Кунтуғди Хоқон Ўзғурмишни учинчи бор чақириб юборишини (айтади) PDF Босма E-mail

Бир куни чорлади хон Ўгдулмишни,

Деди: Топширайин сенга бир ишни.

Чақирдим қардошинг, вале келмади,

Тилагим, афсуски, раво бўлмади.

Мураккаб бу менинг тилагим тарзи,

Бўлак бундан буён тилагим фарзи.

Аслида бу айём тилагим менинг,

Ўзим бир юзини кўрайин унинг.

Борайин қошига ё келсин бу ён,

Зиёрат учун тек, эй азиз аъён.

Насиҳат қилсин ҳар неки билмишин,

Яна қайтиб давом эттирсин ишин.

Нафи тегсин менга, унга безиён,

Қилгай каминани тоза, покдомон.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби


Ўгдулмиш маслаҳат берар: Эй кабир,

Не тонг, наф берса гар яна бир тадбир.

Қилайин гар Хоқон тиласа уни,

Чорлай, яна чопар қилса гар мени.

Борай ҳам бу сўзни унга сўзлайин,

Ҳукмдор бормасин мен келтирайин.

Султоним бир мактуб битса атайин,

Ўқиб, ишонч билан келиши тайин.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон айтди: Нечун мактубу битик,

Мактубдан ишончли битик - сен, тетик.

Мактуб ҳеч ишонч йўқ кишига лозим,

Топилмас ишончли сендай мулозим.

Яғмо беги сўзин эшитгайсан боз,

Барча иш бобида фаросати соз:

Ишончли элчига нома не керак?

Ишонсанг, ўзга ўй, кома не керак?

Сўзинг баён айла ҳам тингла сўзин,

Мактуб ҳам қоғозу хома не керак.

Оғир иш эмас ҳеч кўнглинг бўлсин тўқ,

Ҳадигу хавотир ҳожати ҳам йўқ.


Зиёда мактубу ташвиш не даркор,

Ишончли нома сен ўзинг, эй саркор.

Қошимга келиб ҳар пандин айтгай тез,

Узоқ ушламасман, ортга қайтгай тез.

Сени, кўр, йўлларман хуш ният билан,

Олиб кел сен уни ҳамият билан.

Бу ён келмаса гар, мен борай у ён,

Юзини кўрайин ҳам қайтай бу ён.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш жавоб дер: Хоқон йўлласа,

Тилагимиз раво Худо қўлласа.

Ишга солиб неки чора билгайман,

Бу орзу-тилагинг адо қилгайман.

Хоқон тану жони бўлсин тинч-омон,

Не тонг, Худо қилса барчасин равон.

 

Туриб отга минди, келдию қайтиб,

Тушиб уйга кирди, шукрона айтиб.

Оташ офтоб рўйи заъфарон синиқ,

Очун бўлди тоза олтиндай тиниқ.

Қуёш рангу рўйи сариқ-заъфарон,

Ўзин қилди майна рангидек жаҳон.


Қалам қошдай қора тортди бор осмон,

Ҳабаш юзи каби қора бор жаҳон.

Еди-ичди, яна ўқиди номоз,

Тўшак сўраб, ётиб ухлади бир оз.

Сариқ булбул наво айлаб, сайради,

Чўчиб уйғонди ҳеч уйқу келмади.

Булбул сайрар экан ғоят беармон,

Сайрашини тинглаб бўлди у ҳайрон.

Чўзилди бағоят зим-зиё туни,

Интизор айлади, бас, келар куни.

Само йиртди қора кўйлагин шитоб,

Мунаввар чиройи очилди шу тоб.

Кулиб боқди само энг гўзал қизи,

Ёришди кенг олам бор дала-тузи.

Бағоят порлади офтоб машъали,

Бошланди яна бир сана нашъали.

Ўгдулмиш шайланди, яна пок, ҳалол,

Тоат қилди, тилаб фақат эзгу фол.


Отин минди аста, кўмакдош ўғлон,

Отланди қардоши қошига шодон.


Гўшасига яқин боргани ҳамон,

Тушиб отдан аста йўл юрди равон.

Эшигин қўл билан чертди у аста,

Қариндоши чиқиб келди оҳиста.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга саволи

Кўргани ҳамоно у Ўгдулмишни,

Деди: Эй қардошим, чўздинг-ку ишни!

Не учун қийнайсан ўзинг куч билан,

Нечун қасд қиласан менга ўч билан?

Юрақол, кирайлик, айт менга сўзинг,

Нечун қайтиб келдинг яна тез ўзинг.

Юриб уйга кирди бу икки қардош,

Зоҳид жаҳли чиқар чимирганча қош.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Қариндоши айтар: Эй, қошу кўзим,

Қовоқ уйма, аввал эшитгил сўзим.

Оқизмай-томизмай айтган ҳар сўзинг,

Хоқонга етказдим, ўтиндим узун.

Эшитиб барчасин, ҳангу манг бўлди,

Ҳангу манг демайин, ҳоли танг бўлди.

Холи қўйди сени, билсанг, эй қардош,

Ва лекин ўзгача тилак қилди фош.


Умид билан мени йўллади сенга,

Ноўрин таъналар қилма ҳеч менга.

Барча аъмол маврид-фурсати аён,

Аъмолинг вақтида бажар, эй аъён!

Нелар дер, эшитгил, донишманд тили,

Барча аъмол бу сўз асос-омили:

Битиргин ҳар ишинг пайтида равон,

Бой бериб фурсатни бўлма пушаймон.

Ҳар ашё муносиб ҳам моси билан,

Муносиб-мос билан омон бегумон.

Хоқон ўз тилагин айладию рад,

Зиёратга чорлар, бўлгайсан мадад.

Қошига боргайсан, ё келсин бу ён,

Юзинг бир кўрай дер, бағри бепоён.

Бу иш ҳеч қилмагай кўнглинг шикаста,

Ишонгин сен менга, эй бағри хаста.

Шоҳу Хоқон ичра ғоят аъло хон,

Ғариб-ёмонга ҳам мунис-меҳрибон.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби

Жавобан Ўзғурмиш айтди: Ҳа, бу сўз

Ақлга мувофиқ ғоят, қора кўз.


Мусулмон қардошин мусулмон қардош,

Шубҳасиз зиёрат қилар, қариндош.

Бу сўзнинг қошида эгарман бўйин,

Зиёрат қилайин уни мен бугун.

Мен йўқлаб бормадим аввалроқ нечун,

Тиларди висолим ўз нафи учун.

Ниҳоят танлади ҳидоят йўлин,

Мен ҳам холисона тутгайман қўлин.

Олдига мен борай, хоқон келмасин,

Мен заҳмат тортай, у ҳеч қийнамасин.

Хоқон эл беги у, юрт узра улуғ,

Муносиб ҳурмату эъзозга қутлуғ.

Йўриқ тузиб одил, рост этса сўзин,

Аритгай элидан бор бадбин изин.

Нелар дер, эшитгил, билими денгиз,

Заковату ҳиммат бобида тенгсиз:

Раиятга вожиб Хоқон буйруғи,

Эъзозлагай улус кичиг-улуғи.

Азиз билинг Хоқон ўзин ҳам сўзин,

Бўлса ҳам зархарид ҳинду уруғи.


Эъзозларман тайин Хоқон ёрлиғин,

Зиёрат қиларман, бўларман яқин.

Ҳукмдорга бориб айтгин сўзимни,

Хабар қил келар деб мени ўзимни.

Оқшом замин узра юксалгандай ой,

Борарман, ҳозирла менга холи жой.

Улус кўрса мени маломат қилар,

Бесабаб янганлар ўтда ёқилар.

Бора қол сен энди ўз уйингда кут,

Ошиқма ётгани, йўлимга кўз тут.

Уйингга тушарман бориб мен дастлаб,

Қилар бор ишларим ҳисобин чўтлаб.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўгдулмиш севинди тез айтди жавоб:

Холис бу ниятинг бағоят савоб.

Борайин мен Хоқон қошида сайраб,

Боришинг айтайин, қувонсин яйраб.

Тилагим - адо эт ваъдаю сўзинг,

Келишган фурсатда боргайсан ўзинг.


Ниҳоят иккиси якдил, пайваста,

Юзин чиройи ҳам очилди аста.

 

Яна таъкидлади: Аё қариндош,

Ваъданг бузиб, яна тўлғамагин бош.

Қуёш ерга инса, қолмайин изи,

Кўмирдай қорайса бор олам юзи,

Кутарман, албатта, келгайсан менга,

Ҳозирлай не лозим бўлса гар сенга.


Отин минди, келди, Хоқонга туриб,

Таъзим бажо этди оҳиста кириб.

Хоқонга етказди эшитган сўзин,

Хоқон ҳам қувониб шод билди ўзин.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Деди: Васли насиб этар ниҳоят,

Ваъдасига вафо айласа шояд.

Хоқон яна айтди: Келар қай маҳал,

Кўрарман мен уни қайда, эй акмал?

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш сўзлади: Шоҳим, бу кеча,

Ёруғ дунё юзи қорайса пича,

Менинг уйимга у келар. Сен менга,

Қачон келсин десанг, келар у сенга.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон дер: Югурдинг гоҳи пиёда,

Савобин айлагай Тангрим зиёда.


Дарду ҳасратимга бебаҳо малҳам,

Севинтирдинг, не бахт, ташна кўнглим ҳам.

Уйингда кутгайсан, келса айт менга,

Киши боргай мендан, хабарчи сенга.

Қариндошинг олгил, менга кел туриб,

Зиёрат қилайин юзини кўриб.

Билимдон мослагай бунга каломин,

Теран англагайсан сен эзгу комин:

Киши кўнгли мудом тилар эзгуни,

Овутар минг умид билан ўзини.

Агар топса орзу-тилагин тугал,

Шоду ҳуррам узар даъво-сўзини.

 

Ўгдулмиш маъқуллаб деди: Албатта!

Уйга қайтиб ҳордиқ чиқарди катда.

Офтоб қуйи инди, кўзлардан ғойиб,

Оҳиста оқшом ҳам чўкди қорайиб.

Очун тул тўнини кийди қош тугиб,

Қорайди самовот ҳам ранги ўнгиб.

Тиниб бор мавжудот, юмдилар кўзин,

Сурони босилди эл-улус сўзин.