Ўглдулмиш Ўғурмишга меҳмонга таклиф қилмоқлик, меҳмонга бормоқлик қоидаларини ўргатади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш шавқ билан деди: О, бу ҳам

Бағоят зарур, эй имони маҳкам!

Бағоят кўп таклиф қилинар киши,

Бағоят хилма-хил зиёфат оши.

Улардан биттасин никоҳ оши бил,

Ё суннат оши, ё туғилса ўғил.

Ё тенг-тўшинг чорлар, ё дўсту қўлдош,

Улуғ ё кичигу яқин ё қардош.

Мотам тутиб кимдир ёзса дастурхон,

Нишонлар қай бир зот олса гар унвон.

Зиёфат, маърака ёхуд тўй-базм,

Бориш-бормасликни ўйламоқ лозим.

Дўсту ёр, қардошу қўлдош ошларин,

Назорат қилганинг маъқул ишларин.

Бегона-ётлар ҳам жам қилиб бошин,

Билиш керак озу кўплигин ошин.


Яқин қўшни, ошна берса сенга ош,

Маъракага айтса, яқин дўст, қардош,

Буларни ҳам йўқла, қолмасин кўнгли,

Ўзинг ҳам яйрагин, эй ота ўғли.

Сенинг шарафингга тузаб дастурхон

Кутар бўлса, боргин, шод бўлсин мезбон.

Бўлак зиёфатлар бўлса ногаҳон,

Кўнглинг хира бўлар, борма ҳеч қачон.

Зиёфат гар ярим-ёрти тузилса,

Не ажаб, хотиржам кўнглинг бузилса.

Ё бирон маст-аласт қилар тўполон,

Еганинг бурнингдан чиқар бегумон.

Барча бир тўйимли обу ош учун,

Ўз қадринг сен ўзинг тўкмоғинг нечун?

Нелар дер, эшитгил, нафсига ҳоким,

Қаноат бобида донишманд-ҳаким:

Жиловла нафсингни, бўлма шарманда,

Обу ош деб бўлма нафсингга банда.

Жуда ҳам кўп кўрдим не иззатли эр,

Нафсин сира тиймай бўлди қора ер.


Бағоят кўп кўрдим акобир эрни,

Қул бўлиб нафсига тишлаган ерни.

Талай бойни кўрдум, нафсига банди,

Ғариб-қашшоқ бўлиб, бағри ўртанди.

Нафсингга қул бўлма, эй нафси ғолиб,

Қул бўлсанг, бўлмас ҳеч олдини олиб.

Зиёфатга борсанг кичик ё катта,

Одоб билан егин ошни, албатта.

Қоидани билмас бефаҳм киши,

Одоблини кўрса, айланар боши.

Ёши катта ошга аста суниб қўл,

Егулик бобида сенга очар йўл.

Худо номи билан сунгин ўнг қўлинг,

Амал қил, бой бўлиб очилгай йўлинг.

Киши таомига зинҳор қўл солма,

Рўпарангда турган таомдан қолма.

Пичоқ ушлаб унда, сўнгак кемирма,

Юҳолик қилиб бор қадринг емирма.

Қанча тўқ бўлсанг ҳам баҳам кўргин ош,

Киши ош кишини кўриб ер, қардош.


Неки олсанг тишла, майдалаб чайна,

Ичар ошинг пуфлаб, бўлма ҳеч майна.

Сира торта кўрма ўз олдингга ош,

Феълинг яхши қилгин, бўлмагин бебош.

Беодоб бўлма эл ичра ҳеч қачон,

Беодоб, бетартиб барчага зиён.

Ғоят яхши айтмиш одобли киши,

Одоб билан кўркам инсон ҳар иши.

Барча амал тартиб-қоидаси бор,

Қоидали ҳар зот топар эътибор.

Бемаъни, тартибни билмас ҳар киши,

Элга қўшилса гар, юришмас иши.

Таомга лаззатли экан деб қўл сун,

Сени кўрса, бека яйраб қувонсин.

Киши заҳмат чекиб ҳозирласа ош,

Сира ранжитмагин бўлиб сен бебош.

Закий, ҳушёр панди ғоят сержаранг,

Насиҳату панди теран, ранг-баранг:

Одам кўнгли нозик бамисли шиша,

Ногоҳ дарз кетмасин, қилгин андиша.


Одам кўнгли қолса, ҳаловат кетар,

Яқинлик узилиб, бор наф ҳам йитар.

Яқинлик тиласанг, овлагил кўнгул,

Совуса гар, кетди яқинлик, билгил.

Таомни оз егин бўлса ҳам лазиз,

Таълим берар сенга оқили азиз:

Қийин ҳазм бўлар кўп есанг таом,

Оқибат хасталик қилар беором.

Бисёр таом офат, нафсинг тийгин боз,

Меъёр билан егин обу ошни оз.

Ногоҳ дард ёпишса, мадоринг кетар,

Бошингга дард билан ўлим ҳам етар.

Ғоят яхши айтмиш шифожўй ҳаким,

Ҳакимлар каломин ёмон дегай ким:

Унутма, хасталик ўлимга доя,

Чанг солса хасталик – завол ҳамсоя.

Беомон балою офат хасталик,

Заволдай бало йўқ, билониҳоя!

Оддий одамми ё эл ичра саркор,

Иссиқ-совуқликни билиши даркор.


Аввал ихлос билан “Бисмилло!..” десин,

Мизожига ёққан овқатни есин.

Кучайса иссиғинг, совуқ ош даво,

Совуқлик ошганда, иссиқ ош раво.

Баҳор фаслида гар бўлсанг ёш-жавон,

Совуқлик ош қилар қонингни равон.

Ёшинг қирқдан ошса, бўлса фасли куз,

Мизожинг иссиқлик таом билан туз.

Ёшинг олтмишдаю бўлса фасли қиш,

Совуқлик обу ош келтирар ташвиш.

Қуруқ совуқликка соз иссиқлик ҳўл,

Иккиси бағоят бунда келар қўл.

Ҳўл совуқлик агар келтирса зиён,

Қуруғу иссиқлик даво бегумон.

Совуқ мизож бўлсанг, иссиқлик даво,

Мизож иссиқ бўлса, совуқлик раво.

Башарти билмасанг мизожинг қойим,

Амал қил ўртача меъёрга доим.

Мизожинг мунтазам авайла равон,

Тириклик-ҳаётинг кечгай фаровон.


Нелар дер, эшитгил, табибнинг сўзи,

Уқиб равон, даврон сургин, эй қўзи:

Мизожинг таърифин қилай ошкора,

Қизил ё сариғдир балки оқ, қора.

Чиқиша олмас ҳеч ғаним-ёв каби,

Ёвлар гар қасдлашса, йўқ сира чора.

Фаҳм талаб қилар, билгин, мизож ҳам,

Муносиб об-ошни кўргайсан баҳам.

Одамзот ҳайвондан қилар, ахир, фарқ,

Танлаб еган бўлмас нафс чоҳига ғарқ.

Нелар дер, эшитгин, кекса оқсоқол,

Бамаъни бўлгину буни уқиб ол:

Мизожин қирқ ёшда киши билмаса,

Ҳайвондан фарқи йўқ қанча сўзласа.

Эр синаб, кўриб ҳам билмаса билим,

Одам дема уни, соҳиби илм.

Бошидан кечириб, йўриқ тузмаса,

Бўлар ҳатто уни ҳайвон ҳам деса.

Бўлмаса замонлар ўтиб эр оқил,

Одам дема зинҳор, ҳайвон-йилқи бил.


Билар дард давосин табиб аломат:

Таом оз еса эр соғу саломат.

Жоним ўртамасин десанг минг бир дард,

“Оз” деган доридай даво йўқ, эй мард!

Тиласанг роҳату фароғат узун,

“Тил” отли эт билан яшагин фузун!