташвиши менга не даркор?

Сира оч қолмагай ҳатто энг фақир,

Бироқ ҳар бир бошда ўлим бор тақир



[1] Афъо – заҳарли илон.