Ўгдулмиш Ўзғурмишга зиёфатга таклиф қилиш қоидасини ўргатади PDF Босма E-mail

Агар таклиф қилай десанг кишини,

Бенуқсон қил меҳмон кутиш ишини.

Покиза, озода тайёрлагин жой,

Обу ош ҳозирла хилма-хил ва бой.

Егулик, ичгулик, ширинлик ҳам мўл,

Ҳавас билан егай узатганлар қўл.

Чақирмасанг, об-ош айби бир бўлар,

Чақирсанг, кўрганлар бирни минг қилар.

Обу ошинг аъло айла, эй мезбон,

Тўйиб мамнун кетгай келган ҳар меҳмон.

Дўсту қариндошинг йироқ ё яқин,

Барин ошга чорла, адо эт ҳақин.

Келадиган келар, ким кела олмас,

Чақирганинг боис ҳеч кўнгли қолмас.


Обу ош гинаси беомон бўлар,

То абад ниш каби кўнгилда қолар.

Назорат билан бўл зиёфатга бош,

Кечикканларга ҳам бергин обу ош.

Одамлар ош еса сўнг ичимлик бер,

Уни ичсалар гар яна тут, эй эр.

Қаёнда таом бор, зарур ғоят об,

Таому об билан ол дуо, савоб.

Таом бўлса, оби аниқ бўлмаса,

Оғу бўлар гўё у ошни еса.

Тиласа бўза бер, тиласа мизоб[1],

Истаса гулангбин[2], истаса гулоб.

Бундан ўзга яна нелар беришни,

Сўрама, сўрагин сен бўлар ишни.

Улуғлар кўтарса обу ошдан бош,

Кичикларга бергин сўнгра обу ош.

Барчага бергин ош, қуруқ қўймагил,

Сўкиб кетмасинлар, оч жўнатмагил.

Обу ошдан кейин мева-чева қўй,

Қандолатсиз ўтмас, унутма, ҳеч тўй.


Қўлларига бергин сурп ё шойи,

Келган эл сендан шод бўлгай киройи.

Тугал бўлди энди зиёфат иши,

Кузатгин қайтса гар уй-уйга киши.

Таклиф қилинар зот азалдан тўрт хил,

Борувчи ҳам бўлар тўрт хил, эй оқил.

Борар қай бирлари таклиф қилса ош,

Егайлар-ичгайлар кўтармасдан бош.

Одам таклиф қилмас уйига лекин,

Обу ошин пинҳон ҳам егай секин.

Яна бир тоифа гар ошга борар,

Ошин ер, уни ҳам ошга чақирар.

Тағин бир тоифа ошга ҳеч бормас,

Уйига ҳам зинҳор одам чақирмас.

Марҳумдан фарқи йўқ, тирик деб билма,

Уларнинг сафига зинҳор қўшилма.

Биров ошга бормас ҳеч ишин қўйиб,

Вале ошга чорлар сўқимлар сўйиб.

Булар ичра ушбу фарз одат эрур,

Амал қилсанг бахту саодат эрур:

 

Хоҳи ошга боргин, хоҳи ҳеч борма,

Нафсинг тий, оз е ош, соғ-омон ҳорма.

Таомга зўр берар, кўр, хаста бўлар,

Заъфарон рангу паст-нокаста бўлар.

Бағоят бунга мос, кўр, табиб сўзи,

Мизожни билишда билимдон ўзи:

Зиёд обу ош дард, минг зарари бор,

Бемаврид қаритар, айлагай абгор.

Киши нафсин тийса, холи ҳар дарддан,

Қилар дард ҳар одам аҳволин ночор.

Азал шу янглиғ бу обу ош иши,

Зиёфатга борсанг ё келса киши.


Буни сўзладим мен, эшитдинг ўзинг,

Етарли билгайсан, чўзма ҳеч сўзинг.

Саҳни олам ичра бисёр йўриқ-йўл,

Бани башарга сен берай десанг қўл.

Ҳақ ва ҳақиқатга яқин мард эран,

Сўзим маънисин уқ ўйлаб боз теран.



[1] Мизоб – майизни сувда қайнатиб тайёрланадиган ичимлик.

2 Гулангбин – гул ва асални сувда қайнатиб тайёрланадиган ичимлик.