Ўғил-қиз туғилса, уларни қандай тарбиялашни айтади PDF Босма E-mail

Худо бериб, ўғил-қиз кўрсанг, билгин,

Уларни уйингда тарбия қилгин.

Уларга тайинла оқил мураббий,

Оқил-закий ўсгай токи ҳар сабий[1].

Ўғил-қизга ўргат билим ҳам адаб,

Бўлгайлар то абад некбахт-нозиктаъб.

Ўғилга хотин ол, эрга бер қизинг,

Хотиринг жам, ўчмас то абад изинг.

Ўғилга ўргатгин минг битта ҳунар,

Ҳунару санъатдан барака унар.

Улус ичра бўлмай десанг шарманда,

Ўғилни тергашни қилма ҳеч канда.

Қизинг сақласанг гар ёстиқдай билиб,

Ўларсан армонда минг аттанг қилиб.


Эй, қардош, кошки ҳеч қиз туғилмаса,

Туғилса ҳам узоқ умр кўрмаса.

Туғилса ҳам унга маъқул ер қаъри,

Марҳум аҳли билан, эл-юртдан нари.

Не соз уйда бўлса ҳар эр хотини,

Хотин зотин ўзга зоҳир-ботини.

Бегонаю ётдан заифанг беркит,

Ётга илакишиб, кўнглинг қилар хит.

Кўзинг кўрмаса бас, тиламас кўнгил,

Кўзинг кўрса, кўнглинг тилар, эй ўғил.

Кўзинг асрасанг гар кўнгил ҳам басир,

Тусамаса кўнглинг, жон бўлмас асир.

Таом чоғи аёл-эрни айри тут,

Агар қўшилса бош, ҳар балони кут.

Хотининг уй ичра маҳкам тут қўлин,

Четга чиқса, не тонг, йўқотса йўлин.

Хотин бамисли гўшт, сақла авайлаб,

Бузилса, аттанг деб сўнг тишлама лаб.

Хотининг қадрла, сўраганин бер,

Яқин йўламасин ҳеч номаҳрам эр.


Вафо йўқ буларда азалдан, кўзи

Тушган томон кетар кўнгли ҳам ўзи.

Жафо билан униб-ўсган ҳар дарахт

Оғу мева бериб, айлагай карахт.

Неча мард не қилса, ўзига қилган,

Хотинлар туфайли пайи қирқилган.

Неча юзи ёруғ, эътиборли эр,

Хотинлар туфайли абгор, қора ер.

Соҳиби шуҳрат ҳам марду мардона,

Тириклай кўмилган – хотин баҳона.

Чорасин асрашни уларни тутиб,

Умидвормиз, Тангрим, ўзингдан кутиб.



[1] Сабий – ёш бола.