Кунтуғди хоқоннинг Ўзғурмиш билан кўришганини айтади PDF Босма E-mail

Бордилар сўнг Хоқон ҳузури томон,

Хоқон пешвоз чиқди кўргани ҳамон.

Салом берди подшо энг аввал кўриб,

Алик олди зоҳид саломга туриб.

Зоҳид билан Хоқон юзлашди ёниб,

Сўради аҳволу ҳолин қувониб.

Яқин олди ширин минг калом билан,

Эъзозлаб эҳтиром ҳам икром билан.

Деди: Заҳмат чекдинг ғоят зиёда,

Келибсан бу ерга ўзинг пиёда.

Ўзғурмишнинг Хоқонга жавоби

Ўзғурмиш самимий деди: Эй, кўзим

Сени кўрди, дардим унутдим ўзим.


Ўзим орзуланиб келганман сенга,

Нечун заҳмат етгай, шаҳаншоҳ, менга.

Одам умид билан ҳар қайга бориб,

Муродин топса тез, чарчамас ҳориб.

Нелар дер, эшитгил, олий насаб зот,

Заковати билан ном қозонган бот:

Тиласа гар кўнгил, йироқ ер яқин,

Етар тилагига тез мисли чақин.

Одимласа агар мажбуран бироқ,

Яқин манзил ҳатто йироқдан-йироқ.

Йўли ҳеч унмагай кўнгли ҳам хира,

Умидвор йўл юрган толиқмас сира.

Пиёда сафарнинг гар заҳмати бор,

Астойдил йўл юрган бермас эътибор.

Қошингга чин дилдан келдим, эй султон,

Заҳмат чекканим йўқ, қилма ҳеч гумон.

Эъзозласа кўнгил қай зотни, боққин,

Ҳар олис манзил ҳам қош-кўздай яқин.

Хоқоннинг Ўзғурмишга саволи

Хоқон айтди: Аввал саволим сенга,

Мана шу, батафсил жавоб бер менга.


Ўз хоҳишинг билан келдинг бегумон,

Лекин менга тинчлик бермас бир гумон.

Биларсан, саломнинг савоби улуғ,

Салом берган аввал азизу қутлуғ.

Мени кўрдинг, салом бермадинг аммо,

Савоб керакмасми, бу не муаммо?

Ўзғурмишнинг Хоқонга жавоби

Ўзғурмиш таъкидлаб деди: Ҳа, салом,

Билиб бермадим мен, хулласи калом.

Салом бу кишига омонлик йўли,

Салом билан мўмин музаффар қўли.

Салом билан одам эмину омон,

Салом билан соғу омон азал жон.

Бағоят бунга мос бу сўз бегумон,

Эшитгил буни сен, эй кўнгли равон:

Омонлик тилагай тез берган салом,

Саломат - алик ҳам олган, вассалом.

Салом - саломатлик гарови азал,

Саломат – жавобан айтган хуш калом.

Улуғдан ҳам лозим кичикка салом,

Раво салом билан минг бир ният, ком.


Улуғлар сўзига қилса итоат,

Фуқаро хотиржам, топар саодат.

Кичик эмин бўлгай кабир қаҳридан,

Саломат умидвор лутфин баҳридан.

Каминадан тегмас Хоқонга зиён,

Кичикман, кичикда зарар йўқ аён.

Султон дасти жумла эл узра узун,

Не қилса, қилар гоҳ ғазаби фузун.

Аввал бермас қули бегига салом,

Бунинг боиси шу, хулласи калом.

Мени энг аввало хизматга тилаб,

Қошингга чорладинг минг бор орзулаб.

Унамай сира ҳам сўзинг тутмадим,

Фирибгар гардундан меҳр кутмадим.

Ниятинг ўзгарди, зиёрат учун

Чорладинг, мен келдим ишониб бугун.

Ҳамон хадиксираб қарардим сенга,

Салом билан бердинг омонлик менга.

Қилмасмикан ўша даъвосини пеш,

Дея бўлар эди хаста бағрим реш.


Бу айём ишондим сенга ниҳоят,

Не тонг, сендан менга етса ҳидоят.

Хоқоннинг Ўзғурмишга жавоби

Хоқон айтди: Ҳар бек учун минг жафо,

Ваъдасига ногоҳ қилмаса вафо.

Улуғлик топмас ҳеч ҳар қўли узун,

Адо айламаса гар айтган сўзин.

Бўлмасин дунёга султон у киши,

Ёлғон сўзлаб қабиҳ бўлса ҳар иши.

Қай тариқа бўлар юрт узра улуғ,

Тили ёлғон айтса, қўли ҳам қуруқ.

Яна бундан аъло таълим сўзламиш,

Сўзидан қайтса ким, қочар қут демиш.

Ёмонлар ёмони ҳар ёлғон айтган,

Яна ҳам бадкор ҳар ваъдадан қайтган.

Ғоят яхши айтмиш рост ҳар каломи,

Зиёд сўзи ростга Худо инъоми:

Сўзи чин бўлгай бек - шижоатли шер,

Ваъдасин бузганни дема асло эр.

Сўзидан қайтмагай асло мард эран,

Ваъдасин бузар ким – қадри қора ер.

Ўзғурмишнинг хоқонга жавоби


Ўзғурмиш жавобан деди: Эй, малик,

Аъло атвор билан сарбаланд илик.

Худо дастинг узун айлаб дунёда,

Бу эзгу аъмолинг қилгай зиёда.

Улус ичра аъло бу беклар ўзи,

Аъло бўлгай яна феъли ҳам сўзи.

Таълим бериб айтар доно басавлат:

Беги одил ўлка эли бадавлат.

Нелар дер, эшитгил, оппоқ бошли эр,

Бошида минг савдо, узун ёшли эр:

Феълинг эзгу айла, соҳиби олам,

Келар қуту давлат яна кетар ҳам.

Ўзингдан то абад қолгай яхши от,

Бевафо қут бўлар бегонаю ёт.

Ёмонлик қилма ҳеч, эй илги узун,

Эзгу айла барча феълингу сўзинг.

Улуғлик, бу беклик бевафо сенга,

Эзгулик мангу ёр, ишон сен менга.

Бу кун эзгуликни айласанг одат,

Топарсан замонлар ўтиб саодат.


Бўрону ел мисол тириклик куни,

Бевафо давлат-қут тарк этар сени.

Хоқоннинг Ўзғурмишга жавоби

Хоқон айтди: Уққил, эй илми улуғ,

Тилагим очгайсан сен менга қутлуғ.

Сени ахтарганим бунча ҳамоно,

Бу эзгу тилагим менинг, эй доно.

Ўзинг бергил менга насиҳату панд,

Эзгулик билан то бўлайин пайванд.

Башар аксарият ҳирсу нафс қули,

Садоқатли қаҳат, эй эл оқили.

Беклар топар гарчи минг бир тилло-ганж,

Мададкор тополмай содиқ чекар ранж.

Саройда беадад акобир юрар,

Вале йўқ коримга астойдил ярар.

Назар сол бу байтга, мос бунга ғоят,

Озурда ҳар дилга даво ривоят:

Одамман деган гар беадад сони,

Нафи кўпни топиш йўқ ҳеч имкони.

Қилар бир жўмард минг ландавур ишин,

Минг бир ландавур ҳам қилолмас уни.

 

Яна айтди Хоқон: Эй Ўзғурурмиш-а,

Худо фазли сенга насиб этмиш-а!

Отингга яраша атворинг бутун,

Насиб этсин барча тилак бус-бутун.

Худо бермишидин қил менга эҳсон,

Нафсим забун, кўнглим яшнагай равон.

Ўзғурмишнинг Хоқонга жавоби

Жавобан Ўзғурмиш айтди: Аё бек,

Ташимдан мен фақат эр мақтагудек.

Агар ботинимдан бўлсанг бохабар,

Қошингдан қувардинг отиб тош-табар.

Зоҳидман, қисматим гар мукофоти,

Исмим ибодату тоат офати.

Йўлимга минг бир банд солар, кўр, очун,

Ёпиқ нафс эшиги бу отим учун.

Дўконим безадим – эл учун, бенаф,

Бу дўкон ичра йўқ савдодан ҳеч наф.

Боқма зоҳирига, Хоқон, кишини,

Ботини фош этар киши ишини.

Қанча яхши бўлса қовун таш-юзи,

Ҳиди ё сурати ё тарзу тузи,


Ичида бўлмаса тоти у қовун,

Емиш чорва учун, соҳиби қонун.

Билиб дер соҳиби минг асрору сир:

Дилинг беза, бўлма сиртингга асир.

Барча улуғворлик ботинан маҳкам,

Ичи бўлмаса соз, нобоп таши ҳам.

Хоқоннинг Ўзғурмишга жавоби

Хоқон жавоб бериб айтар: Эй тоза,

Суврату сийратинг заб беандоза.

Кечиб бу дунёдан бўлдинг сен ғолиб,

Тутилдим мен лекин оғир юк олиб.

Ром этди даҳри дун мени бемаъни,

Тоат-ибодатига бир имкон қани?

Менга насиҳат қил, тутгайман ўзим,

Покизаю ёруғ бўлгай ҳам юзим.

Ўзғурмишнинг Хоқонга жавоби

Ўзғурмиш бош эгиб деди: Эй, Хоқон,

Насиб этгай барча эзгулик равон.

Бани башар ичра мен каби ёмон,

Топилмас ўзга ҳеч, эй илми уммон.

Худойимнинг мендан ёмонроқ қули,

Фақат мен, аё хон-султон оқили.


Менинг сўзларимдан наф бўлармикан,

Пандим билан кўнглинг ҳеч тўлармикан?

Умидим узмадим Эгамдан ҳеч ҳам,

Гуноҳим кечирар ягона Эгам.

Нелар дер, эшитгил, гуноҳкор қули,

Тавбага пайваста дилию тили:

Гуноҳкор, жафокор қулингман бутун.

Минг бир гуноҳ қилдим, эвоҳ, куну тун.

Ўзингдан ўзга йўқ сиғинар Эгам,

Гуноҳим кечиргин, қўлла бус-бутун

Хоқоннинг Ўзғурмишга жавоби

Хоқон жавоб бериб айтар: Эй улуғ,

Бу феълинг ғоят соз, хислатинг қутлуғ.

Ўзингни ярамас билганинг учун,

Сени эъзозласа, не ажаб, очун!

Тилинг ҳам дилинг ҳам покиза ўзинг,

Мени ҳам покиза қилгай панд-сўзинг.

Феълу атвори соз, чашмадай жўшиб,

Насиҳат қилгайсан бор меҳринг қўшиб.

Худо берди барча эзгулик қутлуғ,

Менга ҳам оч иқбол йўлин, эй улуғ.


Насиҳат қил савоб иш сари йўллаб,

Тангрим эъзозлагай сени ҳам қўллаб.