Доно олимлар билан аралашишни ўргатади PDF Босма E-mail

Яна холис тутгин донолар қўлин,

Билими ёритар элу юрт йўлин.

Эъзозла ҳар бирин токи жонинг бор,

Ўрган билимларин то имконинг бор.

Тушуниб ажратар яхши-ёмонни,

Равон йўлга бошлар аҳли замонни.

Фикр қил, ҳам барча билимларин бил,

Ширин сўзлаб, талай яхшиликлар қил.

Ҳақиқат сарбози ҳар олим эран,

Шариат асоси билими теран.

Жаҳонда бўлмаса олимлар доно,

Заминда етилмас экин ҳамоно.

Билимин машъали нур - шамси анвар,

Машъал нури билан тун ҳам мунаввар.

Ширин сўзинг билан баҳраманд айла,

Ширин таом билан ҳам хурсанд айла.

Койима, суҳбатда бўлгайсан ҳушёр,

Олимлар меҳри ҳам, қаҳри ҳам бисёр.

Нону намак билан айлаб сарафроз,

Шаънин юксалтириб, айлагин эъзоз.


Тафаккур бебаҳо, қилма ҳеч таъқиб,

Феълин ёмон дема бамисли рақиб.

Билим аҳлин илми сенга келар қўл,

Ҳақиқат истасанг, кўрсатар ҳақ йўл.

Уларни эл-улус сорбони деб бил,

Холис йўлга бошлар элни ҳар оқил.

Улар билан қилсанг дўстликни одат,

Топарсан аввалу охир саодат.