Ўзғурмиш Ўгдулмишга бу дунёдан юз ўгириб, у дунёга мойил бўлмоқликни айтади PDF Босма E-mail

Ўзғурмиш салмоқлаб деди: Ҳар сўзинг

Эшитдим, жавобин тинглагин ўзинг.


Сен айтган сўзларни гар ўргансалар,

Насиб этар барча тилак-орзулар.

Ва лекин омонлик истаса ҳар ким,

Буни билгай аввал, эй олим, ҳаким.

Киши заҳмат билан мол-мулк қозониб,

Узоқ яшамаса, не даркор йиғиб.

Бу дунё дардида югурса киши,

Қолиб кетар тоат-ибодат иши.

Қошимга токи сен келгандан буён,

Ибодат қилолмай кўрдим кўп зиён.

Фақат бир кишига қўшилиш учун,

Зиён кўрдим бунча, бу заҳмат нечун?

Овул-кентга кирсам, эй қондош эшим,

Улус билан бўлгай сўзим ҳам ишим.

Не асно қилурман тоат-ибодат,

Ёт бўлар мен учун бу қутлуғ одат.

Армон навқиронлик, қаридим бу кун,

Тоат билан ғариб бу банда мамнун.

Яна қайта қайтмоқ бенафлик томон,

Не даркор менга, эй меҳрибон инсон.


Таълим берар аъло билими дарё,

Эшитгил буни сен, эй хулқи аъло:

Қарилик ҳикматин ёшликда кўрсат,

Қарисанг кетар куч ҳам қолмас фурсат.

Йигитликда жадал ибодатинг қил,

Қарисанг, зиёни бўлмас сира, бил.

Ғайратинг борида савоб қил, савоб,

Армон бўлар бир кун тоату тавоб.

Йигитлик ҳам бўлар ғоят баркамол,

Агар қилса касбу кор эзгу аъмол.

Бемаъни бағоят қариган киши

Касбу кори бўлса ёш-яланг иши.

Тириклик учун бор дунё зар-гарди,

Тугар ҳаёт билан молу мулк дарди.

Совурдинг ҳаётинг териб сийму зар,

Кўз юмсанг мол-мулкинг, айт, кимга қолар?

Хоқон хизматин ҳам майли қилайин,

Элу юрт, дўсту ёр хулқин билайин.

Не наф, завол топсам тугаб ризқу рўз,

Насиб этса фақат икки газча бўз.


Азоб, уқубатдан ўта беомон,

Мурод икки тилак, эй мард мусулмон.

Бири – мулкинг билан бадавлат ўзинг,

Бири улус ичра раво ҳар сўзинг.

Насиб этиб мазкур неъматлар эзгу,

Ўлим маҳв этмаса, яшасанг мангу.

Мосуво айлади заволи золим,

Не даркор даҳри дун, эй оқил олим.

Иқболу саодат нишони бўлар,

Саодатли бағри кун сайин тўлар.

Бебахт бўлса барча риштани узар,

Қариган кезида атворин бузар.

Ғоят яхши айтмиш доно, билимдон,

Эшитгил буни сен, эй шоду хандон:

Бахти бутун комил улғайиб ғоят,

Барча ёмон феълин тарк этса шояд.

Тубан борки сира тўймас дунёга,

Кечмас ҳирсидан ҳеч қариб ниҳоят.

Қаёнда бу айём, айт, ўша Шаддод,

Ўзига темир кент айлаган бунёд.


Қани давлатига ортиқ инониб,

Яшил кўк тилаган қора қуш миниб[1].

Қани у: “Худо – мен!” дегувчи тубан,

Худо денгизга ғарқ қилган умуман[2].

Қани у бор зару кумушни йиққан,

Зару кумуш билан гўрга бош суққан[3].

Қани у Машриқдан Мағрибга қадар,

Оламни забт этган кезиб дар-бадар[4].

Қани у ҳассаси илон бўлгувчи,

Чексиз денгиз ичра омон кечгувчи[5].

Қани дев, пари, қуш, бу бани башар,

Боши узра гавҳар каби ярашар[6].

Қани марҳумга жон бахш этар киши,

Ўлимга юзланди оқибат иши[7].

Қани у аҳли эл ичра беармон,

Қуруқ қолди дунё, бағрида армон[8].

Ўлим тутди-элтди улар барчасин,

Очар сен учун ҳам завол дарчасин.

Азал беомон бу даҳри дун феъли,

Омон қолмас зинҳор одамзод эли.


Замин ичра пухта гар солсанг нигоҳ,

Ётар не-не жонлар, тўлмас ҳеч бу чоҳ.

Очиб кўрсанг ногоҳ қора ер тагин,

Тингларсан беадад армон эртагин.

Не беклар ётарлар қора ер бўлиб,

Не оқил, донолар забун-зер бўлиб.

Бегин қулдан фарқлаб билмасман ўзим,

Ғарибни бойдан ҳеч фарқламас кўзим.

Неча мағрур шерлар минг дарддан толмас,

Қора ерга кирди, қимирлай олмас.

Неча минг жўмардлар ўтдилар йирик,

Қолармидик ё сен ва ё мен тирик?

Дили пок мўмину мусофир киши -

Учун ёт-омонат даҳри дун иши.

Тилак-орзулардан кечдим то абад,

Холи қўй, Худойим мен учун мадад.

Юҳолик қулга хос, холис бу сўзим,

Юҳолик бегона, тўқ икки кўзим.

Нелар дер, эшитгин, дунё қўймиш эр,

Бевафо дунёдан тамом тўймиш эр:


Жаҳонда тилагим топганман ўзим,

Ғафлат уйқусидан очилган кўзим.

Рад этдим даҳри дун тилак-орзусин,

Тилагим тугади, тугатдим сўзим.

Экинзор мисоли саҳни чаманда,

Олар ҳосилин не экса ҳар банда.

Уруғ эзгу экса, унар эзгулик,

Бўлар ғоят эзгу егу-кийгулик.

Уруғ ёмон экса, ҳосили ёмон,

Ёмонлик каби йўқ гуноҳ беомон.

Ҳою ҳавас юкин айламай ғорат,

Насиб этмас сира мангу фароғат.

Сени қўймас экан, бу дунёни қўй,

Токи тўймас экан, сен кеч, аввал тўй.

Уни қўймасанг сен, сени қўяр, бас,

Токи тўймасанг сен, сенга тўяр, бас!

То қолар ортингда, не даркор очун,

То вафо қилмас ҳеч, юз ўгир бутун.

Тилагин абадий оламни фақат,

Насиб этгай мангу роҳат-фароғат.


Олий саодатга бўлсанг талабгор,

Қиё боқма икки дунёга зинҳор.

Висолига ноил этса Бирубор,

Қошида охират-дунё не даркор.

Бунёдкорни топсанг, мулкинг маъдани,

Яратганни топсанг, бор яратгани.

Яралгандан қўрқма, ҳар осий аянч,

Яратгандан қўрққил, Ўзин бил таянч.

Саодат - Яратган учун ибодат,

Яралгандан гумон топмоқ саодат.

Берар икки самар ҳар хизмат иши,

Ё манзур бўлару кам бор ташвиши.

Ё манзур бўлмай зўр берса ҳам жуда,

Бутун заҳматлари кетар беҳуда.

Маъқул топиб, беги тутса гар уни,

Кечар тутқунликда барча бор куни.

Гоҳи оч, гоҳи тўқ югуриш керак,

Беги учун тинмай от суриш керак.

Маъқул бўлмаса гар қилар ҳар иши,

Бор умрин шамолга совурар киши.


Қаёнда хизматчи учун, айт, фойда,

Не фойда бор, айтгин, хизмат бор жойда?

Нелар дер, эшитгил, Ила эркини,

Хизматкор йўриғин айтар, кўр, уни:

Ғоят бехосият хону бек иши,

Ишласа ҳам тинмай ёқмас ҳеч киши.

Яраса хизмати эрки йўқ бўлар,

Ярамаса хизмат, паймона тўлар.

Хизматга инонма, эй иши талай,

Бошингдан айрилма охир ҳарқалай.

Севинди деганда, саситиб сўкар,

Яйради деганда, қош-кўзин тугар.

Атворин ҳеч билиб бўлмас бемалол,

Яна олиб бўлмас маошинг ҳалол.

Бўрону довулдай очун, эй ўғлон,

Кўланка, қарори ҳам йўқ бегумон.

Сароб у, гар аниқ кўриниб турар,

Тутайин десанг гар йитар, йўқ бўлар.

Галма-гал омаду давлат доригай,

Тиригу бевафо ҳам тез қаригай.


Керак бўлмас энди бу дунё менга,

Керакмас давлат ҳам гар айтсам сенга.

Эгам ёдидай йўқ севинчли севинч,

Олий амри каби йўқ асло овунч.

Ҳеч ким севмаса ҳам севса бас Раҳмон,

Ягона душманим беомон шайтон.

Ягона Ўзидан тилагим аҳдим,

Парвардигор ёлғиз қувончу бахтим.

Тўним қўй юнги, бас, таом арпа ош,

Мен учун тенги йўқ давлат, эй қардош.

Нелар дер, эшитгил, меҳрибон сўзи,

Макони ғор ичра, фикрчан ўзи:

Олам ичра топдим беармон қўним,

Қипиқ-кепак емиш, қўй юнги тўним.

Кепак бўтқа ширин мисли асал-бол,

Мисли шойи-зарбоф жанда шу эгним.

Қорин тўйгунча еб-ичгин ошу об,

Хоҳи арпа бўтқа, тўйганинг ҳисоб.

Суюқ ошу нон ҳам егил, эй қардош,

Мизожинг бузма еб мол каби бебош.


Лаззатга ўч бўлма, азоби қаттиқ,

Ширин-лаззат сўнги туби йўқ ботиқ.

Чучук-аччиқ ошлар роҳати жоннинг,

Лаззатпараст қилар ишин ҳайвоннинг.

Киши кўрки фақат шойи ҳам дебо,

Саодат истасанг, қалбинг қил зебо.

Қорин бир бор тўйса, икки кун ўтар,

Кийим-кечак ҳам бир жуфт йилга етар.

Булар эвазига ўзим қул қилиб,

Ҳар ким ишин қилсам ярарми билиб.

Самовотдан тортиб ер саҳни қадар,

Аламзада минг бир банда дарбадар.

Аламу ҳасратдан холи бир Раҳмон,

Жами бандаларга мунис меҳрибон.

Худога пайваста бу кўнглим равон,

Тиларман висолин эрта-кеч ҳамон.

Барчаси, шубҳасиз, мен учун аён,

Имонли кўнглимда йўқ зарра гумон.

Ҳақлигига амин, тиларман мискин,

Қаёндан қидирай билмасман лекин.


Тиларман тунлар ҳам бедор бегумон,

Нишони бисёр гар нигоҳдан пинҳон.

Тилаган ухламас, тилаб тинма ҳеч,

Тилаб тополмадим деган сўздан кеч.

Тилаб ҳам минг бора гар ҳеч етмоқ йўқ,

Баҳридан топмадим дея ўтмоқ йўқ.

Тилар ким югургай сира тинмагай,

Ким ётар тилагин сира топмагай.

Етар муродига ким тилаб чопгай,

Тиниб ётса, орзу-тилак ким топгай?

Мени У тилади шафқати тошиб,

Уни ҳам тиларман мен шошиб-ошиб.

Истади аввало у ҳукми азал,

Худойим истарман мен энди тугал.

Меҳрибон Эгам, айт, севмайин нечун,

Тилаб топиш учун шошмайин нечун?!

Ҳасрату аламда коримга ярар,

Бало-қайғу етса, боз халос айлар.

Мени у сайлади энг аввал тилаб,

Тиларман мен уни кўнглим боз улаб.


Мени у яратди, бегумон сўзим,

Мени у сийлади, улғайдим ўзим.

Узилдим халқдан-у, сиғиндим унга,

Паноҳу нажот у балодан менга.

Ўзим қолсам ёлғиз Эгам ёди бас,

Ўзим сўзлашгали Эгам оти бас.

Овинчу, сиғинар суянган тоғим,

Очлик, тўқликда ҳам ҳам ишонган боғим.

Нелар дер, эшитгил, ораста мўмин,

Парвардигор билан пайваста мўмин:

Бор сирру асрорим очарман сенга,

Минг бир умид билан учарман сенга.

Қувончу, овунчу, сиғинар Эгам,

Барчадин узилдим, қочарман сенга!

У оламга гаров бу олам бўлар,

Бу дунёдан кечмай уни ким олар.

Юзинг ўгиргайсан дунёдан толиб,

Насиб этгай мангу саодат ғолиб.

Бевафо дунёни қўшқўллаб тутиб,

Бўларми ҳеч мангу очунга етиб?


Хатарли даҳри дун таоми завол,

Барча обу ошинг бўлгай, бас, ҳалол.

Тилак-орзусидан кеч бу дунёни,

Саодлатин топгин сен у дунёни.

Ҳақиқат буни бил, эй Ўгдулмишим,

Баён айлай сенга барча билмишим.

Одам тўрт балодан кечмай сарбасар,

Тўртта бахтга сира бўлмас муяссар.

Даҳри дун ишидан кечмай то абад,

Қилиб бўлмас уқбо аъмолин минбаъд.

Улусдан бўлмайин йироқ, эй қардош,

Оллоҳ амри бўлмас сенга ҳеч йўлдош.

Ҳавас-орзу тамом то бўлмас яксон,

Ҳақиқат йўлига кирмас тану жон.

Дилингдан чиқаргил барча дунёсин,

Жо-бажо бўлгай то Ҳақ севгиси чин.

Зиндон каби дунё мусулмон учун,

Зиндон ичра роҳат тиламоқ нечун?

Ғофил бўлма, тушма нафсинг домига,

Ғайрат қилган етар эзгу комига.


Совурма беҳуда кечар он-кунинг,

Яна насиб этмас ўтган ҳар тунинг.

Совурсанг бор умринг афсуслар айтиб,

Тирикликни топа олмассан қайтиб.

Нелар дер, эшит, кўр, билими денгиз,

Ўзи қутли, ҳалим, ҳимматли ҳаргиз:

Овулдан-овулга кўчар ҳар киши,

Юборса олдин кўч, битар ҳар иши.

Кўчишдан аввал юк юборса инсон,

Кўчиб боргач, нафи зиёда чандон.

Юкинг юборгилу хоҳ юбормагил,

Кўчарсан, шубҳасиз, ғофил бўлмагил.

Хоҳи сен бек бўлгин, хоҳи бўлгин қул,

То абад қолмассан, ўлим бошлар йўл.

Хоҳи минг йил яша, хоҳи ўн саккиз,

Сендан қолар фақат ёлғиз эзгу из.

Хоҳи қашшоқ бўлгин, хоҳ бадавлат-бой,

Бошингга етар бу ўтар йил, кун, ой.

Самога етса ҳам шуҳратинг-шонинг,

Қора ер қаърида мангу маконинг.


Бебаҳо умрин гар совурса инсон,

Ўзин ўтга отар бамисли ҳайвон.

Тани соғ бўлса гар бемаъни, бебош,

Хосиятсиз кечар умри, эй қардош.

Қайғу-ҳасратим ҳеч ема, эй қардош,

Сен ўз қайғунг егин, тўкиб кўздан ёш.

Дунё иши мисли тузоқчи бедод,

Тузоққа илинсанг бор-будинг барбод.

Гар бу кун давлату бахт, омад етар,

Инонма сен зинҳор, шитоб тарк этар.

Ғофил бўлма, бергин сен тақдирга тан,

Ўлим ҳамла қилар ёвдай дафъатан.

Туман минг ғофилни ўлим босмиш, бас,

Туман жамулжамни ўлим сочмиш, бас.

Нелар дер, эшитгин, оқилу ҳушёр,

Ғофил бўлсанг, ўлим панд берар айёр:

Беадад улусни маҳв этмиш ўлим,

Ўлимни ўйласам, дарё кўз йўлим.

Керилган кабир ҳам ожиздан-ожиз,

Бефойда лашкару забардаст қўлим.


Ғофил бўлма ўтар тириклик пинҳон,

Сира қайтиб келмас ўтган ҳар бир он.

Роҳатга овунсанг, қўлдан кетар кун,

Қуту давлатинг ҳам бевафо бутун.

“Буюкман!” деганни ҳам тутган ўлим,

“Улуғман!” деганни ҳам ютган ўлим.

Ўлим бузди бисёр ўрда, кент, овул,

Не-не қасрни ҳам бамисли довул.

Марҳумлар мозорда, бас, тўлиб ётар,

Йўлимизга интиқ ҳам бўлиб ётар.

Назар сол уларга, катта оч кўзинг,

Билармисан фарқлаб бек-қулни ўзинг?

Улуғлик ўлимга ҳеч кор қилмади,

Ўлимдин қочар ҳеч чора бўлмади.

Азиз набийлар ҳам забун зарбидан,

Бўлак ким соғ чиқар ўлим ҳарбидан.

Инончсиз то абад очун бевафо,

Тубану золимдан-золим сержафо.

Қай асно кечирма, сув каби оқар,

На оқил-доно, на ёмонга боқар.


Ўтар тўқликда ҳам, очликда ўтар,

Беку қул бошига баробар етар.

Роҳату заҳмати бевафо очун,

Асъаса, дабдаба, бас, даркор нечун?

Ғоят яхши айтмиш илми кенг доно,

Феълу атворидай кўнгли кенг доно:

Мансаб тегса одам унутар ўзин,

Ҳаволаниб, фармон билар ҳар сўзин.

Неча минг шавкатли гердайган мардни,

Ўлим янчди кўксин, чиқарди кўзин.

Бу сенга самимий меҳрим тимсоли,

Буни сўзладим, эй Ҳотам мисоли!

Ҳар бир жон бу ҳолни билса агар чин,

Олчоқ дунёга ҳеч бўлмагай яқин.

Йитирдим йигитлик, етилди ёшим,

Қор мисоли оппоқ бу айём бошим.

Ўлимга ҳозирлик кўрганим яхши,

Ғанимат ҳар куним, эй улус нақши.

Ўлим ғами тутди, севинч йўқ асло,

Ўлимдан кейин дуч келар қай бало?


Дарду ғам дастидан хастаҳол ўзим,

Қай бир хизматга ҳам ярайман, қўзим.

Хоқонга мендан ҳеч фойда бўлмагай,

Мендан бир наф кўрмай кўнгли тўлмагай.

Нозу неъматлардан бўлса умидвор,

Омон юргай менга бермай эътибор.

Бани башар элга муқтадир у Зот,

Яратди икки иш учун, берди от.

Ё дўзах, ё жаннат ҳар кас қисмати,

Мукаррам ё тубан бўлар исмати.

Азизлик истаса, холис тутар қўл,

Тубанлик томон ҳам очиқ мудом йўл.

Зарур ҳар кас қилса банда-қуллиғин,

Тугал қилиб топгай Худо тавфиқин.

Агар топса тавфиқ Худодан қули,

Очилгай барча бахт-саодат йўли.

Самимий, чин дилдан қилса ибодат,

Насиб этгай олий бахту саодат.

Ниҳоят камина барча билмишим,

Баён этдим сенга, эй эзгу кишим.


Сўзим кони фойда, рост айтсам агар:

Ўзимдан зиёда сўзим наф берар.

Охират истасанг, йўриғи бу ҳол,

Тиласанг дунёни, азалий аҳвол.

Фалак то барқарор келаверар қут,

Раво ҳар умидинг, бағринг бўлар бут.

Фақат эзгу дуо - мендан келар иш,

Савоби сизларга, эй қадрдон эш.

Хоқон холи қўйгай, қилиб ибодат

Худодан сўрайин унга саодат.

Билим сўраса гар айтдим билмишим,

Эшитдинг, айтиб бер барча айтмишим.

Сўзимни тутгайсиз, тутмасангиз гар,

Келиб пайти асил исботин топар.

Ғоят яхши айтмиш, билими теран,

Бахтин топар амал қилган ҳар эран:

Сўзим сенга бу кун мисли туш бўлар,

Вале у дунёда кўнглинг хуш бўлар.

Ғофил бўлма, амал қилгайсан аъло,

Ёғилар аксинча бошингга бало.


Хоқондан узримни сўрасанг зора,

Ўзинг топсанг лозим иложу чора.

Келиб-кетавериб чекдинг минг заҳмат,

Рози қилгай Худо соҳиби раҳмат.

Сира ранжимагин мендан, эй чироқ,

Сира ўзингдан ҳам тутма, бас, йироқ!

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўгдулмиш ҳам жуда сайратди тилин:

“Ўзим уқдим аён ҳақиқат йўлин.

Эшитдим сўзингни, яхши тингладим,

Йўқ асло эътироз, сўзинг англадим.

Бўлар гапни айтдинг, ҳаққоният бул,

Булардан ўзгаси барча эгри йўл.

Сенинг айтганинг чин, меники ўйин,

Ўйин қолди, чинга берарман бўйин.

Борайин мен энди, бўл соғу омон,

То абад беармон, эй феъли равон.

Худо бергай тавфиқ сенга куч, мадор,

Дуода унутма, кўнгли беғубор.

Мени ҳам Худодан сўрайвер туриб,

Кўнглим оча берсин Тангрим қайғуриб”.


Сўзини тугатди, тез турган ҳамон,

Юзланди омонлик тилаб уй томон.

Отин минди, қайтди уйига келиб,

Тушиб кирди, тинди анча ўй суриб.

Еди-ичди анча, ўйланди узун,

Тинглаган ҳар сўзин пиширди фузун.

Офтоб қора парда юзига тортди,

Оламда қора тун сиёҳи ортди.

Рўйи жаҳон қора сочдай қорайди,

Зим-зиё кенг олам ғордай торайди.

Занжидай қоп-қора кенг само саҳни,

Осуда мавжудот, йўқ қушлар лаҳни.

Адо этди хуфтон намозин билиб,

Бош қўйди ёстиққа сўнг ўрин қилиб.

Бироз ухладию уйғонди яна,

Тепадан оғибди Миррих ҳам, ана.

Яна кўрди: Ҳулкар пастроқ инганин,

Чаён ҳам самовот отин минганин.

Яна ётди, лекин уйқу келмади,

Бемор каби сира кўзин юммади.


Кўзин юммай ортиқ маст қилди хаёл,

Ёришди самовот оқ кофур мисол.

Саҳар чоғи бироз қорайиб осмон,

Қуёш балқиб жумла жаҳон нурафшон.

Ғолиб туғ мисоли юксалди офтоб,

Олам боши узра парвона шитоб.

Уйғониб ювинди Ўгдулмиш аста,

Намозин ўқиди Ҳаққа пайваста.

Алангаи оташ офтоби алвон,

Кириб борди яна саройга равон.


Эшитиб келганин Хоқон берди йўл,

Кириб ҳузурида қовуштирди қўл.

Хоқон жой кўрсатди, ишора қилиб,

Оҳиста жойлашди ҳаддин бу билиб.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Бироз ўтгач Хоқон сўради аста,

Деди: Баён айла, феъли ораста.

Нелар дер қардошинг, не бўлди ишинг,

Не бўлди тилагинг, келарми эшинг?

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш бош эгиб сўзларин айтди,

Бўлган гап-сўзларга яна бир қайтди.


Саволу жавобни айлади аён,

Батафсил барчасин ҳам қилди баён.


Хоқон турди, толди хаёлга узун,

Дили юмшаб, ювди кўз ёши юзин.

Ҳоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Деди: Қариндошинг равон сўзламиш,

Сўз у сўз турур ким у айтмиш-демиш.

Бу кун ўзимизни зўрлармиз яна,

Уни ҳам бесабаб хўрлармиз яна.

Омонат даҳри дун то абад қолмас,

Қолган умримиз ҳам ҳеч билиб бўлмас.

Келар шубҳасиз сўнг мангулик очун,

Роҳату машаққат чўзилмас узун.

Жаннатда фароғат топса пешма-пеш,

Бўлар эзгу ўрни, бўлар эзгу эш.

Холи ғофилликдан қардошинг ҳалол,

Уни чорлашимиз жуда ҳам маҳол.

Бизларнинг ўзимиз ҳавасга тутқун,

Беҳуда кетди бор давру даврон, кун.

Нелар дер, эшитгин, у кўнгли ҳушёр,

Насиҳати билан айлар бахтиёр:


Ҳавасу нафс ғаним, гар тўпласа куч,

Олар сендан икки қасос, икки ўч.

Ҳавас-нафс кучайса, ўлар бу кўнгил,

Кўнгил ўлса, тоат қолар, эй ўғил.

Кўнглимиз йитган ҳам бўлганмиз банди,

Асир этган ҳирсу нафснинг каманди.

Улуғлик, буюклик, давлат, овоза,

Сира узоқ турмас, эй кўнгли тоза.

Роҳати оздан-оз, ортиқ заҳмати,

Маломати бисёр, йўқ ҳеч раҳмати.

Бағоят хуш ёқар билимдон сўзи,

Дунёни синаган, баркамол ўзи:

Кеккайма улуғман дея ораста,

Улуғлик залвори қилмагай хаста.

Севинч қайда бўлса, сўнгида бало,

Роҳат-фароғатга заҳмат пайваста.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хукмдор дедики: Эй Ўгдулмишим,

Уни исташимдан тилак-ташвишим,

Саодат роҳига бошлаб тобора,

Обод бўлармиди кўнглим ҳам зора.


Тиранди, унамас буён келгали,

Ё дўсту қадрдон юзин кўргали.

Назар сол, сўзларин теран мазмуни,

Яна ҳам қистасак, бўлмас ҳеч уни.

Талай заҳмат чекдинг сен ҳам йўл юриб,

Тилинг билан сўзлаб, югурдинг ҳориб.

Кутайлик, кўрайлик, хислати ортиқ,

Замон яна нелар айлагай тортиқ.

Бамисли тун ичра бўладиган иш,

Ёритар ёруғ кун, аё эзгу эш.

Ҳамиша ҳозир бу замон камони,

Гоҳи нафи тегар, гоҳи зиёни.

Худо ҳукмига қўй ишларинг барча,

Лутфи билан очар қулай пайт дарча.

Қай бир ишдан топиб бўлмас даромад,

Ҳолига ташлаб қўй, соҳиб каромат.

Найрангбоз даҳри дун - эргашсанг қочар,

Бепарво бўлсанг гар сенга йўл очар.

Кутармиз, бир муддат синармиз уни,

Давру даврон ичра не кечар куни.


Не ажаб, бизларни тилагай туриб,

Феълин ўзгартирар у ўйлаб кўриб.

 

Сўзин тамом қилди султон оҳиста,

Туриб чиқиб кетди Ўгдулмиш аста.


Ўтди тизилишиб кунлар карвони,

Хоқон бағрин ҳамон ўртар армони.



[1] Намруд.

[2] Фиръавн.

[3] Қорун.

[4] Искандар Зулқарнайн.

[5] Мусо а.с.

[6] Сулаймон а.с.

[7] Исо а.с.

[8] Муҳаммад Мустафо с.а.в.