Қандай хотинга уйланиш кераклигини айтади PDF Босма E-mail

Агар хотин олмоқ тиласанг ўзинг,

Сара аёл танла, ўткир қил кўзинг.

Тоза бўлсин ғоят зотию насли,

Уят-андишали, покиза асли.

Хонадон қизин ол ҳеч қўл тегмаган,

Ўзингдан ўзга эр юзин кўрмаган.

Сени севгай сира ётни билмагай,

Ярамас, ножўя ҳеч иш қилмагай.

Қуйи тоифадан хотин олгайсан,

Асилзода олсанг, қули бўлгайсан.

Нелар дер, эшитгил, синамиш киши,

Синамиш кишининг пишиқ ҳар иши:

Қуйи тоифадан холис хотин ол,

Токи умринг ўтгай хуррам бемалол.

Юзи кўркин дема, феъли бўлгай соз,

Хушфеъл жувон билан топарсан камол.

Хотин олма, олсанг муносибин ол,

Муносиби билан дарвон сур ҳалол.

Юзи кўркин дема, атворига боқ,

Атвори соз каби бўлмас ҳеч иноқ.

Чиройли хотинга шайдо бўлмагил,

Қизил юзинг сен ҳеч сариқ қилмагил.

Хотин олиш учун тўрт тоифа мос,

Хотин зоти бўлмас ўзгача, эй хос.

Қай бир зот бой хотин тилар энтикиб,

Яна бири кўрклик тилар кўз тикиб.

Яна бир улуғлик туб асли тилар,

Улуғлик отига маҳлиё бўлар.

Яна бири номус-ори бор тилар,

Уни топса, умр риштасин улар.

Булардан афзалин айтай мен сенга,

Хотин олсанг, аввал қулоқ тут менга.

 

Бадавлат хотинга, эй сен, талабгор,

Қулига айланиб, бўлмагин абгор.

Тилин узун қилса мағрур молига,

Таъриф топиб бўлмас эрин ҳолига.

Аё, гўзал хотин олишга толиб,

Хижолат бўлма ҳеч таънага қолиб.

Аксари эр севар аёл кўркини,

Фақат Тангри фазли асрагай уни.

Аё, аслзода хотин тилар эр,

Баногоҳ қилма ўз қадринг қора ер.

Асилзода, тагли-туглилар тили

Ғоят узун, бўлма ҳеч хотин қули.

Зийрак, андишали бўлса, бас, хотин,

Рўзғорин бут айлар ҳар эркак зотин.

Топсанг андишали мўмина аёл,

Хотин қилиб олгин ҳеч сурмай хаёл.

Бой бўлайин десанг гар йиғиб давлат,

Қилар юзинг ёруғ, бой ва бадавлат.

Аъло феълу атвор чиройи бўлар,

Одобли ҳар аёл киройи бўлар.


Покиза, ҳаёли аёл бўлса бас,

Ҳар уч хислатга ҳам эга басма-бас.

Доно аёл билан қилсанг гар ватан,

Минг муродинг раво айлар дафъатан.

Оқила аёл пайваста киши,

Хотири жам, осон мушкул-ташвиши.